Қайднома

Қидирув

АПЛ vs Ла Лига: қайси чемпионат кучлироқ?

03.11.2016 12:30
2778

Навбатдаги қайноқ мавзуга мурожаат этамиз: сайёрамизнинг бугунги кундаги энг кучли миллий биринчиликлари - Англия премьер-лигаси ва Испания примерасини ўзаро солиштирамиз. Хўш, бу қарама-қаршиликда ким ғолиб чиқади: испаниялик чемпионларми ёки инглиз бойлари?

1. XXI асрдаги евроютуқлар. (2000/2001 йиллар мавсумидан бошлаб)

Чемпионлар Лигасида: Ла Лига vs АПЛ = 7:3

УЕФА кубоги/Европа Лигасида: Ла Лига vs АПЛ = 8:2

УЕФА тасарруфидаги турнирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу дуэлда испанларнинг устунлиги яққол сезилади - 15:5. Янги асрда Ла Лига вакиллари евромукофотларга эришишда АПЛ клубларини сезиларли тарзда ортда қолдиришган. Бешта кубокни «Челси», «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» ўзаро бўлишиб олишган, примерада эса ғолиблар сони бештани ташкил қилади - «Барселона», «Реал», «Атлетико», «Севилья» ҳамда «Валенсия». Ўз навбатида, сўнгги олти мавсумдаги Европа совринлари айнан испанларга насиб этганини эслатиб ўтмоқчимиз.

 2. УЕФА коэффициентлар рейтинги. (Чемпионатлар) Ла Лига vs АПЛ = 87.141 (1-ўрин) - 63.819 (3-ўрин)

АПЛдаги клубларнинг ўртача даражаси юқори экани Англия чемпионати фойдасига ишлайдиган далил. Евротурнирларда туманли ўлка ва Испаниядан 7тадан жамоа иштирок этишини инобатга олсак, футбол асос солинган мамлакат вакилларида катта тафовутни бартараф этиш имконияти мавжуд. Шунга қарамай, умумий даражадаги устунлик коэффициентлар жадвалида испанларни ортда қолдириш учун етарли бўлмаяпти. Ҳаттоки, АПЛ иккинчи поғонани бундеслигага бой бермоқда. Агар 20та клуб имкониятлари чамаланса, дарҳақиқат, Англия чемпионати ғалабаларга яқинроқдек кўринади, бироқ бу шунчаки фараз, холос.

(Клублар) Ла Лига vs АПЛ (юқори ўнликдаги жамоалар сони) = 4:1

Европанинг энг кучли клублари квартетида Испаниянинг учта вакили жой олган: 1. «Реал»; 2. «Бавария; 3. «Барселона»; 4. «Атлетико». Европа Лигасида қаторасига уч марта зафар қучган «Севилья» эса 10-поғонани эгаллаб турибди. АПЛ клублари орасида эса энг юқори кўрсаткич «Челси»га тегишли - 8-ўрин. Бироқ лондонликлар жорий мавсум еврокубоклардан четда қолишгани сабабли уларнинг рейтингда қуйига «шўнғишлари» эҳтимоли юқори.

 3. Еврокубоклардаги ўзаро баҳслар. Ла Лига vs АПЛ (1992 йилдан - АПЛга солинган санадан бошлаб) = 72:50. 49та дуранг. Тўплар нисбати: 229-197

Табиийки, АПЛ ва примера клублари УЕФА тасарруфидаги турнирларда тез-тез тўқнаш келишади: сўнг­ги 24 йил ичида ўзаро 171та ўйин ўтказишган. Бу ерда ҳам испан клубларининг устунлигини кўришимиз мумкин. Мисол учун, ўтган мавсумда «Барселона» ЕЧЛ 1|8 финалида «Арсенал»ни ҳар икки учрашувда мағлубиятга учратди. «Реал» эса шу турнирнинг ярим финалида «Манчестер Сити»дан устун келди. «Ливерпуль» Европа Лигаси ярим финалида «Вильярреал»ни енгганига қарамай, ҳал қилувчи баҳсда «Севилья»га имкониятни бой берди.

 4. Лигалардаги футболчилар нархи. Ла Лига vs АПЛ = 3.48 миллиард евро - 4.84 миллиард евро

Англия премьер-лигасига дастлабки баллни келтирган омил. Таркиблар нархи бўйича туманли ўлка вакиллари испания элитаси клубларини деярли бир миллиард еврога ортда қолдиришмоқда. Тўғри, ўйинчилар трансфер нархи ва унинг даражаси борасида чемпионатлардаги пропорционаллик фарқ­ланиши мумкин, бироқ бундай сезиларли тафовут Англияда тўп сураётган футболчиларнинг ўртача даража ва машҳурлик бобида испанлардан юқорироқ туришларини кўрсатаётгандек.

 5. Сайёрамизнинг энг кучли футболчилари. Ла Лига vs АПЛ (нарх борасида юқори ўнликдан ўрин эгаллаган футболчилар сони) = 7:1

Жорий мавсум «Манчестер Юнайтед» сафини тўлдирган Поль Погба саёрамизнинг энг яхши футболчилари ўнлигида АПЛдан ягона вакил бўлса, Ла Лигада бундай юлдузлар 7 нафарни ташкил қилади: Месси, Роналду, Бэйл, Гризманн, Суарес, Неймар ва Хамес Родригес. Юқорида номи келтирилганлардан ташқари, кучли ўнликдан «Бавария»нинг икки аъзоси - Томас Мюллер ва Роберт Левандовски ҳам ўрин эгаллашган.

Ла Лига vs АПЛ (XXI асрда «Олтин тўп»ни қўлга киритганлар) = 11:2

Янги асрда Англия премьер-лигасида тўп суриб, «Олтин тўп»га эга чиққанлар икки нафарни ташкил этади: Майкл Оуэн («Ливерпуль», 2001) ҳамда Криштиану Роналду («МЮ», 2008). Шу давр мобайнида «Реал» ва «Барселона» футболчилари бош индивидуал совринни 11 марта қўлга киритишган: каталонияликларда 6та (Мессида 5та, Рональдинода 1та), мадридликларда эса 5та (Роналдуда 3та, Каннаваро ва Роналдода 1тадан). 2016 йилги «Олтин тўп» ҳам айнан примера вакилларига насиб этишига шубҳа йўқ. Ҳозирча Криштиану Роналду АПЛдан ушбу соврин даъвогарлари кучли учлигига кирган (2009 йил) сўнгги футболчи бўлиб турибди. Охирги олти йил мобайнида сайёрамизнинг энг яхши уч нафар ўйинчиси рўйхатида икки марта Испания примерасида тўп сурмайдиганлар номи қайд этилган - булар «Бавария» аъзолари Франк Рибери ҳамда Мануэль Нойер.

 6. Тижорат ва томошабинлар қизиқиши - АПЛ рақобатдан холи

Ушбу икки омил ўзаро боғлиқлик касб этади, уларни алоҳида тасаввур қилиш қийин. Томошабинлар қизиқиши бўлмаганда, 6,8 миллиард еврога тенг рекорд даражадаги телевизион шартнома тузиш имконияти туғилармиди?  Эътибор беринг-а, телевидениедан тушган айнан шу пуллар туфайли АПЛнинг 20та вакили автоматик тарзда сайёрамизнинг энг бой 30та клуби рўйхатидан ўрин эгаллашди! Қайси чемпионат бадавлатроқ? Жавоб аниқ - АПЛ. Ла Лига билан солиштирилганда, туманли ўлка биринчилиги нисбатан қимматроқ, оммабоп ва машҳур брендга айланган. Томошабин телевизор пульти, каналлардаги рекламалар орқали овоз беради. Англия чемпионати трансляциялари катта пул эвазига сотиб олинади, бундан тушган маблағ ҳисобига эса АПЛ билан тузилган шартномалар қопланади. Туманли ўлкада тижорий даромадлар чемпионат қатнашчилари ўртасида тенг тақсимланади. Примерада эса, улушнинг катта қисми «Реал» ва «Барселона»га теккани ҳолда, бошқа жамоалар мазкур масалада улардан анча ортда боришмоқда. Умуман, «Атлетико» ва «Севилья» шундай грандлар билан битта чемпионатда ўзаро баҳс юритиб, катта кучга айланиш мумкинлигини амалда исботлашди.

 7. Мухлислар фикри: Ла Лига vs АПЛ - ?

Бугунги кунда Ла Лиганинг АПЛдан устунроқ эканини тан олишдан ўзга илож қолмаяпти. Инглизлар ҳозирча фақат бойликларини кўз-кўз қилишлари мумкин, бинобарин, шундай катта маблағлар билан ҳам йирик мусобақаларда нафақат испанлар, балки қисман немисларга ҳам имкониятни бой беришмоқда. Хуллас, ушбу масалага янада чуқурроқ киришиш мумкин, зеро АПЛ ўзига тўқ, англияликлар ўз ички чемпионатларини ЕЧЛдан кўра аҳамиятлироқ, даромадлироқ, машҳурроқ деб билишади. Гўёки, Ла Лига клублари катта ютуқларга эришаётган турнирларга оролликлар у қадар катта эҳтиёж сезишмаётгандек. Ҳар қандай солиштирувлар жараёнида юқорида қайд этилганидек фактлар, муайян тенденцияга аниқлик киритувчи ёпиқ ва очиқ сабаблар, шунингдек, омма фикри инобатга олинади. Кўпинча биргина «Менга ёқади» дейишнинг ўзи кифоя қилади. Шундай экан, бугунги мавзу юзасидан мухлисларга ҳам мурожаат этсак: сизнингча, қайси чемпионат кучлироқ - Ла Лигами ёки АПЛ?

Ў.УМАРОВ тайёрлади, Soccer.ru

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz