«Барселона»нинг хорватиялик ярим ҳимоячиси Иван Ракитич бир қарашда, анча камтар йигитдек таассурот уйғотади. Лекин ҳозирги клуби ҳақида сўз очилса, камтарликни бир четга суриб, дангал-дангал гапиради. Дейлик, Иван яқинда Diario Sport нашрига интервью берди ва суҳбат жараёнида шундай фикр билдирди: «Агарда ҳар йили ЧЛ кубогини ютишга қодир бирор клуб бўлса, у айнан «Барселона»дир». Ракитичнинг яна нималар хусусида гапирганига қизиқсангиз, марҳамат, қуйидаги мулоқотга нигоҳ ташланг...
- Айтингчи, «Сельта»дан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг жамоангиздаги ички муҳит қандай?
- Менимча, омадсизликнинг таъсири билинмаяпти ва ҳаммаси яхши. Чунончи тўғри йўлдан бораётганимизга ишончимиз комил. Ҳа, ўйинимизни янада кучайтиришимиз лозимлигини биламиз, шунинг боробарида йўналишимиз тўғрилигига шубҳа йўқ. Қолаверса, мавсум энди бошланди.
- Шахсан ўз ҳаракатларингиздан қониқяпсизми?
- Мавсумнинг старт босқичидаги ўйинларимдан хурсандман. Бироқ юқорида айтдим, барчаси энди бошланди ва олдимизда узоқ йўл бор. Шундай экан, ҳозирги шаштни пасайтирмай, кучли руҳда давом этишим шарт.
- Доимо муҳим ўйинларда фаол ҳаракатланасиз. Ўзингизни «Барса»нинг асосий футболчиси сифатида ҳис қиласизми?
- Бу масалада нимани ҳис этишим унча муҳим эмас. Асосийси, барчамизда майдонга тушиш иштиёқи ўта баланд. Хусусан, мен ҳам мураббий ва жамоадошларим ҳар қандай ҳолатда майдонда наф бера олишимга ишонишларини хоҳлайман.
- Аслида алоҳида таништиришга муҳтож эмассиз...
- Ҳа, мени кўпчилик танийди, яқиндан билади. Шунингдек, ўйлайманки, ўйинларда доимо максимал даражада куч сарфлашни исташим, ўз олдимга энг юқори талабларни қўйишим ҳам ҳаммага маълум бўлса керак. Зеро, шундай муносабат ўлароқ, ҳар бир ўйинда таркибдан жой олишим мумкин.
- Жорий мавсум нисбатан кам ўйнаганингизга қарамай, 2та гол уришга улгурдингиз...
- Очиғи, бу борада нима дейишни ҳам билмайман. Фақат, ҳаммаси шундай давом этишини хоҳлайман. Ўз-ўзидан тушунарли, рақиб дарвозасини нишонга олганча жамоага ёрдам бериш - катта бахт. Лекин мен аввало, яхши, яъни талаб даражасида тўп сурганимни ҳис қилишим керак. Мана, «Барселона» тобора тараққиётга юз тутмоқда ва шундай клубнинг бир бўлагига айланиш - асосий мақсадим. Хуллас, йилдан-йилга жамоа учун янада қадрдонроқ бўлишни хоҳлайман. Каталонияда 3-мавсумни ўтказяпман ва буёғига бор маҳоратимни намойиш этишим керак.
- Жамоа таркиби тобора кучаймоқда. Табиийки, барча футболчилар имкон қадар кўпроқ ўйнашни хоҳлашади. Рақобат масаласида қандайдир босим йўқ эмасми?
- Йўқ, ҳарқалай, босим даражаси ошганини тасдиқлай олмайман. Биз «Барселона» таркибидамиз - ўйлайманки, бошқа гап ортиқча, яъни ҳаммаси изоҳсиз ҳам тушунарли. Шахсий фикримча, босим ҳар бир инсоннинг ўзидан келиб чиқади. Агар сен ўз салоҳиятингга ишонсанг ва «Кўринглар, мен яхши ишлаяпман ва фақат ўйнашни истайман», дея олсанг, қандайдир муаммога ўрин қолмайди. Хуллас, профессионалликка ёндашувим оддий: футболчи аввало, ҳар куни машғулотларга зўр бериши ва шу орқали майдонга тушишга муносиб эканлигини исботлаши зарур.
- «Барселона»даги дебют мавсумингизда жамоа «требл» қайд этди. Иккинчисида эса, фақат сўнгги паллаларда шундай имкониятни қўлдан бой бердинглар. Ўзи нима бўлди?
- Футболда баъзан шундай воқеликлар кузатиладики, уларга қандайдир изоҳ бериш мушкул. Хусусан, «Барселона» натижалари хусусида ҳам «Қаранглар, биз шу жойда адашдик, фалон жиҳат бўйича оқсадик», дейин ноўрин. Демоқчиманки, кўплаб майда жиҳатлар борки, улар гоҳида жамоа фойдасига, баъзан эса зарарига ишлаши мумкин. Афсуски, 15 кун оралиғида ҳаддан ортиқ йўқотишларга дуч келдик, гарчи яхшироқ якунга муносиб кўринган бўлсакда. Футболда, умуман, ҳаётда ҳар бир омадсизликдан тегишли хулоса чиқариш, сабоқ олиш муҳим. Шу маънода айтсам, биз ҳам ўша муваффақиятсизликдан аввалги ажойиб ойлар учун бир-биримизга миннатдорчилик билдиришимиз керак. Ҳа, ЧЛда курашни давом эттириш ниятида эдик, бироқ насиб қилмаган экан, бунинг уддасидан чиқолмадик. Боз устига, мавсум якунида совринлар ҳисоби бўйича «дубль» қайд этиш ҳам ёмон эмас, балки яхшидир.
- Демоқчисизки, ҳар йили ЧЛда ғалаба қозониш ёки «требл»га эришиш имконсиз иш. Шундайми?
- Бошқа жамоаларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим мумкинки, агарда бунга қодир клуб бўлса ҳам, у «Барселона»дир. Биз айнан шундай мақсад билан яшаяпмиз ва клубимиз мисолида кетма-кет ғалаба қозониш бажаралмас миссия эмаслигини исботлашга салоҳиятимиз етади, деб ўйлайман. Барча йигитлар катта кўламда иш бажармоқдалар. Зеро, мақсадимиз - мудом зафар қучиш. Зафар қучганда ҳам, барчасини ишонарли даражада бажариб, қандайдир шубҳага асос қолдирмаслигимиз керак.
- Кучли рақобат шахсан сизга ўйин бобида пасайишдан ҳимояланиш учун ёрдам берадими?
- Шундан умидворман. Клуб доимий ҳаракатда, чунончи, ҳар бир йўналишда янада кучлироқ бўлишни истайди. Бундай ҳолатда футболчилар ҳам ўз устиларида тинмай ишлашлари табиий. Умуман олганда, биз кўп гапиришни ёқтирмаймиз, аксинча, ўз зиммамиздаги ишни иложи борича сифатли бажаришга ҳаракат қиламиз. Бунинг самараси футбол майдонида кўринади. Фанатлар ўйинларимизни кузатиб, бахтиёрликни сезишса, бас.
- Хўш, «Барса» ниманинг ҳисобига янада кучайиши мумкин?
- Машғулотлар жараёнида энг майда жиҳатлар устида ҳам иш олиб боряпмиз. Мисол учун, жамоамиз дарвозаси ишғол этилган вазиятни қайта-қайта кўриб чиқамиз. Тўғрироғи, голдан олдинги ҳолатни: рақиб ҳужумни қандай бошлади, қандай ривожлантирди ва ҳоказо... Шу тахлит барчасини муҳокама қилиб, ҳаракатларни амалда синаб кўрамиз. Балки кўпчиликка эриш туюлар, лекин ҳақиқат шуки, жамоамиз бу орқали ҳам кучаяди. Биламизки, футболда жамоавий ҳаракат ва фикрлаш ҳаммасидан муҳимроқ саналади.
- «Барселона» Месси билан ва усиз: икки ҳолатдаги ўйинларда фарқ сезиляптими?
- Жуда (кулади). Тушунарлики, Лео ўта муҳим ижрочи, лекин биз унингсиз ўйнашни ҳам қойиллатишимиз зарур.
- Жамоангизнинг асосий рақиблари сифатида қайси клубларни тилга оласиз?
- Англия жамоаларида иштиёқ катта, «Бавария»да ҳам доимгидек шундай. Яна «Севилья» бор. Умуман олганда, ҳар бир рақибга жиддий ёндашишимиз керак, ахир дейлик, ЧЛда финалга чиқишни мақсад қилганмиз.
- Ўзи сизга қайси турнир кўпроқ ёқади - Испания чемпионатими ёки Чемпионлар Лигаси?
- Буларни қўя туринг, ҳаттоки, ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиш ҳам жону-дилим.
- Унда футболдаги энг маъқул ҳолатни айтарсиз...
- Ҳаммаси. Майсалар ҳиди, жамоадошлар, ғалабалар...
Манба: Football.ua,
Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади
Киритилган сана: 27.03.2017
Киритилган сана: 14.03.2017
Киритилган сана: 25.01.2017
Киритилган сана: 29.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 11.10.2016