Қайднома

Қидирув

Александр Глеб: «Сафарлардан чарчадим»

02.03.2017 17:31
2143

«Арсенал» ҳамда «Барселона»нинг собиқ ярим ҳимоячиси жамоаларнинг ЕЧЛдаги омадсиз ўйинлари ва нима учун «Крилья Советов»га қайтишга қарор қилгани ҳақида.

«Скрипченко асосий омил бўлди»

- Нима учун яна Самарага қайтишга аҳд қилдингиз?

- Нега энди қайтмаслигим керак? Вадим Викторович Скрипченко агентим билан боғланди. Минскда учрашдик ва ҳамкорлик ўрнатишга қарор қилдик.

- Демак, Скрипченко омили ҳал қилувчи роль ўйнаган, шундайми?

- Ҳа, шунингдек, Сергей Карниленко ҳам. У билан бирга ўйнаганман. «Крилья»га ёрдам бергим келди, қолаверса, фаолиятимни давом эттириш ниятидаман.

- Белоруслик бошқа мутахассис Гончаренко билан ҳамкорлик қилиш истаги йўқми?

- Бу мавзуни изоҳлашни истамайман. Вадим Викторович билан ишлаяпман, шунинг ўзи етарли. Жамоа талаб даражасида ўйнай олади ва керакли натижага эришади, деб ҳисоблайман.

- Скрипченко сизни «Зенит»га кўчиб ўтган Молло ўрнига мўлжаллаяптими?

- Бунақа саволни Вадим Викторовичга берганингиз маъқул. Моллонинг ўрнини тўлдириш хусусида гап-сўз бўлгани йўқ. Менга ҳужумларни жонлантириш, жамоадошларимни тўп билан таъминлаш вазифаси қўйилган. Жумладан, Карниленкони ҳам.

- Ўзингизни самараликлар ҳужумларининг дирижёри сифатида тасаввур қила оласизми?

- Мен ўзига ишонадиган инсонлар сирасиданман. Ҳаммасини ўйин кўрсатади. Олдиндан ниманидир башорат қилиш профессионалга хос бўлмаган одат. Бўлажак беллашувларга тайёргарлик кўряпман, ҳали кеч эмас. Спорт формамни тиклай олсам, самара майдонда кўринади.

- Скрипченконинг «Урал»дан кетганини юртингизда қандай қабул қилишди?

- Билмайман... Очиғи, бу мени қизиқтирмайди. Вадим Викторович «Крилья»ни маъқул кўрдими, демак у бунга ҳақли. Буёғи унинг шахсий иши.

- Кескин шов-шувларга сабаб бўлган «Урал»-«Терек» учрашуви(1:4)ни томоша қилдингизми?

- Йўқ, кўрмадим. Тўғри, турли миш-мишлар менга ҳам етиб келди. Лекин буларни изоҳлашдан не фойда? Ахир ўшанда мен нима бўлганини билмайманку.

- Ёшингиз 35га чиқди. Ўйинларда тўлиқ тўп суришга қодирмисиз? Ҳар ҳолда Россия чемпионатида...

- Кучли чемпионат демоқчимисиз?

- Нима, сиз бундай эмас, деб ҳисоблайсизми?

- Ҳеч нарса демайман. Рисоладагидек мусобақа. ҳаммасини вақт, ўйин кўрсатади.

«19 ёшимдан сафарлардаман, чарчадим»

- Хуллас, 90 дақиқа ўйнашга ярайсиз?

- Спорт формамни тиклаяпман. Мавсумга пухта ҳозирлик кўриш учун вақт етарли.

- 2012 йилда ҳам Самарада тўп сурган эдингиз. Ўшанда мавсум омадсиз бўлганмиди?

- Нега энди? Чемпионат қандайдир саккизлик гуруҳларга бўлиниб қолганди. «Крилья» ўз олдига қўйилган вазифани адо этди, элитадаги ўрнини сақлаб қолди. Аҳил жамоа шаклланган, белорусликлар кўпчилик эди. Мавсумни кўнгилдагидек ўтказганмиз.

- Ҳозирда кўпчилик Хитойга йўл олмоқда. Сизни чақиришмадими?

- Чақиришди, лекин сўнгги трансфер дарчасида эмас.

- Кетмаганингиздан афсусланмайсизми?

- Йўқ, Оиламда фарзанд туғилди. Узоққа кетишни истамайман. Қўшни Россияда, қардошларим даврасида бўлишни маъқул кўрдим. Тўп суриш, ўйиндан лаззат олиш ва қўйилган вазифани адо этишни истайман.

- Бироқ Хитойда катта ҳақ тўлашмоқда!

- Биласизми, 19 ёшдан бери сафарлардаман. Улардан чарчадим. Ўз юртимда бўлишни истайман. Бу ерда ўзимни бахтиёр сезаман. Ишонинг, ҳеч қаёққа кетгим йўқ.

«Арсен «Арсенал»га мос»

- «Барселона»даги собиқ жамоадошингиз Александр Сонг ҳам ҳозир Россияда - «Рубин»да тўп сурмоқда.

- Ҳа, у билан ўйнаганман. Ҳозирча мулоқот қила олмадим. Тез орада учрашамиз. Ажойиб йигит.

- Тўғри, Россияда унинг ишлари юришмаяпти. «Барселона»га бежизга бормаганингизни балки сиз исботлаш ниятидадирсиз?

- Ҳеч кимга  ҳеч нарсани исботламоқчи эмасман. Ўз куч-қувватимни яхши биламан. Самараликларга фойда келтираман. 19 ёшдаги ғўр йигитлик даврим ортда қолган.

- «ПСЖ»дан шармандали мағлубиятни қабул қилиб олган «Барса»дан кўра, «Крилья»да бўлиш афзал, деб ҳисоблайсизми?

- Наҳотки, шу саволга жавоб беришимни истайсиз? «ПСЖ»ни камситмаган ҳолда айтаманки, «Барса» доимо «Барса»лигича қолади! Ғолиб масаласи ҳали ҳал бўлган эмас.

- Арсен Венгернинг ҳамон «Арсенал»да эканлигини қандай изоҳлайсиз?

- Арсен «Арсенал» учун энг мос мураббий. Очиғи, унинг ўрнида бош­қа мутахассисни тасаввур қила олмайман. Балки шундай мураббий йўқдир. Ҳа, Клопп, «Боруссия»нинг янги мураббийи Тухель ҳам иқтидорли мураббийлар. Аммо улар бўш эмас. Шу сабабли, Венгер ҳамон ўз ўрнида. Албатта, унинг шогирдлари «Бавария»га қарши жуда ёмон ўйнадилар. Мен ҳам таажжубдаман. Мағлубият сабабларидан бехабарман. Лекин бу омадсизлик Венгерга бўлган ҳурматимни камайтира олмайди. У замонамизнинг энг буюк мутахассисларидан бири бўлиб қолаверади.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz