Қайднома

Қидирув

ЮЗЛИК ДОВОН САРИ... ким ЕЧЛ тўпурари бўлади?

22.09.2016 10:49
3091

ЕЧЛ жорий мавсумида энг кўп гол урадиган футболчи номини тахмин қилиб кўринг-чи?! Албатта, кўҳна қитъа чемпионатларида ўзини кўрсатаётган тўпурарлар жуда кўплигини инобатга олсак, ҳар қандай башорат ўзини оқламаслиги мумкин. Шунга қарамай, Soccer.ru Чемпионлар Лигаси мерганлари пойгасида ғолиб чиқишга даъвогарлар имкониятларини чамалади.

Криштиану Роналду («Реал»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 16та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: 1та гол

Ла Лига ўтган мавсумида: 35та гол

Коэффициент: 5.5

Дастлаб башоратчилар фикрига кўра фаворитга айланадиган футболчи эмас, балки турнир рекордчиси ҳақида гапирсак. Бинобарин, Зидан португалиялик шогирдининг ЕЧЛдаги юзлик довонни биринчилардан бўлиб босиб ўтишига ишонишини таъкидлаган. Роналду ва Мессининг «Реал» афсонаси Раулдан ўзиб кетишганига анча бўлди, аммо Криштиану 16та гол урган ажо-йиб мавсумдан сўнг аргентиналик ҳамкасбини нақ ўнта голга ортда қолдира бошлади. Эътиборлиси, Роналду ЕЧЛнинг янги мавсумида қадрдон жамоаси - «Спортинг» дарвозасини ҳам ишғол қилишга эришди.

 

Луис Суарес («Барселона»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 8та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: 2та гол

Ла Лига ўтган мавсумида: 40та гол

Коэффициент: 5.0

Ана энди, тахминлар билан шуғулланувчилар томонидан фаворит сифатида қайд этилган футболчига тўхталамиз. Нега айнан Луис ЕЧЛ тўпурарлигини қўлга киритиши керак? Чунки фақат ўсишга эришмоқда, ёши ҳам ривожланишига тўсқинлик қиладиган даражада катта эмас, аввалги мавсумда 8та гол урди, чаккимас. Янги мавсум янада кўпроқ тўп киритиши лозим, зеро Чемпионлар Лигаси соврини «Барселона»нинг бош мақсадига айланган. Илк турда «Селтик» дарвозасига икки бор йўл топа билди, «Ман Сити» ва «Боруссия»га ҳам атагани бор, албатта. Каталонияликлар жойлашган гуруҳ осон эмас, аммо уругвайлик ҳужумчи енгил йўлдан борадиганлар тоифасидан эмас. Қолаверса, Испанияда ҳам сермаҳсуллик бобида Месси ва Роналдуни ортда қолдирмоқда.

 

Лионель Месси («Барселона»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 6та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: 3та гол

Ла Лига ўтган мавсумида: 26та гол

Коэффициент: 6.0

Мессининг ЕЧЛда ўзига хос мотивацияси бор - Роналдуни олдинга ўтказиб юбормай, Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида юзлик довонни португалиялик рақобатчисидан аввалроқ забт этиш. Аргентиналик ҳужумчи дарҳол ишга киришди ва дастлабки баҳсдаёқ «Сельтик» дарвозасини уч марта ишғол қилди. «Барселона» ўз уйида «Алавес»га ютқазгач, Шотландия грандини тор-мор келтириш шарт эди.

 

Роберт Левандовски («Бавария»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 9та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: 1та гол

Бундеслига ўтган мавсумида: 30та гол

Коэффициент: 8.0

Агар Робертнинг ўтган мавсум Роналдудан кейин иккинчи ўринни эгаллаганини инобатга олсак, Мессининг имкониятларини юқори баҳолаш кўпчиликка ғалати туюлиши мумкин. «Бавария» янги мавсумни ЕЧЛда ғолиб чиқиш бўйича мутахассисга айланган мураббий қўл остида бошлади, қолаверса, польшалик ҳужумчининг ёнида Неймар ва Суарес йўқ. Ўз навбатида, Левандовскига голли узатмалар берадиганлар бисёр. Хуллас, Роберт тўпурарлар пойгасида Суарес, Месси ва Роналдуга рақобат туғдиришга шай.

 

Гонсало Игуаин («Ювентус»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: қатнашмаган

ЕЧЛ жорий мавсумида: -

«А» серия ўтган мавсумида: 36та гол

Коэффициент: 17.0

Игуаин «Ювентус» либосида «А» сериянинг навбатдаги мавсумини ёмон бошламади - бирин-кетин голлар урмоқда. Италия чемпионати тарихидаги ҳозирча энг қиммат бўлиб турган футболчи учун ажойиб статистика. У ЕЧЛнинг ўтган мавсумида қатнашмаган, бу сафарги кампания эса «Кекса синьора» учун нурсиз бошланди. Туринликлар «Севилья» дарвозасига йўл топа билишмади. Лекин барибир, «Юве» жойлашган гуруҳ Гонсалонинг ўзини кўрсатиши учун жуда қулай. Кўрайлик-чи, ушбу турнирда аргентиналик ҳужумчининг ишлари қандай кечаркин...

 

Серхио Агуэро («Манчестер Сити»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 2та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: 3та гол

АПЛ ўтган мавсумида: 24та гол

Коэффициент: 17.0

Профессионалларнинг фикрича, Аргентина термасидаги рақобатдошлар - Агуэро ва Игуаин бир хил даражадаги ҳужумчи ҳисобланишади. Левандовски ва Ла Лигадаги трионинг имкониятлари эса бироз юқорироқ баҳоланмоқда. Нима ҳам дердик, вақт ким аслида ким эканини кўрсатади. Боз устига, Месси ва Суарес жамоаси «Манчестер Сити» билан бир гуруҳдан ўрин эгаллаган. Шундай экан, каталонияликларни жиддий синов кутаётгани аниқ, зеро Серхио илк турдаёқ ушбу нуфузли турнирнинг ўтган мавсумидаги кўрсаткичини янгилаб улгурди.

Томас Мюллер («Бавария»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 8та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: 1та гол

Бундеслиганинг ўтган мавсумида: 20та гол

Коэффициент: 21.0

Мюллерни ёддан чиқаришмагани бироз ажабланарли, одатда, бу футболчига етарли баҳо бера олишмасди. Ахир у иккинчи форвардлар орасида энг барқарорларидан бири саналади. Сўнгги беш йил ичида 20тадан кам гол урмади, ЕЧЛда ҳам 7-8та голли кўрсаткични сақлаб турмоқда. Шундай экан, Томасдан кўп нарса кутиш мумкин. Ҳаммаси «Бавария»нинг қанчалик узоқроққа боришига боғлиқ. Агар мюнхенликлар финалга чиқишса, Мюллернинг натижаси шунга яраша салмоқли кўриниш олади. Дарвоқе, у Чемпионлар Лигаси дастлабки турида «Ростов» дарвозасини ишғол қилиб, рақибнинг тор-мор этилишига муносиб ҳисса қўшди.

 

Гарет Бэйл («Реал»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: -

ЕЧЛ жорий мавсумида: -

Ла Лига ўтган мавсумида: 19та гол

Коэффициент: 26.0

Бэйл ЕЧЛ янги мавсумида тўпурарга айланишни хоҳласа, пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритиши, Роналдуга аниқ узатмалар бермаслиги керак бўлади. Шу боис, уэльслик футболчи фақатгина тасодиф туфайлигина ушбу пойгада ғолиб чиқиши мумкин. Ҳозирча Гарет зарур паллада кўплаб голлар уришга тайёр ўйин-чидек тасаввур уйғотмоқда. Ўтган мавсум Чемпионлар Лигасида умуман тўп киритмаганини ҳам унутмаслик даркор. Демак, худди Рамос сингари «фойдали ўйинчи» мақомини сақлаб қолишга интилса, ажабмас.

Антуан Гризманн («Атлетико»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 7та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: -

Ла Лига ўтган мавсумида: 22та гол

Коэффициент: 26.0

Антуанга паст баҳо берилаётгандек туюлмаяптими? Тўғри, дастлабки турда ПСВ дарвозасига йўл топа билмади, аммо барибир, қолган рақибларга бошоғриқ бўлиши турган гап. Гризманн «Атлетико»ни фақат Симеоне кетган тақдирдагина тарк этиши мумкин. Мабодо, у ЕЧЛ тўпурарлигини қўлга киритса-ю, «матрасчилар» яна бир бор финалга чиқишни уддалашса, Роналду, Бэйл ва Мессидан кам эмаслигини кўрсатиш ҳамда «Олтин тўп» учун курашда жиддий рақобатчига айланиш имкониятини қўлга киритади.

 

Пьер-Эмерик Обамеянг («Боруссия» Дортмунд)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: қатнашмаган

ЕЧЛ жорий мавсумида: 1та гол

Бундеслига ўтган мавсумида: 25та гол

Коэффициент: 26.0

Омади чопиб, орзусидаги жамоа - «Реал» дарвозасини тўрт марта ишғол қилса борми... Барибир, бундеслигада гол уриш бўйича Левандовскига рақобат туғдираётган Обамеянг еврокубокларда муаммога дуч келиши мумкин. Ахир Тухелнинг «Боруссия»си айрим жабҳаларда Клоппнинг «Боруссия»сидан фарқланади, яъни Пьер-Эмерик ЕЧЛнинг баҳор фаслидаги ҳал қилувчи баҳсларида иштирок этолмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Аммо астойдил ҳаракат қилса, гуруҳ босқичининг ўзида Роналдудан кам гол урмаслиги аниқ. Биринчи турда «Легия» дарвозасига киритилган тўп бу фикрнинг исботи бўла олади.

 

Неймар («Барселона»)

ЕЧЛ ўтган мавсумида: 3та гол

ЕЧЛ жорий мавсумида: 1та гол

Ла Лига ўтган мавсумида: 24та гол

Коэффициент: 26.0

Неймарнинг ушбу пойгада ғолиб чиқиш эҳтимоли Бензема ва Дибаланикидан юқори баҳоланмоқда - «Реал»да Мората рақобатчига айланади, «Юве»да гол уриш масъулияти Игуаин зиммасига юклатилади. Ҳаттоки, Златанни Манчестерга кузатган Каванининг имконияти ҳам бразилиялик юлдузникидан камроқ кўриняпти. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, Неймар «Барселона»даги яққол етакчиликка умид қилолмайди. Айниқса, «Алавес»га қарши кечган баҳс Каталония жамоаси Бразилия термасининг ўхшаши эмаслигини яна бир карра исботлади. Неймарнинг жиззакилигини ҳеч ким кўтармайди, шунчаки, Суарес ва Мессига «пас» узатишади. Ахир улар Левандовски билан бирга Роналдуга рақобат туғдиришлари керак.

Португалиялик ҳужумчи эса юзлик довонни забт этишга ҳаммадан кўра яқинроқ турибди. Уни тарихий натижадан бор-йўғи олтита гол ажратмоқда.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz