Қайднома

Қидирув

МИСОЛИ СВЕТОФОР ҳалоллик учун "яшил" берилди

18.10.2016 12:49
525

Энди футболда «сариқ» ва «қизил» ёнига «яшил» ҳам қўшилди. Айнан шу рангдаги карточка Италия «В» серияси ўйини пайтида илк бор қўлланди.

2016 йилнинг октябрига қадар «Виченца»нинг 25 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячиси Кристиан Галанонинг фаолияти оддий давом этаётганди. «Бари»даги беш мавсум, «Губбио»га ижарага берилиши ва 2015 йили «Виченца»га кўчиб ўтиш: «В» серияда 165та ўйин, 27та гол ва 22та голли узатма - шу, холос. Эҳтимол, Италиянинг ўсмирлар термаларида ўйнагани билан мақтана олар... Аммо шуниси аниқки, ушбу ойда Кристиан футбол тарихига ўз номини ёздиргани аниқ: у яшил карточка олган даст-лабки ўйинчига айланди.

Кўпчиликнинг диққатини тортган воқеа «В» сериянинг «Виртус» ва «Виченца» клублари ўртасидаги учрашуви пайтида содир бўлди. Галанонинг рақиблар дарвозаси томон йўллаган зарбасидан сўнг ўйинни бошқариб борган ҳакам Марко Майнарди мезбонлар жарима майдончаси яқинида бурчак тўпи тепилиши ҳақида қарор чиқарди. Реферининг фикрича, тўп ҳимояланаётган жамоа аъзоларидан бирининг оёғига теккан эди. Бироқ меҳмонлар вакили ҳақиқатни ошкор этди: у ноаниқ зарба йўллаган, тўп ҳеч кимга тегмаган экан. Айнан шу ҳолат туфайли Майнарди ўйинчини «яшил» билан тақдирлади.

Умуман олганда, ўша паллада «Виченца» 1:2 ҳисобида ютқазаётган, демак мазкур стандарт вазиятдан унумли фойдаланиш мумкин эди. Бироқ Кристиан виждон амрига бўйсунди. Учрашув якунига қадар «Виртус» яна иккита гол урди.

- Эзгу амаллар тарафдориман, ўйлашимча, қандайдир ғайритабиий ҳаракат қилмадим. Қалбимга қулоқ тутдим, бу оддий ҳол. Ҳалоллик ва камтарликни биринчи ўринга қўяман - майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Ижобий натижани ўзгалар хатоси туфайли эмас, балки ўз меҳнатимиз эвазига қўлга киритишимиз мақсадга мувофиқ, - деди Галано вазиятга изоҳ бераркан.

Яшил карточкани футбол майдонидаги ҳалол ва принципиал ҳаракатлар учун ўзига хос рағбат сифатида қабул қилиш мумкин. Жорий мавсумдан бошлаб «В» серияда қўлланилаётган «яшил»ни аввалроқ Италиядаги ўсмирлар мусобақаларида синовдан ўтказилганди. Афтидан, кўпчиликка ёқиб қолгандек. Аслида, Майнарди чўнтагидан яшил карточка чиқармади. Чунки у рамзий маъно касб этиб, футболчининг ушбу рағбатга эга бўлгани учрашув якунлангач, қайдномага киритилади, холос.

- Айримлар яшил карточкани ҳақиқатан кўрсатилади, деб ўйлашади. У шунчаки, рамзий аҳамиятга эга, акс ҳолда, футбол қоидаларига ўзгартириш киритишга тўғри келади. Бу бизнинг этика қўмитамиз ташаббуси. Ушбу карточка оддий эмас, балки ўзига хос ҳаракатлар учун тақдим этилади. Мисол учун, кимдир жароҳат олса-ю, ҳужум қилаётган футболчи майдондан тўпни атайлаб чиқариб юборса, «яшил»га лойиқ кўрилади. Мазкур янгилик орқали ўйин пайтида ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, ҳақиқатни қарор топтиришни мақсад қилганмиз, - деди «В» серия президенти Андреа Абоди.

Италия футболи сўнгги йилларда турли можаролардан азият чекканини инобатга олсак, «грин-кард»нинг қўлланиши обрўни қайтаришда ас-қотиши мумкин. Маҳаллий федерация мутасаддилари бу каби юриш орқали чемпионат қиёфасини ўзгартириш, турнир иштирокчилари ва ишқибозларга ибрат кўрсатишни мақсад қилишган. Режага кўра, мавсум якунида «фэйр-плей» қоидаларига амал қилган энг яхшилар рўйхати тузиб чиқилади ва ғолиб махсус совринга эга бўлади.

Умуман олганда, яшил карточка анъанавий «сариқ» ва «қизил» сафини тўлдириш бўйича ягона номзод эмас. Хусусан, УЕФАнинг собиқ президенти Мишель Платини оқ карточка ишлатиш таклифи билан чиққанди. Уни қўллаш орқали футболчини 10 дақиқага майдондан четлатиш кўзда тутилган, айбдор худди хоккейда бўлгани сингари жарима ўриндиғидан жой оларди. Италиянинг бошқа бир вакили, афсонавий ҳакам Пьерлуижи Коллина эса лоларанг карточкага асос солишни тавсия қилганди. Унинг ҳам моҳияти бир - қоидабузарни маълум муддатга майдондан четлатиш. Тўғри, кейинчалик халқаро қўмита бу рангни маъқулламагач, Коллина шунчаки, Платинининг таклифини баён этганини билдирганди:

- Ҳеч қачон футболда лоларанг карточка қўллашни ёқламаганман, - деди машҳур ҳакам. - Бинобарин, у миллионлар ўйинидаги айрим муаммоларни ҳал этишда асқотиши мумкин: жумладан, «сариқ» етарли бўлмай, «қизил» ҳаддан зиёд жиддий жазодек кўринган паллаларда.

Яна бир оригинал фикр португалиялик амалдор Руй Мансиодан чиққан - майдонда айтилган ножўя гап-сўз учун мовий рангдаги карточка кўрсатиш. Албатта, аксарият чемпионатлар учун бу ортиқчалик қилмасди. Ғоя муаллифининг фикрича, иккита «мовий» автоматик тарзда «сариқ»қа айланиши керак эди. Мансионинг таклифи минтақавий даражада тажрибадан ўтказилди, аммо унинг профессионал лигаларга кўчиши амалга ошмайдигандек.

Ҳалол ўйин учун курашга тўхталадиган бўлсак, табиийки, яшил карточка УЕФА ва федерацияларнинг майдондаги ўзаро ҳурматни таъминлаш мақсадида киритган илк янгилиги эмас. Айни масалада энг машҳур кашфиёт сифатида Европа клубларига мўлжалланган, 1993|1994 йиллар мавсумидан эътиборан қўллай бошланган «фэйр-плей» рейтингини кўрсатиш мумкин. Бу ерда огоҳлантиришлар сони ва четлатишлардан тортиб, ўйин томошабоплигигача бўлган турли омиллар инобатга олинган. Ҳисоб-китоблар натижасига кўра, юқори рейтингга эга учта ассоциацияга Европа Лигаси (собиқ УЕФА Кубоги)нинг дастлабки квалификацион раундида биттадан қўшимча ўрин берилган. Бироқ 2015|2016 йиллар мавсумидан янги регламент кучга кирди. Эндиликда «фэйр-плей» рейтинги ғолиблари еврокубокларга йўлланма олмай, фақат пул мукофоти билан кифояланишади.

«ФЭЙР-ПЛЕЙ»ГА ТААЛЛУҚЛИ ВОҚЕАЛАР

*** 1960 йили Бразилияда, «Флуминенсе»га қарши баҳсда ҳимоячи Пиньейро мушакларидаги оғриқ туфайли майдонга йиқилади. Айни шу паллада Гаринча гол уриш учун ўта қулай вазиятга чиқиб бораётганди. Бироқ рақибининг ерда ётганини кўриб, тўпни майдондан ташқарига чиқариб юборди. «Флу» ҳимоячиси Алтаир мазкур ҳолатда худди шундай ҳаракат билан жавоб қайтариш лозимлигини тушунди: «аут» амалга оширилгач, тўп майдон четига чиқариб юборилди.

*** Яна бир қизиқ воқеа «Ливерпуль» форварди Робби Фаулер иштирокида рўй берган. «Арсенал»га қарши баҳсда учрашув ҳаками Жеральд Эшби «тўпчилар» посбони Дэвид Симэнни қоида бузганликда айблаб, унинг дарвозаси томон пенальти белгилади. Бироқ Робби кипер унга тегмаганини айтиб, реферини қароридан қайтаришга уринди. Бироқ ҳакам ўз фикрида қатъий қолди. Айтишларича, ўшанда Фаулер нуқтага яқинлашишдан олдин Симэнни қайси тарафни мўлжалга олиши ҳақида огоҳлантирган. Ўйин «Ливерпул»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан хотима топган, ФИФА эса 1996|1997 йиллар мавсуми якунига кўра, Фаулерга «фэйр-плей» совринини топширганди.

*** Агар ушбу воқеа рўй бермаганида Италия чемпионатидаги «Милан»-«Палермо» ўйини эътиборга молик жиҳатлари билан ажралиб турмайдиган оддий учрашув сифатида баҳоланарди. Гап шундаки, вазиятларнинг бирида ҳакамнинг қоидабузарликка йўл қў-йилганини кўрсатиши Массимо Амброзинининг ҳайратига сабаб бўлди. Шунда рефери унинг ёнига келиб, «Қўполлик ишлатилмадими?» деб сўради. «Россонери» аъзоси тасдиқ маъносида бош чайқагач, тўп «Палермо» ўйинчиларига қайтарилган.

*** Бошқа бир италиялик футболчи Де Росси рақиб дарвозасини қўллари ёрдамида ишғол қилганини тан олган.

*** «Аякс» клуби 2005|2006 йиллар мавсумида ўтказилган Голландия кубоги мусобақасида «Камбююр» билан беллашганди. Вазиятларнинг бирида амстердамликлар вакили жароҳат олгач, рақиб жамоа футболчилари тўпни атайин майдондан таш­қарига чиқариб юборишган. Аммо пойтахт клуби ўйинчиси тўпни рақибга қайтариш чоғида тасодифий гол муаллифига айланган. Ҳолатни тўғри англаган «Аякс» футболчилари «Камбююр» вакилларига тўп киритиш имкониятини яратиб беришди.

*** 1998|1999 йиллар мавсумида Арсен Венгер ҳам худди шундай мукофотга эга чиққан: «Шеффилд Юнайтед»га қарши кечган баҳсдаги ғалаба унинг ташаббуси билан бекор қилинганди. Маълум бўлишича, шеффилдликлар посбони ўйинчилардан бири жароҳатланганини кўргач, тўпни майдон четига чиқариб юборган. Учрашув давом эттирилгач, «канонирлар» вакили Рэй Парлор тўпни рақиблар дарвозабонига қайтарган, бироқ кутилмаганда вазиятга «Арсенал»нинг икки аъзоси аралашишган. Нигериялик Нванкво Кану тўпни эгаллаб, уни Марк Овермарсга оширгач, голландиялик футболчи тўпни тўрга аниқ йўллаган. Ҳакам ушбу голни инобатга олишга мажбур бўлган: якуний ҳисоб - 2:1, «тўпчилар» фойдасига. Кейинроқ Арсен Венгер мазкур баҳснинг қайтадан ўтказилишини сўрагач, ФИФА унинг талабини қондирган.

Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz