Жаҳон футболида ном қозонган испаниялик мутахассислардан бири Рафаэль Бенитес жорий мавсум ўз фаолияти давомида биринчи марта чемпионшипдаги рақобат қандайлигини бевосита синаб кўряпти. «Ливерпуль» устози сифатида катта ютуқлардан баҳраманд бўлган Рафа яқинда Sky Sports нашрига интервью берди. Тажрибали мураббий суҳбат жараёнида Ньюкаслдаги ҳаёти, клубда қолишига ундаган сабаблар ва «қарғалар»нинг навбатдаги мавсумга мўлжалланган режалари каби турли мавзуларга тўхталди. Хусусан, кейинги чемпионатни яна Англия элит лигасида бошлаш нияти жиддий эканлигини яшириб ўтирмади. Тўғри, ҳозирча у «Ньюкасл» футболчиларини нисбатан камтарроқ рақибларга қарши ўйинларга шайлантириш билан чекланишга мажбур. Хўш, Рафа «Сент Жеймс Парк»ка катта футбол ҳавосини қайтара олармикин?
Жамоада қолишга қарор қилгани сабаби хусусида
- Очиғини айтсам, ҳамма гап мухлисларга бориб тақалади. Аввалги мавсумнинг охирги кунини сира унутмайман - шунчаки, ақл бовар қилмас воқеалар. «Ньюкасл» фанатлари бунгача 2-3 ҳафта давомида мени жамоада қолишга кўндиришга уринишди. Лекин якуний тўхтамга келишимда айнан охирги кун муҳим роль ўйнади. Мен мухлисларнинг ёниб турган кўзларига боқиб, уларнинг ўз клубларига нақадар содиқ эканликларини тушундим. Натижада жамоа раҳбарияти билан гаплашдим ва сўзларимиз бир жойдан чиқди. Умуман олганда, Ньюкасл шаҳри менга ёқади, клуб аста-секин ўз қаддини ростламоқда. Қолаверса, айни пайт оилам ҳам Англияда истиқомат қилмоқда. Лекин қайтараман, асосий турткини айнан фанатлардан олдим.
Мухлислар билан муносабати ҳақида
- Мен профессионалман ва ўйинлар вақти ўз ишимдан чалғишни сира истамайман. Бироқ бунинг иложи йўқ, ҳисоби. Ахир шундай вафодор мухлисларга эътиборсиз қараш мумкинми? Уларга бир нигоҳ ташласангиз, бас, «Ньюкасл»ни нечоғли севишларини теран англайсиз. Бу жуда муҳим, шунинг баробарида қўшимча масъулият ҳам. Ахир нима қилсанг ҳам, бундай мухлислар ишончини оқлашинг зарур. Маҳаллий фанатлар билан ўртамиздаги илиқ муносабат бузилмаслиги учун ишга янада жиддий ёндашиш ва бор тажрибамни сарфлашга тайёрман.
Ньюкасл ва Ливерпуль ҳақида
- Бу шаҳарларда мухлисларнинг қўллаб-қувватлаш даражаси деярли тенг. Ньюкасл - меҳнаткашлар шаҳри ва бу ердаги инсонлар Ливерпуль фуқароларига жуда ўхшаш. Ҳаттоки, жорди ва скауз шевалари ҳам бир-бирига ўхшаб кетади, менимча. Лекин мен на униси ва на бунисида ҳеч нарсани тушунмайман. Муҳими, ньюкаслликлар мудом бир-бирларини қўллаб-қувватлашади ва ўз клубларини қаттиқ севиш баробарида ундан мудом ижобий натижалар кутишади. Табиийки, бундай муносабат футболчиларга яхшигина туртки беради. Мураббий эса бу ерда муносиб ишласа, албатта, қадр топишини билади. Шахсан мен «Ньюкасл»нинг кучайиши йўлида қандай ишларга қўл уриш кераклигини тушуниб улгурганман. Бу ерда катта клубга эҳтиёж баланд. Худди «Сокин шаҳар кўп нарсага қодир», деганларидек, Ньюкасл клуби ички потенциали чакки эмас. Зеро, жамоа ортида нафақат садоқатли мухлислар армияси, балки бутун шаҳар бор.
Чемпионшипдаги вазифалар ҳақида
- Эҳ, менда иккинчи дивизионда ишлаш тажрибаси йўқ эмиш... Лекин негадир «Эстремадура» ва «Тенерифе» клублари билан испан примеросига чиққанимни эътиборга олишмаяпти. Қолаверса, сегундада «Реал»нинг ўринбосарлар жамоасини ҳам бошқарганман. Шундай экан, қуйи дивизионнинг ўзига хос томонларини жуда яхши биламан. Яна янги даражага кўтарилиш осон эмаслиги ва бу лиганинг етакчи клублари учун нақадар муҳим эканлигини ҳам тушунаман. Дейлик, «Тенерифе»да ишлаганимда «Атлетико», «Севилья» ва «Бетис» каби жамоалар билан рақобатлашишимизга тўғри келганди. Ўша мавсум Испания иккинчи дивизиони тарихидаги энг оғири бўлганди. Шунга қарамай, биз якунда примерога чиқишни уддалагандик. Эсимда, йўлланмани биринчиликнинг охирги ўйинида нақд қилгандик. Ҳа, чемпионшипдаги рақобат ҳам ўта баланд ва олдимизда мураккаб мавсум тургани аниқ. Лекин қайтараман, бу борада тегишли тажрибам бор.
«Ньюкасл»нинг ёзги трансферлар кампанияси ҳақида
- Барчасидан хурсандман. Ўйлайманки, клуб раҳбарияти муносиб футболчилар билан шартнома тузди. Айтишим жоиз, «Ньюкасл»нинг трансферлар масаласида иш олиб бориш усули ёқиб қолди. Дейлик, бу ерда подадан олдин чанг чиқаришмайди. Яъни кимларни сотиб олишни мўлжаллаётганимизни деярли ҳеч ким билмайди. Шунингдек, Ли Чернли («Ньюкасл» ижрочи-директори)нинг трансфер сиёсатига ёндашуви таҳсинга сазовор. Оддий айтганда, ҳозирча барча ўйлаганларимиз амалга ошди - бу қувонарли ҳол. Сир эмаски, охирги вақтларда футболчилар нархи кескин кўтарилди. Гўёки, трансферлар бозори ақлдан озаётгандек. Бундай ҳолатда директор билан ўзаро келишиб иш тутиш катта аҳамият касб этади. Ахир зарур пайт энг зарур футболчиларни сотиб олиш керак. Ҳа, гоҳида муайян номзод учун меъёридан кўпроқ тўлашга тўғри келади, бироқ биз бу борада ҳаддан ошмаймиз. Қисқаси, Ньюкаслда яхшигина жамоа шакллантириляпти: ихтиёримизда чемпионшипда ўйнаш тажрибасига эга номдор футболчилар ҳам, истиқболи баланд иқтидорли ёшлар ҳам етарли.
9-рақамли Дуайт Гейл ҳақида
- Менга қолса, айни пайт «Ньюкасл»да 9-рақамли формада тўп сураётган футболчининг ўша афсонавий Алан Ширердан кам гол урмаслигини хоҳлардим, бироқ бунинг деярли имкони йўқ. Зеро, Ширер ақл бовар қилмас иқтидор соҳиби эди ва унинг муваффақиятларини такрорлаш ғоят мушкул. Умид қиламанки, Гейл имкон қадар кўпроқ гол уриш асносида жамоамизнинг олий дивизионга қайтишида катта роль бажаради.
Келажак режалари ҳақида
- Табиийки, жорий мавсумдаёқ премьер-лига йўлланмасини ютишга уриниб кўрамиз. Бироқ «Бу ерда дуч келган рақибни мағлубиятга учратамиз» қабилида ўйлаш ноўрин. Албатта, ғалабалар катта аҳамиятга эга, лекин жамоа пойдеворини мустаҳкамлаш лозимлигини ҳам унутмаслик керак. Шуниси тайинки, «Ньюкасл» кучайишга қодир ва клубимиз яқин келажакда элитада ҳам ўз сўзини айта олишига ишонаман. Клуб ҳаётида айнан шундай режанинг борлиги жуда муҳим. Табиатан ғалабадан ўзгасини тан олмайман. Хотинимнинг айтишича, ҳаттоки, оддий ўйинларда қизларимга ҳам ён босгим келмас экан. Ўйлайманки, менинг бундай ёндашувим тўғри. Хуллас, шунчаки, яхши тайёргарлик кўриш ва футболдан роҳатланиш керак. Қайтараман, чемпионшипда ғалаба қозониш осон эмас, иккинчи томондан, айнан шу мураккаблик ишингиз ҳамда муваффақиятларингиз қадрини оширади.
Киритилган сана: 16.06.2017
Киритилган сана: 30.03.2017
Киритилган сана: 20.03.2017
Киритилган сана: 02.03.2017
Киритилган сана: 24.02.2017
Киритилган сана: 16.02.2017
Киритилган сана: 03.12.2016
Киритилган сана: 25.11.2016
Киритилган сана: 17.11.2016
Киритилган сана: 11.11.2016
Киритилган сана: 27.10.2016
Киритилган сана: 25.10.2016
Киритилган сана: 15.10.2016
Киритилган сана: 08.10.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 17.09.2016
Киритилган сана: 15.09.2016
Киритилган сана: 10.09.2016