Португалия терма жамоаси аъзолари кўксини олтин медаллар безаган палладан бошлаб Евро-2016 тарихга айланди ва жамоатчилик эътиборини навбатдаги - юбилей қитъа биринчилиги режалари эгаллай бошлади. Ташкилотчилар бу мусобақани том маънодаги янги турнир даражасига кўтариш ниятидалар. Евро-2020 финал босқичи илк марта турли мамлакатларнинг 13та шаҳрида бўлиб ўтади. Шунингдек, мутасаддилар англиялик мухлисларнинг УЕФАга гина-кудуратларига барҳам бериш ҳамда 60 йил муқаддам ўтказилган илк қитъа биринчилигида ғолиб чиққан терма жамоага ҳурмат бажо келтиришни ҳам эътибордан четда қолдиришмаяпти.
Турнирнинг ҳал қилувчи босқичига худди шу йилдагидек 24та жамоа йўл олади. Улар одатдагидек, 6та гуруҳда 4тадан жамоага бўлиниб мусобақалашадилар. Мазкур босқич ўйинларига Европанинг 12та шаҳри мезбонлик қилади. Шаҳарларнинг 8таси - Копенгаген, Бильбао, Будапешт, Бухарест, Амстердам, Брюссель, Дублин ва Глазго гуруҳ босқичининг 3тадан беллашувлари ва биттадан нимчорак финалини қабул қилишади. Қолган 4та шаҳар - Боку, Мюнхен, Рим ҳамда Санкт-Петербург гуруҳ босқичининг 3тадан учрашувлари ва биттадан чорак финалга мезбонлик қилишади. Ярим финаллар ва финал Лондондаги «Уэмбли» стадионида ўтказилади. Шаҳарларни саралаб олиш жараёнида бир қатор омиллар, жумладан, уларнинг футбол оламидаги мавқеи, географик жойлашуви ва тарихий жиҳатлари инобатга олинган. Қайси ўйинларга мезбонлик қилишлари эса стадион сиғимига кўра белгиланди. Яъни, 3тадан гуруҳ босқичи ва нимчорак финаллар 50-65 минг мухлисга мўлжалланган ареналарда бўлиб ўтади. Фақат Копенгагендаги «Паркен» стадионининг сиғими 40000дан сал камроқ. Будапешт билан Брюсселда эса Евро-2020 учун янги арена бунёд этилади. Гуруҳ босқичининг қолган ўйинлари ва чорак финалларга мўлжалланган стадионларнинг сиғими 70000дан кам эмас. «Уэмбли» эса 90000 мухлисни ўз бағрига сиғдира олади.
Албатта, Еврога мезбонлик қилиш нима учун айнан шу шаҳарларга берилгани хусусида чексиз баҳслашиш мумкин. Афтидан, ташкилотчилар анчадан буён йирик мусобақалардан четда қолаётган Англиядаги аламзада мухлислар кўнглини овлаш мақсадида ҳал қилувчи баҳсларни уларга беришган кўринади. Қолаверса, Лондон - футбол ватани пойтахти, «Уэмбли» эса ўша заминдаги муҳташам арена.
Санкт-Петербург ва Бокунинг мезбонлар сафидан жой олишига келсак, мазкур шаҳарлар Европанинг илк чемпиони бўлган собиқ иттифоқ ҳудудида жойлашган. Бу терма жамоанинг тарихий ғалабасига 2020 йили 60 йил тўлади.
Танишинг: Миллатлар лигаси
Бироқ футбол мухлислари Евро-2020га қадар бир қатор сюрпризларга дуч келишади. Қитъа биринчилигининг саралаш босқичи старти арафасида тамоман янги турнир - миллатлар лигаси бошланади. Мазкур мусобақа УЕФАнинг собиқ президенти Мишель Платини томонидан режалаштирилган бўлиб, мухлислар ўртасида етарли қизиқиш ўйғота оладиган ўртоқлик учрашувлари ўрнини эгаллаши кўзда тутилган. Миллатлар лигаси 2018 йилнинг кузидан 2020 йилга қадар давом этади. Унда Европанинг барча терма жамоалари УЕФА рейтингига асосан «А», «В», «С» ва «D» дивизионларига ажратиладилар. Дивизионлар эса, ўз навбатида, 3 ёки 4 жамоани ўз ичига олган гуруҳларга бўлинади. Ҳар бир жамоа ўз гуруҳидаги рақибларига қарши сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида 2тадан ўйин ўтказишади. Биз учун яқин бўлган Россия терма жамоасининг мазкур турнирда «В» дивизионидан жой олиши тахмин қилинганди. Бироқ Франция майдонларидаги омадсизлик бу жамоани «С» дивизионига суриб юбориши ҳам мумкин. «В» ҳамда «С» дивизионларидаги гуруҳлар эса 3та жамоадан иборат бўлади. Хуллас, 2018 йилнинг кузида Россия 4та (2тадан ўз уйида ва меҳмонда) учрашув ўтказади.
Кўҳна қитъанинг гранд термалари эса «А» дивизионидан жой олишади. Буларнинг энг кучли тўртта вакили 2019 йилнинг июнида бўлиб ўтадиган иккита ярим финал ва финал орқали бош соврин соҳибини айниқлашади. Миллатлар лигаси мусобақасининг кузги босқичи якунларига кўра, айрим жамоалар ўз дивизионларини ўзгартирадилар. Яъни, юқорига кўтарилиш имкониятига эга бўлишади. Бундан кўриниб турибдики, мусобақа мунтазам турнир мақомини олиши мумкин.
Янги стратегия ёки бемаъни югур-югур
Миллатлар лигаси турнирининг ғолиби аниқланиши арафасида, яъни 2019 йил баҳорида қитъадаги 54та терма жамоа 10та гуруҳга ажратилган ҳолда Евро-2020 саралаш босқичини бошлашади. 5та жамоали гуруҳлар 8тадан, 6та жамоали гуруҳлар 10тадан учрашувни март, июнь, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида ўтказадилар. Шу тариқа ҳар бир гуруҳдан 2тадан энг кучли жами 20та жамоа финал босқичига йўлланма олишади.
Қолган 4та йўлланма тақдири 2020 йилнинг март ойида ойдинлашади. Унда миллатлар лигаси турнирининг етакчи 16та жамоаси куч синашадилар. Табиийки, Евро-2020нинг саралаш босқичи орқали йўлланмага эга бўлган терма жамоалар бу рўйхатга киритилмайди. 16та терма 4та квартетга ажратилиб, ҳар бир жамоа ўз гуруҳида ярим финал баҳсини ўтказади. Ғалаба қозонган 2та жамоа финал йўлланмаси тақдирини ҳал қилишади.
Регламент сайқалга муҳтож
Евро-2016 финал босқичи жараёнида 24та терманинг иштирок этиши айрим камчиликлардан холи эмаслиги аён бўлиб қолганди. Демак, навбатдаги қитъа чемпионатида бундай ҳолатларга иложи борича йўл қўймаслик керак. Мисол учун, Албания термаси «А» гуруҳидаги баҳсларни 3-ўринда якунлаган ва «плей-офф» босқичига чиққан ёки чиқмаганлиги маълум бўлишини кутиб 3 кунни игна устида ўтказишга мажбур бўлди. Бундай нохуш ҳолатга йўл қўймаслик учун қандай чора кўриш мумкин? Балки 24 иштирокчини 6та жамоани ўз ичига олган 4та гуруҳга ажратиш ва улардан энг яхши натижаларни қайд этган 4та жамоага нимчорак финалда тўп суриш ҳуқуқини бериш адолатлироқ бўлар? Ёки иштирокчилар сонини 32тага ошириб, 8та тўртликнинг энг яхши 2тадан жамоасига нимчорак финал йўлланмаларини бериш тўғрироқ бўлармикан? Аммо мазкур вариантда финал босқичи иштирокчилари Европа давлатлари умумий сонининг 50 фоизидан анча кўп бўлиб кетишади. У ҳолда табиийки, саралаш босқичининг нуфузи бутунлай пасайиб кетади.
Дарвоқе, Евро-2016да кузатилган яна бир жузъий камчилик ўз ечимини кутмоқда: 26 июнь оқшомида мусобақанинг нимчорак финалида майдонга тушган Ирландия терма жамоаси бу ўйиндан атиги 3 кун аввал гуруҳдаги сўнгги учрашувини ўтказганди. Унинг рақиби - Франция эса гуруҳ босқичидан кейин тўлиқ бир ҳафта дам олди! Муҳим баҳс арафасида томонлар бир хил шароитга эга бўлмаганликлари яққол кўриниб турибди.
Манба: Sovsport.ru
Киритилган сана: 09.02.2017
Киритилган сана: 02.02.2017
Киритилган сана: 26.01.2017
Киритилган сана: 22.12.2016
Киритилган сана: 03.12.2016
Киритилган сана: 17.11.2016
Киритилган сана: 17.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 13.10.2016
Киритилган сана: 13.10.2016
Киритилган сана: 13.10.2016
Киритилган сана: 06.10.2016
Киритилган сана: 27.09.2016
Киритилган сана: 22.09.2016
Киритилган сана: 22.09.2016
Киритилган сана: 08.09.2016
Киритилган сана: 01.09.2016