Қайднома

Қидирув

ГЕРБ СИРИ... ЕЧЛ иштирокчилари логотипларига назар ташлаймиз

27.09.2016 10:29
1941

13 сентябрь куни Европанинг 32та жамоаси ЧЛ бош соврини - «шалпангқулоқ» кубокни қўлга киритиш мақсадида навбатдаги йўлга чиқди. Бугун ва эртага эса гуруҳ раундининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Soccer.ru сайти шу муносабат билан барча иштирокчи клубларнинг  эмблемаларига назар ташлади. Хўш, «Бешиктош» рамзи ниманинг ҳисобига «Ювентус»никидан қизиқроқ? «Реал» ва «Барселона» логотипларида нималар ифодаланган? Қуйида шу каби саволларга жавоб топишга уринамиз.

«А» гуруҳи

«ПСЖ» - монархлар беланчаги

Дастлаб «ПСЖ» Англиянинг «МЮ» ва «Манчестер Сити» клубларидан андаза олган - парижликлар эмблемасида кема сурати бор эди. Кейинчалик гербда «қироллик» мақомига урғу берилди - Эйфель минораси фонида беланчак ва лилия гули тасвирланди. Шу тариқа ёш франциялик монархлар тарбияланган Сен-Жермен-ан-Лэ қалъасига ишора қилинган. Тўғри, ҳозирда Европа футболи қиролига айланишни хоҳлаётган клуб ўз рамзидаги минора тагида фақат гул суратини қолдирган.

«АРСЕНАЛ» - ўқланган замбарак

«Канонирлар» азалдан қизиқ эмблемага эга бўлишган - 2та замбаракнинг юқоридан кўриниши. Аммо маълум вақтдан сўнг ҳарбий госпиталь ва завод ёнида асос солинган жамоа эмблемасида /арбга қаратилган битта замбарак қолдирилди. Кўп ўтмай, у Шарқ томон бурилди, фақат 2002 йилга келибгина ҳозирда кўпчиликка таниш бренд тайёрланди - оддий, аммо «тўпчилар»нинг рамзига айланган герб.

«БАЗЕЛЬ» - худди «Барселона»дек

Аслида «Кўк-анорранг»ни «Барселона» «ўзлаштирган», дейиш мумкин, зеро, «Базель» 1893 йили ташкил топган бўлса, Каталония клубига орадан 6 йил ўтгач, асос солинган. Дастлаб швейцарияликлар гербида қўй шохи тасвирланган, кейинроқ худди «Барселона» логотипидагидек тўп, қалқон ва ўша машҳур ҳарфлар пайдо бўлган.

«ЛУДОГОРЕЦ» - янги урфдаги бургут

Эътиборингиз марказида - 2001 йили ташкил этилган ёш жамоа ёки бошқача айтганда, 1945 йили асос солинган «Разград» клубининг вориси. Эмблемада кириллча «Л» ҳарфи ҳамда бургут асосий рамзга айланди. Учқур қушнинг кўриниши янги асрнинг бошланишига ишора.

2-тур. 28 сентябрь (чоршанба)

23:45  «Лудогорец» - «ПСЖ»

23:45  «Арсенал» - «Базель»

 

«В» гуруҳи

«НАПОЛИ» - қора тулпорлар

Ҳозирда ҳаммаси оддий ифодаланган - «N» ҳарфи ҳамда айлана. Аввалроқ эса логотип бироз ўзгача кўриниш касб этган, унда тулпорлар сурати бор эди. Дастлаб мовий фонда оқ, сўнгра қора тусли жониворлар. 1927 йили клуб инқироз хавфи остида қолгач, рақиблар неаполликларни «тулпорлар» эмас, «митти хўтиклар», деб атай бошлашган. Қизиғи, клуб буни ҳақорат ўрнида қабул қилмай, ўзига тахаллус сифатида танлаган.

«БЕНФИКА» - «Кўплар орасида ягона»

1904 йили тузилган жамият аъзоларини бургутларга қиёслашган, шу боис, Лиссабондан чиққан бўлажак чемпион гербида қалқон ва учқур қуш тасвирланди. Шунингдек, «Бенфика» эмблемасида клуб шиори ҳам битилган - «Кўплар орасида ягона».

«БЕШИКТОШ» - оқ-қора шифр

Яна бургутлар ҳақида сўз боради, фарқи шуки, турк клуби логотипида қуш тасвирланмаган. Ҳаммаси янада қизиқроқ, ахир эмблема - асос солинган йил шифри-да! Дастлабки оқ чизиқ «1», учта қора чизиқ «3», иккинчи оқ чизиқ ҳам «1» рақамини билдиради. Гербдаги тўққизта белги эса сўнгги сон - «9»га ишора. Демак, бундан 1319 келиб чиқади, яъни араб тақвимидаги йил ҳисоби. Европада эса бу 1903 йилга тўғри келади. Ажойиб мавҳумлик!

«ДИНАМО» (Киев) - «Д» саргузашти

«Динамо»нинг 1927 йилги эмблемаси билан ҳозиргиси ўртасида унчалик катта фарқ йўқ. Ромб ва ўртада «Д» ҳарфи. Эндиликда чемпионлик учун берилган юлдузлар ҳам бор. Дастлаб «Д»нинг атрофида айланалар ва қалқонлар бўлган ва тасвир турли ёзувлар билан бойитилган. Ҳаттоки, Киев ва Украина термасига хос ранглардан фойдаланилган. Кейинчалик классик кўринишга қайтилган.

2-тур. 28 сентябрь (чоршанба)

23:45  «Бешиктош» - «Динамо» К.

23:45  «Наполи» - «Бенфика»

 

«С» гуруҳи

«БАРСЕЛОНА» - ҳар соҳадан бир шингил

«Барселона»нинг биринчи герби шаҳардан олинган. Кейинроқ бошқачароқ кўринишни ўйлаб топиб, қалқон, Барселона герби ва Каталония байроғидаги ранглардан фойдаланишди. Кўк-аноррангли футболка эса, юқорида таъкидлаганимиздек, «Базель» клубидан ўзлаштирилган.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ» - янги урфга таяниб

Гвардиола, Агуэро ҳамда де Брюйненинг янги ютуқларига умид билдириб, қолаверса, футболкалар сотувини фаоллаштириш мақсадида эмблема ўзгартирилди. Унда эски белгилардан ҳам фойдаланилди - Манчестер портидаги кема ва қизил атиргул. Лекин «бургут» олиб ташланди.

«СЕЛТИК» - ирланд бедаси

Агар «Селтик» ҳозир оригинал гербидан фойдаланганида, ФИФА ва УЕФА томонидан дисквалификация қилиниши мумкин эди - унда кельтларга хос белгидан фойдаланилган. Аммо кейинчалик логотипда ирланд бедаси тасвири пайдо бўлди. 1988 йилда эса клуб юбилейи муносабати билан аввалги рамзлар қайтарилди. Айни пайт яна ўша таниш ўсимлик - беда япроғига мурожаат этилмоқда.

«БОРУССИЯ» (Менхенгладбах) - қалқондан ромбга

Немис клуби авваллари ажойиб эмблемадан фойдаланарди - каталонияликларникига ўхшаш қалқон кўриниши. Гербда диагоналига кулранг каллиграфик ёзув битилганди. Бироқ уни ҳарфлардан ясалган ғалати шифрга алмаштиришди, ўтган асрнинг бошларида эса «ай-ғирлар» учун ҳозирда қўлланилаётган янги рамз тақдим этилди - ўткир бурчакли ромб, ичида оқ-қора чизиқлар. Тўғри, бошида чизиқлар яшил ва оқ тусда эди.

2-тур. 28 сентябрь (чоршанба)

23:45  «Боруссия» М. - «Барселона»

23:45  «Селтик» - «Манчестер Сити»

 

«D» гуруҳи

«БАВАРИЯ» - оддийлик сари

Дастлабки эмблема ғайриоддий эди - «f» «b» «m» ва «c» ҳарфлари комбинацияси ишлатилганди. Кейинчалик ғоялар оддийлашди, оқ ва кўк ромблардан фойдаланилди. Беккенбауэр ва Мюллер айнан ноодатий, аммо чиройли эмблемаси бор либосда тўп суришган. 70-йилларга келиб, логотип кўпчиликка таниш бўлиб улгурган айлана шаклига келтирилиб, ичига ёзув битилди, ромблар бироз эгилди.

«АТЛЕТИКО» - айиқ ва дарахт

«Атлетико» логотипида Мадрид герби тасвирланган - ертут дарахти ва уни силкитаётган айиқ. Безатиш услуби америкаликлар ёки бильбаоликларга хос - чизиқлар, оқ, қизил ва кўк ранглар. Еттита оқ юлдуз борасида эса турлича фикрлар янграйди. Бу Мадрид атрофидаги обсерватория белгисими ёки Катта Айиқ туркуми? Ҳа, «матрасчилар»га нисбатан «айиқлар» таърифини ишлатсак ҳам бўлаверади, шекилли.

ПСВ - лампа заводи деҳқонлари

Лампочка бураш учун «Филипс» заводининг неча ходими керак? Бу савол 1913 йилга хос, чунки ўша вақт гербда лампочка тасвирланганди. ПСВ - «Филипс спорт иттифоқи» маъносини билдиради. Умуман, эйндховенликлар тахаллуси бошқача - «деҳқонлар». Шунақа, ҳаммаси чалкаш, герб эса овал шаклида, унда қизил-оқ чизиқлар фонидаги байроқ бор. Афсуски, лампочка олиб ташланди.

«РОСТОВ» - халқ танлови

«Ростсельмаш»нинг «Ростов»га ўзгартирилиши эски давр ишқибозлари ўртасида можаро келтириб чиқарди. Албатта, бу ҳолат ЕЧЛда иштирок этаётган жамоани қўллаб-қувватлашга халал бермайди. 2 йил аввал янги логотипга асос солинди. Таклиф этилган вариантлардан энг замонавийси танланди - айниқса, ретро услубга урғу берилгани барчани қувонтирди.

2-тур. 28 сентябрь (чоршанба)

23:45  «Атлетико» - «Бавария»

23:45  «Ростов» - ПСВ

 

«Е» гуруҳи

ЦСКА - янгиланишга муҳтож

Дарҳақиқат, «ҳарбийлар» логотипи нозик ва замонавий кўринишга келиши лозим. Албатта, диагонал ёзувларга қайтиш шарт эмас. Аммо юлдуз, дафна чамбари ва қалқон клубдаги вақт руҳияти ва моҳиятини англатмайди. ЦСКА ишқибозлари эса шахсий рамзларида чиройли тулпордан фойдаланишади, аммо бу ҳам етарли эмас. Ҳозирги кўринишни бироз соддалаштириш кифоя қилса керак.

«БАЙЕР» - ҳомийларга таъзим

Бу - фармацевтлар клуби. Белги жуда оддий, ўртада худди ҳомийники каби айлана шакли бор, четдаги шерлар эса 1996 йили пайдо бўлган. Фармацевтика компаниясининг биринчи логотипидаги белгилар ўзлаштирилган. Яъни у XIX асрга тегишли.

«ТОТТЕНХЭМ» - пихли қуш

«Шпорлар» эмблемасида хўроз тасвири пайдо бўлиши ҳақида чиройли тарих битилмаган. Аммо клубнинг ташкил топиши хусусида бироз бошқача фикр билдириш мумкин. У «Хотспур» тахаллусига эга сэр Генри Перси шарафига «Тоттенхэм» номини олган. Логотипнинг ҳозирги кўриниши анча соддалаштирилган.

«МОНАКО» - дворянларга хос

Стадионга князь Луи II номи берилган, клубни ҳозирда россиялик миллиардер молиялаштирмоқда, аммо эмблема дворянларга хос тарзда безатилган. Унда тож, қалқон, Монако ранглари бор. Дастлаб тож йўқ эди, фақат Монако байроғидаги чизиқлардан фойдаланилган. 2014 йилга келиб, логотипдаги аббревиатура ўрнини клуб номи эгаллади.

2-тур. 27 сентябрь (сешанба)

23:45  «Монако» - «Байер»

23:45  ЦСКА - «Тоттенхэм»

 

«F» гуруҳи

«РЕАЛ» - чалкаш ҳарфлар

Дастлаб «Реал» эмблемаси ўралган ҳарфлардан иборат аббревиатурадан ташкил топганди. Тасвир унчалик ўхшамагач, яхшироқ кўринишга келтиришди. Қирол Альфонс VIII клубга «Қироллик» мақомини берганидан сўнг гербда тож пайдо бўлган. Кейинчалик фуқаролар уруши пайти тождан воз кечишганди, аммо Франко уни яна қайтарди.

«БОРУССИЯ» (Дортмунд) - 3та ҳарф ва - «09»

1976-1978 йилларда «Боруссия» ғалати эмблемага эга бўлган - қора фонда сариқ тусдаги шер боши. Аммо кейинчалик тарихий гербга мурожаат этилди. Учта ҳарф, «09» сони - клуб асос солинган 1909 йилга ишора. Ортиқча жимжимадорлик, оригиналлик йўқ, аммо клуб ранглари жой-жойида.

«СПОРТИНГ»  - пойтахтлик аристократлар

«Спортинг»нинг тўлиқ номи - «Португалия спорт клуби». Лиссабонликлар дастлаб ўзларини мамлакат қироллари, аниқроғи, аристократлар сифатида таништиришган. Чунки шер - одатий гералдика рамзи саналади ва у клуб гербида тасвирланган. Тўғри, аввалига эмблема «Боруссия» логотипига ўхшаш эди - учта ҳарф, ўртада эса важоҳатли арслон. Ўтган асрнинг 30-йилларига келиб, ҳозирги белги пайдо бўлди, 2001 йилда кўриниш бироз ўзгарди - чизиқлар ва қалқон ичида яна бир қалқон. Жозибали!

«ЛЕГИЯ» - қалқон ва Польша байроғи

Варшава клуби жорий мавсум 100 йиллигини нишонламоқда, россиялик мутахассис Станислав Черчесов яқиндагина бу жамоа билан «олтин дубль» қайд этди. Аслида «Легия»га Украинанинг ҳозирги Волинь областида асос солинган. Кейинчалик штабни Варшавага кўчириб, логотипда қора қалқон ва «L» ҳарфидан фойдалана бошлашди. Кейинчалик яшил ранг ва чизиқлар қўшилди, 2010 йилга келиб, ҳозирги кўриниш пайдо бўлди - қалқон, ҳарфлар, чизиқлар, диагоналига жойлашган Польша байроғи.

2-тур. 27 сентябрь (сешанба)

23:45  «Боруссия» Д. - «Реал»

23:45  «Спортинг» - «Легия»

 

«G» гуруҳи

«ЛЕСТЕР» - тулки саргузашти

Лестершир графлиги «Лестер»га ўз рамзларини берган - ғозпанжа гули (бу кўпчилик айтгандек, лилия эмас) ва ўша ўлкаларда овланадиган тулки. Қизиғи, Англиянинг амалдаги чемпиони ўз вақтида фойдаланган логотипда айёр жонивор бошдан-оёқ акс этганди, аммо кейинчалик классик кўринишга қайтилди. Хўш, тулкининг сариқ боши ЕЧЛда ҳам омад келтирармикан?

«ПОРТУ» - кўзга ташланмайдиган аждаҳо

Авваллари «Порту» эмблемасида аждаҳо эмас, клуб рамзлари билан безатилган ўзига хос баскетбол тўпи бўлган. Балки бу нотўғри чизилган ер шаридир, чунки меридианлар қиялиги шунга ишора қилаётгандек. Боз устига, «Порту»га асос солинганида, спортнинг қўлда ўйналадиган энг оммабоп турларидан бири эндигина 2 ёшга тўлганди. Кейинчалик португаллар гербни аждаҳо ва турли рамзлар билан бойитишди. Тан олиш керак, ҳозирги эмблема янгиланишга муҳтож - бироз қийшиқ чизилгандек.

«БРЮГГЕ» - фантазиясиз қироллар

Бельгияликлар рамз танлашда немисларга хос оддийликка таянишган. «Оқ-кўк» чизиқлар керакли ранглардан фойдаланганига ишора, юқоридаги тож эса «Брюгге»нинг бой тарихга эгалигидан далолат. «Қироллик футбол иттифоқи» узоқ 1891 йили ташкил топган. Бу гербга тааллуқли битта савол бор? Нега у «Эспаньол» логотипига жуда ўхшаш? Йилларга эътибор қаратсак, бельгияликлар испанлардан нимадир ўзлаштиришгандир.

«КОПЕНГАГЕН» - шимол шери

Дания чемпиони 1991 йили Европанинг энг эски клубларидан бири -  «Копенгаген Болдклуб» билан бирлаштирилган ҳолда ташкил топган. Эски эмблема бироз оддий кўринишга эга эди, янгисидаги шер эса чиройли чиққан. Тўғри, ўтган вақт мобайнида белги бироз эскиргандек - данияликлар жонивор ва ҳарфлар кўринишини бироз ўзгартиришса зиён қилмасди.

2-тур. 27 сентябрь (сешанба)

23:45  «Копенгаген» - «Брюгге»

23:45  «Лестер» - «Порту»

 

«Н» гуруҳи

«ЮВЕНТУС» - зебрадан буқагача

Кўпчиликка таниш овал шакли, юлдузлар, тож, тулпорларга хос ҳаракатни бажараётган буқа. «Ювентус» эсда қоларли белгига эга, клуб ранглари - оқ ва қора ҳам яққол кўзга ташланади. Вақтида бошқачароқ кўриниш ҳам тажрибадан ўтказилган. Масалан, классикани жамоанинг илк рамзи - зебра билан ўзгартиришга қарор қилишган.

«СЕВИЛЬЯ» - авлиё ёқловчилар триоси

Клубнинг илк логотипи қўлда чизилган бўлса, кейинчалик ҳозир кўришга ўрганганимиз қизил-оқ қалқон ичидаги акроним ва ҳарфлар қўшилган. Кейинроқ шаҳар гербига ишора қилинди, чунки унда ҳам авлиёлар тасвирланган. Ўртада Фердинанд, унинг икки четида Исидор ва Леандр сурати. Дарвоқе, Германия ва Буюк Британияда бундай логотипларнинг қўлланилиши амри-маҳол.

«ЛИОН» - шаҳарни «ўмариш»

Ташкил топганига кўп бўлмаган «Олимпик» худди «Севилья» каби ўзи жойлашган шаҳар билан боғлиқлик касб этган. Лион гербидаги шер қайтадан чизилган. Дастлаб ҳаттоки, тўлиқ кўринишни сақлаб қолишган, биргина лилияни олиб ташлаб, «О» ва «L» ҳарфларини қўшишган. Фақат, 80-90-йилларда ўзгартириш киритиш лозимлигини англаб, арслонни ҳарф ичига жойлаштиришди. Шунингдек, логотип ранги ўзгарди, аниқлик мужассамлашди.

«ДИНАМО» (Загреб) - бошланғич босқичга қайтиш

Кирилл алифбосидан фойдаланадиган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, хорватлар машҳур «Д» ҳарфининг лотин алифбосидаги кўринишини маъқул кўришди. 1945 йили ташкил топган «Динамо» бунга қадар «Граджян-ски» номи остида фаолият юитган. Эмблемада «шахматли» айлана ҳамда ўзаро уйғунлашган ҳарфлар бор эди. Янги раҳбарият эса «d» ёзуви туширилган қалқон, сўнгра шерни қўшганди. Аммо маълум муддатдан сўнг яна эски кўринишдаги рамзни афзал билган клуб анчадан буён шу гербни сақлаб турибди. Ҳа, загребликларнинг анъаналарга содиқ эканликлари кўриниб турибди.

2-тур. 27 сентябрь (сешанба)

23:45  «Севилья» - «Лион»

23:45  «Динамо» З. - «Ювентус»

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz