Қайднома

Қидирув

СКАНДИНАВИЯ ФАОЛРОҚ ёхуд «Олтин бутса»ни ким олади?

13.10.2016 10:18
1624

Келинг, «кўҳна қитъа» тўпурарларига тақдим этиладиган соврин - «Олтин бутса»га даъвогарларнинг ҳозирги имкониятларини бир чамалаб кўрсак. Мазкур танлов Европа спорт нашрлари ассоциацияси (ESM) ҳамда «Адидас» фирмаси (1996|1997 йиллар мавсумидан буён) ихтиёрига ўтгач, турли даражадаги лигаларда урилган голлар «баҳоси» коэффициентлар юқорилигига қараб белгиланадиган бўлди. Чемпионатлар кучи УЕФАнинг клублар ўртасидаги турнирлари рейтингига кўра аниқланади.

Бу галги танловда сўнгги 5та мавсум (2011|2012 - 2015|2016)даги кўрсаткичлар асос сифатида олинди. Дастлабки бешта лига (Испания, Германия, Англия, Италия ва Португалия) урилган голлар учун 2 коэффициентга лойиқ кўрилсалар, 6-22-ўриндагилар (Франция, Россия, Украина, Бельгия, Голландия, Туркия, Швейцария, Чехия, Греция, Руминия, Австрия, Хорватия, Польша, Кипр, Белоруссия, Швеция ва Норвегия)да бу кўрсаткич 1,5ни ташкил қилади. Қолган лигалар коэффициенти эса 1га тенг.

Аввалги мавсум билан солиштирганда, юқори бешлик ўзгаришсиз қолган, иккинчи рўйхатда эса Швеция ҳамда Норвегия Исроил ва Даниянинг ўрнини эгаллашди.

Келгуси мавсумда португаллар бешинчи поғонани французлар ёки русларга бўшатиб беришлари мумкин, зеро ЕЧЛ ва ЕЛ гуруҳ бос­қичининг дастлабки икки туридан сўнг УЕФА рейтингидаги ҳолат қуйидагича кўринишга эга бўлиб турибди: 5. Франция - 46,999; 6. Россия - 46,322; 7. Португалия - 44,665. Шунингдек, учинчи рўйхатда ҳам ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда.

11та мамлакат (Беларусь, Швеция, Норвегия, Қозоғистон, Исландия, Финляндия, Ирландия, Латвия, Литва, Эстония ва Фарер ороллари) чемпионатлари «баҳор-куз» тизимида ўтказилиши боис у ерда финишга яқинлашиб қолишган, Исландияда эса ўтган дам олиш кунлари мавсум якунланиб бўлди. Шу боис топ-30 рўйхатида ушбу лигалар вакиллари ўрин олишган (Дени Алар («Штурм», Австрия) ва Муссо Марега («Витория», Португалия) бундан мустасно). Дарвоқе, 11та лиганинг барчаси камида бир нафардан тўпурарга эга эканлиги эътиборга молик.

Ўтган мавсум «баҳор-куз» тизимидаги чемпионатлардан фақат Беларусда коэффициент 1,5ни ташкил қилганди, жорий йил унга Скандинавиянинг икки вакили - Швеция ва Норвегия қўшилишди. Табиийки, бу фактор жадвалга ҳам таъсир ўтказди. Норвегиянинг «Русенборг» клуби аъзоси Кристиан Гютькяр ўзининг 18та голи эвазига 27 очко тўплаб, тўпурарлар пойгаси етакчисига айланди. Агар ўтган йилги коэффициент (1) сақланиб қолганида, у атиги 18 очко билан чекланиши мумкин эди.

Топ-30да ҳозирча оммага унчалик таниш бўлмаган футболчилар жой олишган. Уларнинг аксарияти бу рўйхатда ўтган йилларда ҳам кўриниш беришган. Албатта, бу ҳолат сентябрь ойи охири, октябрь бошларига тўғри келган. Мисол тариқасида Видар Орн Чартанссонни кўрсатиш мумкин. Икки йил аввал исландиялик ҳужумчи Евгений Кабаев билан бирга 2014|2015 йиллар мавсуми жадвалидан жой олганди. Ўша кезлари у Норвегиянинг «Валеренге»сида тўп суриб, 29 ўйинда 25та гол муаллифига айланганди. Жорий мавсумни Швециянинг «Мальмё»сида бошлаган (20та ўйин, 14та гол; 21 очко) Чартанссон ёзда Тель-Авивнинг «Маккаби» жамоасига ўтди ва икки ўйинда рақиблар дарвозасини 3 марта ишғол қилди.

Аммо бу голлар «Олтин бутса» учун пойгада инобатга олинмайди, зеро регламентга кўра, «баҳор-куз» тизимидаги чемпионатдан «куз-баҳор» тизимидаги чемпионатга ўтган ёки аксинча йўл тутган футболчиларнинг фақат биринчи клубидаги натижалари ҳисобланади. Қаҳрамонимиз яқинда Европа Лигасидан ўрин олган «Зенит»га қарши баҳсда ҳам гол муаллифига айланди. Ушбу баҳс футбол ихлосмандлари ёдида узоқ вақт сақланиб қолса керак, ахир 0:3ни 4:3га айлантирган «камбэк»ка ҳар кун ҳам гувоҳ бўлавермаймиз.

Юқорида номи келтирилган Кабаевга келсак, у 2014 йилги мавсумда Эстониянинг «Калев» жамоаси таркибида 35та ўйинда 36та гол уриб, «Олтин бутса»-2014|2015 якуний жадвалида 20-23-ўринларни бўлишиб олди. Евгений маълум муддат Индонезияда бўлиб, яна аввалги жамоасига қайтгач, жорий мавсум 24та баҳсда 18та тўп киритди. Эстония чемпионати якунланишига 4та тур қолди.

Роппа-роса бир йил аввал пойга етакчилигини Қозоғистоннинг «Қайрат» клуби форварди Жерар Гоу қўлга олганди. Мавсум якунига кўра, ивуарлик футболчи 28та ўйинда 22та гол урганди. Эслатиб ўтамиз, 2013|2014 йиллар мавсумида у «Краснодар» шарафини ҳимоя қилиб, 6та учрашувда бир марта тўп киритганди, холос.

Фарер оролларининг «Рунавик» жамоаси ҳужумчиси Клеминт Ольсен ҳам бошланғич жадвалда мунтазам кўриниш беради. Коэффициентларни инобатга олмаганда, рақиб дарвозаларини ишғол қилиш бобида у барчадан олдинда - 21та гол.

Кучли лигалардаги (коэффициент - 2) беш футболчи 6тадан гол уриб (12 очко), юқори ўттизталикка киришга асосий даъвогар бўлиб туришибди. Булар - Антуан Гризманн («Атлетико»), Диего Коста («Челси»), Гонсало Игуаин («Ювентус»), Мауро Икарди («Интер») ва Карлос Бакка («Милан»).

Ўз навбатида, сўнгги етти мавсумда «Олтин бутса»ни қўлга киритганлар кўрсаткичларига ҳам назар ташлаймиз. Улар атиги 3 нафар: Луис Суарес («Барселона») - 5та гол (7 ўйин). Лионель Месси («Барселона») - 4 (5). Криштиану Роналду («Реал») - 1 (4). Таъкидлаш жоизки, португалиялик футболчи примеранинг дастлабки тўртта учрашувида қайд этган энг ёмон натижасини такрорлади.

РФПЛ тўпурарлари пойгасида «Краснодар» вакили Фёдор Смолов пешқадамлик қилмоқда - 8та гол (12 очко). Бироқ истеъдодли ҳужумчи Европа Лигаси доирасидаги «Ницца»га қарши кечган баҳсда жароҳат олиб, Россия чемпионатининг сўнгги турида майдонга тушмади. Шу боис, ушбу юрт вакилларининг топ-30га кириши бироз ортга суриладиган бўлди.

 

«Олтин бутса»-2016|2017 рўйхатидаги ҳозирги ҳолат

Т/р.

Футболчи

Клуб

Мамлакат

Гол

Коэф.

Очко

Ўйин

1

К.Гюткьяр

«Русенборг»

Норвегия

18

1,5

27

24

2

В.О.Чартанссон

«Мальмё»

Швеция

14

1,5

21

20

3

В.Родионов

БАТЭ

Белоруссия

14

1,5

21

21

4

К.Ольсен

«Рунавик»

Фарер ор.

21

1

21

24

5

М.Гордейчук

БАТЭ

Белоруссия

13

1,5

19,5

22

6

Ж.Гоу

«Қайрат»

Қозоғистон

19

1

19

26

7

В.Заховайко

«Пайде»

Эстония

19

1

19

27

8

Е.Кабаев

«Калев» С

Эстония

18

1

18

24

9

Й.Бьярталид

«Клаксвик»

Фарер ор.

18

1

18

25

10

В.Проделль

«Эльфсборг»

Швеция

12

1,5

18

25

11

П.Клеттскар

«Клаксвик»

Фарер ор.

17

1

17

25

12

Р.Муртазаев

«Иртиш»

Қозоғистон

17

1

17

29

13

Ж.Овоэри

«Хеккен»

Швеция

11

1,5

16,5

21

14

С.Андерссон

«Норрчепинг»

Швеция

11

1,5

16,5

25

15

Р.Саппинен

«Флора»

Эстония

16

1

16

28

16

Р.Риски

СЖК

Финляндия

16

1

16

30

17

Д.Алар

«Штурм»

Австрия

16

1,5

15

9

18

М.Антонссон

«Кальмар»

Швеция

10

1,5

15

12

19

Н.Куки

ПК-35ғ«Интер» Т

Финляндия

15

1

15

22

20

Т.Хюсен

«Гётеборг»

Швеция

10

1,5

15

23

21

Э.Исраэльссон

«Хаммарбю»

Швеция

10

1,5

15

24

22

Д.Макмиллан

«Дандолк»

Ирландия

15

1

15

25

23

Ф.Аземи

«Буде-Глимт»

Норвегия

10

1,5

15

25

24

Б.Исломхон

«Қайрат»

Қозоғистон

15

1

15

28

25

А.Морелос

ХИК

Финляндия

15

1

15

28

26

М.Марега

«Витория» Г

Португалия

7

2

14

6

27

Г.Гуннлаугссон

«Акранес»

Исландия*

14

1

14

22

28

Г.Карлсонс

«Вентспилс»

Латвия

14

1

14

23

29

Н.Вальскис

«Тракай»

Литва

14

1

14

23

30

Ш.Магуайр

«Корк Сити»

Ирландия

14

1

14

24

31

Р.Аллику

«Флора»

Эстония

14

1

14

28

* Мавсум якунланган.

 Манба: Championat.com

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz