Туманли Альбион деб аталувчи ўлканинг футбол бўйича мусобақалари жуда қизиқарли ва томошабоп ўтиши барчага яхши маълум. Энг муҳими, бу чемпионатда кутилмаган натижалар жуда кўп учрайди ва бунинг оқибатида, қайсидир ўйин натижаси учун арзимаган пул тикканларнинг бирдан бойиб кетиши эҳтимоли юқори. Тадқиқотларга кўра, Буюк Британияда ўртаҳол бир оила ҳар йили букмекерлик идораларига ўртача 166 фунтдан пул сарфлайди. Тўғри, омад ҳамиша келавермайди, аммо баъзида истиснолар ҳам рўй бериши аниқ. Қуйида шу ҳақда ҳикоя қилинади.
650 минг фунт
Лондонда яшовчи бир фуқаро миллион фунтнинг учдан икки қисмини ютиб олди. Қандай қилиб дейсизми? Гап шундаки, у кетма-кет саккиз ўйиндан иборат серияга пул тикиб, қайсидир клублар ўйиннинг сўнгги 20 дақиқасида ютқаза туриб, ҳисобни тенглаштириши ёки ғалаба қозонишини тахмин қилади. Маълум бўлишича, ўша инсон шунча тахмин учун атиги 100 фунт пул тиккан экан. Етти клуб қаҳрамонимизга етарлича омад келтирди, аммо ҳаммасидан ҳам «Лейтон»нинг натижаси зўр чиқди. Бу клуб «Ковентри»га қарши ўйиннинг 91-дақиқасида мағлубиятдан қутулиб қолиб, 6 542 коэффициентлик кўрсаткич билан қаҳрамонимизнинг пулини 650 мингга кўпайтириб берди.
585 минг фунт
Бу ғайриоддий ҳодиса шундай рўй берган: Англиядаги кичик бир қишлоқда яшовчи киши 19 ўйинлик серияга бор-йўғи 1 фунт пул тикади. У дуранг ўйнаётган жамоаларнинг бири сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетиши учун дов тикканди. Серия узоқ бўлгани учун букмекерлар коэффициентни дадиллик билан 683 738 кўрсаткичга етказишади. Шундай қилиб, ҳар бир ўйин омадли жанобга ютуқ келтираверади. Айниқса, сўнгги учрашув - 2011 йил ноябридаги «Челси» ва «Ливерпуль» клублари ўртасидаги баҳсда ўйин тугашига уч дақиқагина қолганида «қизиллар» ҳимоячиси Глен Жонсон лондонликлар дарвозасига ғалаба тўпини киритади ва қаҳрамонимизга ярим миллионлик ютуқни туҳфа қилади.
500 минг фунт
Илгарилари АПЛ клубларининг кетма-кет муваффақиятига ишонганлар аксарият ҳолларда «Манчестер Юнайтед» ғалабаси учун пул тикишарди. Лекин айтинг-чи, қандай қилиб 1 666 666 кўрсаткичли коэффицентда «МЮ»сиз ютиб олиш мумкин?! Лекин бу - бўлган воқеа. Боз устига, англиялик бир омадли футбол ишқибозига «қизил иблислар» эмас, «Бавария» катта довни туҳфа қилган. Мазкур ҳодисада ўша киши 15та воқеага атиги 30 пенс (!) пул тикади. Эҳтимоллик назарияси жуда паст бўлгани учун букмекерлар юқоридаги кўрсаткични белгилашганди. Аммо тақдирни қарангки, пул тиккан жаноб Англиянинг бешта, Шотландиянинг учта лигаси, регби ва крикет чемпионлари ким бўлишини олдиндан тўғри топа олади. Энг муҳими, Мюнхеннинг «Бавария»си ЧЛда ғолиб чиқиб, сўнгги имкониятда ҳам ўша мухлисга бахт келтиради. Қизиқ, ўта драматик руҳда ўтган, ҳатто пенальтилар сериясига мурожаат қилинган финалдан сўнг омадли кимсанинг ҳоли нима кечган экан?!
272 минг фунт
2011 йил англиялик яна бир омадли инсонга бахт келтиради. Чунончи, у 108 800 коэффициентли кўрсаткичга дов тикиб, катта ютуққа эга чиқади. Тахминлар орасида «Вулверхэмптон» ва «Блэкберн» каби аутсайдерларнинг ғалабаси, «Барселон»нинг кутилмаган мағлубияти бор эди. Лекин ҳал қилувчи паллада мухлиснинг жонига Фернандо Льоренте оро киради. Яъни у каталонияликларга қарши ўтган ўйиннинг сўнгги сонияларида «Атлетик»ни мағлубиятдан қутқариб қолади. Тўғри, мазкур дурангдан сўнг кейинги босқичга барибир, «Барса» йўл олади. Аммо Фернандонинг голи башоратчи мухлисга нақ 272 минг фунт даромад келтиради.
200 минг фунт
Ўтган мавсум АПЛ чемпиони бўлган «Лестер» дунё футболига ўзгача бир шукуҳ олиб келгани рост. Бироқ «тулкилар»нинг муваффақияти айни пайтда букмекерларнинг инқирозига сабаб бўлгани ҳам рост. Негаки улар мавсум бошида «тулкилар»нинг ғалабаси учун 5 000 га 1 кўринишида пул қабул қилишди ва оқибатда 20 миллион фунт йўқотишди. Яхшиямки, аксарият букмекерлар вақт ўтгани сари мухлисларнинг довларини қайта сотиб олиб, йирик инқироздан қутулиб қолишди. Аммо номи ошкор этилишини истамаган бир ишқибоз октябрь ойида «Лестер»нинг муваффақияти учун 100 фунт пул қўйиб, охиригача ўжарлик билан туриб олади. Тўғри, октябрда коэффицент 2000га 1 шаклига ўзгарганди. Лекин шу ҳам омад учун етарли бўлди.
170 минг фунт
Кембриджшир графлигининг 33 ёшли фуқароси букмекерлик идорасига кириб, таваккал билан бир фунтгина пулдан воз кечдию, эвазига 170 мингни қуртдек санаб олди. Энг қизиғи, ўша кимса дов тикиш орқали эндигина беш ойлик бўлган ўғилчасига ёрқин келажак яратишни истаган экан. Дарвоқе, бу одам катта ютуқли бўлганини шахсий сайтига кирганидан кейингина билибди. Бошқача айтганда, у бевосита ўзи пул тиккан ўйинларни кузатмай, асабларини анча-мунча ташвишдан қутқарган экан. Ким билади дейсиз, у футбол ўйинларини тўғридан-тўғри кузатганида, ҳозир касалхонада ётган бўлармиди?! Негаки, «Лейтон» энг сўнгги сонияларда унга керакли натижага эришганди-да!
116 минг фунт
Англияда истиқомат қилувчи 22 ёшли Жорж Вуд исмли йигит афтидан, келажакни кўра билиш хусусиятига эга. Акс ҳолда, у катта пул ютиб олишига бир ҳафта қолганида янги машина сотиб олмасди. Гап шундаки, Жорж 10 ўйиндан иборат серияга пул тикади. Тўққизинчи учрашувда «ПСЖ» ва «Марсель» клублари тўқнаш келишади ва йигитнинг ғалабага ишончи мустаҳкамланади. Орадан икки ҳафта ўтгач, «Манчестер Сити» «Борнмут»ни 5:1 ҳисобида енгиб, қандайдир сониялар ичида Жоржнинг молиявий шароитини кескин яхшилаб қўяди. Муваффақиятдан сўнг йигитча пулларини шахсий бизнесни кучайтиришга йўналтиришини, шунингдек, ўғилчасини Диснейлендга олиб бормоқчи эканини айтади. Нима ҳам дердик, пул ўзиники бўлганидан кейин, Вуд истаганини қилади-да!..
Манба: FootballHD.ru,
Ҳасанхон МАСАИДОВ тайёрлади
Киритилган сана: 27.03.2017
Киритилган сана: 14.03.2017
Киритилган сана: 25.01.2017
Киритилган сана: 29.11.2016
Киритилган сана: 03.11.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 18.10.2016
Киритилган сана: 11.10.2016