Қайднома

Қидирув

«Уни ёмон кўраман!»

03.12.2016 14:06
466

СОБИҚ УСТОЗИНИ ТАНҚИД ҚИЛГАН ФУТБОЛЧИЛАР ҲАҚИДА

Марио Балотелли фаолияти давомида бирга ишлаган мураббийлар орасида Брендан Рожерсни энг ёмони деб атади. «Ницца» ҳужумчиси ўз фикрини бир нечта сабаблар билан изоҳлади: «Гап машғулотлар жараёнида эмас, унинг ишлари менга ёқарди. Аммо муносабатларимиз ёмон эди, шу боис Ро-жерсни ёқтирмаганман». Ўз навбатида, Марио энг яхши устози сифатида Роберто Манчинини кўрсатиб, ушбу мутахассисдан кўп жабҳада қарздор эканини билдирган. Ажабланарли ҳолат, албатта.

Кутилмаганда Брендан ҳам жавоб қайтариб, италиялик форварднинг ҳақ эканини айтди. «Балотелли мендан хафами, нима ҳам дердим, у бунга ҳақли. Италиялик футболчининг трансфери таваккал эди, буни мен эмас, раҳбарият хоҳлади. Марио трансфер ойнаси ёпилиши арафасида келиб қўшилди ва ўйлаб кўришимга вақт қолмаганди. Тан оламан, унга тегишлича муносабатда бўлолмадим. Майдонда ўйини ўхшамади, оғир мавсумни ўтказдик. «Ницца»га ўтгач, ўз жамоасини топгандек. Унинг ютуқларидан хурсандман».

Балотелли ва Рожерс ўзаро муносабатларга омма олдида замонавий тарзда ойдинлик киритиш мумкинлигини исботлашди. Лекин Марио фаолиятидаги энг ёмон мураббийни танлаб, унинг номини матбуот орқали эълон қилган илк футболчи эмас. қуйида шундай ишга журъат топган бошқа ўйинчилар ҳақида сўз юритамиз.

Златан Ибрагимович: Хосеп Гвардиола

Швециялик ҳужумчи ўзининг автобиографик китобида қисқа, аммо ўта жиддий гапирди: «Гвардиола - мен билан бирга ишлаган мураббийлар орасида энг ёмони. У - қўрқоқ». Пеп бундай айбловлар бобида Ибранинг доимий танқидларига учраган Ко Адриансе ҳамда Златанни «Аякс» машғулотларидан четлатган Рональд Кумандан «илғорлик» қилди.

Марко Матерацци: Рафаэль Бенитес

Оғир феъл-атворга эга итальян ва сўнгги йилларнинг омадсиз мураббийларидан бирига айланган испаниялик мутахассиснинг учрашуви Матераццининг фаолияти якунланган пайтга тўғри келди. Ўшанда Марко «Интер» билан ЕЧЛда ғолиб чиққан, унинг Жозе Моуриньо билан хайр­лашиш чоғида кўз ёшларини тия олмагани қайд этилган видеоёзув тарқалганди. Бенитес эса ишни португалиялик ҳамкасбининг клуб базасидаги суратини олиб ташлашдан бошлади. Марконинг шкафида ҳам Жозенинг расмига кўзи тушгач, уни йўқотишни сўради. Ўз навбатида, Рафа танлаган тактика бўйича Матераццига жой топилмади.

Италиялик футболчи эса, бунга жавобан жамоавий муҳитдан заррача хавотирланмаслигини билдирди. Бенитеснинг истеъфосидан кейин эса ишга астойдил киришди. «У - қўрқоқ, клубда алоҳида шахсларни кўргани кўзи йўқ», деди Марко 2013 йилнинг қишида. Испаниялик мураббий «Челси»га ўтганидан кейин эса «Бенитес Лондон жамоаси тарихидаги энг ёмон шахсга айланади», деганди. Рафанинг «Наполи»даги ўрнини Маурицио Сарри эгаллагач, буни ҳам назардан четда қолдирмади: «Неаполликлардаги ўсишдан асло ажабланмадим, чунки энди уларда мураббий бошлади». Матераццининг испанни ёмон мураббий деб атамаганига сабаб, Бенитесни умуман мураббий деб ҳисобламайди, чоғи.

Сисиньо: Клаудио Раньери

Бразилиялик футболчи ўз интервьюларининг бирида «Лестер» билан Англияда чемпионликни нишонлаган мутахассисни ёмонлади. Улар «Рома»да бирга ишлашганди. Ҳаттоки, «тулкилар»нинг АПЛ ғолибига айланишгани ҳам Сисиньони заррача ажаблантирмади: «Раньери тўғри шуғуллантиришни билмайди. «Рома»да унинг қўл остида тўп сурганимда, доимо қийинчиликларга дуч келардим. Клаудио - фаолиятимдаги энг ёмон мураббий. Ўз ишида аниқ тизимга амал қилмайди, бразилияликларни кўргани кўзи йўқ. Англиядаги муваффақиятига келсак, бу - шунчаки, омад. Унга йирикроқ клубни топширинг, ҳеч нимага эришолмаслиги аниқ». Эслатиб ўтамиз, «Рома»ни Раньери бошқараётган кезлари Сисиньо Италия вице-чемпионига айланди, биринчи ўрин Моуриньонинг «Интер»ига бой берилганди.

Уэйн Руни: Фабио Капелло

Кутилмаган танлов, боз устига, Уэйн ўз фикрини изоҳламади. «Свен-Йоран Эрикссон ва Рой Хожсон билан ишлашдан завқ олганман, бироқ бизни Фабио Капелло шуғуллантирганда, асло роҳатланмадим. Ундан кўп нарса кутгандим. Италиялик мутахассис фаолиятимдаги энг ёмон мураббий саналади». Капелло эса бунга ўзига хос тарзда жавоб қайтарди: «Руни, афтидан, инглизчани тушунмайди. Чунки у фақат сэр Алекс Фергюсондан шотланд тилида кўрсатмалар олган».

Иан Эватт: Пол Инс

«МЮ» ва «Ливерпуль» ярим ҳимоячисининг мураббийлик фаолияти қандай кечгани ҳамма ишқибозларга ҳам маълум эмас, қандайдир муваффақиятга эришгани рост. Лекин Инс қўл остидаги «Блэкпул»да ўйнаган Иан Эваттнинг бу борадаги фикри ўзгача. У биринчи навбатда, ҳис-ҳаяжонига эрк берди: «Полнинг истеъфога чиққанидан хурсандман. Унга бу ҳақда матнли маълумот орқали хабар беришган. Инс айни муносабатга лойиқ. Вақтида мени ҳам худди шундай ҳолга солганди».

Леандро Алмейда: Олег Блохин

Фаолиятининг тўрт йилини Киевнинг «Динамо»сига бағишлаган ҳимоячи Бразилияга қайтгач, ижтимоий тармоқлар орқали собиқ устозининг манзилига айбловларни ёғдириб ташлади. «Твиттер»даги чиқишларда асосан Олег Блохин ва унинг ёрдамчиси Алексей Михайличенкони рус тилида танқид қилган. Кўп ўтмай, ушбу хабар ўчирилган бўлсада, мазкур воқеа тарихга кирди: «Олег Блохин - Украинадаги энг ёмон мураббий, у «Динамо»ни бошқаришга муносиб эмас. Олег ва Алексей клуб президенти Игорь Суркисни уялтириб қў­йишлари аниқ».

Эрик Кантона: Раймон Доменек

қирол Эрик ҳеч қачон Доменек билан ишламаган, боз устига, икковлон таниш эмаслар. Шунга қарамай, Кантона ЖАРда ўтган мундиалдаги муваффақиятсизликдан сўнг Раймонни танқид қилишдан ўзини тия олмади: «Доменек - Франция термаси тарихидаги энг ёмон мураббий. Албатта, Людовик XVIдан кейин».

Денис Глушаков: Славен Билич

Россиялик футболчи собиқ устози ҳақида шундай деганди: «Билич - виждонли ва «адекват» инсон, унга омад тилайман. Лекин мен билан бирга ишлаган мураббийлар орасида уни энг ёмони деб биламан». Тўғри, Глушаков кейинроқ берган интервьюсида бу гапларни ҳушёр ҳолда айтмаганини билдирган: «Ўшанда стоматология клиникасидан қайтаётгандим, наркоз таъсири тарқаб улгурмай, таксидаги журналистнинг саволларига жавоб қайтаргандим».

Бонус

Жозе Моуриньо: Жозе Моуриньо

Агар португалиялик мураббий «Чемпионликка эришиш «Лестер»га насиб қиладими?» саволига жавоб бермаганида, ўзига ўхшамасди. «Бу иш осон эмас, ахир Англияда ғолиблик учун бир нечта жамоа курашади. АПЛ тарихида чемпионликни сақлаб қолиш икки марта учраган. Биринчисида, шундай шарафга «Манчестер Юнайтед» эга чиққан бўлса, кейинги сафар буни футбол тарихидаги энг ёмон мураббий уддалаган», - дея ҳазил аралаш гапирган Моуриньо ўзини назарда тутиб. Ушбу гапи билан матбуот томонидан ёғдирилаётган танқидларга ўзига хос жавоб қайтарган.

Championat.com

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 38 93
2 Тоттенхэм 37 83
3 Ливерпуль 38 76
4 Манчестер Сити 37 75
5 Арсенал 37 72
6 МЮ 37 68
7 Эвертон 38 61
8 Борнмут 38 46
9 Вест Бромвич 37 45
10 Саутгемптон 37 45
11 Вест Хэм 38 45
12 Лестер 37 44
13 Сток Сити 38 44
14 Кристал Пэлас 38 41
15 Суонси 38 41
16 Бёрнли 38 40
17 Уотфорд 38 40
18 Халл Сити 38 34
19 Мидлсбро 38 28
20 Сандерленд 37 24
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
uzbektop.ru ByTOP.info WAPLOG.TOP
aiwe.ru  - Рейтинг мобильных сайтов Rutop.info - Бесплатный рейтинг сайтов. Рейтинг лучших WAP сайтов imtop.su daxshat.top Uzbekona.TopWmSTAT.RuStatok.nettop.realuz.ru