Қайднома

Қидирув

ТОШКЕНТЛИК «ЯРМОЛЕНКО»

18.10.2016 12:52
1946

Яқинда Россиянинг нуфузли сайтларидан бири - Championat.com худди шу сарлавҳа остида «Бунёдкор» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида мақола тайёрлади. Унда иқтидорли футболчимиз фаолиятига назар ташланган. Шунингдек, Элдорнинг тез орада Европа клубларига йўл олиши мумкинлиги таъкидланган. Қуйида хорижлик ҳамкасбларимиз фикрларига батафсил тўхталамиз.

Бугун Осиёнинг келажаги порлоқ ўйинчиларидан бири, йирик клублар эътиборига тушган ўзбекистонлик ёрқин истеъдод - Элдор Шомуродов тўғрисида сўз юритамиз. ФИФА рейтингининг янгиланган кўринишида Россия термаси 50-ўриндан пастга «шўнғиб», Сенегал, Конго ДР ҳамда Ўзбекистон каби жамоаларни олдинга ўтказиб юборади. Жанубдаги қўшниларимизнинг юқорига кўтарилишлари бежиз эмас - Ўзбекистон термаси ЖЧ-2018 саралаши учинчи раундида ўз гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турибди ва мундиал чиптасини қўлга киритиш учун яхшигина имкониятга эга. Ким билади, эҳтимол, яна бир ярим йилдан сўнг Россиядаги янги стадионларда ёш ва жўшқин Ўзбекистон миллий жамоасини ҳам кўрармиз. Балки айнан ўзбекистонликлар бизга кўплаб «сюрприз»ларни тақдим этишар. Асосийси - шундай фикр юритишимиз учун асослар етарли.

Бундан 3 йил аввал Россия термаси U-17 тоифасидаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритиб, кейинги турнирда кумуш медалга эга чиқди. Бироқ ўша таркибдаги футболчиларнинг қайси бири катталар даражасида ўйин амалиётига эга бўлди? Зуев «Спартак» захирасига муқим жойлашган, Жемалетдинов ҳам Қозонда худди шундай аҳволда, Митрюшкин Швейцарияга кетишдан бошқа чора тополмади, Шейдаев эса Озарбайжон термасида ўйнашни маъқул кўрди. Россиядан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда ўсмирлар футболидан катталар сафига қўшилиш муаммоси аста-секин барҳам топмоқда. Ушбу мамлакат ёшлар термаси Янги Зеландияда ўтказилган кичик мундиалда кучли саккизликка кирди. Аслида ўзбекистонликларнинг таъкидлашларича, уларнинг ёшлари ярим финалга ҳам чиқишга қодир эдилар. Муҳими, ёшлар ўртасидаги халқаро турнирларда тобланган йигитлар эндиликда бош жамоа корига ярашмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон миллий термасида эндигина 20 ёшни қаршилашга улгурган иқтидорли футболчилар гуруҳи йиғилган. Улар Одил Аҳмедов, Виталий Денисов сингари тажрибали шериклар, шунингдек, бош мураббий Самвел Бабаян бошчилигида ўсишда давом этмоқдалар, майдондаги фойдали ҳаракатлари билан мухлису мутахассислар диққатини тортишмоқда. Европага йўл олишга асосий даъвогарлардан бири бўлиб турган футболчи, тошкентлик камтар йигит - Элдор Шомуродов. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё футболининг энг ёрқин юлдузига айланиш имкониятига эга. Элдорнинг фаолияти «Машъал» (Муборак) клубида бошланган. Ёшлар жамоасида 3 йил тўп сургач, 19 ёшида олий лигада дебютини нишонлади. Мавсум якунида техник жиҳатдан мукаммал, юқори жисмоний тайёргарликка эга футболчи Ўзбекистоннинг йирик клублари эътиборини ўзига тортди. Тез орада Шомуродов ЎзПФЛ етакчиларидан бири - «Бунёдкор» сафига қўшилиб, яна 2  мавсумдан сўнг жамоа етакчисига айланди. 2016 йилги чемпионатда унинг ҳисобидаги голлар сони 9тага етди (тўлиқ бўлмаган икки мавсумда рақиблар дарвозасини 19 марта ишғол қилди). Терма жамоада эса ҳозирча битта гол муаллифига айланди. Бир қарашда, маҳсулдорлик юқори эмас, лекин шунга қарамай, Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоасида аҳамиятли роллардан бирини бажаради.

- Элдор жуда ёқимтой ва камсуқум йигит, - дейди Ўзбекистон термаси сардори, «Краснодар» ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов шериги ҳақида. - Шомуродов иқтидорли ёшлар орасида алоҳида ажралиб туради. Яратган унга ижобий хислатларни инъом этгани кўриниб турибди - кўп гол уради, дейлик, Ўзбекистон чемпионати тўпурарлари пойгасида қатнашмоқда. Термадаги роли ҳам ҳар бир ўйинда ошиб бормоқда. Ишончим комилки, тез орада биздан юлдузча, таъбир жоиз бўлса, жаҳон даражасидаги юлдуз етишиб чиқади.

Элдорнинг ўйин услуби Киев «Динамо»си ҳужумчиси Андрей Ярмоленконикига ўхшаш. Тезкор, техникаси юқори, эътибори ҳамиша рақиб дарвозасини ишғол қилишга қаратилади. У ташаббусни ўз қўлига олишдан чўчимайди, ҳужумни ностандарт тарзда давом эттириш чораларини излайди.

- Ўйлашимча, у тез орада жамоа етакчисига айланади, - дейди Ўзбекистон термаси бош мураббийи Самвел Бабаян. - Элдор жуда катта лаёқатга эга. Жисмоний ҳолати юқори, бақувват, дриблинг ишлатишдан қўрқмайди. Рақибни алдаб ўтиши кўзни қувонтиради. Бундай услубни қўллайдиган футболчилар бисёр, аммо Шомуродов ушбу хусусиятни керакли вақтда ишлатишни билади. Сўнгра хотиржам тарзда шеригини самарали «пас» билан таъминлайди ёки ўзи дарвоза томон зарба йўллайди. Менимча, Элдор келгусида топ-футболчилар қаторидан ўрин эгаллайди.

«Бунёдкор» форварди истеъдодли тенгқурларидан фарқли ўлароқ, кучини тўғри чамалайди, ўз олдига аниқ мақсадлар қўя билади. Яқин Шарқдан тушаётган таклифлар сони кўплигига қарамай, Элдор «кўҳна қитъа»га йўл олишни мақсад қилган.

- Унинг нияти - Европа клубига ўтиб, ўша ерда ўсишга эришиш, - дейди Бабаян фикрини давом эттирар экан. - Пул ҳам керак, албатта, лекин Элдор биринчи навбатда, ўйинини янада шакллантириш тарафдори.

Яқинда Шомуродов Россиянинг йирик агентликларидан бири - ProSport Manеgement мижозларидан бирига айланди.

- Ҳамкорлик йўлга қўйилганидан мамнунмиз, - деди ушбу муассаса вице-президенти Қаҳҳор Мўминов. - Элдорга скаутлар ва ОАВ томонидан қизиқиш бўлаётгани табиий. Аммо йигитчанинг биринчи галдаги вазифаси - жорий мавсумни юқори нотада якунлаш. Кейинчалик қандай ишларни амалга оширамиз? Ўйлаяпмиз, таҳлил қиламиз. Аввало, Шомуродов учун Европанинг кучли чемпионатида қатнашадиган ўртамиёна жамоа топиш мақсадга мувофиқ. «Кўҳна қитъа»га кўникиб, чиниқиб, жиддий рақобатга туриб берганидан кейин топ-клубга ўтишга киришса бўлаверади. Хитой? Эҳтимол, яна 8 йиллардан сўнг Чин юртига йўл олар, бироқ ҳозир эмас.

Бизда футболчиларни барвақт мақташга одатланишган, оқибатда аксарият йигитлар ўз иқтидорларини тўла намоён эта олишмайди. Бироқ барчага  маълумки, Шарқ - нозик масала, у ерда ноёб топилмалар юксак қадрланади. Маҳаллий футболчилар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Улар нимани хоҳлаётганликларини билишади, ҳар бир имкониятдан максимал даражада фойдаланишга интилишади. Шундай экан, яқин орада Россия премьер-лигасидаги ўзбекистонлик легионерлар сони яна бир нафарга ошса, асло ажабланмаймиз.

P.S.: Буни қарангки, россиялик ҳамкасбларимиз иқтидорли футболчимизни ўз чемпионатларида кўришга қарши эмаслар. Аммо халқимиз ўз олдига энг юқори мақсадларни қўйишга ўрганган. Бизга қолса, Элдор рус лигасидаги навбатдаги ўзбекистонлик легионер эмас, балки Европанинг кучли бешлик сирасига кирувчи чемпионатларидан бирида тўп сурадиган илк ўзбек ўғлонига айлансин. Термамиз сардори ва бош мураббийи ҳам бу фикрни тўлиқ қўллаб-қувватлашларига шубҳа йўқ. Дарвоқе, олий лиганинг сўнгги турида «Бунёдкор» турнир жадвалида ўзини изма-из таъқиб этиб келаётган «Насаф»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. «Қалдирғочлар»нинг ягона голига ким муаллифлик қилди? Албатта, Шомуродов-да. Дарвозанинг ўта чиройли тарзда ишғол қилингани эса, алоҳида мавзу. Афтидан, истеъдодли ҳужумчи ProSport Manеgement вице-президенти Қаҳҳор Мўминов таъкидлаганидек, мавсумни юқори нотада якунлашга астойдил киришган кўринади. Бу йўлда футболчимизга омад тилаймиз.

Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz