Қайднома

Қидирув

Қалбингдан қўрқуни қув!

11.11.2016 16:57
1459

«Тактиканинг сен учун аҳамияти йўқ. У фақат жамоага нимадир етишмаганда керак  бўлади. Агар юракдан ўйнайдиган бўлсанг, ҳеч қандай тактикага зарурат бўлмайди. - 3 нафар ҳужумчини майдонга туширасанми, икки ёки бир нафарми, фарқи йўқ!»

Юқоридагидек фикр юритадиган мураббийни ишга олишга жазм этган соҳиб ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши лозим. Уни замондан ортда қолган мутахассисга ишонч билдирганликда айблашлари турган гап. Бироқ ҳаётнинг аччиқ-чучугини бошдан кечирган Нико Ковач нима деганини яхши билади ва якунда иш берувчини уялтириб қўймади.

Май ойининг сўнгги кунларида «Айнтрахт» умуман иложсиздек кўринган вазиятдан чиқиб кетди ва бундеслигадаги ўрнини сақлаб қолди. Аслида Нико Ковач Армин Фенинг истеъфосидан кейин бош мураббийликка даъвогарлик қилаётганлар орасида фаворит эмасди. Номзодларнинг кўпчилиги ўз фаолиятига қуйи лигага тушиб кетиш шармандалиги ёзилиб қолишидан чўчиб курашни тўхтатишганди. Ковачда бой берадиган ҳеч вақоси йўқ, шу пайтгача бирор-бир жамоада мустақил ишлаб кўрмаганди. Шу боис, «бургутлар» менежери Бруно Хюбнер унга қўнғироқ қилиб ҳатто саломлашишни ҳам эп кўрмай, иш таклиф этганида ўйлаб ҳам ўтирмади. Тез орада «Айнтрахт» тўқнаш баҳсларига етиб келди, ўз майдонида «Нюрнберг» билан дурангга эришди. Жавоб учрашувида эса Харрис Сеферовичнинг сафардаги ягона голи бундеслига йўлланмаси тақдирини ҳал қилди. Учрашув якунлангач, меҳмонлар ўз мухлислари учун ажратилган сектор сари ошиқдилар, лекин камералар Нико Ковачни назардан чиқаришди. ғолиб жамоа бош мураббийи ўз шогирдлари билан ғалабани нишонлаш ўрнига қарама-қарши томонга йўл олди. Чунки у рақиб футболчиси Никлас Фюллькругнинг ҳўнграб йиғлаётгани, Тим Лайбольд эса дебют мавсумида шундай омадсизликликка дуч келганига чидай олмасдан майдон марказида чўзилиб ётганини кўрганди. Ковач уларга ҳамдардлик билдириш, сал бўлсада кўнглини кўтариш мақсадида улар томон йўл олганди. Ҳимоячи рақиб жамоанинг бош мураббийи таскинини тушуна оладиган ҳолатда бўлмасада, қаддини тиклаб олишга рози бўлди. «Кўп куйунаверма, бундай аламни мен ҳам Туркияга қарши баҳсда тотиб кўрганман», - деган эди хорватиялик мураббий рақиб ҳимоячисига. Лайбольд хорватиялик мутахассиснинг дўстона самимийлик билан узатган қўлини маҳкам ушлаган ҳолда ўрнидан турди, Фюллькруг ҳам ўзини тутиб олди. Фақат шундан кейингина Ковач ўз жамоасининг байрамона даврасига қўшилди. Октябрь ойида немис футбол иттифоқи хорватиялик мураббийни рақиб майдонида намо-йиш этган олийжаноблиги учун Fair Play соврини билан мукофотлади. «Бу ҳаракатни беихтиёр амалга оширдим. Ҳаммамизни инсон эканлигимиз бирлаштириб туради. Фақатгина мураббийгина эмасман, биринчи нав-батда инсонман!», - деди Ковач сов-рин қабул қилиш чоғида. Ҳа, чиндан ҳам бу «дарё» мураббийдаги одамийлик фазилатини ҳеч қайси тактикадан тополмайсиз!

Март ойида франкфуртликлар бош мураббийлик лавозимига ҳатто даҳо келганида ҳам жамоани қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қололмаслигига амин эдилар. Ўшанда «Айнтрахт» элитани тўғридан-тўғри тарк этадиган ўринда эди. Ҳатто «плей-офф» йўлланмаси ҳам саробга айланган, Юлиан Нягельсман раҳбарлигидаги «Хоффенхайм» ишончли ўйинлар кўрсата бошлаган, 1,5 ойдан кейин турнир жадвалининг тубидан жой оладиган «Штутгарт» ўртамиёна жамоалар сафида эди.

Ковач билан тузилган шартнома 2017 йил ёзига қадар амалда бўлади. Унинг нозик жиҳати шундаки, у фақат биринчи бундеслигада ўз кучида қолади. Мураббий бу таҳқирона шартни ҳам қабул қилди. Франкфуртликлар мутахассисни турар-жой билан таъминлай олмаганликлари ҳам уларнинг ўта танг ҳолатга тушиб қолганини кўрсатиб турибди. Нико жимгина меҳмонхонада яшади. Янги жамоадаги илк машғулотда ўз шогирд­ларига дабдабали маъруза ўқимади, балки воқеликни рўй-рост қабул қилиш кераклигини ўқтирди: «Жамоа қуйи лигага тушиб кетиши билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Муҳими сиз шундай иш қилингки, ўз ишингиздан ўзингиз уялиб қолманг». «Айн­трахт»нинг ечиниш хонасидаги тахтага мураббий қуйидаги сўзларни ёзиб қўйди: «Интизом, иззатталаблик, меҳнатсеварлик». Мана шу иборалар Ковачнинг ҳаётий шиорига айланган. Жамоа «Ба-йер»дан 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраганида ҳам мураббий хотиржамликни йўқотмаган. «қуйига тушиб кетишдан қўрқиш керак эмас. Ўз тажрибамдан яхши биламан, қўрқув - спортчига энг кўп зарар келтирадиган ҳиссиёт. қалбингиздан қўрқувни чиқариб ташгланг!»

Апрель ойида «Айнтрахт» 3та учрашувни ғалаба билан якунлади. Бироқ хурсандчилик қилишга улгурмади - жамоа сардори Марко Русс саратон хасталигига чалингани маълум бўлди. Тиббий таҳлиллар натижасидан хабар топган Русс сўнг­ги турда «Вердер»га қарши майдонга туширишни илтимос қилди. Кейин «Нюрнберг» билан тўқнаш баҳсида ҳам Ковач унинг илтимосини рад этмади. Марко эса ўз жамоасига ёрдам бериш ўрнига автогол соҳибига айланди. Оқибатда Никодаги стресс ҳолати уйқусизлик балосига айланди.

«Касбимиз ва фаолиятимизга оид ўй-фикрлардан халос бўлишнинг иложи йўқ. Кўпчилик мураббийларга тинчлик бермайдиган бу бало бизни ҳам 24 соат давомида қийнайди», - деганди Нико ёзда.

Нюрнбергдаги жавоб учрашуви арафасида мураббий ўз шогирдларига бафуржа кўрсатма беришга ҳам улгурмади. Шунчаки, ечиниш хонасига кирди-да, икки оғиз ваъз айтди: «Йигитлар, «Айнтрахт» - 117 йиллик тарихга эга жамоа. Сиз бу тарихни давом эттириб, унинг бир қисмига айланишингиз мумкин. Майдонга тушинг-да уни амалга оширинг!»

Ўша оқшом «Айнтрахт» қалбидан қўрқувни қувган ҳолда, чин юракдан тўп сурди. Ковачни назардан қочирган камералар эса унинг кўз ёшларини тасвирга тушириш имконидан маҳрум бўлишди.

«Айнтрахт»да Никога унинг укаси Роберт ёрдам беради. Ёрдамчи мураббий асосан ўйинлар таҳлили ва тактика бўйича жавобгар. Роберт акасига қараганда анча камгап ва хотиржамроқ. Нико эса машғулотлар жараёнида футболчиларга тез-тез кўрсатмалар бериб туради. қизиғи, таркибда 16 нафар легионерлар тўп суришади. Улар 8 хил тилда сўзлашадилар - бундай манзарани Европанинг бошқа ҳеч бир клубида учратмайсиз. «Футболчини қаердан келганлиги мени умуман қизиқтирмайди. Испанияликми, германияликми ёки Балқондан келганми, менга фарқи йўқ. Шунингдек, ёши, кеча ёки бундан 3 ой олдин қаерда юрганлиги ҳам аҳамиятли эмас. Менга унинг ҳозир қаерда эканлиги, жамоага қанчалик манфаат келтира олиши муҳим. Менда ёш ёки фахрий футболчи эмас, балки яхши ва ёмон футболчи тушунчалари бор, холос», - дейди Ковач.

Тўғри, футболчилар спортнинг индивидуал турларига қараганда камроқ машқ қилишларини Нико инкор этмайди. Аммо юмушлар фақат майдондаги машғулотлар билан якунланиб қолмаслигини унутмаслик кераклигини таъкидлайди. Ўз шогирдларидан машғулотларга 2 соат аввалроқ келишни талаб қилади. Базага келган пайт мобиль телефонларни ўчириб қўйишларини тайинлайди. Маш­ғулот арафасида футболчилар биргаликда тушлик қилишларини, ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиб гурунглашишларини истайди. Аҳил ва уюшқоқ жамоани шакллантиришда бу жуда муҳим жиҳат. «Суҳбат чоғида ўйинчилар турли вазиятларда қайси позицияни эгаллаш, рақиб ҳимоячиларини доғда қолдириш ва боша режаларни ишлаб чиқадилар. Ахир тил инсонга ўзаро мулоқот учун, бир-бирини яхши билиб олиш учун берилган», - дейди мураббий.

Нико ўз ўйинчиларига тааллуқли барча маълумотларни билишга қизиқади, муаммоларини биргаликда ечишга интилади. Чунки футболчилик даврида ўзи ҳам айрим қийинчиликларга дуч келган. Масалан, «Герта»даги дастлабки мавсумдан кейин у футболдан негадир совуб, машғулотларга иштиёқи пасайиб қолганди. Шунда отаси унга ёрдам қўлини чўзиб, тўғри маслаҳат берганди: «Биласанми, «Ҳаммаси жонга тегди» деган фикрга келиш бўлиб турадиган воқеа. Сенинг футболда эришган натижа ва нуфузингдан фархланаман. Тенгдошларингнинг кўпчилиги бекорчиликдан санғиб юрибди. Бу ёғини ҳал қилиш ўзингга ҳавола». Ундан ҳеч нарса талаб қилмай, ўз кўнглига қараб иш тутишига изн бергани Никога кучли таъсир этди. Кейинчалик Ковач ўзидан кўра кўпроқ отасини ўйлаб иш тутадиган, кўпроқ машқ қиладиган ва янада яхшироқ ўйнашга интиладиган бўлди. Энди отасидан олган сабоқлар унга мураббийлик фаолиятида ҳам қўл келмоқда. Нико ҳар бир шогирдининг муаммосидан хабардор бўлишга, қўлидан келганича кўмаклашишга интилади. Лекин қайси йўлни танлаш ва қандай иш тутиш масаласида футболчиларга тўла эркинлик беради.

Яқинда «Айнтрахт» Менхенгладбахда маҳаллий «Боруссия» билан куч синашиб, рақиб майдонидан қимматли очко билан ортга қайтди. Ўйин тугагач, Ковач ўз шогирдлари билан ечиниш хонасига йўл олди. Бироқ аллақачон ҳувиллаб қолган стадионнинг меҳмонлар учун ажратилган секторида «Айнтрахт» мухлислари куйлашни давом эттираётган эдилар. Бунинг эшитган мураббий уларнинг ҳузурига ошиқди ва ажойиб қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдирди. Мухлислар ҳам уни гулдурос қарсаклар билан олқишлашди. Ҳа, олий жаноблик қудрати олдида анчайин малака ҳам ўз кучини йўқотади.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz