Бундеслиганинг ҚулоҒи оҒир футболчиси ҳаҚида ҳикоя. Ҳар йилнинг 25 сентябри ер юзида оддий одамлар каби ҳаёт кечираётган, фақатгина қулоғи сал оғирроқ кишилар учун байрамга айланади. Зеро улар учун худди шу кун - Халқаро бирдамлик кунидир. Шу муносабат билан Championat.com портали ходимлари Германия бундеслигасида соғлом футболчилар билан тенгма-тенг кураша олган кучли ирода соҳиби - Штефан Маркольф ҳақида ҳикоя қилишни лозим топишди.
2007 йилнинг ёзи. Юрген Клопп «Майнц»ни ўрмонга саёҳатга олиб бориши керак эди. Аммо шундан бир ойча муқаддам клуб бундеслигадан тушиб кетди ва ёзги таътилга мўлжалланган режалар чиппакка чиқди. Жамоа бунинг ўрнига Қуйи Саксонияга сафар уюштириб, «Айнтрахт» билан ўртоқлик ўйини ўтказди. Икки минг томошабинни қабул қила оладиган стадион бўм-бўш, майдондаги футболчиларнинг иштиёқи ҳам унчалик баланд эмас. Иккинчи бўлимдаги вазиятларнинг бирида футболчилар ҳаводаги тўп учун курашиб, тўқнашиб кетишди. «Майнц» шифокорлари бошидан жароҳат олган ва тўқнашувдан сўнг бироз гангиб қолган Штефан Маркольфга ёрдам кўрасата бошлашди. Шу пайт «ноль бешинчилар»нинг сардори Милорад Пекович ҳодиса жойига яқинлашиб, жамоадошининг қулоғига назар солди-да, ундан жуда бир муҳим нарса тушиб қолганини пайқаб, шеригининг атрофида худди телбадек айлана бошлади. Маркольф ўрнидан бир амаллаб турган пайтда Пекович майдондаги чимни синчиклаб текшириб, қидирган нарсани топди. Бу - кичкинагина, қулоққа тиқиб олинадиган махсус эшитиш аппарати эди! Милорад жиҳозни ҳимоячига қайтарар экан, Штефан сардорда мамнуният билан нигоҳ ташлаб, қуйидаги сўзларни айтди: «Агар сен бўлмаганингда, мен шу ерда 1500 евродан айрилардим!»
Бу воқеадан бир неча кун аввал, Хорватиянинг «Хайдук» клубига қарши ўтган яна бир ўртоқлик ўйинида Маркольф «Майнц»нинг ҳужумига қўшилди-да, узоқдан оширилган тўпни қабул қилиб олиб, рақиб дарвозаси сари чопди. Бироқ у тезда ҳайрон бўлганича, жойида тўхтаб қолди: рақиб ҳимоячилари футболчини таъқиб қилмай қўйганди. Негаки, Маркольф ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб қолган, аммо ҳакамнинг ҳуштагини эшитмай, ҳаракатни давом эттираверганди. Ваҳоланки, ўшанда ҳам митти қурилма унинг қулоғида эди.
Сезиб турганингиздек, қурилма Штефан учун ўта муҳим буюмга айланган, зеро Маркольф қулоғида муаммо билан дунёга келганди. Қисқаси, у 90 фоиз овозларни эшита олмасди. Бироқ Штефанни шундай тарбиялашдики, у мазкур камчиликка эътибор бермай ўсди.
Штефаннинг бахтига, отаси ўқитувчи бўлиб, бола тарбиясини мукаммал тушунар ва фарзандининг муаммосини қандай ҳал қилишни режалаштириб қўйганди. Унга кўра, болакай аввал эшитиш қобилияти паст бўлган болаларга мўлжалланган махсус боғчага қатнади. У ерда логопед аёл Маркольф билан узоқ ва жиддий шуғулланиб, болага сўзлашни, гапиришни мукаммал ўргатди. Кейинроқ катта Маркольф Штефаннинг акаси ва опасига махсус топшириқ бериб, уларни болакай билан имкон қадар кўпроқ мулоқот қилишга ундади. Бунинг натижасида Штефан мактаб ёшига қадар кишилар билан бемалол гаплаша олиш қобилиятига эга бўлди. Яхшиямки, у оилада учинчи фарзанд эди. Агар Штефан тўнғич ўғил бўлганида, шубҳасиз, мулоқот жараёни муайян даражада чекланган бўларди. Хуллас, катта Маркольф Штефанни одатий болалардан қолишмайдиган даражада тарбиялаб, уни одатий мактабга ўқишга берди. Шу тариқа, Штефан Маркольф тенгдошлари каби бинойидек бола бўлиб, мактабга борди. У дарсларда ўртоқлари билан теппа-тенг қатнашар, саволларга жавоб берар, доскага чиқиб, масалалар ечарди. Фақат, унинг қулоғида махсус эшитиш қурилмаси бўларди. Бу қурилма унга ҳатто «Витценхаузен» футбол клубининг болалар жамоасида тўп суришига ҳам имкон яратди. Оиладагилар Штефаннинг хоббисига шунчаки, бир эрмак, болалар билан янада яқинлашиш учун яхши бир омилдек қабул қилишди. Бироқ вақтлар ўтгани сари Штефандаги футболга меҳр кучайиб бораверди. У 16 ёшида Бецирксоберлигадаги (Германия чемпионатининг олтинчи лигаси) «Хессен» клубида шуғулланарди. Орадан бир йил ўтгач, у бешинчи дивизионнинг «Баунаталь» клубига қабул қилинди. Бу жамоада 20 ёшли иқтидорни «Майнц» скаутлари пайқаб қолишди ва уни клубга таклиф қилишди. Штефан мазкур таклифдан шунчалик боши осмонга етдики, профессионал клубда тўп суриш учун физиотерапия йўналишидаги ўқишдан воз кечди.
Энг муҳими, бу пайтга келиб Маркольф ўзининг майдондаги кучли томонларини билиб олганди. У мураббий, дарвозабон ва ҳимоячиларнинг кўрсатмаларини, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларини эшитмас, буларнинг бари унга ягона бир шовқиндек туюларди. Аммо шу билан бирга, у ўткир кўзлари билан майдондаги ҳар бир вазиятни кўриб, шунга яраша дарров керакли хулоса чиқарарди. Яъни биргина нигоҳ орқали қачон «очилиши» кераклигини-ю, қачон таъқибдан қочиш мумкинлигини сезиб оларди. Бир сўз билан айтганда, Штефанинг кўзлари унинг қулоғига боғлиқ муаммолари ўрнини бемалол босарди: «Мен ҳакамнинг ҳуштагини эшитмайман, аммо уни доим кўриб тураман. Қоида бузилганини ёки ўйин тўхтатилганини шундан билиб олавераман». Маркольф, шунингдек, ишқибозларнинг жамоага, унинг шахсан ўзига бўлган муносабатларини ҳам кўзлари орқали аниқлашни ўрганди. «Агар мени қўллаб-қувватламоқчи бўлсанглар, яхшиси, фамилиям битилган улкан плакатлар олиб келинг», - деганди у бир гал ҳазил аралаш.
Штефан «Майнц»га қабул қилинганига икки йил тўлганида, у Юрген Клопп билан танишиш бахтига муяссар бўлди. Бунгача у «Майнц»нинг иккинчи таркибида, чап қанотда тўп сурди. Ўйинлар тугагач, у ҳамма қатори, мураббий хонасига кирар, ютуқ ва камчиликлари ҳақида атрофдагиларнинг лабларига қараб, билиб оларди. «Майнц II» бош мураббийи Колин Белл уни сабрли бўлишга, омадини кутиб яшашга ўргатди. Тез орада Беллнинг ўрнини Пётр Нойштедтер эгаллади ва ўғли - Роман Нойштедтер қатори, Штефанни ҳам асосий таркиб аъзосига айлантирди. Бу - қулоғи оғир йигитча учун катта аҳамиятга эга эканини сезиб тургандирсиз?..
Ниҳоят, 2006-07 йиллар мавсумида Маркольф бош жамоа машғулотларида иштирок эта бошлади. 2007 йилнинг ёзига келиб, «Майнц» иккинчи бундеслигага тушиб кетганидан сўнг, Юрген Клопп Штефанни ўз қабулига чақирди. Бу ерда яна ўша эски одат такрорланди - сўзлаш қобилияти бинойидек, қаршингдаги одам нималар деяётганини эса лабларнинг қимирлашидан билиб олаверасан. Шу тариқа, Маркольф мураббий унга ишонч билдириши мумкинлигини сезди ва машғулотларга янада жиддийроқ киришди. «Бизнинг унинг эшитиш қобилияти пастлигини билмаганимизда ҳам, буни асло сезмаган бўлардик, - деди Клопп. - Штефан майдонда кўрганларига қараб хулоса чиқаришни билади. Бу эса футболда эшитишдан кўра муҳимроқ». Хуллас, Юрген ҳимоячини ёзги йиғинга таклиф қилиб, уни синовдан ўтказди ва якуний хулоса чиқарди: Маркольф биринчи жамоада ўйнашга лойиқ.
«Майнц» муваффақиятсизликдан сўнг бундеслигага дарҳол қайта олмади. Бироқ худди ўша мавсум Штефан учун эртакка айланди. Чунончи, мавсум аввалида жамоанинг чап қанотидаги асосий ҳимоячи Марко Розе узоқ муддатга сафдан чиқди ва Клопп бу ўринни Маркольфга ишониб топширди. Шу тариқа, Штефан жамоа ҳимоясида умидли Невен Суботич ҳамда тажрибали Николче Новескилар билан биргаликда ҳаракат қила бошлади. Айтганча, Новески ҳақида кичик бир қизиқарли воқеа: у 2005 йилги ўйинларнинг бирида рақиб дарвозасини аниқ мўлжалга олади, аммо ўйин охиригача ўз дарвозасини ҳам кетма-кет икки марта ишғол қилиб қўяди. Табийки, бундай кўнгилсизликдан сўнг барча унинг кайфиятини қандай кўтариш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолади. Аммо Новески кийиниш хонасидан чиқиб келар экан, жилмайиб, ўзини кутиб турган журналистларга шундай дейди: «Ҳечқиси йўқ, ахир мен бугун «хет-трик»ка эришдим!»
Шундай қилиб, Маркольф «Майнц»нинг ҳимоя чизиғида мавсум давомида 8 ўйин ўтказади. Тўғри, гол уриш унга насиб қилмайди, бироқ ўз навбатида, Штефан рақибларга ҳам бунга имкон бермайди.
Ҳар гал унинг туғилган куни «Майнц» кийиниш хонасида улкан шодиёнага айланар, ҳар гал бирор-бир қизиқарли воқеа кузатиларди. Дейлик, кимдир торт кесиш билан овора, уч-тўрт нафар футболчи эса Штефаннинг қулоғига тинмай бақириб, Happy birthday to you деб такрорлайди. У эса кулимсираб, жамоадошларига шундай дейди: «Эй, мен сизларни эшитмаяпман, қаттиқроқ гапиринглар, илтимос!».
Юрген Клопп эса Маркольфни мақтагани-мақтаган: «У жуда тезкор ва оёқлари ниҳоятда кучли. Штефанга бундан ортиқ ҳеч нарса керак эмас».
Штефан қулоғида махсус қурилма билан ҳар гал майдонга чиқиб келар экан, бўлмаса, уни ўйин арафасида бошқасига алмаштириб олади: «Менда иккита эшитиш аппарати бор — биттаси футбол учун, иккинчиси бошқа вақтларда фойдаланиш учун. Янги қурилманинг афзаллиги шундаки, у қулоқдан сирғаниб тушиб қолавермайди, шунингдек, тўп келиб бошга текканида, унча-мунчага бузилавермайди. Аммо у сал қимматроқ - 1500 евро». Кундалик ҳаётда ҳам мазкур муаммо футболчи йигитга унчалик халал бермаяпти. Мисол учун, у қайлиғи билан кинога тушса, картинадаги қаҳрамонларнинг лабларига қараб, гап нимадалигини тушуниб олади. Кейинчалик, жуфтлик бунда ҳам қулайроқ йўл топишди: «Субтитртлари бор DVD - жуда ажойиб нарса-да!».
Шу тариқа, ёқимли эртак бир мавсум давом этди. Вақти келиб, Клопп кўзларида ёш билан «Майнц»ни ташлаб кетди. Унинг ўрнини эгаллаган норвегиялик мутахассис Йорне Андерсен эса Штефанни кераксиз футболчилар сирасига киритди. Шу боис, Маркольф яна аввалги ўрнига - минтақавий лигага қайтди. Бироқ у одамлар диққатидан бутунлай четда қолгани йўқ. Аниқроғи, қулоғи оғир футболчилардан иборат Германия терма жамоаси устози Франк Цюрн Маркольфни юксак умидлар билан жамоасига таклиф қилиб, уни Европа чемпионатига олиб кетди. Германияликлар бу мусобақада бронза медалларини қўлга киритишди. Лекин Штефан учун «Майнц» асосий таркибидаги ўша 8 ўйин нисбатан ёқимлироқ, қадрлироқ эди: «Эҳтимол, менинг ҳаётим қулоғида муаммоси бор бошқа инсонлар, айниқса болалар учун ўрнак бўлар?! Мен бир нарсани - ўзингга ишонсанг ва муаммолар қаршисида таслим бўлмасанг, ҳар қандай орзуга эришиш мумкинлигини исботлашни истайман».
Гувоҳи бўлганингиздек, Маркольфнинг бошидан ўтган саргузаштлар (ҳаттоки, у ҳозир ҳаваскорлар лигаси даражасида тўп сураётган бўлса-да) ҳар қандай киши учун намуна бўла олади. Зеро, футбол - инсон ўзлигини топиши учун катта таъсир ўтказа оладиган муҳим йўналиш. Штефан Маркольф мисолида эса биз амин бўламизки, сенинг қандай эшитаётганинг, қулоғингдаги қурилма қандай ишлаётгани муҳим эмас. Муҳими - сен ўз имкониятларидангдан қай даражада фойдалана олишингда! Шунингдек, гап бу ерда фақат эшитиш қобилиятида ҳам эмас. Гап - сендаги ирода кучининг қанчалик намоён эта олишда!
«Майнц»дан кетар экан, Штефан Маркольф унинг бошидан ўтганлари ўзига ўхшаш ёш футболчиларга катта йўл очиб беришига умид билдирди. Қизиғи шундаки, Маркольфнинг «вориси» ҳозирданоқ аниқ - қулоғида муаммо билан туғилган 19 ёшли Симон Оллерт ҳам айни кунда профессионал футболчи бўлишни мақсад қилган. Агар у махсус қурилма ёрдамида атрофидаги товушларнинг 60 фоизини эшита олса, қурилмасиз бу кўрсаткич атиги 2 фоизга тушиб қолади. Аммо иқтидорли ёш форвард мазкур камчиликка қарамай, 17 ёшида «Унтерхахинг»да дебютини нишонлади. Кейинроқ эса бундеслигадаги «Ингольштадт»нинг ёшлар жамоасига таклиф этилди. Очиғини айтиш керак, хасталик ҳозирча Оллертга тез-тез панд беряпти: биринчидан, унинг қулоғидаги қурилма кўпинча майдонга тушиб қолаверади, иккинчидан, соғлом рақиблар болаларга хос ғайирлик билан бечорани камситишмоқда. Бироқ бу - вақтлар ўтиши билан йўқолиб кетадиган муаммолар.
Асосийси, Оллерт ҳам буёғига Штефан Маркольф сингари, жисмоний камчилиги бор кишилар ҳам ўзини четга тортавермай, охиригача курашиши лозимлигини исботлаши зарур. Демак, бундеслига тарихидаги илк қулоғи оғир футболчи - Штефан Маркольф Симон каби йигитчалар учун намуна, қаҳрамон ёки кумирга айланиб улгурди, ҳисоб. Бизнингча, бу - Штефан учун «Майнц» асосий таркибидаги ўша сурурли 8 ўйиндан ҳам муҳимроқ...
Киритилган сана: 16.06.2017
Киритилган сана: 30.03.2017
Киритилган сана: 20.03.2017
Киритилган сана: 02.03.2017
Киритилган сана: 24.02.2017
Киритилган сана: 16.02.2017
Киритилган сана: 03.12.2016
Киритилган сана: 25.11.2016
Киритилган сана: 17.11.2016
Киритилган сана: 11.11.2016
Киритилган сана: 27.10.2016
Киритилган сана: 25.10.2016
Киритилган сана: 15.10.2016
Киритилган сана: 08.10.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 17.09.2016
Киритилган сана: 15.09.2016
Киритилган сана: 10.09.2016