Қайднома

Қидирув

Роналду ва Мессига олис чўққи

16.02.2017 17:02
1373

Ҳаш-паш дегунча 9та «Олтин тўп»ни садафдек териб қўйган икки нафар ноёб иқтидор соҳиблари билан замондош бўлганимиз боис, ҳар куни навбатдаги рекорд натижани кутишга одатланиб қолдик. Soссer.ru сайти эса Лионель Месси ҳамда Криштиану Роналдунинг сон-саноқсиз рекордлари билан бойитилган статистика хазинасидан янада қимматлироқ натижаларни қидириб кўрди. Лео ёки Роналду учун ҳозирча ёки умуман забт этишнинг иложи бўлмаган чўққилар ҳам борми? Марҳамат, бу икки рекордчига тегишли бўлмаган тенгсиз натижалар билан танишинг.

ЖЧ тарихидаги энг яхши тўпурар

Мирослав Клозе (Германия) - 16та гол

Роналду ва Мессига мундиал ғолиблиги ҳалигача насиб этгани йўқ, мазкур рекорд эса жамоавий кўрсаткич. Шу сабабли индивидуал рекордлар ҳақидаги ҳикояда уни эслатиб ўтишни лозим топдик.

Мундиаллар финал босқичидаги энг юқори сермаҳсулликни қайд этиш учун Мирослав 4та ЖЧда иштирок этди. Лео ва Роналду ҳозирча 3та турнирда тўп сурган бўлсаларда, кўрсаткичлари анча паст - португалиялик тўпурар ҳисобида 3та, аргентиналикда эса 5та гол бор. Демак, мазкур рекордни янгилаш имконияти йўқ ҳисоби.

ЕЧК|ЕЧЛ ғолиблиги рекордчиси

Франсиско Хенто («Реал», Испания) - 6 марта

Клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирда «шалпанг­қулоқ» совринни боши узра энг кўп кўтарган афсонавий футболчи мазкур муваффақият учун максимал даражада қисқа вақт сарфлаганди - унинг дастлабки кубоги билан охиргисини 5 йиллик муддат ажратиб туради.

Машҳур Альфредо Ди Стефано 1966 йилдаги мусобақада қатнаша олмагани боис, жамоадошидан битта совринга ортда қолган. Миланлик юлдуз - Паоло Мальдини ва Алессандро Костакурта ҳам шундай кўрсаткичга эгалар. Месси, Хави, Иньеста, Пике ва Кларенс Зеедорф 4 мартадан ғолиб чиқишган. Роналдудаги «шалпангқулоқ» эса 3 дона. Қачондир Хентонинг рекорди қулаши мумкин. Бу борада Мессининг имконияти яхшироқ: у ҳозир тўп сураётган даъвогарлардан битта кубокка олдинда, ўзи ҳам ёшроқ.

Турли жамоалар сафида ЕЧЛда энг кўп

ҒОлиб чиққан футболчи

Кларенс Зеедорф (Голландия) - 3та жамоа билан 4та соврин («Аякс», «Реал», «Милан»)

Бу йўналиш бўйича рекордни янгилаш учун Роналдуда имконият яхшироқ. У «МЮ» ва «Реал» таркибида ғолибликка эришган. Агар фаолиятини бошқа жамоада давом эттириб нуфузли турнирда зафар қучса, Зеедорф­га етиб олади.

ЕЧК|ЕЧЛ финал босқичида энг кўп гол урган тўпурарлар

Альфредо Ди Стефано ва Ференц Пушкаш - 7тадан гол

Бу кўрсаткич ҳам абадий рекордлар тоифасидан. Уни янгилаш Мессига ҳам, Роналдуга ҳам насиб этмаса керак. Тўғри, бу икки юлдуз турнирнинг умумий тўпурарлар рўйхатида пешқадамлик қилишмоқда. Бироқ улар ўз голларини гуруҳ ва «плей-офф» босқичларида амалга оширишган. Айнан финал баҳсларида Лео ҳам, Криштиану ҳам атиги 2тадан гол уришган.

Битта финалдаги рекорд самарадорлиги Ференц Пушкашга тегишли. Венгриялик афсонавий ҳужумчи 1960 йилдаги «Айнтрахт»га қарши баҳсда «покер»га эришган! Бу рекорд ҳам ўта мустаҳкам кўрсаткичлар сирасига киради. Уни қулатиш учун майдонга тушган ҳужумчидан ибн Хаттобга хос афсунгарлик қобилияти талаб этилади. Ҳозирги профессинал ҳужумчиларимиз ҳисобида эса «покер» у ёқда турсин ҳатто «дубль» ҳам йўқ. Эрнан Креспо, Филиппо Инзаги ва Диего Милито каби мерганлар финалда 2тадан гол уришганига ҳам анча вақт бўлди.

Евромавсумдаги рекорд сермаҳсуллик

Радамель Фалькао (Колумбия, 2010|2011 йиллар мавсуми) - 18та гол («Порту»)

Ҳозирча Роналду ҳам, Месси ҳам бир мавсум давомида евромавсумни рекорд даражадаги сермаҳсуллик билан якунлай олишмаган. Уларнинг колумбиялик касбдошлари ЕЧЛда эмас, балки ЕЛда рекорд натижани қайд этган.

Леонинг евромавсумдаги энг яхши натижаси - 14та гол. Криштиану ҳисобида эса 16 ва 17та голли мавсумлар бор.

Хуллас, Фалькаонинг рекорди ҳамон сақланиб қолмоқда.

ЕЧЛнинг голли мавсумлар бўйича

рекордчиси

 Райан Гиггз («МЮ», Уэльс) - 16та мавсум

Бу рекорд яқин кунлар ичида ўз ўрнини янги рекордга бўшатиб беришга мажбур бўлиши мумкин. Боз устига, уни Роналду ва Месси ўртасидаги муросасиз рақобат келтириб чиқариши аниқ: бу икки тўпурарнинг ҳар қайсиси ҳисобида 12тадан голли евромавсум мавжуд.

Гиггз­ни қувиб етиш учун улар яна 4та мавсумда гол уришлари талаб этилади. Агар Лео ёки Криштиану яна 2та евромавсумда гол уришса, афсонавий Рауль томонидан ўрнатилган рекорд - 14та самарали евромавсум сериясини такрорлаган бўлишади.

Турли жамоалар таркибида ЕЧЛда гол уриш бўйича рекорд

 Златан Ибрагимович (Швеция) - 6та клуб («Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона», «Милан», «ПСЖ») сафида гол урган

Бу мағрур чўққини Месси ҳам, Роналду ҳам ҳеч қачон забт эта олишмайди. Чунки у Златаннинг ёлғиз ўзига аталган.

Шу пайтгача 6та клубда муваффақиятли тўп сурган швециялик иқтидор соҳиби «МЮ» либосида ҳам ЕЧЛ мусобақаларида майдонга тушишга яқин турибди.

ЕЧЛдаги энг сермаҳсул серия

 Рууд ван Нистелрой («МЮ», Голландия) - 9та учрашув

2002|2003 йиллар мавсумида голландиялик ҳужумчи қаторасига 9та учрашувда «МЮ»нинг ЕЧЛдаги рақиблари дарвозаларига йўл топа олганди.

Ана шу ажойиб серия ҳозир ҳам ўз кучида. 2013|2014 йиллар мавсумида Роналду голландиялик касбдошининг рекордига яқинлашиб, қаторасига 8та халқаро беллашувларда гол урди. Мессининг ҳисобида 5та сермаҳсул учрашув мавжуд. «Плей-офф» босқичида у тўпурарлик қобилиятини давом эттирса, Рууднинг натижасидан ўзиб кетиши мумкин.

ЕЧЛдаги энг тезкор «хет-трик»

Бафетимби Гомис («Лион», 2011|2012 йиллар мавсуми) - 8 дақиқа

Загребнинг «Динамо»си дарвозасига 3та гол уриш учун «Лион»нинг собиқ ҳужумчисига атиги 8 дақиқа кифоя қилганди.

Месси ҳам ЕЧЛнинг 7та учрашувида 3та ва ундан кўп гол уришга муваффақ бўлган. Роналду 5та сермаҳсул учрашувни қайд этган ҳолда рейтингнинг дастлабки иккинчи поғонасидан жой олишган. Бироқ Лео «Байер» дарвозасига 3та тўпни жойлаш учун 16 дақиқа, Криштиану эса «Мальмё» посбонининг дарвозадан 3та тўп олиб чиқишини таъминлаш учун 12 дақиқа сарфлаганлар.

ЕЧЛ тарихидаги энг Қария тўпурар

Франческо Тотти («Рома», Италия) - 38 ёш, 59 кунлик (ЦСКА-«Рома»)

«Император»нинг рекорд натижасини бекор қилиш учун Роналду ва Мессидан узоқ вақт сабр-қаноат билан тўп суриш талаб этилади. Португалиялик тўпурар бундай имкониятга 2023 йилнинг апрель ойидан кейин, аргентиналик мерган эса 2025 йилнинг 22 августидан сўнг эга бўлиши мумкин.

Албатта, Лео ва Криштиану кўплаб рекордларни қайд этишган. Лекин улар ҳам ҳамма қатори улғайиб боришмоқда. Шу боис, ўринли саволлар юзига келиши табиий ҳол: Азалий рақобатчилардан қай бири топ-чемпионатларда узоқроқ вақт давомида тўп суришади? Футболчилик фаолиятининг якуний босқичини улар нечоғли ўтказишлари бу саволга жавоб топишга ёрдам беради. Ҳозирда мўмай даромад борасида рекорд ўрнатган Хитой чемпионати ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Хуллас, кутамиз!

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz