Қайднома

Қидирув

"БИЗНИ ҲАМ СИНАБ КЎРИНГ!" ёхуд миллий жамоага муносиблар рамзий термаси

22.09.2016 10:35
2334

 

Ўзбекистон - иқтидорлар юрти! Шу боис, мураббийлар миллий жамоа таркибини тузиш чоғида катта имкониятларга эга бўлиш баробарида жиддий қийинчиликларга ҳам дуч келишади. Ахир юксак маҳорат соҳиблари  орасидан энг муносибларини танлаб олиш осон эмас-ку! Самвел Бабаян бошчилигидаги термамиз ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги босқичида иккита ўйин ўтказиб, 6 очко қўлга киритди. Бундан кўринадики, танланган таркиб ўзини оқламоқда. Шунга қарамай, якуний рўйхатдан ўрин олишга муносиблар, аниқроғи, бош жамоа таркибидан четда қолган ажойиб ўйинчилар бисёр экани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Ҳаттоки, уларни жамласак, Осиёдаги ҳар қандай кучли рақиб билан бемалол кураша оладиган ажойиб терма пайдо бўларкан...

 

Дарвозабон

Мурод Зуҳуров («Бунёдкор»)

Самвел Бабаян тузган таркибдаги дарвозабонлар учлиги барча футбол ихлосмандларини қониқтириши, шубҳасиз. Шу боис рамзий термамизга дарвозабон танлаш бироз қийинчилик туғдирди. Натижада, ушбу чизиққа олий лигада ҳозирча барчадан кам тўп ўтказиб юборган жамоа - «Бунёдкор» посбони Мурод Зуҳуровни танлаб олдик. Бу кипер халқаро тажрибага эга ва ҳар қандай вазиятда бош жамоадаги ҳамкасбларининг ўрнини босишга тайёр. Ҳозирча эса, Лобанов, Нестеров, Суюнов триосининг борлиги Зуҳуровнинг термадан чақирув олиш имкониятларини анча пасайтириб юборди.

 

Ҳимоячилар

Рустам Ашурматов («Бунёдкор»)

«Бунёдкор»нинг асосий таркибидан ўрин эгаллаб, Сергей Лушан ишончини тўлиқ оқлаётган Рустам Ашурматов миллий жамоада ҳам йўқолиб қолмаса керак. Марказий ва ўнг қанот ҳимоясида бемалол ўйнай оладиган ушбу футболчи ҳужумларга фаол қўшилиши билан ҳам кўпчиликка яхши танилиб улгурган. Хуллас, мудофаада қўшимча кучга эҳтиёж туғилса, Ашурматовнинг ҳар доим кўмакка шай эканлигига шубҳа қилмасак бўлаверади.

Шукурали Пўлатов («Нефтчи»)

Сурия термасига қарши кечган баҳсда Егор Кримец ўйнамагани боис, Анзур Исмоиловга мудофаа марказида Отабек Шукуров шериклик қилди. Аслида, мана шундай мураккаб вазиятларда Шукурали Пўлатовнинг хизматидан фойдаланса ҳам бўлади. Бу - бир мухлис таклиф қилаётган оддий вариант, холос. Аммо шуниси аниқки, «Нефтчи» вакили ўзига юклатилган вазифани аъло даражада бажаради. Ўз навбатида, Фарғона клубининг миллий чемпионатда барқарорликни таъминлай олмаётгани Пўлатовга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймайди, албатта.

Хуршид Мухторов («Олмалиқ»)

Олий лиганинг жорий мавсуми иккинчи даврасини ижара асосида «Олмалиқ» сафида бошлаган ҳимоячи Игорь Шквирин ва ишқибозлар ишончини тўлиқ оқламоқда. Мухторов универсал футболчи, ҳам ҳимоя, ҳам ярим ҳимоя, керак бўлса, ҳужумда ҳам ажойиб ўйин кўрсата олади. Буни сўнгги ўйинлардаги ҳаракатлари орқали исботлаб улгурди. Шундай экан, термамиз йиғинлари чоғида бу футболчини ҳам синаб кўрилса, зиён қилмасди.

Мурод Тошматов («Металлург»)

«Металлург»нинг бу йилги муваффақиятларига катта улуш қўшаётган футболчилардан бири Мурод Тошматовдир. Унинг тур рамзий термаларидан тез-тез жой олаётгани ҳам бежиз эмас. Маҳоратли ҳимоячи термада ҳам ўз ўрнига эга бўла олармикан? Бу саволга жавоб топиш учун Тошматовни синовдан ўтказишга тўғри келади. Агар миллий жамоадаги кучли рақобатни енга олса, бу ўзига ҳам, мухлисларга ҳам хуш ёқиши аниқ.

 

Ярим ҳимоячилар

Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

Сўнгги пайтларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири Машариповнинг термага чақирилмаётгани билан боғлиқ. Бугунги кунда «Пахтакор»ни бу тезкор футболчисиз тасаввур қилиш қийин. Энг мураккаб вазиятларда «шерлар» жонига айнан Жалолиддин оро кирмоқда. Осиё жамоаларининг мустаҳкам ҳимоясини фақат чаққон вингерларни ишга солган ҳолда ёриб ўтиш мумкин. Машарипов эса, имкон берилса, Рашидов ва Шомуродовнинг ўрнини бемалол босиши мумкин. Буни у бир неча марта исботлаб улгурган.

Санжар Шоаҳмедов («Локомотив»)

Жорий мавсум «Локомотив» сафида энг барқарор ўйин кўрсатаётганлардан бири - Санжар Шоаҳмедов ҳам термамиз таркибидан ўрин эгаллашга лойиқ футболчилардан ҳисобланади. Унинг чаққонлиги, тезкор фикрлаши ва айниқса, узоқдан йўллайдиган кучли зарбалари «темирйўлчилар» ярим ҳимоячисининг қандай маҳоратга эгалигидан далолат бериб туради. Шуниси аниқки, Шоаҳмедов термамиз ўйинини кучайтиришга муносиб ҳисса қўша оладиганлар сирасидан.

Акрам Баҳриддинов («Навбаҳор»)

Термамиз мураббийлари имтиҳонидан ўтишга тайёр бўлган футболчилардан яна бири - «Навбаҳор» етакчиси Акрам Баҳриддинов. Унинг чаққон хатти-ҳаракатлари, жамоасини қийин вазиятдан олиб чиқишда масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимаслиги таҳсинга сазовор. «Лочинлар»нинг деярли ҳар бир ўйинидан сўнг энг яхши футболчи сифатида айнан Баҳриддиновнинг танланаётгани кўп нарсадан далолат. Миллий жамоа либосида тўп суриш эса унинг ўсишига хизмат қилиши турган гап. Термамиз мураббийлари эътиборини тортиш эса осон эмас, бунинг учун янада кўпроқ тер тўкишга тўғри келади.

Шоҳруҳ Гадоев («Бунёдкор»)

Маълум муддат Баҳрайн чемпионатида ўйнаб, сўнгра Қарши эмас, Тошкент клубида ўйнаш истагини билдирган Шоҳруҳ Гадоевнинг ўйинида бироз пасайиш рўй берган бўлиши мумкин. Аммо унда терма жамоада тўп суриш тажрибаси, қолаверса, ажойиб тезлик борлигини унутмаслик даркор. Айниқса, қанот ҳимоячиси билан ўрин алмашиб ўйнашда ҳам ўз ишини ажойиб тарзда уддалайди. Агар Гадоев «Бунёдкор» сафида кейинги ўйинларда барқарорликни таъминлай олса, тез орада яна миллий жамоага таклиф этилса, ажабмас.

Азиз Ибрагимов («Бухоро»)

Тажриба ҳақида гап кетганда, «Бухоро» ярим ҳимоячиси энг олдинги ўринлардан жой эгаллаши аниқ. Унинг ёшини инобатга олсак, термадан ўрин эгаллашга муносиб эмасдек тасаввур уйғониши мумкин. Аммо Ибрагимовнинг фаолиятига назар ташласак, бу фикр нотўғри экани ойдинлашади. Азиз хоҳ хориж чемпионати, хоҳ олий лига жамоалари, умуман, қаерда тўп суришидан қатъий назар етакчига айланади. Сўнгги пайтларда «Бухоро» ғалабаларига муносиб ҳисса қўшаётган футболчи ҳозир айни мукаммал спорт формасига кириб олган. Бундан эса термамиз манфаати йўлида унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

 

Ҳужумчи

Темурхўжа АбдухолиҚов («Локомотив»)

Миллий жамоамизнинг бугунги таркибида етишмаётган ўйинчилар рўйхатида биринчи ўринни ҳеч иккиланмай Абдухолиқовга берсак бўлаверади. Истеъдодли ҳужумчи «Локомотив» қайси мусобақада қатнашмасин, сермаҳсулликни сақлаб қолмоқда. Хусусан, олий лига тўпурарлари пойгасида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Аммо негадир термамиз мураббийлари назаридан четда қолмоқда. Темурхўжа ҳар қандай вазиятда миллий жамоа манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр, фақат таклиф тушса, кифоя.

Албатта, ушбу рамзий терма жамоадан ўрин эгаллашга муносиб номзодлар бисёр. Хусусан, Акром Комилов («Бунёдкор»), Икром Алибоев («Локомотив»), Мурод Холмуҳаммедов («Сўғдиёна»), Зоҳид Абдуллаев («Металлург»), Шоҳруз Норхонов («Обод»), Мурод Бобожонов («Нефтчи»), Шаҳбоз Эркинов («Насаф»), Ислом Рашидхонов («Насаф») кабиларнинг бугунги кундаги ўйинлари терма имтиҳонидан ўтиш учун етарли бўлса, ажабмас. Айтиш жоиз, биз номини тилга олган футболчиларнинг аксарияти бош жамоа либосида тўп суришга ҳам улгуришган.

Тўғри, ҳар қайси клуб, муайян футболчининг мухлислари ушбу рўйхатдан қониқмай, қайсидир позицияга ўз номзодларини кўрсатишлари, кимнингдир ёддан чиққанини таъкидлашлари аниқ. Аммо асосийси бу эмас, муҳими - юртимизда иқтидорли футболчилар жуда кўп. Уларнинг тажрибасини орттириб, ўсишларига замин ҳозирлаш эса малакали мутахассисларга боғлиқ.

Албатта, натижага бош мураббий жавобгар ва Самвел Бабаян ўзи муносиб кўрган ўйинчиларни термага таклиф қилмоқда. Таъкидлаш лозим, у танлаган номзодлар ишончни оқлашмоқда. Бугунги рамзий термани тузишдан мақсад - бош жамоамиз устозини қайсидир футболчини чақиришга ундаш эмасди. Шунчаки, термамизни кучайтиришга қодир ўйинчиларни эътироф этишни ният қилдик, холос.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz