Қайднома

Қидирув

«Ляпорт иши» 11+1 нафар мигрант

29.09.2016 09:53
1589

ИСПАНИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ ТАРИХИДАГИ ХОРИЖЛИКЛАР. Кўринишидан, Эмерик Ляпорт ҳам миллий жамоалар футболида «Қизил фурия» шарафини ҳимоя қилади, чоғи. Ҳарқалай, Францияда туғилган ва бу мамлакат ёшлар термасида ўйнашга улгурган баск йигитининг «Роха»ни танлагани хусусида хабарлар тарқалди. Испан футболи ва умуман, шу юртга ундан кам боғлиқ бўлмаган Лионель Месси ва Антуан Гризманн эса бу масалада барибир, она ватанлари Аргентина ва Франция фойдасига қарор чиқаришгани барчага маълум. Ҳа, Ляпортнинг якуний танлови анча муҳокамабоп...

- Шубҳасиз, Бразилия терма жамоасидан ғоят миннатдорман. Жамоа раҳбарияти менга катта эътибор қаратиб, кўнглимни тоғдек кўтарди. Лекин келинг, очиқ гаплашайлик: Бразилия футболига ҳеч қандай алоқам йўқ. Ҳа, мен чиндан ҳам, шу мамлакатда туғилиб, болалик йилларини у ерда ўтказганман. Бироқ 18 ёшлигимдан буён фақат Испанияда ва маълум вақт Португалияда ўйнадим. Бошқача айтганда, ўсмирлар футболидан профессионал даражага айнан Пиренейда қадам ташладим, шу ерда ўйинчи сифатида шаклландим. Яъни примеро ва сегундада «Сельта», «Альбасете», «Вальядолид», «Райо» ҳамда «Атлетико» клубларида тўп суриб, танилдим. Ҳозирги даражага етишимда айниқса, «матрасчилар» клуби катта ўрин тутди. Оддий айтганда, испан футболидан қарздорман. Шунинг учун мамлакат миллий жамоасидан таклиф тушганида, узоқ ўйлаб ўтиришимга ҳожат сезилмади. Бу мен учун мутлақо табиий ва жуда ёқимли воқеа бўлди, — дея изоҳлаганди асли бразилиялик Диего Коста халқаро аренада Испания терма жамоаси учун ўйнаш хусусидаги қарорини.

Тьяго Алькантаранинг тарихи ҳам жуда қизиқ. У - жаҳон чемпионати-94  ғолиби ва «Сельта» клуби собиқ футболчиси Мазиньонинг ўғли. Тьяго ҳам, унинг укаси - Рафинья ҳам Ла-Масияда таҳсил олган. Рафинья ҳамон «Барселона» шарафини ҳимоя қилаётган бўлса, Тьяго «Бавария» сафида тўп сурмоқда. Мазиньонинг айтишича, ўғилларини халқаро майдонда бир-биридан айриш қарори оилавий кенгашда қабул қилинган: «Тушунарлики, фарзандларимнинг якуний тўхтамларига маълум даражада таъсир ўтказдим. Мен бразилияликман ва мамлакатим бош жамоасида ҳар бир футболчи фаолияти давомида интиладиган ютуққа эришдим - жаҳон кубогини бошим узра баланд кўтардим. Бироқ клуб миқёсидаги йўлимда «Сельта» муҳим ўринга эга. Ўғилларим эса «Барселона» академиясида тарбия олишди. Шундай экан, Бразилия ҳам, Испания ҳам оиламиз учун жуда қадрли. Ўғилларимдан бирининг Испания, иккинчисининг Бразилия учун ўйнаши моҳияти шу. Лекин ким қаерда ўйнашини уларнинг ўзлари ҳал қилишган».   

«Реал»нинг амалдаги бош мураббийи Зайниддин Зидан эса бу масалада бошқача вариантни маъқул кўрди. Биламизки, у «Қироллик клуби»нинг чинакам афсонаси, қолаверса, андалусиялик аёлга уйланган. Хуллас, фарзандлари Испанияга бегона эмаслар. Боз устига, Лука ва Энцо айнан «Реал» академиясида тарбияланишган ва айни пайт «Кастилья»да ўйнамоқдалар. Бироқ Зизунинг хоҳишига кўра, улар терма жамоа миқёсига кўтарилган пайт Францияни танлашлари шарт. 

Қайтарамиз, Лионель Месси (Ла-Масия) ва Антуан Гризманн («Реал Сосьедад» академияси) ҳам худди шундай йўл тутишди. Ҳар икки футболчи болалигидаёқ Испанияга кўчиб ўтган ва маҳаллий мактабларда таҳсил олган. Миллий жамоа танлаш вақти келганида эса, Лео ҳам, Антуан ҳам «Роха» таклифини мулойимлик билан рад этишди ва ўзлари туғилган Аргентина ҳамда Франция фойдасига қарор чиқаришди.

Франция футбол федерацияси президенти Ноэль Ле Граэ «Атлетик»да тўп сураётган Эмерик Ляпортнинг Испания термасини танлаганига оддий ҳолдек қарамоқда. Лекин унда қандайдир ачиниш ҳисси бор, барибир. Ҳарқалай, Ле Граэ футболчининг қарорини ҳурмат қилиши, аммо мабодо фикридан қайтадиган бўлса, Франция термаси эшиклари очиқ эканлигини билдирди. «Эмерикка Испания миллий жамоасида омад тилайман. У бир тўхтамга келди ва биз бунга ҳурмат билан қарашга мажбурмиз. Лекин шахсан мен Ляпорт бу борада бироз шошилди, деб ўйлайман. Айтиш мумкинки, футболчининг қарорида ҳис-ҳаяжон таъсири бор. Тан олиш керак, Ляпорт Бильбаода дарҳақиқат, ажойиб мавсумни ўтказди. Билишимча, Франция термаси бош мураббийи Дидье Дешам Европа чемпионатидаёқ ундан фойдаланишни режалаштирганди. Афсуски, жароҳати халал берди. Хўш, футболчи охирги йиғинга нима учун чақирилмади? Бу борада бирор нарса дейишим мушкул. Чунончи, Дешамга қандайдир босим ўтказишни истамайман - у жамоани бошқаришда тўлиқ эркинликка эга. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бир гапни алоҳида таъкидлайман: Эмерик мабодо фикрини ўзгартирса, бундан хурсанд бўламиз. Хуллас, Франция терма жамоаси эшиклари унинг учун очиқ», — деди жаноб Ле Граэ Marca нашри мухбирлари билан суҳбат чоғи.

Ўзи Ляпорт учун кураш анча олдин бошланган эди. У миллати бўйича франциялик баск ва 16 ёшидан «Атлетик» ихтиёрида шуғулланиб, ўйнамоқда. Шунинг баробарида футболчи Франциянинг 17, 18, 19 ва 21 ёш тоифасидаги терма жамоалари либосини кийишга улгурганди. 22 ёшли йигитнинг «Атлетик» сафида чемпио­нат ва еврокубоклар доирасида 150 мартадан кўп майдонга тушганини ҳам айтиш жоиз. Франция ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида эса 40тадан кўп ўйин ўтказган. Хуллас, профессионал даражада деярли 200та ўйин. Ваҳоланки, Эмерикнинг фаолияти энди-энди бошланмоқда. Айтиш ўринли, 22 ёшли баск айни пайт Европадаги энг истиқболли марказий ҳимоячилардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Мана, у ниҳоят, Испания миллий жамоасида ўйнаш нияти борлигини эълон қилди. Тўғри, «Қизил фурия»нинг охирги йиғинида иштирок этгани йўқ. Чунки жамоанинг янги устози Хулен Лопетеги таркибни бироз олдинроқ эълон қилганди.

Энди Франция футболи раҳбарининг «Агар фикридан қайтса» қабилида айтган сўзларига келсак, бундай бўлишининг эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Зеро, Испания термасининг айнан марказий ҳимоясида муаммолар мавжудлигига қарамай, Жерард Пике-Серхио Рамос жуфтлиги мустаҳкам мавқега эга, барибир. Ляпорт эса ҳарчанд иқтидорли бўлмасин, дабдурустдан улар билан рақобатлаша олмайди. Жамоанинг 18талик рўйхатидан жой олиш билан чекланиш эса аллақачон футбол оммаси тилига тушган йигитнинг шахсий спорт мақсадларига унча мувофиқ келмаса керак.

Испания терма жамоаси тарихидаги маҳаллийлаштирилган футболчилар

ДИЕГО КОСТА (Бразилия)

Дебюти: 2014 йил 3 май.  Испания-Италия - 1:0

Умумий статистикаси: 12та ўйин, 3та гол

ЛАДИСЛАО КУБАЛА (Венгрия)

Дебюти: 1953 йил  7 май. Аргентина-Испания - 1:0

Умумий статистикаси: 19та ўйин, 11та гол

АЛЬФРЕДО ДИ СТЕФАНО

(Аргентина)

Дебюти: 1957 йил  30 январь.

Испания-Голландия -  5:1

Умумий статистикаси: 31та ўйин, 20та гол

ХОСЕ САНТАМАРИЯ (Уругвай)

Дебюти: 1958 йил  15 октябрь. Испания-Шотландия -  6:2

Умумий статистикаси: 16та ўйин

ХОСЕ ГАРАТЕ (Аргентина)

Дебюти: 1967 йил  22 октябрь. Испания-Чехословакия -  2:1

Умумий статистикаси: 18та ўйин, 5та гол

РУБЕН КАНО (Аргентина)

Дебюти: 1977 йил 16 апрель. Руминия-Испания - 1:0

Умумий статистикаси: 12та ўйин, 4та гол

ЛОПЕС УФАРТЕ (Марокаш)

Дебюти: 1977 йил 21 сентябрь. Шотландия-Испания -  1:2

Умумий статистикаси: 15та ўйин, 5та гол

Аслини олганда Рубен Кано ва Лопес Уфарте «соф» маҳаллийлаштирилган футболчилар сирасига киришмайди. Чунончи, Кано -  альмерия (Андалусия)лик  эмигрантнинг ўғли бўлса, Уфартенинг отаси каталониялик, онаси эса андалусиялик. Қолаверса, у 8 ёшидан басклар ўлкаси (Ирун шаҳри)да яшаган.

ДОНАТО (Бразилия)

Дебюти: 1994 йил  16 ноябрь. Испания-Дания -  3:0

Умумий статистикаси: 12та ўйин, 3та гол

ХУАН АНТОНИО ПИЦЦИ (Аргентина)

Дебюти: 1994 йил 30 ноябрь. Испания-Финляндия -  2:0

Умумий статистикаси: 22та ўйин, 8та гол

МАРКОС СЕННА (Бразилия)

Дебюти: 2006 йил  1 март. Испания-Кот-д ~Ивуар -  3:2

Умумий статистикаси: 28та ўйин, 1та гол

ТЬЯГО АЛЬКАНТАРА (Бразилия)

Дебюти: 2015 йил  13 ноябрь. Испания-Англия -  2:0

Умумий статистикаси: 14та ўйин

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz