Қайднома

Қидирув

"ЎМАРИШ" САНЪАТИ

28.08.2016 12:21
1430

«ГЕГЕМОН»ЛИКНИНГ МАККОРОНА ҚОИДАСИ

Ички мусобақаларда етакчиликни ўз қўлида сақлаб қолишнинг бош қоидаси – асосий рақобатчиларни мудом заифлаштириб туриш! Италия «А» серияси гранди – «Ювентус» жорий трансферлар бозорида амалга оширган харидлари билан бундеслигадаги «дўсти» «Бавария»ни эслатиб юборди. Қаранг, туринликлар саноқли кунлар орасида «Наполи»дан Гонсало Игуаинни, «Рома»дан эса Миралем Пьянични тортиб олишди. Ҳозирда «кекса синьора»нинг кучайгани кундек равшан, скудетто учун даъвогарлардан саналган «Наполи» ва «Рома» клублари аксинча, етакчи футболчиларидан айрилишди. Шу сабаблими, римлик ва неаполлик мухлислар нафақат «Юве», балки кечагина суюкли арзандалари ҳисобланган икки «хоин» футболчи шаънига ҳам лаънатлар ўқимоқдалар. Soссer.ru эса «Юве» томонидан «ўмарилган» юлдузлардан ўзига хос рамзий терма жамоа шакллантириш асносида «гегемон»ликнинг макорона қоидасига эътибор қаратди.

 

Дарвозабон

Жанлуижи БУФФОН (2001 йили «Парма»дан 52,9 млн. евро эвазига харид қилинган).Жижининг Туринда фаолият бошлаганига шунчалик кўп бўлдики, аксарият мухлислар уни бошқа жамоада ҳам ўйнаганини аллақачон унутиб юборишган. Ваҳоланки, Италия футболи фахри Туринга кўчиб ўтгунига қадар нақ 6 йил давомида «Парма» шарафини ҳимоя қилган. Мана 15 йилдирки, афсонавий футболчи дунёнинг энг қимматбаҳо дарвозабони мақомини ўзида сақлаб келмоқда. Бироқ «бьянконери» мутасаддилари унга сарфланган 75 млрд. лира учун ҳеч қачон афсусланган эмаслар. Зеро, Буффон шу давр ичида суперклубнинг чинакам етакчиси, сардори ва рамзи даражасига кўтарилди.

Ҳимоячилар

Леонардо БОНУЧЧИ (2010 йили «Бари»дан 15,5 млн. евро эвазига харид қилинган).«Бари» ҳозирда энг яхши марказий ҳимоячилардан бири мақомига лойиқ кўрилаётган Бонуччи учун каттагина маблағ олганди. Аммо ҳимоя чизиғининг заифлашиб қолгани оқибатида 20-ўринга тушиб кетиб, элитани тарк этди. Бариликлар шундан буён «А» серияга кўтарилолмаяптилар. Леонардо эса Туринда чинакамига даврон суриш баробарида жамоанинг муваффақиятларига сезиларли улуш қўшмоқда.

Фабио КАННАВАРО (2004 йили «Интер»дан 10 млн. евро эвазига харид қилинган).Бу футболчи «Интер»га айнан «Парма»дан ўтганди. Икки йилдан кейин эса Турин суперклуби бағрида собиқ жамоадошлари билан учрашди. Фабио сафга қўшилгач, «кекса синьора»нинг ҳимоя чизиғи мукаммал кўриниш олди. Хуллас, «Юве» оддий формулага асосан, асосий рақобатчиларидан бирини кучсизлантириб, навбатдаги скудеттога эришди. Тўғри, Каннаваро ёрдамида қўлга киритилган чемпионлик унвони кейинчалик кальчополи можаролари боис, бекор қилинди.

Жоржо КЬЕЛЛИНИ (2005 йили «Фиорентина»дан 7,3 млн. евро эвазига харид қилинган).«Ливорно»да вояга етган ҳимоячи Турин жамоаси сафига Генуя орқали қўшилди. У айнан «кекса сеньора»даги ўйинлари билан чинакам юлдуз даражасига кўтарилди. Ҳимоянинг чап қанотидан марказга ўтказилган Кьеллини жамоа «В» сериясига бадарға қилинганида ҳам кетмади. Кейинчалик Леонардо Бонуччи ва Андреа Барцальи билан ажойиб учликни ташкил этди. Шу тариқа мустаҳкам ҳимоя қўрғонига эга бўлган жамоада «гегемон»ликнинг янги даври бошланди.

Лилиан ТЮРАМ (2001 йили «Парма»дан 41,5 млн. евро эвазига харид қилинган).Бундан 15 йил олдин амалга оширилган келишувда «Юве»нинг маккорона стратегияси ва «ўғирлик қурбони»нинг қисмати яққол кўзга ташланади. 2001 йилнинг ёзида нафақат Буффон, балки жаҳон ва Европа чемпиони унвонига эришган иқтидорли ҳимоячи Лилиан Тюрам ҳам «Парма» – «Ювентус» йўналиши бўйича ҳаракатланди. Чунончи, 2000/2001 йиллар мавсумида «кекса синьора» скудеттони «Рома»га бой берган, «шоколадчилар» эса чемпионатни 4-поғонада якунлаб, ЕЧЛга йўлланма олишганди. Кейинги мавсумда туринликлар Буффон ҳамда Тюрамнинг кўмаги билан шоҳсупага кўтарилишди, етакчиларидан айрилган «Парма» эса ЧЛда гуруҳдан чиқолмади, боз устига, «А» серияда 10-ўрин билан кифояланди. Тўғри, ҳар қандай таёқнинг икки учи бор. Дарвозабон ва ҳимоячи трансферидан олинган катта маблағ «Парма»га молиявий муаммоларни бартараф этиш имконини берганди.

Штефан ЛИХТШТАЙНЕР (2011 йили «Лацио»дан 10 млн. евро эвазига харид қилинган).Швейцариялик ҳимоячи римликлар таркибида 3 мавсум ишончли тўп сургач, «Ювентус» эътиборини тортди. Чунки жамоа ҳимоя чизиғининг ўнг қанотида муаммолар юзага келганди. Келишув ортиқча шов-шув ва можаросиз амалга оширилган бўлсада, Римнинг «бургутлар»га тегишли ҳудудида «Юве»нинг ғанимлари янада кўпайди. Штефаннинг ўзи эса Туринда асосий ҳимоячилардан бирига айланди.

Ярим ҳимоячилар

Павел НЕДВЕД (2001 йили «Лацио»дан 41,2 млн. евро эвазига харид қилинган).Янги асрнинг дастлабки йили «Ювентус» ўз ақидасига содиқ ҳолда, асосий рақибларидан бири «Лацио»ни сезиларли даражада кучсизлантириб қўйди. Хусусан, «бургутлар» шарафини 5 йил давомида муносиб ҳимоя қилган Недведнинг кетиши яққол билинди. Майдон марказида ижодкор футболчи етишмагани туфайли жамоа 3-поғонадан 6-ўринга тушиб кетди. Павелнинг «Юве» бағрида қандай бахтга кўмилганини эса айтиш шарт эмас – у ҳақиқий мегаюлдуз мақомини олди.

ЭМЕРСОН (2004 йили «Рома»дан 28 млн. евро эвазига харид қилинди).«Ювентус»нинг қудратли чангали нафақат «Лацио», балки «Рома»ни ҳам тез-тез яралаб туради. 2004 йили туринликлар «бўрилар» сафида 4 мавсум ўлжа излаган Эмерсонни ҳам йўлдан уришди. Бразилиялик таянч ярим ҳимоячиси янги жамоасида рисоладагидек тўп сурди. Бироқ кальчополи воқеаларидан кейин Каннаваро билан бирга «Реал»га ўтиб кетди.

Миралем ПЬЯНИЧ (2016 йили «Рома»дан 32 млн. евро эвазига харид қилинди).Мана, «бўрилар»дан тортиб олинган энг охирги лаззатли ўлжа! Пьянич «абадий шаҳар» жамоаси шарафини 5 йил садоқат билан ҳимоя қилди. Шу давр ичида «қуруқ суяк»ка ҳам эга чиқмагач, муҳитни ўзгартиришга аҳд қилди. Табиийки, бусиз ҳам аламзада юрган пойтахтлик мухлисларда нафрат кўлами янада ошиб кетди. Ахир айнан «Рома» ва «Наполи» клублари сўнгги йилларда «гегемон»нинг асосий таъқибчисига айланишганди. «Юве» эса ҳар икки жамоани асосий «қуроли»дан жудо қилди.

Ҳужумчилар

Гонсало ИГУАИН (2016 йили «Наполи»дан 90 млн. евро эвазига харид қилинди).Аргентиналик футболчи Туринга йўл олиш билан Неаполь тиффозилари армиясининг кучли қаҳр-ғазабига дучор бўлди. Мухлислар ҳужумчига лаънатлар ёғдириб, уни «Иудаин» лақаби билан «сийлашди». Лекин Гонсало ўзининг янги қўноғидан, жамоа эса бир ўқ билан икки қуённи овлаганидан беҳад хурсанд. Энди аргентиналик ҳужумчи Туринда ҳам сермаҳсул фаолиятини давом эттириши лозим. Акс ҳолда, «Юве» ўта ноқулай вазиятга тушиб қолади. Ахир жамоа унинг учун рекорд даражада маблағ сарфлади.

Пауло ДИБАЛА (2015 йили «Палермо»дан 32 млн. евро эвазига харид қилинди).Ўтган йили Аргентинанинг бошқа бир вакили – Пауло Дибала суперклуб сафидан жой олганди. Иқтидорли ҳужумчининг яқин йиллар ичида «А» серия бош юлдузига айланиши тахмин қилинмоқда. Албатта, «Палермо»нинг фаолияти «Ювентус»ни ортиқча ташвишлантирмайди. Лекин унинг туринликлар учун жиддий хавф туғдиришга қодир моҳир ҳужумчини кашф этгани айни ҳақиқат эди! Борди-ю, Дибала рақобатчилардан бирининг таркибига қўшилганида, «Юве»нинг тинчи бузиларди. «Гегемон» ана шу хавфни вақтида бартараф этди. Худди бир вақтлар Каморанези, Амаури, ди Вайо, Асамоа, Заза, Огбонна, Вучинич, Стураро, Эрнанес, Квальярелла, Яквинта ва Салас каби иқтидор соҳибларининг ўзгалар ўлжасига айланишларига йўл қўймаганидек. Умуман, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Шунингдек, янги трансферлар оқими ҳам тўхтаб қолмаслиги тайин.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz