Қайднома

Қидирув

ҚИТЪА ҚАҲРАМОНИ... Сардор Рашидов ва Осиёнинг энг яхши 6 нафар футболчиси ҳақида

17.11.2016 10:47
5918

Россиялик ҳамкасбларимиз «сариқ қитъа»нинг энг яхши футболчиларини тақдирлаш маросими ўтказилишини кутиб ўтирмай, ўзининг ижобий жиҳатлари билан Осиёда бошқалардан ажралиб турган 7 нафар ўйинчини танлаб олишди. қувонарлиси, ушбу рўйхатда ҳамюртимиз Сардор Рашидовга ҳам жой ажратилди.

7. Трент Сейнсбери

Ёши: 24

Амплуаси: ҳимоячи

Мамлакати: Австралия

Клуби: «Жиангсу Сунин»

Австралия термаси ҳимоячиси - энг яхши ўйинчилардан бири ва албатта, клуби ва кенгурулар юрти миллий жамоасида мудофаа чизиғининг бош дирижёри ҳисобланади. «Зволле» (Голландия)нинг собиқ футболчиси жорий мавсум ўз потенциалини тўлиқ намоён этди. Ҳимоядаги ақлли ўйин, майдонни кўра билиш қобилияти билан бошқаларда ажралиб туради.

6. Ким Ки Хи

Ёши: 27

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Мамлакати: Жанубий Корея

Клуби: «Шанхай Шэньхуа»

Кореялик ярим ҳимоячи фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказмоқда. «К» лиганинг аввалги чемпионатида энг яхши маҳаллий футболчи номини қўлга киритган Ким Ки Хи Хитойда ҳам универсаллигини намойиш этмоқда - ҳам ярим ҳимоя, ҳам ҳимоя чизиғида бирдек фаол. У жуда интизомли ва ақлли ўйинчи, майдонда тиним билмаслиги эвазига «Шанхай Шеньхуа»нинг чемпионат етакчилари қаторида боришига ҳисса қўшмоқда.

5. Ким Бо Гён

Ёши: 27

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Мамлакати: Жанубий Корея  

Клуби: «Чонбук Моторс»

ОФК Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумидаги энг яхши футболчилардан бири. Шартномаси «Уиган Атлетик»ка тегишли бўлган кореялик футболчи «Чонбук Моторс» етакчилари сафига қўшилди, Жанубий Кореянинг камтарона жамоаси ОЧЛ финалига қадар етиб боришида Ким Бо Гённинг улуши ҳам бор. У мавсумни кўнгилдагидек ўтказди, майдонда борини беради, интизоми ва барқарор ўйини билан шерикларидан ажралиб туради.

4. Сардор Рашидов

Ёши: 25

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Мамлакати: Ўзбекистон

Клуби: «Ал-Жаиш»

Бизнингча, Ўзбекистоннинг жорий мавсумдаги энг яхши футболчиси. 2012 йили «Бунёдкор» билан ОЧЛ ярим финалига қадар етиб борган Рашидов қатар жамоасида ушбу муваффақиятни такрорлади. Унинг номи нафақат Чемпионлар Лигаси, балки қатар юлдузлар лигаси ва Ўзбекистон термасининг ҳам кучли ўйинчилари қаторида тилга олинади. Ўйлашимизча, Сардор Осиё футболи учун кучлилик қилмоқда, имкониятларини Европада синаб кўриш вақти келди. Балки буни РФПЛдан бошлар?

 

Умуман олганда, ОФК эълон қилган рўйхатдаги учлик бизнинг қарашларимизга мутлақо мос келди.

3. У (Ву) Лэй

Ёши: 24

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Мамлакати: Хитой

Клуби: «Шанхай SIPG»

Ўз ҳамюртлари билан солиштирганда, ҳақиқий суперюлдуз. Ушбу футболчи Хитой термаси сафида расмий учрашувда тўп сурган энг ёш ўйинчи номига эга (илк марта яшил майдонга тушганида 14 ёшу 287 кунлик эди). Лэй, таъбир жоиз бўлса, Чин ўлкасининг ҳозирги кундаги энг яхши футболчиси ҳисобланади. Халкнинг жамоадоши жорий йилги тўпурарлар пойгасида ҳам етакчилар сафида борди. Техник жиҳатдан кучли, ақлли, барқарорлик борасида ҳам муаммоси йўқ. Мана тўртинчи мавсумдирки, Хитой суперлигасида ўнтадан ортиқ гол урмоқда.

2. Аҳмад Ҳаммади

Ёши: 27

Амплуаси: ҳужумчи

Мамлакати: Ироқ

Клуби: «Ал-қува»

Ушбу футболчи 2016 йили жамоасининг ОФК кубогида қатнашиб, финалда Ҳиндистоннинг «Бенгалуру» клубини мағлуб этишига катта ҳисса қўшди. Ҳал қилувчи баҳс масаласига айнан Ҳаммади томонидан урилган гол ойдинлик киритди. қолаверса, қаҳрамонимиз мазкур турнир тўпурарига айланди, матбуот вакиллари уни ОФК кубогининг энг яхши ўйинчиси номига лойиқ кўришди.

1. Умар Абдулраҳмон

Ёши: 25

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Мамлакати: БАА

Клуби: «Ал-Айн»

«Амуори» тахаллуси билан яхши таниш бўлган ҳужумкор ярим ҳимоячи БАА миллий жамоасининг энг машҳур футболчиси ҳисобланади. У Саудия Арабистонида туғилган. Умар асосан араб давлатларида довруғ қозонган: унинг Nike компанияси билан узоқ муддатли шартномаси бор, PES-2016 видеоўйинининг Яқин Шарқдаги вакили ҳисобланади. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг расмий элчиси сифатида айнан уни танлаб олишган. Ўйинчилик сифатларига тўхталадиган бўлсак, шубҳасиз, жуда иқтидорли. Икки йил аввал «Манчестер Сити» билан шартнома тузиши мумкин эди, бироқ бу алоҳида мавзу. Тўпни ажойиб тарзда назорат қилади, дриблинги ва тезлигини исталганча эътироф этиш мумкин. Ақлли, юксак интеллектга эга, майдонни яхши кўра билади.

Нега у мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиши керак? Энг катта сабаб - «Ал-Айн» ОЧЛ финалида ўйнайди ва катта эҳтимол билан ушбу турнир бош соврини айнан арабларга насиб қилади. Чунки ҳозирда БАА клуби ҳал қилувчи учрашувдаги рақиби - Жанубий Кореянинг «Чонбук Моторс» клубидан бир бош устун кўринмоқда. Умар эса «Ал-Айн»нинг юлдузи ва етакчиси ҳисобланади. «Сариқ қитъа»нинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида 12та ўйинда 3та гол урди, уч марта шерикларини самарали узатма билан таъминлади. Иккинчи томондан, Абдулраҳмон БАА чемпионатининг сўнгги мавсумида тенгсиз футболчига айланди. Эътиборлиси, ушбу биринчилик Осиёнинг энг кучли лигалари рўйхатида 3-ўринда қайд этилади. қолаверса, жингалаксоч йигит (миллий жамоа вакили сифатида) БААда йил футболчиси номига сазовор бўлди. Эҳтимол, Осиёнинг энг яхши ўйинчиси сифатида Умар Абдулраҳмон танлаб олинмас, аммо бизнинг фикримизча, айнан у жорий мавсумда тенгсиз футболчи номига лойиқ.

Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz