Қайднома

Қидирув

Пул кетса, кетсин…

02.02.2017 16:42
1059

Халк ва Погбанинг хариди учун сарфланган йирик маблағлар, АПЛнинг трансфер бозорида ўрнатган рекорди, Роналдунинг ҳавас қилса арзийдиган даромади, еврокубокларнинг соврин жамғармаси... Championat.com тақдим этган навбатдаги маълумотлар 2016 йилги энг йирик молиявий сарфлар билан боғлиқ рақамларга бағишланди.

5,77 млн. фунт стерлинг

Ноябрда жаҳондаги футбол клубларидаги маошлар бўйича рейтинг эълон қилинди. Буюк Британиянинг Daily Mail нашри жамоалар юлдузларга қанча пул тўлаётганини ҳисоблаб чиқди. Тўпланган маълумотларга кўра, маош ведомости бўйича «Манчестер Юнайтед» етакчи экани ойдинлашди: манкунианлар сафида тўп сураётган футболчиларнинг ўртача иш ҳақи йилига 5,77 миллион фунт стерлингни ташкил қилар экан. «Барселона» эса бу борада иккинчи бўлди. Фунтда ҳисобласак, Каталония клубида фаолият юритаётган ўйинчиларнинг йилига ўртача 5,65 миллион олишлари ойдинлашди. Учинчи ўрин «Манчестер Сити»га тегишли - 5,42 млн. Юқори ўнталикдан шунингдек, «Реал», «Челси», «ПСЖ», «Бавария», «Ювентус», «Арсенал» ҳамда «Ливерпуль» ўрин олишди.

8,5 млн. евро

Франция яшил майдонларида ўтказилган Европа чемпионати якунларига кўра, энг кам пул ишлаган терма Украина бўлди - 8,0 млн. евро. Россияда эса бу кўрсаткич 8,5 млн.ни ташкил этди. Табиийки, украинларга теккан 8 млн. евро турнирда қатнашганлик учун берилди. Бундан ташқари, УЕФА қўшимча тариқасида ҳар бир дуранг учун 0,5 млн., чорак финалчиларга 2,5 млн., ярим финалчиларга 4 млн., финалчига 5 млн. ҳамда ғолибга 8 млн. евро ажратди. Португалия термаси Евро-2016да ҳаммадан кўп ишлаб, ўз мамлакати федерацияси ғазнасини 25,5 млн. еврога бойитди.

83,8 млн. евро

Ўтган галги евромавсумни тўлиқлигича ҳисоблаб чиқилса, Чемпионлар Лигасида даромад кўриш бобида «Манчестер Сити» (83,8 млн.), «Реал» (80 млн.) ҳамда «Ювентус» (76,2) етакчилик қилишди. Европа Лигасида эса «Ливерпуль» 37,8 млн. ишлади.

55,8 млн. евро

«Зенит» футболчиси Халкнинг 55,8 млн. евро эвазига «Шанхай СИПГ» клубига ўтиши ҳам Россия, ҳам Хитой чемпионатидаги энг қиммат трансферга айланди. Санкт-Петербург жамоаси 2012 йили бразилиялик ҳужумчига сарфлаган пулларини қайтарган бўлса, Халк айрим манбаларга кўра, 20 млн. еврога тенг йиллик маош борасида келишувга эришди. «Шанхай СИПГ» ушбу хариддан Осиё Чемпионлар Лигасида унумли фойдаланишни мақсад қилганди. Бироқ Халк Чин юртидаги илк мавсумида клубига ёрдам беролмади. Қолаверса, у жароҳатлар туфайли Хитой суперлигасининг аксарият ўйинларини ўтказиб юборди. Бор-йўғи еттита баҳсда майдонга тушиб, 4та гол урди.

82 млн. доллар

Forbes журнали 2015|2016 йиллар мавсуми якунларига кўра, энг сердаромад футболчилар рейтингини эълон қилди. Маълум бўлишича, энг катта фойдани «Реал» клуби ҳамда Португалия термаси ҳужумчиси Криштиану Роналду кўрган. Долларда ҳисоблаганда, унинг даромади 82 млн.га тенг: маош ва бонуслар - 53 млн., реклама шартномалари - 29 млн. «Олтин тўп» соҳибидан кейинги ўринни унинг азалий рақиби Лионель Месси (77 млн. доллар: маош ва бонуслар - 51 млн., рекламалардан - 26 млн.) эгаллади. Кучли учликни 37 млн. долларлик (маош ва бонуслар - 30 млн., рекламалардан - 7 млн.) кўрсаткич билан Златан Ибрагимович якунлаб берди. Кейинги ёзда ушбу рейтингдаги суммалар жиддий равишда ўсишига шубҳа йўқ.

105 млн. евро

«Манчестер Юнайтед» 2016 йили бир ўйинчига сарфланган трансфер суммаси борасида жаҳон рекордини ўрнатди. Манкунианлар «Ювентус» клуби ва Франция термаси ярим ҳимоячиси Поль Погба учун 105 млн. евро тўлашди. Қўшимчасига Турин жамоаси бонус сифатида 5 млн. олиши мумкин. Бунга қадар рекорд «Реал»га тегишли эди: мадридликлар 2013 йили Гарет Бэйлни ўз сафларига қўшиб олиш учун «Тоттенхэм»га 101 млн. евро тўлашганди. Юқорида қайд этилган трансферга ўзгачалик бахш этиб турган жиҳат шундаки, тўрт йил олдин айнан «МЮ»да тўп сурган Погба «Ювентус»га эркин агент сифатида ўтганди. Франциялик футболчининг агенти Мино Райола мижозининг жамоа алмаштириши натижасида 27 млн. евро ишлаб олди.

1 млрд. фунт стерлинг

Ўтган ёзда Англия премьер-лигаси клублари биргаликда трансфер бозорида янги рекорд ўрнатишди - янги ўйинчилар учун умумий ҳисобда 1 млрд. фунт стерлинг сарфланди. Юқорида таъкидланганидек, «Манчестер Юнайтед» Погба учун 105 млн. евро, фунтга ўгирганда - 89,25 млн. ажратди. Иккинчи ва учинчи ўринлар «Манчестер Сити» харидларига аталди: «шаҳарликлар» Жон Стоунзни таркибга қўшиб олиш учун «Эвертон»га 47,26 млн. фунт стерлинг (55,60 млн. евро) беришган бўлса, «Шальке»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Лерой Сане учун 42,50 млн. фунт стерлинг (50 млн. евро) тўлашди. Айнан Манчестернинг икки клуби АПЛ вакиллари орасида энг сахий бўлишди: «МЮ» 157 млн., «Ман Сити» эса 153 млн. фунт стерлинг сарфлади.

5 млрд. томошабин

Ниҳоят, футболдаги энг муҳим шахслар - ишқибозлар ҳақида. 2016 йилнинг ёзида Европа чемпионатини кузатган томошабинлар умумий аудиторияси деярли 5 млрд. кишига етди. Евро-2016 ташкилотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, аввалги турнир билан солиштирганда, мухлислар аудиторияси 1,1 млрд. томошабинга кўпайди. Бу эса асосан, финал босқичи қатнашган жамоалар сонининг ортиши билан боғлиқ. Португалия ва Франция терма жамоалари иштирокидаги финални телевидение орқали 600 млн. киши томоша қилди.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz