«ЛЕЙПЦИГ» БИЛАН 3та ЛИГА ДОВОНИДАН ЎТГАН ЧИНАКАМ САРДОР ТАРИХИ. Футбол туфайли теннисдан воз кечган, бундеслигага таниши ортидан қадам қўйган ва камтарин «Лейпциг» билан тўртинчи лигадан элитага кўтарилган йигит кимлигини биласизми? Айни пайт бутун евромавсумнинг бош «сенсация»чиси бўлиб турган «РБ Лейпциг» сардори Доминик Кайзер ўз орзулари томон шундай йўл босган ўйинчидир. Эҳтимолки, дебютант жамоанинг иштиёқию, кучи финишга қадар «Бавария» билан тенгма-тенг олишишга етмас. Лекин савол туғилади: «Лейпциг»нинг ҳозирги юксалиши нималарга боғлиқ? Ҳамма гап Red Bull концерни томонидан дебютантга ажратилаётган мисли кўрилмаган молиявий таъминотдами ёки Ральфлар дуэти - Рангник ва Хазенхюттль татбиқ этган тактик ишланмаларда? «Қизил буқалар» маш-ғулотлар базасидан олинган бир-икки видеолавҳанинг ўзи жамоа яна ниманинг ҳисобига еттинчи осмон - атмосферага қараб учаётганини тушуниш учун етарли бўлади. Машғулотлар жараёнида табассум, кулгу, ҳазил-мутойиба, хушчақчақлик... Қолаверса, жамоа захира ўриндиғи вакиллари томонидан умуман эътироз йўқ. Ҳа, «Лейпциг» ягона мақсад йўлида бирлашган футболчилар жамоасидек кўринмоқда - ҳамжиҳат ҳаракатлар ҳар бир ўйин давомида кўзга ташланяпти. Демакки, клубнинг ҳозирги натижалари замирида шу якдиллик ўрни ҳам катта.
«Лейпциг»даги муҳитга мураббийлар штаби қатори жамоа сардори Доминик Кайзер ҳам масъул. Бундеслиганинг асосий кашфиёти ҳақида олинган видеороликлардан бирида Кайзер ўз видеокамерасини қўлида кўтарганча стадион бўйлаб сайр қилади. У йўл-йўлакай барча билан ҳазиллашади. Дейлик, майдон марказида бирга ҳаракатланувчи шериги - Диего Деммени бўйи пастлиги туфайли енгил калака қилади, гарчи ўзи новча бўлмасада. Табиийки, «Лейпциг» сардори зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бор. Мисол учун, жамоа овқатланадиган кафе бош ошпази Томас Линке билан бир ҳафталик таомномани кўриб чиқади, зарур таклифларни киритади. Хуллас, у бундеслигадаги энг ўзгача сардордир, лекин гап фақат мажбуриятларида ҳам эмас.
Мана, «Хоффенхайм»нинг собиқ менежери Эрнст Таннер (Кайзер профессионал фаолиятини айнан шу жамоада бошлаган) Доминикнинг катта футбол даражасига кўтарилганидан ҳайратда: «Скаутлар бутун Европа бўйлаб 14-15 ёшли йигитларни кузатишаётганини назарда тутиб айтсам, Кайзернинг тарихи - чинакам афсона». Гап шундаки, Доминик 14-15 ёшида футбол ҳақида ҳаттоки, ўйламаган ҳам. Зеро, вақтида ҳаваскорлар лигасида ўйнаган отаси - Аугустнинг истагига кўра, теннис тўгарагига ёзилади. Боз устига, бу спорт турида яхшигина натижаларга ҳам эришади. Мисол учун, Германия вице-чемпиони бўлади, бир қатор халқаро турнирларда иштирок этади. Футболга келсак, фақат дўстлари ва ҳаваскорлар клуби - «Норманния» (Швебиш-Гмюнд)да тўп сурувчи акаси Штеффен даврасида тўп тепиш билан чекланади. Бир сафар 12 ёшли Кайзерни «Штутгарт» академияси синовидан ўтишга чорлашади. Мураббийлар бўйи пастлигига қарамай, йигитчани қабул қилишга тайёр эдилар: «Теннис ва мактабни ташла, бизга кел». Аммо Кайзер таклифдан бош тортади - имтиҳонлар ва ракеткага меҳри устунлик қилганди. Доминик кейинчалик футбол билан ҳам оз-моз шуғуллана бошлайди. 17 ёшга тўлгач эса, Баден-Вюртемберг теннис федерацияси Кайзер олдига шарт қўяди: «Сени молиявий томондан рағбатлантирамиз, қачонки, футболдан батамом воз кечсанг». Қайсар йигит таклифни нафақат рад этади, балки теннисни бутунлай йиғиштириб қўя қолади. «Биринчидан, футбол ўйнаб, кўпроқ роҳатланардим. Иккинчидан, бу спорт турида юқорига кўтарилиш имкониятлари кенгроқдек туюлди. Хусусан, ўсмирлик чоғи мен билан бирга ўйнаган кўплаб йигитларнинг тез ўсишганига эътибор қаратдим. Теннисда эса шуҳрат чўққиси анча тор ва унга кўтарилиш ҳам ақл бовар қилмас даражада қийин»,-дея изоҳлайди Доминик ҳаётини буткул ўзгартириб юборган шахсий қарорини.
Доминик Кайзер шу тариқа Баден-Вюртемберг оберлигаси (немис футболининг бешинчи дивизиони)да «Норманния» шарафини ҳимоя қила бошлайди. У «Штутгарт»нинг бўлажак бош мураббийи Александр Цорнигер қўл остида шуғулланиш баробарида Гейдельберг университетида таҳсил олиб, математика ва ўқитувчилик ишини ўрганади. Хуллас, футболга ҳамон юзаки қарар, теннисни эса Швебиш-Гмюнд клубида танишган қизи туфайлигина бир-бир эслаб турарди. Ўша қиз - Юлиана кейинчалик тарих фани муаллимаси бўлгач, тез-тез Штутгартга, Доминик ёнига қатнашни одат қилди, уни Лейпцигга ҳам қидириб келди ва бутунлай футболчи билан қолди.
Доминикнинг футбол орзусини акаси - Штеффен қутқариб қолади. У бутсаларини михга илиб, врач сифатида иш бошлаган, аммо Маркус Гисдоль билан алоқаларни узмаганди. Бу мураббий эса «Гайслинген» клубидаги фаолиятидан сўнг ҳаваскорлар лигасидан тўғри «Хоффенхайм»нинг иккинчи жамоасига «сакраганди». Хуллас, Штеффен бир сафар собиқ устозига жамоа излаб юрган укаси ҳақида оғиз очади. «Эрнст Таннер ўша вақт мен ҳақимда ҳеч нарса билмасди ва қачондир ўйинимни кўриш учун Швебиш-Гмюндга борганига ҳам ишонмайман»,-кулиб хотирлайди Доминик. Тушунарлики, Гисдоль ҳам уни билмасди, бироқ синов машғулотига таклиф этади ва йигитнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилади. Кайзер бу вақтда, яъни «Норманния»дан кетгач, аниқ мақсадли эмас, балки шунчаки, ўзи таҳсил олаётган университетга яқин жойдан жамоа қидираётганди. «Хоффенхайм»нинг Крайхгаудаги базаси эса узоқ эмасди. «Хоффенхайм» ёшлар жамоасида кўп нарсаларни ўргандим, муҳими, Маркус бошқалардан сира кам эмаслигимни англашимга ёрдам берди»,-дейди Кайзер. Қисқаси, Гисдолнинг саъй-ҳаракатлари самара бериб, Доминикда ўз кучига ишонч ҳисси ошади. Натижада бунга меҳнатсеварлиги ва иқтидори қўшилиб, ўзи кутмаган ҳолда, бундеслигада пайдо бўлади. Аниқроқ айтсак, Хольгер Станиславски мавсум-2010|2011нинг охирги турида қаҳрамонимизга 6 дақиқача ўйнаш имкониятини тақдим этади. Кейинги чемпионатда эса нақ 9 марта майдонга туширади. 2012 йилнинг бошида бахтиёрликдан ҳаттоки, захира ўриндиғида «михланиш»га ҳам тайёр турган Кайзер «Хоффенхайм» билан шартномасини 2 мавсумга узайтиради. Шундан атиги 14 кун ўтиб, клуб бошқаруви Маркус Баббелга топширилади ва у дарҳол Доминикка бор гапни рўй-рост айтади: «Сен менга керак эмассан». Ваҳоланки, футболчи шартнома муддатини узайтиргач, Вальдорфдан ижара асосида алоҳида уй олганди. Бироқ нарсаларини жойлаштиришга ҳам улгурмайди...
Бундеслига клубида ортиқчалик қилган Кайзер мутлақо кутилмаган йўналиш бўйича ҳаракатланиб, бирданига тўртинчи лигага «қулади». «Лейпциг» ўша пайтдаёқ антиқа ишлари билан бутун Германияни ҳайратга солаётганди. Бироқ Доминикнинг қарорида пул асосий ролни ўйнамагани аниқ. Гап шундаки, унга шахсан Ральф Рангник қўнғироқ қилганди. Кайзер «Хоффенхайм»нинг иккинчи жамоасига ўтган вақтда асосий таркибни айнан шу мураббий шуғуллантирарди. Шунингдек, «Норманния»даги фаолиятидан таниш бўлган Александр Цорнигер ҳам уни таклифни қабул қилишга ундайди. Натижада Доминик шунчалик қизиқиб қоладики, математика бўйича таҳсилнинг олтинчи семестрига келганига қарамай, собиқ мураббийлари ёнига шошилади. Айтганча, Цорнигер жорий йил июнидан Даниянинг «Брондбю»сида муваффақиятли иш юритяпти, лекин Кайзер билан ҳамон доимий алоқада ва у ҳақда тўлқинланиб гапиради: «Лейпциг»нинг ҳар бир футболчиси ўз «қуроли», яъни табиат инъом этган усулига эга. Ҳамма, фақат Кайзер эмас. Зеро, у «Лейпциг» билан бирга ривожланди ва бутун Германиянинг жамоага нисбатан нафратини ўз жисмида синаб кўрди. Доминикнинг қуроли - бу жамоада босиб ўтган йўли».
Ҳа, Кайзер «Лейпциг» билан ҳамнафас бўлиб, мамлакат нафратини енгиб ўтди. У барчасини кўрди: фанатларнинг «Ким футболни севса, Red Bull қўшиғини куйламайди!» қабилидаги баннерларини ҳам, душман-мухлисларнинг машғулотлар майдонини бузишга уринишганию, саноғи йўқ ҳақоратлар ва трибунадан улоқтирилган буқа бошини ҳам. У барчасини Берлиннинг «Унион» клуби иккинчи таркибига қарши ўйин билан бошлаганди, энди эса бундеслигада жавлон уряпти. Бу йўлда жумладан, «Унион» асосий таркибига қарши баҳсда Берлин стадионининг «қора девори» босимини ҳам енгиб ўтди. У шунинг баробарида турли позицияларда тўп суришга мослашди - тўртинчи лигада таянч ярим ҳимоячи вазифасини бажарган бўлса, учинчи дивизионда Цорнигер талаби билан олдинроқда ҳаракатланди ва фаолиятидаги энг яхши мавсумлардан бирини ўтказди. Яъни 13та гол уришдан ташқари, 14тасига ҳаммуаллифлик қилди. Муҳими, Доминик футболчи сифатида ўсди, аммо ташқи қиёфаси бўйича 17 ёшли ўсмирдек қолаверди. Футболчи бу масалада ҳазиллашиб, шундай дейди: «Биласизми, нега дискотекага боргим йўқ? Ҳар сафар кириш йўлагида мендан паспортимни кўрсатишни сўраб, жонимга тегишади». «РБ Лейпциг»нинг бундеслигадаги илк голи айнан Кайзер ҳисобига ёзилганида ҳам рамзий маъно бордек. Тўғри, Доминик эндиликда асосий таркибда камроқ майдонга тушмоқда. Мисол учун, Леверкузендаги муҳим ўйинда атиги 2 дақиқача тўп сурди, яъни мураббий ижобий ҳисобни сақлаб қолиш мақсадида унинг воситасида майдон марказини кучайтирди. Қолаверса, «Лейпциг»да рақобат ошди ва сардор энди Забитцер ёки Наби Кейта (иккиси ҳам «РБ» сафига ёзда қўшилди - «Зальцбург»дан)га йўл бериб, ўзи захира ўриндиғига ўрнашмоқда. Лекин у бундан хавотирга тушаётгани йўқ: «Мен барибир, асосий таркибга қайтаман». Захирада ҳеч қандай кўз ёши тўкиш йўқ - ахир Кайзер жамоанинг ички муҳити учун ишлаши керак.
Доминик Кайзернинг кундалик ҳаёти ҳам яхши - 7 йилдан буён Юлиана билан тотув-иноқ яшамоқда, 6 йил бўлдики, эскигина «Хюндай»дан фойдаланмоқда. У шунингдек, университетдаги ўқишини тиклаш ниятида, аммо неча йилки, қўлига теннис ракеткасини олмаяпти. Тўғри, жамоадошлари билан стол теннисида куч синашиши мумкин. Кайзер Вальдштеттенга, онаси ёнига тез-тез бориб туришни сира канда қилмайди. Меҳрибон волидаси уйнинг бир бурчагида унинг кубок ва сов-ринларини авайлаб сақламоқда. Хусусан, «РБ»нинг мавсумдаги энг яхши футболчиси сифатида олган соврини ҳам шу уй музейида. Айтганча, Кайзер ёзда Вальдштеттенга борганида, уни чинакам қаҳрамондек кутиб олишди. Шаҳар мэри Михаэль Рамбольд унинг шарафига алоҳида қабул уюштириб, зиёфат ҳам берди. Учрашувда футболчининг отиа-онаси ва Юлианга алоҳида ташаккур изҳор қилинди, Доминик эса йиғилганлар ҳамда «Лейпциг»нинг маҳаллий фан-клуби аъзоларига дастхат улашишдан бўшамади. Кайзер булар ҳиқида ҳаттоки, орзу ҳам қилолмасди, бироқ чумолидек меҳнаткашлиги билан барчасига бирин-кетин эришди. Кичик Кайзер болалигида «Бавария»га бефарқ қарамаган, аммо унинг таркибида ўйнашни ўйлашга ҳам қўрқган бўлса керак. Қарангки, энди «Лейпциг» билан шу даҳшатли жамоага тик қарамоқда. У декабрь охирида бўладиган ўзаро ўйинда Алонсо, Алькантара ва Мюллер кабилар олдида «йўқолиб» қолмаса керак. Бу иш акасининг алоқалари ёрдамида футбол фаолиятини сақлаб қолиб, тўртинчи лигадан бош кўтарган иродали йигит учун чўт эмасдир...
Манба: Championat.com,
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади
Киритилган сана: 27.03.2017
Киритилган сана: 14.03.2017
Киритилган сана: 25.01.2017
Киритилган сана: 29.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 11.10.2016