Қайднома

Қидирув

ТУМАНЛИ ЎЛКА УМИДИ

06.10.2016 10:10
882

Англия футболида аста-секин ўсиб келаётган ҳозирги авлодни янги асрдаги энг яхшиси дея баҳоланмоқда. Икки йил аввал 1997-1998 йилларда туғилган ўсмирлар Европа чемпионати (U-17) ғолиблигини қўлга киритишганди, сўнгра айнан шу таркибдагилар катталар даражасида ўзларини кўрсатишди. Патрик Робертс ўша жамоанинг сардори ҳисобланган. 19 ёшли ушбу футболчи бутун туманли ўлканинг тилига тушган. Қойилмақом дриблинг, тезлик, ижрочилик маҳорати - Робертс ўз авлодининг энг яхши вакилига айланиб улгурди. Барқарорлик бобида Иззи Браун, Доминик Соланке ва Райан Ледсон кабиларни ортда қолдирди.

Патрик Робертс Лондоннинг аҳоли сони бўйича энг камтар ҳудуди - Кингстон-апон-Темсда туғилган. Маҳаллий «Уимблдон» академияси уни бажонидил қабул қилди, 13 ёшида эса «Фулхэм» клубига кўчди. Орадан тўрт йил ўтиб, асосий таркибда дебютини нишонлаб, ностандарт ва мардонавор дриблинги билан бутун Англияни лол қолдирди. Айнан шу 2014 йили Европа чемпионати (U-17)да терма жамоасини чемпионлик сари етаклаб, миллатдошлари қалбига умид учқунларини сочди.

Кучли томонлари

Патрик Робертс - ёшлар футболидаги энг яхши дриблингчилардан бири. Тўп билан шу қадар енгил ҳаракатланадики, баъзан унинг англиялик эканига ишонгингиз келмайди. Жуда тезкор, ҳар қандай даражадаги ҳимоячига бошоғриқ бўла олади - буни 19 ёшли вундеркиндни тўхтатиш чоғида мураккабликка дуч келган «Барселона» ўйинчилари ҳам исботлашлари мумкин. Айнан техникасининг юқорилиги уни Англиянинг келажаги порлоқ вакилига айлантирди: 17 ёшида «Фулхэм» сафида дебютини ўтказиб, рақиб ҳимоясини эффектли рейдлари эвазига ёриб ўтиши мумкинлигини кўрсатди.

Бошланғич тезлигининг юқорилиги Робертсни янада самарадор футболчига айлантиради. 19 ёшли англиялик тўп билан муомала қилиш чоғида суръатни бир маромда ушлаб туради, узатмаларга ўз вақтида етиб боради ва катта тезликда йўналишни ўзгартира олади. Уни тўхтатиш жуда қийин.

Шунингдек, ажойиб «пас»лари билан ёдда қолади, деярли ҳар бир узатмаси манзилга аниқ етиб боради. Қанотлардан уюштирадиган кросс­лари эса ҳамиша хавф туғдиради.

«Селтик» сафида ўтказган 11та ўйинида рақиблар дарвозасини 6 марта ишғол қилди, голларнинг аксарияти ажойиб ижро эвазига урилди. Ҳа, унинг зарбаси унчалик кучли эмас, лекин аниқлик ва техника юксак даражада.

Кучсиз томонлари

Робертс ўнг оёғини кўп ишлатмайди. Аксарият зарба ва «пас»лари чап оёқда ижро этилади. Бу эса, унинг қандай чора қўллашини олдиндан пайқаш имконини оширади. Одатда, қулай вазиятлар чоғида тўпни айнан чап оёғига ўнглашга интилади.

167 сантиметр бўйга эга эканлигини инобатга олсак, ҳаводаги курашларда ғолиб чиқиш имконияти паст эканлиги ойдинлашади. Бундай ҳолатлардан узоқ юради. «Иккинчи қават»даги баҳсларнинг деярли барчасини ютқазади, аммо оёқ билан чиройли ўйнаш орқали бу айбини ювади.

Ўйин услуби

Робертс ҳар икки қанот, марказий ярим ҳимоя, плеймейкер позицияси ва ҳужумчи ортида бирдек самарали ўйин кўрсатади. Ушбу футболчини энг муносиб нуқтага Ронни Дейл қўйган: «Селтик»нинг ўнг қанот ярим ҳимоясида Робертс нафақат эффектли, балки фойдали ўйин кўрсатди.

Патрик ўзининг чаққонлиги эвазига Англияда янги Гиггз номига лойиқ кўрилди. Чиндан ҳам, унинг ўйин услуби ёш Райанникига жуда ўхшаш. Қанот бўйлаб рейдлар уюштиришни ёқтиради, уларнинг аксарияти рақиб жарима майдончасига тўп узатиш билан якунланади. «Селтик»да эса қанотдан марказга кўчиб, зарба йўллайдиган ҳолатга чиқишни одат қилди. Тўпсиз ҳаракатланаётганда ҳужумнинг ҳар бир чизиғида бўш ҳудуд излашга интилади.

Ютуқлари

Евро-2014 (U-17) рамзий терма жамоасидан жой олди.

19 ёшида катталар даражасида 47та ўйин ўтказиб, 7та гол урди, 6 марта ассистентлик қилди.

Ўтган йилнинг ёзида «Манчестер Сити» Робертс учун 15 миллион евро таклиф қилгач, «Фулхэм» уни қўйиб юборишга рози бўлди. Умуман, Пеллегрини бошчилигида Патрикнинг ўйини ёмон чиқмаётганди. Асосий жамоанинг учта баҳсида тўп сурган иқтидорли футболчи 2016 йилнинг қишида «Селтик»ка ижарага берилди.

Робертс бир неча ой ичида Шотландиянинг энг яхши жамоаларидан бирида етакчига айланди. Чемпионатнинг иккинчи қисмида сафга қўшилиб, 6та гол урди ва «Селтик» билан олтин медалларни қўлга киритди. Тажрибали мутахассис Феликс Магат ҳам Патрикнинг юксак истеъдод соҳиби экани, бутун Англия шу иқтидорнинг бардавом бўлишини хоҳлаётганини таъкидлади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz