Қайднома

Қидирув

КЕЛДИ… КЎРДИ… ЮТДИ… илк мавсумдаёқ ЕЧЛда муваффақият қозонган мураббийлар хусусида

16.08.2016 13:55
1627

Зайниддин Зидан «Реал» бошқарувини ўз қўлига олгач, жамоанинг ички муҳитида жиддий ўзгаришлар кузатилди, футболчилар ўйинларга ўзгача масъулият билан ёндашадиган бўлишди, ўз-ўзидан ғалабалар сони ҳам ортмоқда. Совринлар ҳақида-ку ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ - франциялик мутахассис бош мураббийликка тайинлангач, «Қироллик клуби» дастлаб ЕЧЛ, сўнгра Европа Суперкубогида зафар қучди. Умуман, янги жамоада иш бошлаб, ўша мавсумнинг ўзидаёқ «шалпангқулоқ»ни боши узра кўтарган мураббийлар аввал ҳам учраган. Зиданнинг ютуқлари баҳона шу тоифа омадлиларни яна бир бор ёдга олишга қарор қилдик.

Луи ван Гал («Аякс», 1995)

Ўша йилги «Аякс»нинг ЕЧЛда ғолиб чиқиши - замонавий футболда рўй бериши даргумон воқеалардан бирига айланган. Ўз мураббийлик фалсафасини мукаммаллаштирган Луи ван Гал шогирдлари билан ўсишга эришди - голландиялик мутахассис «Аякс» ёшлар жамоасидаги футболчилар( Эдгар Давидс, Денис Бергкамп, Патрик Клюйверт)ни танлаб, уларни муҳим учрашувларда чиниқтирди. Айрим ўйинчилар (Яри Литманен, Жорж Финиди) арзон нархда сотиб олинди. Амстердамликлар Фабио Капеллонинг «Ми-лан»ини итальянча ҳисоб(1:0)да мағлуб этишгач, ҳар бир футбол романтигининг орзуси рўёбга чиқди.

Марчелло Липпи

(«Ювентус», 1996)

Орадан бир йил ўтиб, айёр Луи финалда пенальтилар бўйича Марчелло Липпи бошчилигидаги «Ювентус»га ютқазди. Бунга қадар «Аталанта» ва «Наполи» сингари ўртамиё­на жамоаларда ишлаган италиялик мутахассис «кекса синьора»гача улкан ютуқларни қўлга киритмаганди. Омад уни Туринда қаршилади - 1995 йили «Юве» билан Италия чемпионлигини нишонлади, кейинги мавсум таркибда тажрибали Жанлука Виалли, ёш Алессандро Дель Пьеро ҳамда гуллаган даврини бошдан ўтказаётган Антонио Контени жамлаган мураббий ЕЧЛ ғолибига айланди. Вақт ўтиб, ўрнини замонавий Чемпионлар Лигасини забт этган Карло Анчелоттига бўшатиб берди.

Висенте дель Боске

(«Реал», 2000)

16 йил аввал «Реал»га янги бош мураббий билан бирга янги ғоялар ҳам кириб келди. Натижа ўзини кўп куттирмади - «шалпангқулоқ» қўлга киритилди. Жон Тошакнинг ўрнини эгаллаган Висенте дель Боскега дастлаб кўпчилик ишонмади. Аммо Икер Касильяс, Рауль ва Фернандо Морьентесга ишонч билдирилиши ўз сўзини айтди - мадридликлар ЕЧЛ финалида «Валенсия»ни енгиб, бош совринга эга бўлишди. Орадан икки йил ўтиб, дель Боске муваффақиятни такрорлади. «Айброкс»да ўтган ҳал қилувчи баҳсда ғалаба голини... Зайниддин Зидан урди. Вақтнинг ўтишини қаранг-а!

Жозе Моуриньо («Порту», 2004)

«Топ-мураббийга айланиш услуби»нинг қандай бўлишини билмоқчимисиз? Жозе Моуриньо йўлини бу борада дастуриламал сифатида қўллаш мумкин. Биринчи қадам - жадвалнинг қуйи қисмида жойлашган, имкониятлари ва таркиб жиҳатидан мақтана олмайдиган жамоа («Лейрия»-2002) билан юқори натижалар(5-ўрин)га эришиш. Иккинчи қадам - кучли клубга ўтиб, ўртамиёна ўйинчиларни умумий рационал тизимга бўйсундириш. Учинчи қадам - «требл» қайд этиш. Тўртинчи қадам - ЕЧЛда зафар қучиш.

Ўша мавсум сенсацияларга бой тарзда ўтди - Моуриньонинг «Порту»си афсонавий «Манчестер Юнайтед», айни гуркираган даврини бошдан кечираётган «Лион» ва «Депортиво»ни мусобақадан чиқариб юборди. Чемпионлар Лигаси финалида «аждарлар»ни яна бир сюрприз - «Монако» кутиб турганди. Португалияликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди, «Беназир» эса топ-мураббий даражасига эришиб, «Челси»га йўл олди.

Хосеп Гвардиола

(«Барселона», 2009)

Бу мураббийни танқид қиладиган ва мақтайдиганлар ҳамиша топилади - аммо Пепнинг «Барселона»даги илк мавсумидаёқ ажойиб футбол намойиш этгани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. У пайтлари «тики-така»дан ҳеч ким зерикмаган, асосий эътиборни тўпни эгаллашга қаратган каталонияликлар ўйини кўпчиликка маъқул келган. Ўша «Барса» ҳамма грандларга қарши услуб топа олди - тобора гуллаётган «Лион» ҳамда Клинсманн|Хайнкес бошчилигидаги «Бавария» Гвардиола жамоасини тўхтатолмадилар. Том Хеннинг Эвребе бошқарган ярим финал баҳси узоқ вақт хотирамизда сақланиб қолади. Финалда ҳам омад «Барселона»га ҳамроҳлик қилди.

Роберто Ди Маттео

(«Челси», 2012)

Андре Виллаш-Боашнинг «аристократлар» билан иши қовушмагач, халоскор сифатида Ди Маттеога ишонч билдирилди. Бунга қадар португалиялик мутахассис ярим йил мобайнида «Стэмфорд Бридж» ишончини қозона олмаган, «Челси» ЕЧЛда ҳам қийин аҳволга тушиб қолган, етакчилар ўзларини ноқулай сезишаётганди. Ди Маттео келгач, ички муҳит ҳам ўзгарди - Терри, Коул, Лэмпард ва Дрогба ўзларини эркин ҳис эта бошлашди. Натижада, айнан шу ўйинчилар ЕЧЛдаги муваффақиятнинг асосий сабабчиларига айланишди.

Ўша пайтдаги «Челси», қайсидир маънода, ҳозирги «Атлетико»ни ёдга солади. Ўйин жозибаси муҳим вазифалар рўйхатида 10-ўринга жойлашган, Ди Маттео учун асосийси натижа эди. Лондонликлар ўз жарима майдончалари олдига «автобус» ўрнатиб, омадни қарши ҳужумлардан излашди. ЕЧЛ финалида «Бавария» бир неча марта бурчак зарбаси ишлади, аммо улардан фойдалана билмади. «Челси» эса дастлабки «корнер»нинг ўзини голга айлантирди. Ҳал қилувчи баҳсда Хуан Мата ва Дидье Дрогба жамоа жонига оро киришди.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz