Қайднома

Қидирув

Паспорт «телефон»га айланганида…

25.01.2017 16:40
1948

Баъзида шундай ҳолатлар учрайдики, футболчи ва мураббийлар имкон қадар ўзларини ОАВдан олиб қочишади. Бунинг сабаблари турли-туман: кутилмаган мағлубият, тушкун кайфият, ёлғиз қолиш хоҳиши ва ҳоказо. Қизиғи шундаки, айрим уддабуролар журналистлар қуршовидан антиқа усуллар ёрдамида чиқиб кетишади. Қуйидаги мақола ана шундай қизиқарли вазиятлар ҳақида.

Томас Мюллер ва «телефон»

«Бавария»нинг таниқли ҳужумчиси Томас Мюллер жорий мавсум негадир аввалгидек кўп гол уролмаяпти. Аммо у ҳамон журналистлар учун асосий «нишон»лардан бири ҳисобланади. Серсавол мухбирлар Томасни шунчалик зериктиришганки, у имкон туғилиши билан атрофига йиғилиб оладиган ОАВ ходимларидан тезроқ қутулишни истайди ва бу йўлда ақлга сиғмайдиган турли баҳона-важларни ўйлаб топади. Мана, яқинда рўй берган воқеани олайлик: «Бавария»нинг Қатар пойтахти - Дохадаги машғулоти якунлангач, футболчи одатдагидек журналистлар гуруҳига дуч келди. Шунда у узоқ ўйлаб ўтирмай, қўлидаги бир матоҳни қулоғига тутиб, «Узр, менга қўнғироқ қилишяпти», деди-да, мухбирлардан қочиб кетди. Қарангки, футболчи шу «муҳим қўнғироқ» орасида жамоадошлари билан бемалол фикр алмашиб ҳам олди. Энг қизиғи, Томас қулоғига яқинлаштирган буюм аслида телефон эмас, футболчининг фуқаролик паспорти эди!

 

«Кечирасизлар - пирожка!»

Ушбу шов-шувли, аммо шунинг баробарида ўта ҳангомали воқеа 2012 йили юз берган. Ўшанда анча кучли ҳисобланган «Рубин» кутилмаганда, чемпионат аутсайдерларидан бири - «Амкар»га ютқазиб қўйганди. Лекин аламли мағлубият «Рубин» вакили Александр Рязанцев иштаҳасига асло салбий таъсир қилмайди. Аксинча, у журналистлар жойлашган микст-ҳудуддан бамайлихотир пирожка еганча ўтиб кетади. Табиийки, мухбирлар бунга ортиқча эътибор қаратмай, ярим ҳимоячидан ўйин ҳақидаги фикрларини сўрашади. Рязанцев эса уларга қисқа ва лўнда жавоб беради: «Кечирасизлар - пирожка». Сашанинг ўзи кейинроқ бу воқеани кулимсираб эсга олганди: «Очиғи, шу йўл билан уқтирмоқчи бўлдимки, ўша лаҳзада мен учун мухбирлар билан суҳбатлашишдан кўра, пирожка муҳимроқ эди». Айтганча, ЦСКАнинг ёш ҳужумчиси Фёдор Чалов ҳам бир сафар қўл телефонини қулоғига тутиб, микст-ҳудуддан югурганча ўтиб кетганди.

 

Ҳаммасига айбдор - ҳакам

Жозе Моуриньонинг ҳакамлар билан тез-тез жанжаллашиб туриши барчага яхши маълум. Буни қарангки, баъзида ҳакамлар қарори журналистларни муҳим интервьюдан ҳам маҳрум қилар экан. Масалан, «Беназир» «Реал»ни бошқарган кезлари жамоа «Вильярреал»га қарши ўйинда дуранг билан чекланади. Камига ўйин давомида Месут Озил ва Серхио Рамос қизил карточка олишганди. Албатта, Моуриньо бундай вақтда ғазаб ўтида ёнади. Хуллас, португалиялик мураббий ҳам ўзини тутолмагани сабаб, учрашув охирида «қизил» билан жазоланади. Натижа қониқарсиз, боз устига, 3та қизил карточка... Хуллас, Моуриньо финал ҳуштаги чалиниши билан шошилганича клуб автобусига чиқиб кетади. Яъни учрашувдан кейинги матбуот анжуманида «Реал»дан ҳеч ким қатнашмайди. Бироқ бу Жозе мухбирларни ҳурмат қилмаслигини англатмайди. Аксинча, португалиялик мутахассис ОАВ вакиллари билан ҳамиша қувноқ ва дўстона оҳангда гаплашади. Дейлик, у бир гал («Челси»ни бошқарган пайти) саратон хасталигини енгган журналист Рэгс Мартелга алоҳида илтифот кўрсатиб, уни ишга қайтгани билан табриклаганди.

 

«Лавесси - ҳимоямизда!»

Аргентина миллий жамоасининг Колумбия термасига қарши ўта муҳим ўйини арафасида Radio Mitrо мухбири Габриэль Анельо кутилмаган хабар тарқатди. Унинг айтишича, жамоа ҳужумчиси Эсекиэль Лавесси меҳмонхонада қорадори истеъмол қилган эмиш. Табиийки, бунинг ортидан катта шов-шув кўтарилди ва  Лавессининг ўзи журналистни судга беришини айтди. Терма жамоанинг бошқа вакиллари эса, Эсекиэлни ҳимояга олиб, матбуотчилар билан бошқа гаплашмасликларини эълон қилишди - ОАВга нисбатан «бойкот». Хусусан, Аргентина термаси етакчиси Лионель Месси алоҳида баёнот берди: «Барчамиз матбуот билан ортиқ мулоқот қилмаслик хусусида келишиб олдик. Чунки журналистлар ҳурматимизни жойига қўйишмаяпти. Албатта, бундай йўл тутаётганимиздан афсусдамиз, лекин бошқа иложимиз ҳам йўқ. Зеро, бировнинг шахсий ҳаёти ҳақида сафсата тарқатиш - ўта одобсизлик».

 

Ибрагимовичнинг саволи

Златан Ибрагимович журналистлар ва футбол ишқибозларини тез-тез кутилмаган иборалар билан ҳайратга солиб туришга одатланган. Лекин баъзида ноўрин берилган биргина савол швед голеадори кайфиятини тамомила бузиши ҳеч гап эмас. Дейлик, Златан «ПСЖ»да тўхтамай гол уриб юрган пайтлар  француз мухбирларидан бири ўзаро суҳбатни ғоят қалтис савол билан бошлашга жазм этади: «Айни кунда барча-барчани Эдинсон Кавани билан муносабатларингиз қизиқтирмоқда...». Журналист ўз гапини тугатмасидан олдин Златан унга ташланади: «Ҳамма шундай ўйлаяптими ёки фақат ўзингиз?» Хуллас, ноўрин савол туфайли изза тортган журналист оғзини очгунча Ибра ўз сўзини қайта-қайта такрорлайвериб, бечорани баттар хижолатга қўяди. Натижа шуки, ўша ношуд мухбир дарғазаб футболчидан қочиб қутулишдан ўзга чора тополмайди.

Манба: Bombardir.ru, Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz