Жон Стоунз ва Роберто Мартинессиз янги ҳаёт остонасига қадам қўйган «Эвертон» ёзги трансфер мавсумини камтарона ўтказди. Фарҳод Моширининг сармояларидан тежамкорлик билан фойдаланган Рональд Куман «Астон Вилла» вакили Идрисс Гуйе учун 7,1 млн. сарфлади. «Суонси» сардори Эшли Уильямс ва Мартин Стекеленбургни 12 млн. фунтга харид қилди. Фақат «Кристалл Пэлас»нинг ажойиб дриблингчиси Янник Болази учун АПЛ мезонларига мос келадиган маблағ - 22 млн. тўланди.
Анчайин жиддий баҳо дейсизми? Тўғри, бундан 5 йил муқаддам «Ман Сити» «Арсенал» юлдузи Самир Насри учун шунча сарфлаганди. Жиловлаш жуда қийин бўлиб қолган бугунги бозор шароитида Куман шунча маблағ эвазига жамоа таркибини иқтидорли ҳужумчи билан кучайтириб олди.
Болазининг махсус финти
2014 йил декабрда «Тоттенхэм» ва «Кристал Пэлас» ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиш мақсадида «Уайт-Харт-Лейн» майдонига тушдилар. Беллашув голсиз якунланди, бу одатий нурсиз учрашувлардан бири эди. Аммо Янник Болази томонидан намойиш этилган финт шунчалик ҳайратланарли эди-ки, Деле Аллининг 5 йил давомида урган энг ёрқин голи ҳам унинг олдида нурсизланиб қолди. Янникнинг фокуси ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалиб, ФИФАнинг махсус ҳаракатлар жамланмаси - Flick-360дан жой олди. Болази мазкур дриблингни Роналду ва Неймардан ўрганган бошқа усуллар билан биргаликда намойиш этди. Ўша оқшом аксарият шарҳловчилар конголик йигитчанинг «номери» шунчаки тасодифан юз берди, деган фикрга келишганди. Чунки улар Янникнинг бу каби «ҳунар»ларига дуч келишмаганди. Қолаверса, футболчининг ҳаракатлари қандайдир ношудларга хос уқувсизлик билан бажарилаётгандек туюларди. Ўз вақтида «Пэлас»да мураббийлик қилган Нил Уорнок Болазига ўзига хос тарзда баҳо берганди: «У ҳар қандай рақиб учун ўта хавфли. Муаммо шундаки, нима қилмоқчи эканлигини унинг ўзи ҳам билмайди. Шу билан бирга, рақиб ҳимоячилари ҳам унинг ниятидан тамоман бехабарлар».
Болазини кўча футболи тарбиялади
Турли фокусларни намойиш этиш Лондоннинг шимолий-ғарбидаги Уиллесденда юксак қадрланарди. Ўқувчи Янник ҳар куни деразадан «Уэмли»ни томоша қилар (аслида, Лионда туғилган ва 7 ойлик пайтида ота-онаси билан Лондонга кўчиб келишган), бу муҳташам аренада тўп суриш ҳатто тушига ҳам кирмаганди. Ҳеч бир профессионал клуб академияси уни қабул қилмагач, Янник шаҳар паркидаги майдонда шуғуллана бошлади. Ундаги ўзига хос мустақиллик ана шундан бошланган. Маълумки, кўча футболида иштирокчилар сони чегараланмайди. Баъзан тўп сураётган болакайлар 30дан ошиб кетарди. Шу оломон ичидан соғ-омон чиқиш учун Янник турли айёрликларни ўйлаб топарди. Болалардан ташқари, парк ичидаги ёғоч уйчалар, ўриндиқ ва беланчаклар қўшимча ғовлар бўлиб, тўп билан ҳаракатланаётган футболчидан уларга чап бериш талаб этиларди. Ана шу мураккаб вазифани Янник аъло даражада бажаришга интиларди. Шунингдек, у Роналдиньо финтларининг шайдоси эди, бу борада соатлаб машқ қилса ҳам зерикмасди.
Эндиликда Болази АПЛдаги кўча футболи намояндаларининг энг ёрқин вакили. Унинг ўйин услуби умуман ўзгача. Футболчининг майдон ташқарисидаги ҳаёти ҳам кескин фарқ қилади. Уйи орқасидаги майдончада қандай шуғулланишини тасвирга тушириб, «Твиттер» орқали намойиш этади. Унда ўша болаликдаги майдонча ҳам бор, остида «ҳаммаси шу ердан бошланган» изоҳи билан. Болази фаолиятини Мальта чемпионати сақлаб қолди
Уиллесден паркидан АПЛга етиб келгунига қадар Болази «Рэшден энд Даймондс» ва «Хиллингдон Боро» ҳаваскор жамоаларида тўп сурган. Бу ерда тўплаган тажрибасига футболчи юксак баҳо беради. Бир сафар мураббий шогирдининг саломатлигидан хавотирга тушиб, уни майдондан барвақт чиқариб олганди. Чунки мағлубиятга учраётган жамоа футболчилари Янникнинг «артист»лигидан дарғазаб бўлиб, уни майиб қилиш пайига тушишганди. Бундан ташқари, яна кимлардир футболчини ўз услубидан воз кечишга мажбур этишга уринишди, бошқалар унинг учун ноқулай бўлган марказга ўтказишди. Боз устига, сунъий қопламали, баъзи нотекис майдонларда тўп суришарди. Мальта чемпионатидаги бир йиллик фаолиятидан кейин Болази «Плимут», «Барнет» ва «Бристоль» каби жиддийроқ жамоаларга жалб этилди.
Айнан Мальта чемпионати 18 ёшга етмасдан сўна бошлаган фаолиятни қайтадан жонлантирди: «Ниҳоят, мен профессионал мақомида тўп суриш имкониятига эга бўлдим. Ваҳоланки, Мальтага йўл олиш арафасида барчасидан воз кечиб, дурадгорлик корхонасига боришни мўлжаллаб тургандим. Дугонамнинг отаси мени ишга олишга рози бўлганди. Айни ўша дамда «Флориана»дан таклиф тушди. Шу тариқа футболда қолдим», - дея эслайди Янник. Тез орада Мальтадаги сайтларда ёқимли хабарлар пайдо бўлди: «Чемпионатимиз иштирокчиси учун «Эвертон» 28 млн. таклиф қилмоқда!».
Терма жамоада тўп суриш - Болази учун ўзга олам
Францияда таваллуд топиб, Англияда улғайгани боис, Болазида бу икки мамлакатдан бирини танлаш имконияти бор эди. Футболчи ота-онасининг ватани бўлмиш Конго Демократик Республикасини танлади. Бундай қарорга келишида Янникнинг отаси ўз вақтида Конго ўсмирлар терма жамоасида тўп сургани муҳим роль ўйнади.
Футболнинг Конгодаги аҳамияти хусусида Болазининг жамоадоши ва яқин дўсти Габриэль Закуани ўзининг автобиографик асарида шундай ёзади: «Терма жамоанинг ўйин кунлари ҳамма телбага айланади. Ғалаба қозонсак - бутун мамлакат учун навбатдаги ўйин кунигача байрам. Мағлуб бўлсак - фожиа! Машғулотларни кузатиш учун 40000га яқин мухлис келади. Биз полиция ва ҳарбийлар ҳамроҳлигида юрамиз. Бу ерга келган киши терма жамоанинг нима эканлигини тезда тушунади». Габриэль асарда Янник билан қай тариқа танишгани ҳақида ҳам ёзган: «Ўшанда мен «Петерборо»да, Янник эса «Плимут»да тўп сурардик. Ўзаро учрашув чоғида у менга юзланди: «Болалик пайтимда уйингизга борганман». Ҳайрон бўлганимни кўриб, оилам, ака-укаларим ҳақида гапириб берди. Уларни нома-ном санаб чиқди. Ўйиндан кейин ота-онам билан боғланиб, улардан маълумот олдим. Чиндан ҳам Болазилар оиласи бизникида меҳмон бўлишган экан. Шундан буён Янник билан дўстмиз».
Болази мусиқада ҳам ўзини синаб кўрган
«Эвертон» дебютанти беллашувларга мусиқа тинглаш орқали тайёрланади. Санъат билан ўқувчилик йилларида ошно тутинган. 2000 йил охирида Шарқий Лондонда бош кўтарган хип-хоп услубини ёқтиради. Янникдаги қизиқиш шунчалик жиддийки, ҳатто у Lord of the Mics танловида қатнашишга ҳам улгурди. Ўшанда Болази бошқа бир касбдоши, «Арсенал»нинг машҳур ҳужумчиси Иан Райтнинг ўғли ва Шон Райт-Филипснинг укаси - Брэдли билан баҳслашганди. Тақдир тақозоси билан улар «Плимут»да ҳам ўзаро дуч келиб қолишди. Шундан кейин бир-бирларига рэп-куплет кўринишида овозли маълумотлар жўната бошлашди. Конголик футболчи Брэдлига «Арсенал»дан жой олиш учун биргина жарангдор фамилиянинг камлик қилишини шаъма қилди. Райт-Филипс ҳам нишонга аниқ урди: «Голлар йўқми: о, мен сенга ачинаман!»
Ҳа, Райт-Филипс Болазига қандай зарба беришни яхши биларди. Ҳозирча фаолиятида голлар жуда кам эканлигини Янник ҳам яхши англайди, янада юқорироқ савияга эришиш учун бу камчилик устида жиддий тер тўкиши кераклиги, АПЛдаги учинчи мавсум давомида атиги 9та гол уриш ҳужумкор ярим ҳимоячи учун юқори натижа эмаслигидан ҳам хабардор. Тўғри, «Кристалл Пэлас»нинг ўзига хос хусусияти Болазини бироз ҳимоя қила олади - бу жамоада энг яхши тўпурар лавозимига марказий ҳимоячи Скотт Дэни асосий даъвогар. Қизиғи шундаки, Янник «Пэлас» тарихидаги дастлабки «хет-трик» соҳиби саналади.
Болази самарадорликни оширади
Футболчидан The Guardian учун интервью олган Анна Кессел унинг ён дафтарчаси юритишига эътибор берди. Маълум бўлишича, ўз ўйинини янада юқорироқ савияга олиб чиқиш учун амалга ошираётган ишларини Янник ушбу дафтарчага ёзиб борар экан. Шунингдек, футболчи қанча вақт ухлагани, эрталаб, тушда ва кечқурун қандай таомлар тановвул қилганини ҳам белгилаб боради. Бу чора-тадбирлар футболчининг жисмоний ҳолатига қандай таъсир этганини аниқлашда Болазига шахсий мураббийи Райан Уилсон ёрдам бермоқда. Улар Бристолда танишишган. Уилсоннинг айтишича, ўша кезлари Янник қотмадан келган, бироз бесўнақай ва нимжонгина йигитча эди. Ҳозирда унинг вазни 85-86 кг. Аслида, бу кўрсаткич қанот ярим ҳимоячилари учун мос эмас. Бундай оғирликда спортчилар «биринчи оғир вазн» тоифасидаги боксчилар орасида бўлишади. Бироқ Уилсон бутунлай хотиржам: унинг мижози аввалги тезлигини йўқотмаган ҳолда тобора кучга тўлиб бормоқда. 40 метрли масофани 3,8-4,2 сонияда босиб ўтади. Демак, хавотирга ўрин йўқ. Шунчаки, Уилсон ҳамкорлигида Болази ҳуркак тойчоқдан қудратли тулпорга айланмоқда. Юқори самарадорлик ҳам куттириб қўймайди!
Киритилган сана: 16.06.2017
Киритилган сана: 30.03.2017
Киритилган сана: 20.03.2017
Киритилган сана: 02.03.2017
Киритилган сана: 24.02.2017
Киритилган сана: 16.02.2017
Киритилган сана: 03.12.2016
Киритилган сана: 25.11.2016
Киритилган сана: 17.11.2016
Киритилган сана: 11.11.2016
Киритилган сана: 27.10.2016
Киритилган сана: 25.10.2016
Киритилган сана: 15.10.2016
Киритилган сана: 08.10.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 29.09.2016
Киритилган сана: 17.09.2016
Киритилган сана: 15.09.2016
Киритилган сана: 10.09.2016