Қайднома

Қидирув

Энг қимматбаҳо терма

15.09.2016 10:55
341

Мана, навбатдаги трансферлар мавсуми ҳам хотима топди. Бу сафар амалга оширилган баъзи савдолар энг қимматбаҳо футболчилар рейтингини маълум даражада ўзгартирганини яхши биласиз. «Манчестер Юнайтед» франциялик Поль Погбани ортга қайтариш йўлида трансферлар рекордини янгилаган бўлса, «Ювентус» Гонсало Игуаинни сотиб олиш орқали рейтингга жиддий таъсир ўтказди. Soccer.ru сайти эса шу келишувлар ва ўзгаришлардан илҳом олиб, футбол тарихидаги энг қимматбаҳо рамзий терма жамоани шакллантирди. Кўрайликчи, кимлар ўз позициялари бўйича энг қимматбаҳо саналишади?

Дарвозабонлар

Жанлуижи Буффон  52,9 млн. евро

(«Парма»дан «Ювентус»га)

Давид де Хеанинг «Реал»га ўтиши яна амалга ошмади. Ваҳоланки, «Қироллик клуби» унинг учун ақлга сиғмас даражада кўп маблағ - 60 миллион евро таклиф этганди. Шу тариқа Буффон сайёрамизнинг энг қимматбаҳо голкипери мақомини ўзида сақлаб қолди. Умуман, буюк Жижини «тахт»дан туширадиган қўлқоп соҳиби ҳали-вери чиқмаса ҳам керак. Табиийки, «Ювентус» бундан 15 йил олдин Жанлуижи учун 50 миллион евродан кўпроқ тўлаганидан заррача афсусланмайди. Ахир бугунги кунда Буффон шунчаки, асосий кипер эмас, балки клубнинг тирик рамзи, шубҳасиз афсонаси, тенги йўқ етакчиси ва садоқат намунаси. У ҳаттоки, «В» сериясида ҳам «кекса синьора»га сидқидилдан хизмат қилди.

Захира: Мануэль Нойер - 30 млн. евро («Шальке»дан «Бавария»га).

Ҳимоячилар

Лилиан Тюрам  41,5 млн. евро

(«Парма»дан «Ювентус»га)

Аслида ўнг қанотда ўйнайдиган футболчиларга диққат билан қарасак, энг қимматбаҳоси - бу Дани Алвеш. «Барселона» унинг учун «Севилья»га 35,5 миллион евро тўлаганди. Бироқ ўзининг универсаллиги билан ажралиб турган Лилиан Тюрам ҳам борки, уни унутмаслик керак. Чунончи, Франция терма жамоасининг афсонавий ўнг қанот ҳимоячиси  «Ювентус»га 41,5 миллион евро эвазига ўтганди. Хуллас, у итальян клубининг янги аъзосидан бироз қимматроқ.

Захира: Дани Алвеш - 35,5 млн. евро («Севилья»дан «Барселона»га).

Давид Луиз  49,5 млн. евро

(«Челси»дан «ПСЖ»га)

Ушбу трансфер баҳоси худди Гонсало Игуаинники каби кўп муҳокама қилинганди. Зеро, Париж клуби 2 йил олдин шу орқали марказий ҳимоячилар учун жаҳон рекордини ўрнатганди. Давид Луиз шунинг баробарида нарх масаласида ватандоши ва амплуадоши Тьяго Сильвадан ўзиб кетиб, Бразилия футболи тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячига айланганди. Бироқ шуниси борки, бу футболчи «ПСЖ»нинг орқа чизиғида асосий ролга чиқолмади. 

Захира: Николас Отаменди - 44,6 млн. евро («Валенсия»дан «Манчестер Сити»га).

Рио Фердинанд  46 млн. евро

(«Лидс»дан «Манчестер Юнайтед»га)

Ўша вақт сэр Алекс Фергюсоннинг Рио учун 46та «лимон» бериш тўғрисидаги қарори ҳаммага ҳам мантиқий туюлмаганди. Ҳа, Фердинанд кучли ҳимоячи эди, бироқ ўз амплуадошлари орасида энг қимматбаҳоси бўлиши... Воқеаларнинг кейинги ривожидан келиб чиқиб, очиқ айтиш керак, Рио ўзи учун тўланган маблағни тўла оқлади. Ҳарқалай, ўша Давид Луиз ва Николас Отамендидан фарқли ўлароқ, жамоасида асосий оғирликни кўтарди. Бошқача айтсак, Эдвин ван дер Сар ва Неманья Видич билан ҳамкорликда «МЮ»нинг орқа бўғинини улкан ва ўтиб бўлмас тўсиққа айлантирди.

Захира: Тьяго Сильва - 42 млн. евро («Милан»дан «ПСЖ»га).

Люк Шоу  37,5 млн. евро

(«Саутгемптон»дан «МЮ»га)

«Манчестер Юнайтед» томонидан ушбу рамзий терма жамоага тақдим этилган англиялик иккинчи футболчи. Гарет Бэйлнинг ёшлигини эътиборга олмасак, футбол тарихидаги энг қимматбаҳо чап қанот ҳимоячиси айнан Шоудир. Яхши биласиз, «Реал» Гаретни ҳимоя учун сотиб олмаган. Эсингизда бўлса, мадридликлар вақтида Фабио Коэнтрауни шу йўсинда тарихдаги энг қимматбаҳо чап қанот хавбекига айлантиришганди. Люк Шоунинг рейтингда 1-ўринга кўтарилишида инглизларга хос маҳаллий иқтидорлар баҳосини ошириб юбориш одати муҳим роль ўйнаганини ҳам айтиш жоиз. Ҳарқалай, «Саутгемптон» бағридан чиққан футболчи 37,5 млн. еврога муносиб бўлиш учун ҳали анча тер тўкиши керак.

Захира: Фабио Коэнтрау - 30 млн. евро («Бенфика»дан «Реал»га).

Ярим ҳимоячилар

Хамес Родригес  75 млн. евро

(«Монако»дан «Реал»га)

Одатга кўра, плеймейкерлар ва ҳужумчиларга ақл бовар қилмас даражада кўп пул тўлашади. Демак, Хамеснинг рейтингдан жой олгани ортиқча савол келтириб чиқармаслиги керак. Тўғри, колумбиялик йигит майдонда бузувчи ролини бажармайди. Бироқ уни четга суриб, арзонроқ бошқа футболчини танлаш ҳам мантиққа зид. Ҳа, Арсен Венгер ёзги трансферлар чоғи Гранит Жака учун 45 миллион евро тўлаб, асосан тўпни олиб қўйиш билан шуғулланувчи футболчига энг кўп сарфлаган мураббий бўлди. Умуман олганда, Хамес ва унинг ҳозирги устози Зайниддин Зиданни ушбу рамзий жамоада Тони Кроос ва Лука Модрич бемалол алмаштиришлари мумкин.

Захира: Гранит Жака - 45 млн. евро («Боруссия»дан «Арсенал»га).

Зайниддин Зидан  73,5 млн. евро

(«Ювентус»дан «Реал»га)

Ҳозир шундай замонда яшаяпмизки, дейлик, Хамес Родригес ёки Гонсало Игуаин каби футболчилар хариди ҳам бетакрор Зайниддин Зиданнинг тарихий трансферидан қимматга тушади. Бироқ футбол клубларининг молиявий қудрати баланд экан, илож қанча? Моҳиятан олганда, «Реал» ҳам Зиданни сотиб олишда зиқналик қилган эмас. Ҳарқалай, Зизу шу трансфер сабаб, маълум муддат жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчиси ва ярим ҳимоячиси сифатида юрди. Таққослаш учун айтсак, «Лацио» айнан ўша вақт Гаиска Мендьета трансферини 48 миллион еврога сотиб олганди. Энди икки футболчининг келтирган самарасига қараб, ўзингиз хулоса чиқараверинг. Ҳа, Зидан айни пайт ўйнаганидами, унинг трансферини қанчага баҳолашарди - бир нарса дейиш қийин.

Захира: Луиш Фигу - 60 млн. евро («Барселона»дан «Реал»га).

Ҳужумкор ярим ҳимоячилар

Гарет Бэйл  101 млн. евро

(«Тоттенхэм»дан «Реал»га)

Айтишларича, «Реал»да Бэйлнинг нархи Роналдуникидан баланд эканлигини тилга олиш тақиқланган экан. Айниқса, португалиялик футболчи олдида бу мавзуда гапириш мумкин эмас. Хўш, уэльслик йигит 101 миллион (баъзи манбаларда бу сумма бироз паст)га арзийдими? Агар ҳозирги ёши, лаёқати, меҳнаткаш эканлиги ва ҳали янги даражага чиқиш имкониятига эгалигини ҳисобга олсак, арзийди. Албатта, замонавий футбол воқеликлари, яъни бозордаги умумий ҳолат бўйича гапирганда, шундай.

Захира: Кевин де Брюйне - 74 млн. евро («Вольфсбург»дан «Манчестер Сити»га). 

Поль Погба  105 млн. евро

(«Ювентус»дан «Манчестер Юнайтед»га)

Янги рекорд. Погба учун 100та «лимон»дан кўп тўлангани ҳали жуда кўп муҳокама қилиниши тайин. Бир қарашда, баҳо сунъий тарзда ошириб юборилгандек. Ҳарқалай, аксарият таҳлилчилар 105 миллионни реал сумма сифатида кўришмаяпти. Лекин «МЮ» бу масалада имиджни ўйлаганини ҳам унутмаслик лозим. Эҳтимол, Погба яқин орада шу суммага муносиб ўйин кўрсатолмас. Аммо манкунианликларнинг ушбу трансфердан зиён кўришларини тасаввур қилиш қийин. Айтганча, «МЮ»нинг шу хариди туфайли Неймар ва Кака каби ҳужумкор футболчиларга рамзий жамоадан жой топилмади. Тўғри, «Барса» вакили захирада бор.

Захира: Неймар - 88,2 млн. евро («Сантос»дан «Барселона»га).

Криштиану Роналду  94 млн. евро

(«Манчестер Юнайтед»дан «Реал»га)

«Ювентус» август ойида Гонсало Игуаин трансферига аслида 94,7 миллион евро бермоқчи эди. Агар шундай бўлганидами, қизиқ ҳолат вужудга келарди - аргентиналик ҳужумчи нархлар рейтингида кимсан Криштиану Роналдудан ўзиб кетарди. Умуман олганда, португалиялик юлдуз ушбу рамзий термадаги аксарият «жамоадошлари»дан фарқли ўлароқ, худди Зайниддин Зидан каби афсона мақомини олиб улгурди. ЧЛнинг 3та кубоги «Реал»нинг бежиз деярли 100 миллион сарфламаганига далолат. Тўғри, вақтида 24 ёшли йигитга шунча маблағ ажратилгани кўпчиликка ғалати туюлганди.

Захира: Анхель ди Мария - 75 млн. евро («Реал»дан «Манчестер Юнайтед»га)

Марказий ҳужумчилар

Гонсало Игуаин  90 млн. евро

(«Наполи»дан «Ювентус»га)

Мана, футбол оламининг янгигина энг қимматбаҳо марказий ҳужумчисига ҳам навбат етиб келди. Ҳа, бу факт - Гонсало нарх масаласида Луис Суарес, Златан Ибрагимович, Эдинсон Кавани ёки Фернандо Торресдан ҳам олдинда. Очиғи, ҳужумчиларга баҳо белгилашда тез-тез адашишади. Бунга мисоллар етарли - Кристиан Бентеке, Фернандо Торрес, Андрей Шевченко... Хуллас, форвард ишончни мутлақо оқлай олмаслиги мумкин, аммо айниқса, марказда ҳаракатланишга ихтисослашган голеадорларга доимо кўп тўлайверишади. Шуларни назарда тутиб айтсак, «А» серияси тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи мақомини олган Игуаиннинг рамзий жамоадан жой олгани оддий ҳолатга ўхшайди.

Захира: Луис Суарес 81,72 млн. евро («Ливерпул»дан «Барселона»га)

Эътибор қаратгандирсиз, рамзий терма жамоа учун жами 22та трансфер танлаб олинди ва улардан нақ 6таси «Реал»га тегишли. «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» жамоалари эса тегишлича 3 ва 4та йирик келишувга дахлдор. Фақат асосий таркибга назар солсак, унда 10 нафар футболчи айнан «Ювентус», «МЮ» ва «Реал»дан. Демак, «аср келишуви»га кўпроқ шу жамоалар мойил.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 25 60
2 Манчестер Сити 25 52
3 Тоттенхэм 25 50
4 Арсенал 25 50
5 Ливерпуль 25 49
6 Манчестер Юнайтед 25 48
7 Эвертон 25 41
8 Вест Бромвич 25 37
9 Сток Сити 25 32
10 Вест Хэм 25 32
11 Саутгемптон 25 30
12 Бёрнли 25 30
13 Уотфорд 25 30
14 Борнмут 25 26
15 Суонси 25 24
16 Мидлсбро 25 22
17 Лестер 25 21
18 Халл Сити 25 20
19 Кристал Пэлас 25 19
20 Сандерленд 25 19
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ИНТЕРФУТБОЛНИНГ ЯНГИ СОНИ ЮРТИМИЗ БЎЙЛАБ СОТУВДА

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.