Қайднома

Қидирув

Кутилмаган тўъфон каби

29.09.2016 09:53
1402

АПЛ ТАРИХИДАДАГИ ЭНГ ЁРҚИН 11та ДЕБЮТ: ШИРЕРДАН СЛИМАНИГАЧА.

Жазоирлик Ислом Слимани «Лестер»даги илк ўйинидаёқ «дубль» қайд этиб, «тулкилар»нинг ишончли ғалабаларига катта ҳисса қўшди. Табиийки, у Англия элит дивизионига тўфон каби ёпирилиб кирган биринчи футболчи эмас. Лекин Португалия чемпионатида тобланган ва ЖЧ-2014да жуда яхши таассурот қолдирган Слиманининг энг ёрқин дебютантлардан бири эканлиги аниқ.

Алан Ширер - 1988 йил

«Блэкберн»-«Арсенал» - 4:2

Алан Ширер Англия футболининг ҳозирги «тилла боласи» - Маркус Рашфорд дунёга келишидан 10 йил олдин илк марта катта саҳнага чиққанди. У худди ўтган мавсум «МЮ»да қаҳрамон даражасига кўтарилган йигитча усулида АПЛ осмонини ўз ёғдуси билан нурафшон қилганди. Эътибор беринг, «Саутгемптон» либосида майдонга тушган ҳужумчи 18 ёшга ҳам тўлган эмасди, аммо илк ўйинидаёқ «Арсенал» дарвозасига нақ 3та гол уришдан хижолат тортмаган. Ҳа, буюк Ширернинг буюк голеадорлик серияси ўта ёрқин бошланган ва «Блэкберн» ҳамда «Ньюкасл»да шундай давом этган.

Юрген КЛИНСМАНН - 1994 йил

«Тоттенхэм»—«Шеффилд Уэнсдей» — 4:3

Юрген Клинсманн Англияга «ўткир симуляциячи» мақомида кўчиб ўтган бўлсада, биринчи ўйинидаёқ чинакам жангчи ва моҳир тўпурар сифатида намоён бўлди. Немис футболчиси «Шеффилд Уэнсдэй»га қарши баҳснинг 82-дақиқасида «Тоттенхэм»га қалаба келтирган 4-голни ургач, уни антиқа усулда нишонлаганди. Яъни бурчак байроқчаси томон югуриб бориб, қулаш саҳнасини намойиш этган - у бу хатти-ҳаракати билан танқидчилар устидан кулганди.

Фабрицио РАВАНЕЛЛИ - 1996 йил

«Мидлсбро»—«Ливерпуль» — 3:3

- Агар биз ғалаба қозонсак, у фантастик йигитдек кўринарди. Аксинча, мабодо ютқазсак, барчадан бир мушт каби бирлашиш талаб этиларди. Чунки унинг қиёфасиёқ кучли даҳшат уйғотарди, - деганди «Мидлсбро» президенти Стив Гибсон жамоа сафига 1996 йили қўшилган Раванелли ҳақида. «Боро» АПЛдаги илк мавсум якунида қуйи лигага тушиб кетади ва кўпчилик бу омадсизликда италиялик оқсоч ҳужумчини ҳам айблайди: «Фабрицио жамоа учун жон куйдирмади, яъни аксарият ўйинларда иштиёқсиз тўп сурди».  Лекин унинг дебюти ўта ёрқин чиққанди. Ахир биринчи ўйинда «Ливерпуль» дарвозасини 3 бора ишғол қилиш ҳазилакам иш эмас.

Робби КИН - 1999 йил

«Ковентри Сити»—«Дерби Каунти» — 2:0

Киннинг фаолияти турли-туман дебютларга бой, лекин унинг айнан «Ковентри» сафидаги биринчи ўйини алоҳида эътирофга муносиб. Гап шундаки, 19 ёшли ирланд учун ўша вақт ўлчови бўйича жуда кўп пул тўлашганди - 6 млн. фунт. Робби эса кучли босимга парво қилмай, АПЛдаги дебютини «дубль» билан безаганди.

Рууд ван НИСТЕЛРОЙ - 2001 йил

«Манчестер Юнайтед»—«Фулхэм» — 3:2

Кўплаб мухлислар Рууд ван Нистелройнинг трансферига салбий муносабат билдиришганди. Дарҳақиқат, жароҳатланган ҳужумчига 19 млн. фунт тўлангани шубҳаланиш учун асос эди. Бироқ голландиялик новча йигит салбий қарашларни тезда ижобийсига айлантириб юборади. У аввалига «Комьюнити Шайлд» кубоги доирасида манкунианларнинг азалий душманлари - «Ливерпуль» дарвозасига йўл топади, АПЛдаги дебютида эса («Фулхэм»га қарши учрашувда) ўз номига «дубл»ни расмийлаштиради.

Федерико МАКЕДА - 2009 йил

«Манчестер Юнайтед»—«Астон Вилла» — 3:2

Дебют учун бундан ёрқинроқ манзарани ўйлаш ҳам қийин. Македа Англиядаги фаолияти аввалида «Юнайтед»нинг ўринбосарлар жамоасида етакчилик қилди, 17 ёшга тўлган куни эса профессионал шартнома остига имзо чекди. «Йигитча атиги 17 ёшда ва бунга ишониш ҳам мушкул. Ўйлашимча, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини текшириб кўриш керак, чунки бир қарашда, 27 ёшга тўлгандек тасаввур уйғотади», — деганди Алекс Фергюсон ҳазиллашиб. «Астон Вилла»га қарши ўйинда «қизил иблислар»ни фақат ғалаба қониқтирарди - улар 3 очко олган тақдирдагина чемпионлик учун курашни давом эттиришарди. Бироқ ўйиннинг 60 дақиқаси ортда қолган бир пайтда «МЮ» 1:2 ҳисобида ютқазаётганди. Сэр Алекс шундай қалтис вазиятда таваккалга қўл уриб, ёш итальянни жангга ташлади. Таваккалнинг самараси - ғалаба. Аввалига, 80-дақиқада Криштиану Роналду мувозанатни тиклади, қўшимча вақт ўтиб бораётган паллаларда эса, айнан Македа жарима майдони ичида рақиб ҳимоячисини алдаб, дарвозани ўққа тутди. Афсуски, Федерико ҳозирча топ-форвард даражасига кўтарилгани йўқ ва кўтарилолмаса ҳам керак. Зеро, ҳозирда камтарин «Ноттингем Форест»да тўп сурмоқда.

Серхио АГУЭРО - 2011 йил

«Манчестер Сити»—«Суонси» — 4:0

Эҳтимолки, бу «Манчестер Сити»нинг бутун тарихидаги энг яхши трансфердир. Ҳа, 2011 йили 38 млн. фунт жуда-жуда катта маблағ ҳисобланарди. Айни пайт Серхио трансферининг баҳоси бундан камида икки баравар баланд бўлса керак. Муҳими, аргентиналик ҳужумчи мовий рангли либосни эгнига олганидан буён «шаҳарликлар»га сезиларли наф келтиряпти. Яъни илк ўйиниданоқ эффект бера бошлаганди. «Кун» лақабли йигит аслида ўша дебют ўйинида захирадан майдонга тушди. Аниқроқ айтсак, «Суонси» билан учрашувнинг ярим соати тугаган пайт сафга қўшилган Серхио атиги 10 дақиқадан сўнг дебют голини нишонлади, кейин Давид Сильвага заргарона тўп ошириш орқали ассистент бўлди, якунда эса «дубль» қайд қилиб, «Иттиҳод Стэдиум» трибуналари меҳрини қозона бошлади.

Диего КОСТА - 2014 йил

«Бернли»—«Челси» — 1:3

Костага инсон сифатида турлича қараш мумкиндир, аммо факт шуки, у экстра савияли ҳужумчи ҳисобланади - бунга сира шубҳа йўқ. Диего гол уришга нечоғли чанқоқ эканлигини АПЛ доирасидаги илк ўйинининг илк дақиқаларидаёқ кўрсата бошлади. Бразилиялик «испан» «Бернли» вакили Скотт Эрфилднинг голига 3 дақиқадан сўнг жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган бетакрор зарбаси билан жавоб берди. Кейинги ўйинларда эса яна 19та голга муаллифлик қилиб, «кўклар» ҳужум чизиғидан мустаҳкам жой олди.

Педро РОДРИГЕС - 2015 йил

«Челси»—«Вест Бромвич» — 3:2

Педро айни пайт захира ўриндиғида, аммо унинг Англиядаги дебюти «Челси»да янги етакчи пайдо бўлганига нишона берганди. Илк 20 дақиқа ичида гол ва танаффусгача самарали тўп узатиш. Ҳа, испан йигити катта таассурот уйғотди, бироқ кейинчалик ёрқин юришини давом эттиролмади.

Маркус РАШФОРД - 2016 йил

«Манчестер Юнайтед»—«Арсенал» — 3:2

Рашфорд ёшлар таркибидан тўғри катта футболга кириб келди. Дебют ўйини ЕЛ баҳсига тўғри келган йигитча «Мидтьюлланд» дарвозасини 2 бора ишғол қилди. Шундан бир неча кун ўтиб, «Арсенал»га қарши баҳсда яна «дубл»га эришди ва бу сафар битта самарали «пас» муаллифига ҳам айланди. Маркус «Манчестер  Юнайтед» ихтиёридаги қимматбаҳо ҳужумчилар даврасида футболда ҳаммасини пул ҳал қилмаслигини исботлашга уринмоқда, бир қарашда

Ислом СЛИМАНИ - 2016 йил

«Лестер»—«Бернли» — 3:0

Буюклар қаторида зикр этилмайдиган 28 ёшли ҳужумчи учун 30 млн. евро. «Лестер»нинг селекция хизматига саволлар бор эди, бироқ жазоирлик футболчи уларга ўрин қолдирмайдиган кўринади. «Тулкилар» сафидаги дебют баҳсидаёқ «дубл»га эришгани унинг янги даражага чиқиш илинжида эканлиги ва бунга жиддий бел боғлаганидан нишона бўлса, ажабмас.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz