Қайднома

Қидирув

ВАН БАСТЕННИНГ ИСПАНИЯЛИК ВОРИСИ

03.11.2016 12:14
1537

Унинг ноёб иқтидори Валерий Карпинни ҳайратга солган. Висенте Дель Боске эса уни испан футболи тарихидаги энг ноёб иқтидор соҳиби, деб атаганди. «У шунчаки голларни эмас, балки чинакам шедевр голларни уради. У Испаниянинг Марко ван Бастени!» дейишади маҳаллий мухлислар «Реал»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Марко Асенсио ҳақида. Лекин нима учун ҳеч қачон испан клубларида тўп сурмаган, фақат бир марта - 1989 йили «Милан» таркибида «Реал»ни ЕЧК ярим финалида мағлуб этган Маркони ван Бастенга қиёслашади?

Чунки Марконинг онаси голландиялик, Роттердамда туғилган. Фарзандига эса Голландиядаги энг машҳур футболчининг номини берган. Шу сабабли ўтган йили сентябрда терма жамоанинг Евро-2016 турниридан четда қолганидан ранжиган Голландия футбол федерацияси ёш Маркога таклиф жўнатганди. Шахсан Рууд ван Нистелрой Асенсио билан боғланиб, Голландия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлаб кўришини сўраганди. Нистелрой Испанияда «гол-одам» унвонига сазовор бўлган, «Реал»нинг номдор ҳужумчиси сифатида юксак нуфузга эга шахс эди.  Асенсиолар оиласи эса азалдан «қироллик клуби»га мухлислик қиларди.

Бироқ Марко она юрти вакилларининг таклифини рад этиб, Сегундада тўп суриб юрган давридаёқ қатъий қарорини эълон қилди: «Менинг жамоаларим - «Реал» ва Испания термаси»!

Шу сабабли 2016 йил майда «Барселона», «Реал» ҳамда «Атлетико» клублари ЕЧЛ ва қирол кубоги мусобақаларининг финалига ҳозирлик кўраётганларида Висенте Дель Боске Маркони терма жамоанинг Евро арафасидаги йиғинига таклиф этди.

Испанияда миллий жамоани «Ла-Роха», ёшлар терма жамоасини эса «Ла-Рохита» деб аташади. Асенсио шу жамоада 2012 йилдан буён тўп суриб, 2015 йили 19 ёшгача бўлган ёшлар термаси билан Европа чемпионлигини қўлга киритганди. Футболдаги қисмати ўхшаш бўлган Борха Майораль ва Хесус Вальехо билан ёнма-ён тўп сурди. Бу футболчилар ҳам «Реал» аъзолари, фақат ҳозирда бундеслиганинг «Вольфсбург» ва «Айнтрахт» клубларида ижара муддатини ўташмоқда. Марко ҳам Мадриддан муносиб ўрин олиш учун машаққатли ижара синовларидан ўтишга мажбур бўлди. Марко Балеар оролларининг бош жамоаси - «Мальорка»га 11 ёшида келиб, 6 йилдан сўнг асосий таркибдан жой олганди. Кейинги 2,5 йил ичида футболчи «Мальорка» либосида 56 марта майдонга тушиб, 7та гол уришга муваффақ бўлди. Трансфер баҳоси 3,5 млн. еврога кўтарилди. Мана шу ютуқларда россиялик мураббий Валерий Карпиннинг улуши ҳам йўқ эмас. Мадриддагилар эса қачондир Асенсионинг пойтахтга келишига шубҳа қилишмасди. 2014 йил декабрда Марко «Реал» билан шартнома тузишга эришди. «Барселона» ҳам Асенсиони мўлжаллаб юргани боис, икки гранд ўртасида ноёб иқтидор соҳиби учун ўзига хос «Эл-классико» бўлиб ўтди. Каталония клуби спорт директори Антони Субисаррета «Мальорка»даги касбдоши ва собиқ жамоадоши Мигель Анхель Надалнинг кўмагига умид боғлаганди. Бироқ Марко ўз қарорини ўзгартирмади. «Реал» эса азалий рақибининг ичини куйдириш мақсадида ёш футболчини «Эспань­ол»га ижарага юборди. Марко айнан Барселона заминида улғайиб, кучга тўлди. Мавсум давомида 10та самарали узатмани амалга ошириб, ўтган мавсум энг яхши ассистентлар орасидан ўрин олди. Маркодан юқорироқ ўринларни Месси, Суарес, Коке, Неймар ва Роналду банд этишди. Марконинг Криштиану билан жамоадош бўлишига оила аъзолари шубҳа қилишмасди. Чунки у болалигидан фақат «Сантьяго Бернабеу»да тўп суришни орзу қилганди. Ҳатто клуб ҳужжатларида ҳам унинг «Реал» либосидаги фотосурати турибди. Айнан шу сабабли ҳам ёш мадридчи икки марта Хосеп Гвардиоланинг «Бавария»дан йўллаган таклифини рад этди.

Шу йилнинг августида Асенсио «Реал»даги илк голини урди: Тронхеймдаги мўъжазгина стадионда Европа суперкубоги учун «Севилья»га қарши баҳсда Серхио Рико дарвозасини ишғол этди. Шимолий Америкадаги машғулотлар ва кўргазмали ўйинлардан кейин Зайниддин Зидан Асенсионинг асосий жамоадан ҳеч қаерга кетмаслигини алоҳида таъкидлади. Ваҳоланки, айни пайт «қироллик клуби»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячилари чизиғида ўта кучли рақобат юзага келган. Булар - Тони Кроос, Лука Модрич, Иско, Хамес, шунингдек, Лукас Васкес ва Маркос Льорентедек ёш иқтидор соҳиблари. Бироқ бу ҳолат ҳам Маркони танлаган йўлидан қайтара олмади.

Асенсио Ла Лиганинг 8та учрашувидан 7тасида иштирок этди, 4 марта бошланғич таркибда майдонга тушиб, 2та гол муаллифига айланди. Учта дурангдан кейин ҳам «Реал»нинг етакчиликни ўзида сақлаб қолишига муносиб ҳисса қўшди. қўшимчасига, «Легия» дарвозасини забт этиш орқали ЕЧЛдаги голлари ҳисобини ҳам очди. Бундан бир неча йил муқаддам Мальоркада жажжи Маркони етаклаб олган отаси Флорентино Пересга дуч келган ва унга шундай деганди: «Сеньор Перес, бу менинг ўғлим Марко. қачондир у сизнинг клубингиз аъзосига айланади». Энди эса президент уни олқишламоқда: «Марко ўзининг улкан иқтидори билан клубимиз аъзосига айланди!».

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz