Қайднома

Қидирув

РЕКОРДНИ ЯНГИЛАШ

13.10.2016 10:10
1522

Ёзги трансферлар бозорида АПЛда иштирок этадиган 20та клубдан нақ 13таси харидлар бобида шахсий рекордини янгиладики, бу мисли кўрилмаган телевизион шартнома маҳсулидир. Эътибор қаратинг, жаҳоннинг энг жозибали лигаси вакиллари жами 1,165 миллиард фунт стерлинг сарфлашди. Футбол тарихида бундай кўламдаги харажат ҳали кузатилган эмасди. Атиги 7та жамоа аввалги шахсий трансфер рекордини янгиламади, холос. Булар - «Челси», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Ливерпуль», «Эвертон», «Сток Сити» ва «Мидлсбро». Қолган иштирокчилар эса ўз тарихларидаги энг йирик харидга қўл уришди. Хўш, улар кимга эга бўлиш йўлида бюджетдан катта маблағ ажратишди?

«БЕРНЛИ» - Жефф ХЕНДРИК

10,5 млн. фунт («Дерби Каунти»дан)

2 йил аввал АПЛга чиққан «Бернли» трансферлар учун жуда кам пул ажратган ва мавсум якунида қуйи дивизионга қайтганди. Клуб бу сафар ҳам трансферлар бозорининг охирги кунларига қадар камтарликни сақлаб турди, бироқ якунда чидамади, чоғи, барибир. Аввалига бельгиялик Стивен Дефур учун чамаси 7 миллион сарфланди ва жамоа рекорди янгиланди. Бернлиликлар бу билан чекланиб қолмай, харидларнинг охирги куни яна «чўнтак» кавлашди ва ирландиялик 24 ёшли ярим ҳимоячи Жефф Хендрикни 10,5 миллионга сотиб олишди. Хуллас, камтарин жамоа ёзда трансферлар бобидаги рекордини 2 марта янгилади. Айтиш жоиз, айни пайт «Бернли» турнир жадвалининг 14-қаторида бормоқда. Демак, катта харажат зое кетмаяпти.

 

 «ХАЛЛ СИТИ» - Райан МЕЙСОН

12,5 млн. фунт («Тоттенхэм»дан)

Ёзда жамоа қандайдир «депрессия» ҳолатига тушди - хўжайини ўзгарди, бош мураббийи кетиб қолди ва бир қатор футболчилари жароҳат сабаб, сафдан чиқишганди. Лекин янги мавсум «Халл» учун кутилмаганда, жуда яхши бошланди: дастлабки 3та турда 2та ғалаба. Чунончи, таркиб ҳам сезиларли даражада кучайтирилди. 25 ёшли марказий ярим ҳимоячи Райан Мейсон 1,5 йил муқаддам Англия терма жамоасида дебют қилганди. Бироқ кейинчалик «Тоттенхэм» захирасида ўтириб қолди. «Халл» эса шу ўйинчига эга бўлиш учун ўз даражасида рекорд харажатга қўл урди.

 

«УОТФОРД» - Роберто ПЕРЕЙРА

13 млн. фунт («Ювентус»дан)

«А» сериясида кетма-кет 2 марта чемпионлик нашидасини сурган аргентиналик ҳужумкор ярим ҳимоячи АПЛ­га кўчиб ўтди ва биринчи ўйинидаёқ «Арсенал» дарвозасига гол урди. Умуман олганда, «Уотфорд» Вальтер Мацзарри бошқарувида трансферлар бозорида анча дадил иш олиб борди ва энди лигада қолиш учунгина курашмаса керак. Ҳозирда 11-ўринни эгаллаб тургани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

 

«ВЕСТ БРОМВИЧ» - Носир ШОДЛИ

13 млн. фунт («Тоттенхэм»дан)

«Вест Бром»нинг ёзги трансферлар мавсумида амалга оширган харидлари клубда ҳеч кимни қониқтирмади, чоғи. Лекин жамоа сўнгги паллада рекорд ўрнатишга улгурди. Бельгиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Носир Шодли «Тоттенхэм»да вақти-вақти билан ўзини кўрсатиб турганди. Бироқ охирги пайтларда ҳаттоки, майдонга кам тушадиган бўлиб қолди. «Бромвич» айнан шу ҳолатдан фойдаланиб, 13 «лимон» эвазига уни ўз сафига қўшиб олди.

 

«САНДЕРЛЕНД» - Дидье НДОНГ

13,6 млн. фунт («Лорьян»дан)

Дэвид Мойес «Сандерленд»нинг бечораҳол таркибини эпақага келтириш учун анча елиб-югурди. Айниқса, ёзнинг охирги кунлари ҳаракатлар анча кучайтирилди. Бунинг натижасида габонлик таянч ярим ҳимоячи Англия шимолида пайдо бўлди. Айтиш жоиз, ҳозирда Дидье Ндонгни кўпроқ Майкл Эссьенга ўхшатишяпти.

 

«БОРНМУТ» - Жордан АЙБ

15 млн. фунт («Ливерпул»дан)

Камтарин клублар сирасига киривчи «Борнмут» ишончли трансферлар кампанияси орқали барчани ҳайратга солди. Дейлик, «Арсенал»дан Жек Уилшерни ижара келишуви бўйича олганининг ўзи салмоқли тош босади. Шунингдек, Жордан Айб трансфери билан жамоа рекорди янгиланди. Англиялик 20 ёшли вингер яқин-яқингача «Ливерпуль» келажаги сифатида эътироф этилаётганди. Бироқ Юрген Клопп бошқача фикрда, шекилли, Айбни қўйиб юборди.

 

«СУОНСИ» - Борха БАСТОН

15,5 млн. фунт («Атлетико»дан)

Испаниялик новча ҳужумчи 5 йил давомида «Атлетико» ихтиёрида юрди, аммо ижара сафарларидан сира бўшагани йўқ. Мана, энди у Уэльс жамоаси тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди. Аслида «Суонси» ёзги трансферлар мавсумида унча яхши ишламади. Лекин факт шуки, клуб  рекорд кўрсаткични қайд этди.

 

«САУТГЕМПТОН» - Софиан БУФАЛЬ

16 млн. фунт («Лилл»дан)

«Саутгемптон» охирги йилларда шунчалик кўп футболчи сотдики, қандайдир янги ТВ-шартномасиз ҳам ўзининг анча камтарин трансфер рекордини «қулатиши» мумкин эди. Францияликлар билан яхши алоқалар ва янги бош мураббий Клод Пюэль тажрибаси ўлароқ, марокашлик 22 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Англия жанубига йўл олди. Унинг ўтган мавсум Лига 1да  «Лилль» учун 11та гол урганини эслатиш ўринли.

 

«ВЕСТ ХЭМ» - Андре АЙЮ

20,5 млн. фунт («Суонси»дан)

«Суонси» ўтган йили Айюни текинга олиб, ажойиб бизнесга асос солганди. Мана, уэльсликлар атиги 1 йил ўтиб, бу футболчини ҳаттоки, Англия лигаси учун ҳам катта саналадиган суммада пуллашди. Афсуски, «Вест Хэм» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи илк ўйинларидан бирида жароҳатланди. Шундай экан, «болғачилар» рекорд трансфердан, яъни ганалик йигитдан ҳали наф кўришгани йўқ.

 

«КРИСТАЛ ПЭЛАС» - Кристиан БЕНТЕКЕ

27 млн. фунт («Ливерпул»дан)

Бир қарашда, бу келишув ҳаммани хурсанд қилди: «Пэлас» яхшигина ижрочига эга бўлди, «Ливерпуль» ортиқча маош харажатидан қутулди, Бентекенинг ўзи эса ниҳоят, мунтазам ўйнаш имкониятини ҳосил қилди. Бош­қача айтсак, лондонликлар жамоани анча қийнаган марказий ҳужумчи муаммосини ҳал этишди, ливерпулликлар Клоппга керак бўлмаган футболчини деярли харид қилинган суммада сотишди, Бентеке шу билан захирада навбат кутиш азобини унутди. Тўғри, бельгиялик футболчи ҳаммасини «зўр» бошлади - «Кристал Пэлас» ва «Бернли»ни адаштириб юборди.

 

«ЛЕСТЕР» - Ислом СЛИМАНИ

29 млн. фунт («Спортинг»дан)

Янги мақом - чемпион номи «Лестер»нинг ёзда анча кўп харажат қилишини тақозо этди ва клуб худди шундай йўл тутди. Айёр Клаудио Раньери жазоирлик Риёд Маҳрезни таркибда олиб қолиб, унинг ёнига бу мамлакатнинг яна бир вакилини қўшиб қўйди. Слимани ҳозир 28 ёшда ва бунгача топ-чемпионатларда ўйнаган эмасди. Бир қарашда, «тулкилар» унинг учун деярли 30 «лимон» бериб, таваккалга қўл уришгандек, аммо рекорд трансфер ҳозирданоқ ўз самарасини беряпти. Ҳарқалай, Слимани жамоа ўйинига муаммосиз киришиб кетди ва голлар уришга ҳам улгурди.

 

«ТОТТЕНХЭМ» - Мусса СИССОКО

30 млн. фунт («Ньюкасл»дан)

Мусса Сиссоконинг икки қиёфаси бор: биринчиси - яқинда Франция терма жамоаси билан Европа чемпиони бўлишга яқин келган жонкуяр футболчи, иккинчиси - ўтган мавсум «Ньюкасл» сафида чемпионшипга қулашни бошдан кечирган омадсиз. «Тоттенхэм» табиийки, 30 «лимон»ни унинг биринчи қиёфаси учун берди. «Тақачилар»нинг чемпионатдаги ишлари жойида, демак, ҳозирда Сиссокони асл нархидан қимматроқ баҳолашгани хусусида гапириш ўринсиз.

 

«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» - Поль ПОГБА

89 млн. фунт («Ювентус»дан)

Нафақат «МЮ», балки бутун футбол тарихидаги рекорд келишув. Барчаси ҳақида кўп ва хўп гапирилди ва уларни такрорлаш шарт эмас. Лекин франциялик йигитнинг ҳозирча жаҳон рекордчисига мос даражада ҳаракатланмаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Манба: Sports.ru

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.