Қайднома

Қидирув

«Истанбул мўъжиза»сини эслайсизми?

25.11.2016 14:37
2193

Туркияда ўтказилган ЧЛ-2005|2006 финалида чинакам ирода кучини кўрсатган «Ливерпуль». Ўйин давомида 0:3 ҳисобида орқада бориб, кубокни ўз томонларига оғдиришни уддалаган ўша қаҳрамон футболчилар ҳозир қаерда? Тан олиш керак, Юрген Клопп бошқараётган «Ливерпуль» айни пайт барчанинг кўзини бирдек қамаштиряпти. Мана, «қизиллар» 2014 йилдан буён биринчи марта яна АПЛ карвонбошисига айланишди. Афсуски, шундай жамоа ЧЛдан ташқарида. Ажабмас, Клопп ва унинг ўзига ўхшаш шогирдлари келаси мавсум ЧЛга бошқача чирой бағишласалар. Зеро, улар учун бу борада интиладиган чўққи йўқ эмас. Демак, бугунги фотожамланма ЧЛ тарихидаги энг буюк камбэк (камомадни йўқотиш)ни амалга оширган мўъжизакор жамоа вакилларининг айни пайт нима билан шуғулланишаётгани ҳақида.

Айтиш жоиз, «Ливерпуль» ЧЛ-2005|2006 гуруҳ раундига қўшилишдан олдин саралаш босқичида Австриянинг «Грац» клуби билан ўйнаган ва жуда қийналган. Аслида «қизиллар» аввалига сафарда ишончли тарзда ғалаба қозонишган - 2:0, бироқ ўз майдонларида негадир бўшроқ ҳаракатланиб, рақибга имкониятни бой беришган - 0:1. Турнирнинг асосий раундида эса, инглизлар чекига ривожланаётган «Депортиво», бақувватгина «Монако» ва «сирли» «Олимпиакос» клублари билан ўйнаш тушади. «Ливерпуль» бу квартетда дастлабки 5та турда 7 очко олади. Хуллас, «плей-офф»га чиқиш учун ундан ўз майдонида «Олимпиакос»га қарши кечадиган сўнгги баҳсда ғалаба қозониш талаб этилганди. Худди атайин қилинганидек, анча вақтгача жамоа ўйини сира қовушмайди, боз устига, биринчи бўлимда Ривалдо грекларни ҳисобда олдинга олиб чиқади. Лекин Рафаэль Бенитес танаффусдан сўнг захира кучларидан унумли фойдаланади: ёш футболчилар - Синама-Понголь ва Меллор биттадан гол уриб, ўйиннинг боришини кескин ўзгартиришади. «Ливерпул»нинг учинчи голи эса, Стивен Жеррард номига ёзилади. Хуллас, 3:1 ва «қизиллар» «плей-офф»да. Инглизлар 1|8 финалда «Байер»ни гўёки, бир оёқда енгишади. Ҳарқалай, ҳар икки ўйин «Ливерпул»нинг 3:1 кўринишидаги устунлиги билан тугайди, боз устига, немислар ўз майдонларида ҳам, сафарда ҳам ҳисобни фақат сўнгги дақиқаларда қисқартиришганди. Чорак финалга келиб, Бенитес жамоаси чиндан ҳам, ғоят қийналади. Тўғри, «Ювентус» «Энфилд»даги илк учрашувда 2:1 ҳисобида доғда қолдирилади, лекин инглизлар Туринда Павел Недвед, Алессандро Дель Пьеро ва Златан Ибрагимовичнинг мисли кўрилмаган ҳамлаларига дуч келишади. Муҳими, жамоа бунга чидайди.

«Ливерпул»нинг ярим финалда курашдан чиқиши кутилганди, чунки у Жозе Моуриньонинг деярли камчиликсиз шаклланган «Челси»сига дуч келганди. Қарангки, бу сафар ўртага жаноби омад тушади: ҳакам Любош Михель тақдир ҳукмига кўра, Луис Гарсия томонидан урилган машҳур ғалати голни инобатга олади. Ушбу жуфтлик қарама-қаршилигида бошқа гол кузатилмайди ва «Ливерпуль» Истанбулга йўл олади. Финалнинг биринчи бўлимидаёқ барчаси ҳал этилгандек кўринганди. «Милан» омадли «Ливерпул»нинг омадини «қувиб» юборганди - 3:0. Хуллас, танаффус чоғи бутун дунёда минглаб телевизорлар ўчирилади - мухлислар ўйинга нисбатан қизиқишни йўқотиб, шунчаки, уйқуга кетишади. Бундай шошқалоқлар эртасига жуда-жуда афсусланишгани аниқ. Зеро, улар ЧЛ тарихидаги энг ақл бовар қилмас камбэкдан бебаҳра қолишганди. Эсласангиз, «Ливерпуль» 54-60-дақиқалар оралиғида «Милан» дарвозасини 3 марта нишонга олганди (гол муаллифлари - Жеррард, Шмицер ва Хаби Алонсо). Эътиборлиси, «россонерлар» воқеаларнинг бундай ривожидан гангиб қолмайдилар ва 4-голни уришга жуда-жуда яқин келишади. Бироқ «қизиллар» на асосий вақт ва на қўшимча бўлимларда бунга йўл қўйишади. Дейлик, Андрей Шевченко сўнгги лаҳзада барчасига нуқта босиши мумкин эди, бироқ унинг 3 метрдан йўллаган зарбасини Ежи Дудек ақлга сиғмас даражада бартараф этади. Шу «сейв» туфайлими, поляк кипери пенальтилар сериясида дадил ҳаракатланиб, бош қаҳрамонга айланади. У дарвоза чизиғи устида шунчалик фаоллик кўрсатадики, итальянлар бутунлай назоратни йўқотишади. Дудек қўлларини ёйганча ҳаттоки, чизиқдан  чиқиб, қоидага хилоф иш тутади. Бироқ испаниялик ҳакам Мехуто Гонсалес бунга эътибор қаратмайди. Хуллас, Сержиньо тўпни юқори тепади, Пирлонинг зарбаси Дудек «ўлжа»сига айланади, Андрей Шевченконики ҳам. Шундай қилиб, «Ливерпуль» 21 йиллик танаффусдан сўнг асосий еврокубокни «Энфилд»га қайтаради. Шу билан клуб тарихидаги ЧК|ЧЛ бош соврини 5тага етади.

Чап қанот ҳимоячиси

24 ёш    Йон-Арне Риисе     36 ёш

ЧЛ-2005|2006да: 13та ўйин,

1та гол

«Ченнай» (Ҳиндистон)да ўйнаяпти

 

Марказий ҳимоячи

27 ёш   Жейми КАРРАГЕР                     38 ёш

 

ЧЛ-2005|2006да: 13та ўйин

Sky Sports таҳлилчиси

 

Ўнг қанот ҳимоячиси

29 ёш     Стив ФИННАН   40 ёш

ЧЛ-2005|2006да: 13та ўйин

Лондонда кўчмас-мулк билан шуғулланяпти

 

Ўнг қанот вингери

26 ёш          Луис ГАРСИЯ           38 ёш

ЧЛ-2005|2006да: 12та ўйин, 5та гол

Жорий йил июль ойида фаолиятини якунлади - «Сентрал Кост Маринерс» (Авс-тралия)да

 

Ҳужумчи

23 ёш     Милан БАРОШ   35 ёш

 

ЧЛ-2005|2006да: 12та ўйин, 2та гол

«Слован» (Чехия) аъзоси

 

Таянч ярим ҳимоячиси

27 ёш Игорь БИШЧАН     38 ёш

 

ЧЛ-2005|2006да: 9та ўйин

«Рудаша» (Хорватия 2-дивизиони) бош мураббийи

 

Чап қанот вингери

26 ёш Гарри КЬЮЭЛЛ     38 ёш

 

ЧЛ-2005|2006да: 10та ўйин

«Уотфорд» ёшлар жамоаси бош мураббийи

 

Марказий ярим ҳимоячи

24 ёш  Стивен ЖЕРРАРД   36 ёш

ЧЛ-2005|2006да: 8та ўйин, 2та гол

«Лос-Анжелес Гэлэкси» (MLS) аъзоси

 

Марказий ҳимоячи

25 ёш Жейми ТРАОРЕ    36 ёш

ЧЛ-2005|2006да: 10та ўйин

«Сиэттл Саундерс» (MLS) бош мураббий ассистенти

 

Бош мураббий

45 ёш Рафаэль БЕНИТЕС          56 ёш

 

ЧЛ-2005|2006да: 15та ўйин, 9та ғалаба, 3та дуранг, 3та мағлубият

«Ньюкасл» (Англия 2-дивизиони) бош мураббийи

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz