Қайднома

Қидирув

Ақлга сиғмас қочиш

11.10.2016 15:50
1460

Эквадор миллий термаси ҳужумчиси Эннер Валенсия полицияни чинакамига чув туширди. Аниқроқ гапирсак, у эквадорликларнинг Чили терма жамоасига қарши ўйинлари (ЖЧ-2018 саралаш босқичи) вақти полициядан қочиш орқали криминал жараён қаҳрамонига айланди. Sovsport.ru сайти айни шу воқеа тафсилотларини баён қилдики, бу кўпчиликни қизиқтирса, ажабмас.

 

...17 минг қарз

Умуман, Эннер Валенсия ўтган ҳафта 2 кун оралиғида полицияга 3 марта чап берди ва бу билан панжара ортига тушишдан қутулиб қолди. Футболчи ва қонун ўртасида юзага келган муаммо тарихи анча оддий. Валенсия ўзининг 5 ёшли қизалоғи онасидан катта миқдорда қарздор бўлиб қолган - чамаси 17 минг доллар. Соддароқ ифода этганда, яхшигина маош олувчи Эннер охирги бир неча ой давомида ўз фарзанди учун белгиланган нафақа пули (алимент )ни тўлашни унутган ёки шунчаки, хоҳламаган. Натижада чоршанба куни Эквадор терма жамоаси машғулот олиб бораётган пайт Валенсия олдига собиқ хотинининг шахсий адвокати келган ва ундан пулни тўлаб қўйишни талаб қилиш баробарида ҳибсга олиш хусусидаги ордерни кўрсатган. Бироқ футболчи буни оддий бир парча қоғоздек қабул қилган. Яъни адвокатнинг сўзларига қулоқ тутмай, хотиржам ишини давом эттирган. Кейин ўйин куни Китодаги стадионга полиция вакиллари «ташриф буюришди». Улар футболчини «қўлга ҳам олишди», бироқ қисқа мулоқотдан сўнг ҳужумчининг майдонга тушишига рухсат беришди.

 

Қамоқ ўрнига шифохона

Валенсия vs полиция машмашасининг кейинги раунди ўйин охирлаб қолган вақт кузатилди. Бу пайтга келиб, эквадорлик футболчилар анча кучли саналган Чили термаси дарвозасига 3та жавобсиз гол йўллашга улгуришганди - 3:0. Учрашувнинг 82-дақиқасида можаро қаҳрамони кутилмаганда, шифокорлардан ёрдам сўради. Яъни гўёки, ўзини ёмон сезаётгандек кўрсатди. Хуллас, терма жамоа шифокорлари ҳужумчини оз-моз текширишгач, унга кислород ниқобини кийдиришди ва замбилга солганча майдондан олиб чиқишди. Тўғрироғи, захира ўриндиғи ёки кийиниш хонаси томон эмас, балки олис чеккада турган «Тез ёрдам» машинасига қараб, катта-катта қадам ташлашди. Шу паллада полиция ҳушёр тортди ва футболчини қувиш жараёни бошланиб кетди. Хуллас, тўлиқ жанговар қуроллар билан таъминланган 10 нафар полициячи Валенсияни замбилда кўтариб кетаётган стадион ходимлари ортидан югурди. Бироқ якунда футболчи қамоқдан яна қутулиб қолди. Чунки шифокорлар уни олиб кетишга рухсат беришмади. Натижада Валенсия қамоқ эмас, балки шифохонага йўл олди, тўғри, икки нафар қуролланган полициячи кузатуви остида.

 

Муаммо ҳал этилдими?

Энг қизиғи, кейинроқ ҳибсга олиш ҳақидаги ордерни бекор қилишди. Валенсия вакилларининг айтишларича, ордер айнан Чили термаси билан ўйин давом этаётган паллаларда ўз кучини йўқотган экан: «Аслида судья ордерни ўйин пайтиёқ бекор қилганди. Чунки Валенсиянинг адвокати ишга аралашиб, барчасини тушунтириб берди». Эквадор футбол федерацияси ҳам ўз ўрнида махсус баёнот билан чиқиб, тегишли идора футболчини жамоа сафида Ла-Пасга, Боливия термаси билан ўйин учун боришига рухсат берганини маълум қилди. «Афсуски, айрим полициячилар ўз ишларига жиддий ёндашмадилар ва Валенсия қамоққа тушишдан қутулиб қолди, - деди ҳужумчининг собиқ хотини адвокати. - Очиқ гапирсак, бу одам етарлича пул топяптию, ўз қизининг ойлик нафақасини вақтида тўламаяпти. Шу билан қонунни писанд қилмаяпти. Яхшики, энди бутун Эквадор унинг аслида қандай инсон эканлигидан хабар топди». Футболчининг ўзи ва адвокати эса ҳозирча ушбу можаро юзасидан расмий изоҳ беришгани йўқ. Эслатиш жоиз, бугун Эквадор термаси Боливияда майдонга тушади ва Эннер Валенсиянинг бемалол ўз жамоасига ёрдам бериши эҳтимоли катта.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz