Қайднома

Қидирув

ЕНГИЛМАСЛИК ЗАВҚИ

17.11.2016 10:59
2196

FootballHD.ru Лондоннинг «Арсенал» клуби қайд этган натижани («тўпчилар» АПЛнинг бир мавсумини умуман мағлубиятсиз якунлашган) такрорлаш имкониятини сақлаб турган клублар ҳақида сўз юритади.

«ТОТТЕНХЭМ»

Мамлакати: Англия

Ўрин: 5

Натижалари: 5-6-0

Тўплар нисбати: 15-6

Ҳа, «Арсенал»нинг қўшниси ҳозирча АПЛда ютқазмаган жамоа сифатида тилга олинмоқда. Дарвоқе, айнан Шимолий Лондон дербисида «шпорлар» илк марта очкосиз қолишлари мумкин эди, бироқ Харри Кейн пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Маурисио Почеттино тўпсиз яхши ҳаракатланадиган, ақлли қарорлар чиқаришга мойил ажойиб жамоа шакллантирди. Агар дуранглар кўпайиб кетмаганида, «Уайт Харт Лэйн» эгалари топ-4га киришлари аниқ эди. Умуман, ҳозир ҳеч нарса йўқотилгани йўқ: лигадаги энг яхши мудофаа чизиғига эга «Тоттенхэм»ни Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тақдим этадиган ўриндан бор-йўғи уч очко ажратиб турибди. Имкониятлар етарли, бироқ АПЛнинг енгилмас клуби номини сақлаб қолиш деярли имконсиз. Шунчаки, «шпорлар»нинг айни дамдаги кўрсаткичларидан қувониб турамиз.

«РЕАЛ МАДРИД»

Мамлакати: Испания

Ўрин: 1

Натижалари: 8-3-0

Тўплар нисбати: 31-10

«қироллик клуби» бош мураббийи Зайниддин Зиданнинг бугунги кунда кучли босим ва танқидлар исканжасида қолаётгани ажабланарли. Бинобарин, «Реал» ютқазмасликдан ташқари, примерада пешқадамлик қилишни ҳам уддаламоқда. «Сантьяго Бернабеу» учун бу одатий ҳол. Гап шундаки, мадридликлар қаторасига учта турда очко йўқотишди: «Вильярреал», «Лас-Пальмас» ва «Эйбар»ни мағлубиятга учрата олишмади. Ушбу жамоаларга ҳурматни сақлаган ҳолда таъкидлаш жоизки, улар барибир, «Барса», ҳаттоки, «Атлетико» даражасида ҳам эмаслар. Агар Роналду ва унинг шериклари мазкур ўйинларни янада муваффақиятлироқ ўтказишганида нима бўларди? Майли, мавзудан четлашмайлик. «Реал» чемпионатни шу зайл якунлашни уддалай олмаса керак, илк Мадрид дербиси ёки «эль класико» Ла-лигадаги дастлабки мағлубиятга етаклаши эҳтимолдан холи эмас. қолаверса, Зидан бошқарувидаги жамоа у қадар мустаҳкам кўринмаяпти, шунга қарамай, франциялик мутахассис шогирдлари билан ажойиб натижаларга эришмоқда.

 «БАВАРИЯ»

Мамлакати: Германия

Ўрин: 1

Натижалари: 7-3-0

Тўплар нисбати: 24-6

Ушбу рўйхат сардорлигини бемалол «Бавария»га топшириш мумкин. Тан олайлик, бугунги мақолада мюнхенликларга тўхталишимиз ҳеч кимни ажаблантирмайди. Германия чемпионатида илк мағлубиятни қабул қилиб олиш ҳақиқатга яқин, зеро терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффус якунланиши ҳамоно «Бавария» Дортмундга йўл олади. У ерда эса ҳар нарса рўй бериши мумкин. Бироқ шуниси аниқки, Мюнхен жамоаси Гвардиола кетганидан ке­йин ҳам очколар ишлаш бўйича етакчилар қаторида бормоқда. Жамоа тақвимнинг енгил қисмидан ўтиб олди, Янги йилгача эса «Боруссия» Д., «Байер», «РБ Лейпциг» ҳамда «Вольфсбург»га қарши тўп суришга тўғри келади.

 «РЕД БУЛЛ ЛЕЙПЦИГ»

Мамлакати: Германия

Ўрин: 2

Натижалар: 7-3-0

Тўплар нисбати: 20-7

Ҳа-ҳа, бундеслига дебютанти тўплаган очколар пешқадамники билан бир хил, улар фақатгина тўплар нисбати ҳисобига «Бавария»дан ортда боришмоқда. Лейпциг клуби бутун Германияни шок ҳолатига солган бўлса, нейтрал мухлисларни қувонтирмоқда. Бу янги «Лестер»ми? Агар мавсум якунида Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритадиган жамоага шундай ном берилса, «Ред Булл» ушбу йўлда барча имкониятларни сақлаб турибди. Чемпионлик, ўз навбатида, мағлубиятсиз якун ҳақида гапиришга эрта. Аммо тан олиш керак, барча ўйинларда очко олишлари лейпцигликларни янада руҳлантирмоқда. Асосийси, илк муваффақиятсизлик тақдир чархпалагини тескари айлантириб юбормаса бўлгани.

 «ХОФФЕНХАЙМ»

Мамлакати: Германия

Ўрин: 3

Натижалар: 5-5-0

Тўплар нисбати: 18-11

Яна Германия! Нима ҳам дердик? Бундеслига мухлисларини ажаблантираётган клублар орасида «Хоффенхайм» ҳам бор. Ёш Юлиан Нагельсманн вазиятга мослашиб, жамоасининг ўйин ва унинг атрофидаги барча жараёнларини ўнглашга эришди. Сўнгги турда улар «Бавария» билан дуранг ўйнашди, бунга қадар қаторасига бешта баҳсда ғалаба қозонишди. Дарвоқе, ушбу жамоа «РБ Лейпциг» билан ўйин ўтказишга улгурди. Олдинда яна кучли жамоалар кутиб турган бўлишсада, «Хоффенхайм»нинг йилни мағлубиятсиз якунлаш борасидаги имкониятларини юқори баҳолагимиз келяпти. Буни муаллифнинг инжиқлигига йўйишингиз мумкин.

Туркияда кутилмаган бурилиш

«Бешиктош»нинг мағлубиятларсиз юқори ўринларда бораётганига одатий ҳол сифатида қараса бўлади. 7та ғалаба ва 3та дуранг - ажойиб натижа. Худди «Бавария»нинг ҳолати такрорланаётгандек, фақат ушбу кўрсаткич биринчи ўринни тақдим этмайди. Унда қайси жамоа пешқадам? «Галатасарой» учинчи поғонада, «Фенербахче» эса бешинчи бўлиб турибди. Етакчилик «Бешиктош»дан битта кўп ғалабага эришган «Истанбул»га тегишли. Ўтган йили ўзининг 25 йиллигини нишонлаган клуб сафида жаҳон даражасидаги юлдузлар йўқ, агар Александр Епуряну бу таъкидга қарши чиқмаса, албатта. Хуллас, Туркияда сенсация иси келмоқда.

 «Бенфика» ва «Шахтёр» чемпионликка даъвогар

Португалия ва Украинада чемпионлик масаласи икки, нари борса, учта жамоа ўртасида ҳал этилиши одат тусини олган. Бу мамлакатлар биринчиликларида етакчилар дастлабки турлардан бошлаб асосий рақобатчиларини ортда қолдира бошлашади ва мавсум якунигача шу маромда давом этишади. Айни дамда ушбу чемпионатларда мағлубиятга учрамаётган жамоалар бошқа рақибларидан ажралиб туришибди. «Шахтёр» Киевнинг «Динамо»си ҳамда «Заря»дан саккиз очкога ўзиб кетди, «Бенфика» эса «Спортинг» ва «Порту»ни беш очкога ортда қолдирмоқда. Хулоса ясашга эрта, бироқ чемпионликка асосий даъвогарлар ўзларини кўрсатишмоқда.

Қолган чемпионатларда-чи?

Жорий мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётганлар орасида шунингдек, Швейцариянинг «Базель», Шотландиянинг «Селтик», Хорватиянинг «Риека», Македониянинг «Вардар», Болгариянинг «Левски» (ушбу жамоа ҳам худди «Истанбул» сингари пешқадам эмас), Даниянинг «Копенгаген», Грузиянинг «Самтредиа», Албаниянинг «Кукеси», Озарбайжоннинг «Габала» клублари ҳам бор. Жанубий Америкада шундай кўрсаткичга эга жамоалар сифатида «Эстудиантес» (Аргентина), «Мельгар» (Перу) ҳамда «Пласа Амадор» (Панама) клублари қайд этилганлар.

Бу борада Уэльс чемпионати карвонбошилигини сақлаб турган «Нью Сэйнтс»нинг натижалари мақтовга сазовор. қизиғи, ушбу жамоа мавсумни нафақат мағлубиятсиз давом эттиряпти, балки ғалаба қозониш борасида ҳам 100 фоизлик кўрсаткичга эга. Шунга ўхшаш ҳолатни, ҳаттоки, Макао ва Филиппин сингари экзотик давлатлар биринчиликларида ҳам учратмадик. Бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз.

Митти давлатларда эса қизиқ вазият ҳукмрон. Хусусан, Андоррада иккита клуб - «Сан-Хулиа» ва «УЭ Санта-Колома» ҳали майдонни очкосиз тарк этишмаган. Люксембургда бундай жамоалар сони учта - «Дюделанж», «Фола Эш» ва бу клублардан қолишишни истамаётган «Дифферданж».

Осиёнинг айрим мамлакатларида бир етакчи ва унга очко улашадиган бошқа жамоалар иштирокида чемпионат ўтказиладигандек. Хусусан, Малайзиянинг «Жоҳор»и шундай фикр юритишга ундайди: ушбу клуб 22та ўйинли биринчиликни мағлубиятсиз якунлаб, энг яқин таъқибчисини 15 очкога ортда қолдирди. Макаонинг «Бенфика»си эса ўзининг португалиялик номдоши ортидан бориб, янада ёрқин кўрсаткич қайд этди: 18та баҳсда фақат бир марта дуранг ўйнашди, қолгани ғалаба, тўплар нисбати - 78-4.

Яна бир қизиқ ҳолат Мисрда кузатилди: ушбу мамлакат чемпионатида нақ тўртта (!) жамоа 8 турдан сўнг мағлубиятсиз одимлашмоқда. Ушбу енгилмаслар компаниясидан Африканинг энг яхши клубларидан бири, «қора қитъа» Чемпионлар Лигаси финалигача бориб, ЖАРнинг «Мамелоди Сандаунс»ига ютқазган «Замалек» ҳам бор. Гап шундаки, «Замалек» атиги тўртта учрашув ўтказиб, қолганларини кейинроққа сурган. Муаллифлик майлини ушбу жамоага тақдим этишимиз мумкин эди, бироқ сайёрамиздаги енгилмаслар рўйхатида янада салмоқлироқ натижага эга жамоа топилди: «Трактор Сози» (Эрон). Бунга алоҳида, ажралиб турувчи ном сабаб бўлгандир, балки.

Бонус

Филиппин чемпионатида енгилмас жамоага кўзимиз тушмади, аммо ушбу лига энг ғайритабиийлиги билан алоҳида ажралиб туриши аниқ.

1

Глобал

19

15

2

2

80-15

2

Серес

19

13

2

4

109-18

3

Лойола

19

13

2

4

83-23

4

Волтес

19

13

2

4

51-16

5

Кайа

19

12

1

6

78-25

6

Сталлион

19

8

7

4

43-28

7

Грин Арчерс

19

6

3

10

29-48

8

Форза

19

4

2

13

20-82

9

Номадс

11

3

0

8

20-65

10

Лаос

19

2

1

16

22-111

11

Агила

11

1

1

9

6-56

12

ПСЖ

11

0

1

10

4-58

Дарвоқе, «ПСЖ» деб номланувчи клуб ва унинг турнир жадвалидаги ўрнига эътибор қаратинг. Шу тариқа пул ҳамма нарсани ҳал қила олмаслигини тушунасиз.

Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz