Франция термаси ЖЧ-2018 саралаш босқичи стартида очко йўқотгач (Беларусда дуранг ўйнаганди), охирги Европа чемпионати финалчиси эканлигини эслаб қолди, чоғи, 2-3- турларда болгарлар ва голландлардан устун келиб, чиндан ҳам, янги даврга қадам ташлаётганини исботлашга тушди. Soccer.ru сайти эса бундан ўзгача илҳомланиб, ҳозирги «учранглилар» ва Евро-2000 вақтидаги жамоани ўзаро таққослаб кўрди. Чунончи, терма жамоа бош мураббийи Дидье Дешам шу икки даврни боғлаб турибди. Ўйлаймизки, бундай солиштирма таҳлил кўпчиликни қизиқтиради. Хўш, Поль Погба ва Антуан Гризманн ўша афсона мисоли Зайниддин Зидан ва Тьерри Анрига қандай бас келишади? Умуман, Дешам жамоаси катта ғалабалар сари интиляпти. Ҳарқалай, ҳозирги терма олдида муайян чўққи бор - яқин ўтмишдаги натижалар. Кўпчилик Роже Лемер қўл остида ўйнаган ўша таркибни кучлироқ санайди. Чунки французлар 2000 йили қитъа чемпиони бўлишганди. Қизиқ, айни таркибнинг ҳам устун жиҳатлари борми?
ДАРВОЗАБОНЛАР
ФАБЬЕН БАРТЕЗ - УГО ЛЬОРИС - 4-6
Бундай баҳолашга қарши чиқувчилар топилиши тайин. Ахир Бартез ноёб голкипер эди - кулгули хатолар ва қойилмақом «сейв»лар устаси. Фабьеннинг ўзи унинг учун узоқ масофадан берилган зарбани бартараф этишдан кўра, тўғри ва куч билан йўлланган тўпни тўсиш осонроқ эканини кўп марта тан олган. Бироқ мсье Бартез қанчалик жасорат кўрсатган бўлмасин, дарвозанинг амалдаги қўриқчиси Льорис яхшироқ, барибир. Гап миллий жамоа либосини деярли 80 марта кийган, шунинг баробарида кўпинча сардорлик қилган техникаси мукаммал кипер ҳақида кетяпти. Оддий айтганда, Уго - беназир посбон.
ҲИМОЯЧИЛАР
ЛИЛИАН ТЮРАМ - БАКАРИ САНЬЯ - 7-3
Басавлат Лилиан амаки Евро-2000да турнир рамзий терма жамоасидан жой олганди - ҳақли равишда. Қизиқарли битта фактга эътибор беринг: Тюрам Франция миллий жамоаси сафида нақ 142та ўйин ўтказиб, 2тагина гол урган. Уларнинг ҳар иккиси ЖЧ-98 ярим финалида Хорватия термасига «тортиқ» этилган. Лилиан Евро-2000 финалида ҳам муносиб кўринди ва қитъа чемпиони бўлди. Муҳими, у ўз ўйинлари билан ажойиб жамоа - «Парма»ни ёдга солди. Ҳа, итальян клуби вақтида Тюрам ёрдамида кўплаб грандларга жиддий рақобат тақдим эта оларди. Бакарига келсак, у ҳам чакки эмас, аммо бу «дуэл»да мағлубиятни тан олишга мажбур.
МАРСЕЛЬ ДЕСАЙИ - ЛОРАН КОСЬЕЛЬНИ - 6-4
Марсель - афсонавий футболчи, у буни турли лигалар ва гранд клубларда тўлиқ исботлаган. Хусусан, «Марсель» билан ЧЛ ғолибига айланган. Шундан бир неча йил ўтиб, Евро-2000 финалида майдонга тушиб, гарчи Францеско Тоттининг гол уришига қаршилик қилолмаган бўлсада, зиммасидаги ишни сифатли бажарган. Косьельнида ҳам ҳозир маълум даражада устун томонлари бор. Дейлик, «Лондон дербиси»да Десайининг собиқ клуби - «Челси»даги Диего Костани техник маҳорати эвазига ажойиб ҳолатда тўхтатиб қўйди. Бироқ минг қилса-да, афсонага етолмайди, барибир.
ЛОРАН БЛАН - РАФАЭЛЬ ВАРАН - 6-4
Блан Евро-2000га «Интер» вакили сифатида борганди. Бунгача эса «Барселона»да ўйнашга ва «Манчестер Юнайтед» тузини ичишга улгурганди. Варан ҳам «қизил иблис»га айланиши мумкин эди, бироқ у «Реал»ни маъқул кўрди. Дешам айнан шу ёш ҳимоячига таяниб, уни Косьельнига муносиб шерик ўрнида биляпти. Тўғри, Варан Евро-2016ни ўтказиб юборди ва Самуэль Юмтити асосий таркибга яқинлашди. Умуман, нима бўлган тақдирда ҳам, Блан юқорида - бунга шубҳа йўқ. Зеро, у Европа чемпионатида шундай ёрқин ўйнагандики, якунда турнирнинг рамзий жамоасига киритилган. Ваҳоланки, рақобатчилари жуда жиддий эдилар. Ҳа, Варан «Реал»да Серхио Рамос ва Пепедан қолишаётгани йўқ, лекин Блан даражасига чиқишига ҳали анча бор.
БИКСАНТ ЛИЗАРАЗЮ - ЛАЙВЕН КУРЗАВА - 7-3
Агар бу жойда Патрис Эвра бўлганидами, «Бавария» ва «МЮ»нинг икки буюк совриндор вакилини ўзаро таққослаш анча мушкулот туғдирарди. Бироқ ҳозирда ҳимоянинг чап қанотида Курзава яхши имкониятга эга. Албатта, Лайвен бинойидек ҳаракатланувчи футболчи, аммо бетакрор Лизаразюдек афсона эмас. Биксант катта футболда улкан масофани шараф билан босиб ўтган - кўп йиллар «Бордо» учун ўйнаган, кейин «Атлетик» орқали «Бавария» сафига қўшилиб, Мюнхенда етарлича совринлар ютган. Шунинг баробарида миллий жамоада доимо мисли кўрилмаган ҳажмда иш бажарган. Хуллас, у ўз даврининг ёрқин тимсоли эди.
ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР
ДИДЬЕ ДЕШАМ - БЛЕЗ МАТЮИДИ - 6-4
Дешам бетакрор етакчи ва сардор бўлган. Тушунарлики, Дидьени Н~Голо Канте, Патрик Виейрани эса Матюиди билан таққослаш ҳам мумкин, бироқ натижа ўзгармайди, барибир. Ўша афсоналар анча кучли ўйнашганини ҳамма билади. Тўғри, ҳозирги жамоанинг ҳар икки ярим ҳимоячиси ҳам ўз позицияси бўйича жаҳоннинг энг яхши футболчилари саналади. Лекин, Матюиди ҳам, Канте ҳам қайсидир маънода унча қадрланмаётгандек. Дешам эса терма жамоа ва клубда бирдек муҳим ижрочи эди. Умуман, Дидье 2000 йили гарчи фахрийлик мақомини олишга улгурган бўлсада, қитъа чемпионатида аъло даражада тўп сурганди.
ПАТРИК ВИЕЙРА - Н~ГОЛО КАНТЕ - 6-4
«Арсенал»нинг марказий ярим ҳимоячиси «Челси»да таянч ҳудудга жавоб бераётган футболчига қарши - ажойиб «дуэль». Бунда Патрикнинг бой тажрибасига асосан, унга баландроқ баҳо бериш мумкин. Чунончи, Виейра Евро-2000 арафасида «Арсенал» етакчиларидан бири эди. Қолаверса, АПЛда илк совринини ютишга улгурганди. Канте ҳам Англия чемпиони ва янги марралар сари дадил одимламоқда. Н~Голо «Лестер»даги ўйинлари орқали ақл бовар қилмас куч ва ирода эгаси эканлигини исботлади. Бир қарашда, уни ҳаттоки, Клод Макелеле билан ҳам бемалол таққослаш мумкин. Бироқ факт шуки, Канте айни ҳолатда Клодга ҳам, Патрикка ҳам тенглашолмайди.
ЮРИЙ ЖОРКАЕФФ - ДИМИТРИ ПАЙЕ - 5-5
Техник салоҳияти мукаммал икки футболчи. Ҳа, улар бошқа-бошқа позиция вакиллари, аммо умумий ҳаракатлари анча ўхшаш. Генрих Мхитарян саҳнага чиққунга қадар энг кучли арман футболчиси ҳисобланган Юрий «Кайзерслаутерн»да муносиб ўйнаган ва Евро-2000га жаҳон чемпиони сифатида борганди. Муҳими, кучли рақобатга қарамай, асосий таркибдан жой олишни уддалаган. Пайе ҳам айни пайт «қирол» мақомида, бироқ қайсидир грандда эмас, балки «Вест Хэм»да. Димитрининг «болғачилар» ўйинида бош ролга эгалиги барчага маълум, лекин Жоркаефф ҳам вақтида кўп нарсаларни исботлаган.
ЗАЙНИДДИН ЗИДАН - ПОЛЬ ПОГБА - 7-3
Ўз замонасининг буюк ва қудратли футболчиси АПЛга қайтиши билан муаммоларга учраётган йигитчага ютқазиши мумкинми? Асло! Қолаверса, Поль дейлик, Андреа Пирло, Артуро Видаль, Клаудио Маркизио ва Пауло Дибала каби ижрочиларнинг қўллаб-қувватлашларисиз бунчалик шов-шов кўтаролмасди. Агар Франция термаси мисолида гапирсак ҳам, Погба ҳали анча орқада. Ахир Зизу Евро-2000да чинакам етакчи эди, жаҳоннинг энг қимматбаҳо ўйинчиси эса атиги шунга интиляпти.
ТЬЕРРИ АНРИ - АНТУАН ГРИЗМАНН - 5-5
Ўзаро таққослаш учун қизиқарли жуфтлик. Чунончи, Тьерри терма жамоада чап қанотга «оғишган» ҳолда ўйнаган бўлсада, мудом ҳужумларга мантиқий нуқта қўйишга уринарди. Бугунги кунда Антуан худди шундай ҳаракатланмоқда. Бироқ Гризманнга нисбатан ҳурматни сақлаб, шуни айтиш керакки, Тьерри Анри алоҳида ўрин тутувчи футболчи эди. Бошқа тарафдан, муайян икки давр юлдузлари ҳақида гап бораётганини унутмаслик лозим. Тьерри АПЛда 2000 йилдан кейин ёрқин нур сочганди. Ҳарқалай, қитъа биринчилигига борган пайти ҳисобида Англия лигасида урилган 17тагина гол бор эди. Гризманн эса примерода кетма-кет икки мавсум 22тадан аниқ зарба йўллади ва ҳаттоки, «Олтин тўп»га даъво қилмоқда.
ҲУЖУМЧИЛАР
КРИСТОФ ДЮГАРРИ - КЕВИН ГАМЕЙРО - 4-6
Ўша Франция термасига финалда Давид Трезегенинг маҳорати қўл келганди. Жамоа «заявка»сида Николя Анелька ҳам бор эди, бироқ Роже Лемер бутун турнир давомида ҳужум масаласида идеал ечим қидирган. Мисол учун, итальянларга қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда Дюгаррига ишонч билдирганди. Кристофнинг вақтида «Барселона»да ўзини кўрсатолмай, «Марсел»дан қўним топганини эслатиш жоиз. Гамейро эса каталонияликлар захираси ва «Атлетико» асосий таркибидан иккинчисини танлади. Бироқ терма жамоада у ҳам кучли «рақобат» «қозонида қайнамоқда»: Оливье Жиру ва аламзада Карим Бенземадан устун эканлигини исботлаши зарур. Якуний хулоса чиқарсак, Кевин бироз кучлироқ, ахир унда самарадорлик нисбатан баланд, гарчи Дюгарридан фарқли ўлароқ, жаҳон чемпиони саналмасада.
БОШ МУРАББИЙЛАР
РОЖЕ ЛЕМЕР - ДИДЬЕ ДЕШАМ - 4-6
Мутахассисларга баҳо бериш осон эмас. Зеро, ҳар иккиси жамоа билан Европа чемпионати финалига чиқиб, «овертайм»ни ҳаяжон билан кузатди, фақат, Рожега омад кулиб боққан. Дидье шунингдек, «Монако»ни ЧЛ финалига олиб чиқиб, Жозе Моуриньо «Порту»сидан енгилди. Унинг Россия мундиалига катта умид боғлаётганига шубҳа йўқ. Мутахассисларнинг умумий маҳоратларини ўзаро солиштирсак, Роже Лемер ўртамиёна клуб мураббийидек кўринади. Терма жамоа миқёсида эса бош мураббийнинг муносиб ёрдамчиси мақомига тортади. Шундай экан, бу рақобатда Дешам устун. Ахир гап ўз салоҳияти ва билимига ишонувчи моҳир йўлбошчи ҳақида кетяпти.
УМУМИЙ МАНЗАРА
ФРАНЦИЯ-2000 - ФРАНЦИЯ-2016 - 67-53
Хуллас, бу «жанг»да аввалига жаҳон, кейин Европа чемпионатида ғалаба қозонган таркибнинг қўли баланд келди. Лекин алоҳида қайд этиш ўринли, ҳозирги Франция терма жамоасининг кадрлар масаласидаги ишлари жойида. Ҳар ҳолда, амалдаги футболчилар Зидан ва унинг дўстлари олдида жуда «хира» эмаслар. Мисол учун, Роже Лемер жамоасида грандлар сафида ўйнамаган футболчилар ҳам ўрин олишганди. Қолаверса, ўша таркибда фахрийлар кўпчиликни ташкил этишарди. Бу нимани англатади? Шуники, Гризманн, Погба, Пайе ва Льорис каби футболчилардан тузилган ҳозирги жамоа учун Евро-2016 энг юқори чўққи ҳисобланмаса керак. Бошқача айтсак, Дешам жамоаси навбатдаги мундиалда бор салоҳиятини намойиш этиш имкониятига эга. Шубҳа йўқ, Францияда сайёрамиздаги энг зўр миллий жамоалардан бири бор ва унга катта эътибор билан қарасак арзийди.
Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади
Киритилган сана: 27.03.2017
Киритилган сана: 14.03.2017
Киритилган сана: 25.01.2017
Киритилган сана: 29.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 11.10.2016