Янги мавсум арафасида ўтказилган сўровномада АПЛ мухлисларининг кўпчилиги «МЮ»нинг чемпионлиги учун овоз беришди. Уларнинг нечоғли ҳақ эканликлари яна бир йилдан кейин маълум бўлади. Мухлислар ҳозирнинг ўзидаёқ Ибрагимович ва Погба жамоаси Скоулз ва Роналдунинг афсонавий сафдошларидан кам эмаслигига ишонч билдиришмоқда. Оқибатда яна бир жумбоққа ечим топишга тўғри келди: ким кучлироқ, сэр Алекснинг жангчиларими ёки Моунинг бугунги «бандаси»?
Дарвозабонлар
Эдвин ван дер Сар 5-5 Давид Де Хеа
Эдвин ўта моҳир, шу билан бирга, оёқлари ёрдамида ўйнаш бобида тенгсиз бўлган. Давид ҳам буюклик мақомига лойиқ, десак лоф бўлмайди. Бу йигит кучли реакция соҳиби. Уни Фергюсон кашф этган, ишонч билдирган ва тарбиялаган. Бироқ Де Хеа ҳамон сафда. Ван дер Сар ўз маҳоратидан ташқари марказий ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатларига таяниб иш кўради. Испаниялик касбдошининг муаммоси мураккаброқ - кўп ҳолларда халоскорлик ролини ёлғиз ўзи бажаради. Шу боис, бу икки дарвозабоннинг салоҳияти орасига тенглик белгисини қўйдик. Зеро, афсонавий Шмейхелдан кейин «МЮ» тарихидаги энг моҳир дарвозабон - Эдвин билан Де Хеа.
Ҳимоячилар
Гари Невилл 7 - 3 Антонио Валенсия
Манчестерликларга ЕЧЛнинг охирги кубогини тортиқ этган «Лужники»даги финалда афсонавий сардор майдонга тушолмаганди. Жароҳати туфайли жамоадошларига ёрдам беролмаган ҳимоячининг аввалги хизматларидан кўз юмиш инсофдан эмас. Таққослаш учун Гарини танладик. Гарчи мураббийлик соҳасида иши юришмаган бўлсада, футболчи сифатида у Дармиандан ҳам, Валенсиядан ҳам устун.
Рио Фердинанд 6 - 4 Эрик Байи
Байига ишонч билдиргани учун Моуриньога, катта маблағдан воз кечгани учун «МЮ»га тасанно айтиш керак. Энди ивуарлик футболчини дунёнинг энг қиматбаҳо ҳимоячиси билан қиёслаш имконияти пайдо бўлди. Аввалги рекордлар аллақачон барбод бўлди, «сити»лик Стоунс Риони янада қуйироқ поғонага тушириб юборди. Шунга қарамай, Фердинанд ўзининг тажрибаси ва футболдаги нуфузи эвазига Эрикдан юқорироқ. Тўғри, Байида ҳимоя чизиғининг пўлат қўрғонига айланиш имконияти мавжуд - Жозенинг ишончини оқлаш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Неманья Видич 6 - 4 Крис Смоллинг
Крис ва унинг ҳимоя чизиғидаги шеригини АПЛнинг чинакам афсоналари билан ёнма-ён қўйиш эҳтимол, нохолис баҳодир. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Байи ҳам, Смоллинг ҳам иқтидордан бенасиб қолишмаган. Агар Фердинанд ёки Видичнинг узоқ фаолиятига назар ташласак, фақат ёрқин саҳифалардан иборат эмаслигига амин бўламиз - улар ҳам хатолардан холи эмаслар. Албатта, фахрийларга доимо эҳтиромдамиз, лекин бугун ва келажак авлодларини ҳам муносиб баҳолашимиз шарт.
Патрис Эвра 6 - 4 Люк Шоу
Ўтмишни келажак билан солиштириш - доимо фойдали. Айниқса, гап «МЮ» ва француз футболи афсонасини Англия терма жамоасининг келажаги билан таққослаш ҳақида кетганда. «МЮ» учун бор куч ва маҳоратини аямаган Эвра сон-саноқсиз совринлар ва нуфузга эга бўлди. Люк эса янада юксакроқ савияга кўтарила олади ва шундай қилиши шарт. Бунинг учун ўта оғир жароҳат асоратларидан батамом фориғ бўлиши керак. Шу жиҳатдан олганда, жорий мавсум дунёдаги энг қиммат сўл қанот ҳимоячиси учун тарихий бурилиш нуқтаси вазифасини ўташи мумкин.
Ярим ҳимоячилар
Райан Гиггз 6 - 4 Генрих Мхитарян
АПЛнинг энг ёрқин афсоналаридан бирини ғолиб сифатида эътироф этмаслик мумкин эмас. Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Райан билан Генрихда умумийлик биз ўйлаганимиздан кўра кўпроқ. Масалан, Гиггз ўз вақтида Уэльс термаси учун қанчалик муҳим бўлса, Генрих Арманистонга худди шундай аҳамиятга эга. Қолаверса, унда Райанга нисбатан универсализм кучлироқ, Гиггз фаолиятини якунлаган бўлса, Генрих яна юқорироқ савияга кўтарилиши мумкин. Барчасини инобатга олсак, 6:4 нисбати адолатли. Гиггз - афсона, лекин Мхитарян ҳам оддий футболчи эмас!
Майкл Кэррик 6 - 4 Маруан Феллайни
Ҳозирда бу жамоадошлар ўзаро рақобатда - Бельгия вакили англиялик фахрийдан кўра кўпроқ дастлабки дақиқалардан майдонга тушмоқда. Майклнинг аввалги йиллардаги ўйинларидан келиб чиқадиган бўлсак, хатоларга мойил бўлган Маруан унга тенглашолмайди. Бундан ташқари, Феллайни савиясидаги таркиб билан ЧЛдек нуфузли турнирда ғолиб чиқиш мумкинлигига ишониш қийин. Сэр Алекс эса Кэррик билан бу вазифани уддалай олганди. Шундай экан, футболчининг трансфер қиймати ҳар доим ҳам юқори сифатга кафолот бўлолмайди. Майкл Рой Кин даражасига кўтарила олмаган бўлсада, ҳар ҳолда ўз ғайрат-шижоатини жамоадошларига юқтира оларди.
Пол Скоулз 5 - 5 Поль Погба
Рўйхатимиздаги энг сара футболчилардан бири. Кўпчилик мухлис ва мутахассислар англиялик Полни франциялик адашидан кўра кучли дейишмоқда. Чунки Скоулз ҳеч қачон Мино Райоладек устомон агентнинг рекламасидан фойдаланган эмас. Аммо Погба ҳали «МЮ» муҳитига тўла мослашишга улгургани йўқ. Шу боис, Франция вакилининг баҳосини бироз кўтаришга жазм этдик. Боз устига, сэр Алекс даражасидаги экспертлар ҳам унинг юксак салоҳият соҳиби эканини тан олишмоқда. Энди Погбадан тезроқ барқарорликка эришиб, «малла» касбдошидек ишончли тўп суриш талаб этилади.
Криштиану Роналду 7 - 3 Антони Мартиаль
Роналду «МЮ»нинг каттагина маблағ эвазига ўз сафига қўшиб олган аъзоси устидан осонликча ғалаба қозонмоқда. Гарчи «Реал» Криштиану учун озроқ сарфлаган бўлсада, португалиялик футболчи «қизил иблислар» шарафини ҳимоя қилган пайтлар энг юқори сермаҳсулликни қайд этган, нуфузи Испаниядагидан юқори эди. Бундан ташқари, Антонининг сермаҳсуллигига ҳали гувоҳ бўлганимиз йўқ, дунёнинг энг яхши футболчиси унвони ҳам жуда олисда. Роналду эса 2008 йилда ва ундан кейин ҳам «Олтин тўп»ни қўлга киритган.
Ҳужумчилар
Карлос Тевес 5 - 5 Уэйн Руни
Бу жуфтлик ҳам саралар сирасидан. Ўз вақтида «Лужники»да майдонга тушган Тевес бугунги Рунига қарши. Уэйн ҳозирда ярим ҳимоячи ихтисосининг нозик жиҳатларини ўрганиш билан банд. Карлос эса у пайт тез орада азалий рақиб - «Ман Сити» таркибига қўшилиши ва у ерда «Олд Траффорд»дагидан икки баравар узоқроқ тўп суришидан бехабар эди. Тевеснинг кейинги тақдири мавзуга алоқадор эмас, Карлос ҳам ҳозирги Рунидек ишончли тўп сурарди.
Уэйн Руни 4 - 6 Златан Ибрагимович
Руни йил сайин ўз позициясини ўзгартириб тургани учун тақдир уни кимсан Златан билан рақобат қилишини раво кўрди. Рунининг янги шериги ҳеч бўлмаганда икки йил АПЛда самарали тўп сура олишига Моуриньо шубҳа қилмаяпти. Ибра эса буни амалда исботламоқда. Рунининг маҳсулдорлиги 2008 йилда анча юқори эди. Лекин Златан томонидан совуққонлик билан қайд этилаётган натижалар (3та ўйинда 4та гол) унинг яққол устунлигини кўрсатиб турибди.
Захира таркиблар
«МЮ» - 2008 4 - 6 «МЮ»-2016
«МЮ»-2008: Уэс Браун, Жон О`ши, Оуэн Харгривз, Луи Саа, Пак Жи Сун, Нани.
«МЮ»-2016: Дэйли Блинд, Хуан Мата, Андер Эррера, Морган Шнейдерлин, Мемфис Депай, Маркус Рашфорд.
Таркиблар таҳлили ҳозирги «МЮ» ажойиб захирага эгалигини кўрсатмоқда. Масалан, Рашфордни навқирон Нанига қиёслаш мумкин. Харгривз номдор жамоаларда ўйнаган бўлсада, бор салоҳиятини юзага чиқаришига жароҳатлар халал берди. Шнейдерлин ёки Эррера бундай кўрсаткичларга дуч келишмаган, барча чемпионлик унвонларини ўзиники қилиб улгурган Мата эса Пак Жи Сундан кам эмас. Шу сабабли устунликни ҳозирги захира таркибига бердик.
Умумий ҳисоб
«МЮ»-2008 67 - 53 «МЮ»-2016
Салоҳиятлар солиштирмаси бўйича даврлар рақобатида Алекс Фергюсон жамоаси ғалаба қозонди. Бироқ ҳисобдаги фарқ унчалик катта эмас. Салоҳият жиҳатидан Де Хеа, Шоу, Байи, Мхитарян, Погба ва Мартиални ҳеч иккиланмай ЕЧЛнинг келгуси баҳсларида иштирок этадиган футболчилар қаторига киритиш мумкин. Сўнгги йилларда Луи ван Гал ҳамда Жозе Моуиньо трансферлар учун бир пайтлар ван дер Сар, Видич, Фердинанд, Эвра, Скоулз, Гиггз ва Роналду учун сарфланганчалик харидларни амалга оширишди. Энди ана шу саъй-ҳаракатлар самарасини натижаларда акс эттириш қолди, холос. Фергюсон жамоаси юксалиш даврини бошидан кечириб, якунда афсона мақомига кўтарилди. Жозенинг Златан етакчилигидаги янги «бандаси» эса шоҳсупада чемпионлик қуёшининг ҳаётбахш ҳароратидан баҳраманд бўлишга муносиб эканини амалда исботлаши лозим. Ҳозирча «қизил иблислар» мухлислар тахминини тўла-тўкис оқлашмоқда.
Манба: Soccer.ru
Киритилган сана: 09.02.2017
Киритилган сана: 02.02.2017
Киритилган сана: 26.01.2017
Киритилган сана: 22.12.2016
Киритилган сана: 03.12.2016
Киритилган сана: 17.11.2016
Киритилган сана: 17.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 13.10.2016
Киритилган сана: 13.10.2016
Киритилган сана: 13.10.2016
Киритилган сана: 06.10.2016
Киритилган сана: 27.09.2016
Киритилган сана: 22.09.2016
Киритилган сана: 22.09.2016
Киритилган сана: 08.09.2016
Киритилган сана: 01.09.2016