Қайднома

Қидирув

САРФ СОВРИНГА АРЗИЙДИМИ?

22.12.2016 13:34
1645

Биринчи уринишдаёқ аниқлай оласизми, қайси мураббий қўл остидаги жамоага футболчи жалб этиш чоғида энг кўп маблағ сарфланган? Soccer.ru бу борада ўзига хос тадқиқот ўтказиб, клуб таркиби учун йўналтирилган пулларни қўлга киритилган совринлар сонига солиштирди. Натижада, 10 нафар мутахассисдан иборат рейтинг тузилди. Бугун ушбу рўйхатдан ўрин олганлар билан таништирмоқчимиз.

10-ўрин. Луи ван Гал (Голландия) - битта соврин учун 31,9 млн. евро

Клублари: «Аякс», «Барселона», АЗ, «Бавария», «Манчестер Юнайтед»

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 64 (637,72 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 20та

Ван Гал мураббийлик фаолиятининг энг гуллаган даврида «самарали менежер» тахаллусига лойиқ кўрилган: олти йил мобайнида «Аякс»ни бошқарган мутахассис трансферларга 11 миллион евродан бироз кўпроқ маблағ сарфлаб, 11та сов­ринни қўлга киритган. Тўғри, у иқтидорли авлод етишиб чиқаётган кезлари ишлаган, қолаверса, ўшанда пул масаласи ҳам бошқача эди. Шунга қарамай, Луи эришган ютуқлар ҳайратланарли, боз устига, у ички совринлардан ташқари, Чемпионлар Кубогида ҳам зафар қучган. Ваҳоланки, ван Галнинг сўнгги иш жойи - «Манчестер Юнайтед»да ҳаммаси бошқача кечди. Манкунианлар голландиялик мутахассис қўл остида футболчилар учун 340 миллион евро сарфлашди, музей эса бор-йўғи битта соврин - Англия кубогига бойитилди, холос.

 

9-ўрин. Рафаэль Бенитес (Испания) - битта соврин учун 55,6 млн. евро

Клублари: «Валенсия», «Ливерпуль», «Интер», «Челси», «Наполи», «Реал», «Ньюкасл».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 80 (667,19 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 12та

Бенитес - ғалати мураббий. Ёдингизда бўлса, у ўтган мавсумни Мадриднинг «Реал» клубида бошлаганди, ҳозирда эса «Ньюкасл»ни чемпионшипдан элитага олиб чиқишга уринмоқда. Рафаэль асосий ютуқларини дастлабки иккита йирик жамоалари - «Валенсия» ҳамда «Ливерпуль» билан қўлга киритган. Бенитес фаолияти давомида икки марта футболчи учун йирик маблағ сарфлаган. Булар - Игуаин («Наполи», 39 миллион) ва Фернандо Торрес («Ливерпуль», 38 миллион).

 

8-ўрин. Роберто Манчини (Италия) - битта соврин учун 52,7 млн. евро

Клублари: «Фиорентина», «Лацио», «Интер», «Манчестер Сити», «Галатасарой».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 66 (685,24 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 13та

Манчинининг энг йирик харидлари «Манчестер Сити»да ишлаган кезлари кузатилган, ҳолбуки, бадавлат шайхлар ҳам Роберто кўзлаган трансферларга у қадар йирик маблағ сарфлашмаган. Эдин Жеко учун 37 миллион евро ва Серхио Агуэро учун 36 миллион евро - энг катта харажатлар шу, холос. Аммо италиялик мутахассис жалб этган барча футболчиларнинг умумий нархи ҳисобланса, мўмайгина маблағ келиб чиқади.

 

7-ўрин. Хосеп Гвардиола (Испания) - битта соврин учун 36,1 млн. евро

Клублари: «Барселона», «Бавария», «Манчестер Сити».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 40 (758,5 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 21та

Гвардиола қўл остидаги жамоанинг ҳар гал ўйинчи учун 36 миллион евро сарфлаши битта совриннинг қўлга киритилиши билан якунланган. «Барселона» ва «Бавария»да мукофотлар борасида муаммо туғилмаганди, «Манчестер Сити»да эса юқори даражани сақлаб қолиш учун бироз кўпроқ тер тўкишга тўғри келади. Боз устига, Пеп Англияда трансферларга 213 миллион евро сарфлаб улгурди, энди шунга яраша натижа кўрсатиш лозим!

 

6-ўрин. Клаудио Раньери (Италия) - битта мукофот учун 126,4 млн. евро

Клублари: «Наполи», «Фиорентина», «Валенсия», «Атлетико», «Челси», «Парма», «Ювентус», «Рома», «Интер», «Монако», «Лестер».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 87 (759,88 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 6та

Гарчи ушбу мутахассисдан кўпинча омад юз ўгирган бўлсада, у йирик ва бадавлат клубларда ишлашга улгурди. Ушбу давр мобайнида ўйинчилар харидига 760 миллион евро сарфлади - бу футбол тарихидаги олтинчи натижа. Раньери ҳар доим ҳам билдирилган ишончни оқлай олмаган, аммо «Лестер»да бунинг мутлақо акси кузатилди. Дейлик, «Ювентус»да 120 миллион евро сарф­лаганига қарамай, «Кекса синьора» дон Клаудио қўл остида харажатларни оқлай билмаган.

5-ўрин. Сэр Алекс Фергюсон (Шотландия) - битта соврин учун 16,1 млн. евро

Клублари: «Абердин», «Манчестер Юнайтед».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 94 (790.35 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 49та

Мана бу мутахассис жамоани самарали тарзда бошқариш бўйича ҳаммага ўрнак бўла олади. Совринлар ютишни «Абердин»да бошлаган Сэр Алекс чорак аср мобайнида «МЮ»ни бошқариб, икки марта Чемпионлар Лигасида зафар қучди, 13 карра АПЛ ғолиблигини қўлга киритди. Фергюсон асосан «қизил иблислар» академияси тарбияланувчиларига ишонч билдирар, бунинг самараси ўлароқ, ўтган асрнинг 90-йилларида қойилмақом таркиб тузишга эришганди. Трансферлар бобида ҳам шотландиялик мутахассис даврида ажойиб харидларга қўл урилган.

 

4-ўрин. Арсен Венгер (Франция) - битта соврин учун 47,6 млн. евро

Клублари: «Монако», «Арсенал».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 98 (808,38 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 17та

Арсен Венгер фалсафаси «Арсенал»да ўсишга эришиши мумкин бўлган ўйинчиларга пул сарфлашни тақозо этади, шу боис «тўпчилар» АПЛ­даги бошқа рақобатчилари сингари футболчиларга катта пул тўлашмайди. Франциялик мутахассис қўл остида амалга оширилган энг қиммат харид Месут Озил билан боғлиқ - германиялик плеймейкер учун лондонликлар «Реал» ҳисобига 47 миллион евро ўтказиб беришган. Венгер «Арсенал» билан битта соврин ютиш учун тахминан шунча пул сарфлаган. «Канонирлар» тўққиз йил мобайнида умуман совринсиз қолиб кетишган, аммо шунга қарамай, Венгернинг фаолияти кўнгилдагидек кечганини тан олиш лозим.

 

3-ўрин. Мануэль Пеллегрини (Чили) - битта соврин учун 285,5 млн. евро

Клублари: «Вильярреал», «Реал», «Малага», «Манчестер Сити».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 65 (856,55 млн. евро)

Жамғарилган совринлар сони: 3та

Пеллегрини Мадридда иккинчи «Галлактикос» даврида фаолият юритган, Манчестерда умуман муҳтожлик кўрмаган бўлса-да, «шаҳарликлар»га битта соврин - Англия чемпионлигини олиб берди, холос. Айнан «Ман Сити» билан икки марта Лига кубогида зафар қучди. «Реал»да эса ҳеч нимага эришолмади. Мануэлнинг талабига кўра, Роналду, Де Брюйне, Кака, Бензема, Стерлинг, Хаби Алонсо, Фернандиньо ва кўплаб қимматбаҳо ўйинчилар сотиб олинган. Аммо чилилик мутахассис яратиб берилган шундай шароитдан унумли фойдаланолмади.

 

2-ўрин. Карло Анчелотти (Италия) - битта соврин учун 59 млн. евро

Клублари: «Парма», «Ювентус», «Милан», «Челси», «ПСЖ», «Реал», «Бавария».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 74 (1,03 миллиард евро)

Жамғарилган совринлар сони: 17та

Жаҳон футболида ўйинчилар хариди учун миллиард евролик кўрсаткичдан ўтган икки мураббийдан бири. Лекин Карло Анчелотти 17та совринни қўлга киритди, улардан учтаси Чемпионлар Лигаси «шалпангқулоғи»! Италиялик мутахассис 15 йилдан буён молиявий масалаларда чеклов билмайдиган йирик клубларда ишлаб келмоқда. Берлускони раҳбарлигидаги «Милан», бойлар қаторига қўшилган «ПСЖ», Абрамовичнинг «Челси»си, барқарор «Реал». Мана энди «Бавария». Мюнхенликлар устози шу билан чекланиб қолмаса керак. Бу ўринда гап ҳам харажатлар, ҳам совринлар ҳақида кетмоқда.

 

1-ўрин. Жозе Моуриньо (Португалия) - битта соврин учун 55,2 млн. евро

Клублари: «Порту», «Челси», «Интер», «Реал», «Манчестер Юнайтед».

Сотиб олинган футболчилар (трансферлар умумий қиймати): 90 (1,27 миллиард евро)

Жамғарилган совринлар сони: 23та

Мутлақ етакчига етиб олиш ҳаттоки, Анчелоттига ҳам насиб қилмаса керак. Мабодо Моуриньо «МЮ»да муваффақиятсизликка юз тутиб, йирик клублар «қора рўйхати»га киритилмаса, рейтингдаги биринчи ўринни ҳали-вери бошқа ҳамкасбларига топширмайди. Манчестерликлар ҳозирда «Беназир» учун фақат уч футболчи сотиб олишган бўлсада, уларнинг умумий нархи 200 миллион еврога баҳоланди. Ахир улар орасида сайёрамизнинг энг қиммат футболчиси - Поль Погба бор. Ўз навбатида, Моуриньо 2012 йилдан буён атиги учта соврин ютди. Демак, португалиялик мутахассис обрўсини йўқотишни истамаса, янги совринлар ютишга астойдил киришиши лозим.

 

Ў.УМАРОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.