Қайднома

Қидирув

Теллес – Янги Дуне учун «Янги Алаба»...

Теллес – Янги Дуне учун «Янги Алаба»...

  06.06.2020 04:15
  0
  366
Теллес – Янги Дуне учун «Янги Алаба»...

Португалия гранди - «Порту»нинг янги даҳоси - Алекс Теллес янги марралар сари шахдам интилмоқда. Савол - Теллес аслида ким ва у қандай устунликларга эга? Қуйида шу ҳақда сўз боради.

Ўйлаб кўринг, «Барселона» ва «Челси»нинг чап қанот ҳимоя чизиғида қандай ўхшашлик бор? Деярли ҳеч қандай. Бинобарин, «Барселона» ихтиёрида бу позиция бўйича жаҳоннинг энг кучли футболчиларидан бири Жорди Алъба бор, «Челси»да эса яққол ажралиб турадиган ижрочи йўқ. Шунинг учунми, Фрэнк Лэмпард энг яхши даврлари аллақачон ортда қолган икки футболчига имкон беришдан ўзга чора тополмаяпти. Ҳар ҳолда, ҳозирда на Маркос Алонсо ва на Эмерсон замонавий гранд юкини талаб даражасида кўтаришга қодир. Хўш, бу икки клубнинг умумий муаммоси нимада? Ҳар иккиси айнан чап қанот ҳимоясини кучайтириш йўлини изламоқда. Эътиборли томони, «Челси» ҳам, «Барса» ҳам айнан Алекс Теллесга реал номзод сифатида қарамоқда. Демак, бразилиялик футболчи билан яқиндан танишиш фурсати етган. Аслида қаҳрамонимиз келажак умиди эмас, аллақачон 27 ёшни уриб қўйган. Лекин у шу даврга қадар Бразилия миллий жамоаси сафида бор-йўғи бир марта майдонга тушган. Бунинг сабаби тушунарли - «пентакампеонлар» ихтиёрида унинг позициясида тўп сурадиган ёрқин футболчилар кўп - Марсело, Алекс Сандро, Филипе Луис, Ренан Лоди... Португалияда эса Теллесни ҳамма жуда яхши билади. У «Порту» таркибида сўзсиз, энг яхши ўйинчилар қаторида. Ҳар ҳолда, жамоа Алекссиз ўзига унча ўхшамай қолади. Нима бўлишидан қатъий назар, Теллес янги мавсумда кўпчиликнинг диққат марказига тушади. «Барса» ва «Челси» эътибори бунга кафолат.

Алекс Теллес 2014 йили қадрдон мамлакатидан Туркиянинг «Галатасарой» клубига йўл олганидаёқ кўпчилик назарига тушганди. У шундан сўнг маълум муддат «Интер» либосида ўйнади ва кейин «Порту» таркибига қўшилди. Айтиш керакки, Теллес қанот ҳимоясида ўйнайдиган машҳур футболчилар каби ажойиб тезликка эга ва ҳужумни ривожлантиришга уста. Шунинг баробарида унда яширин иқтидор, хусусан, Англия ва Испания клубларига жуда мос келадиган яширин иқтидор бор. Алекснинг ўйин давомида мутлақо кутилмаганда, рақиб жамоа жарима майдонига яқин ҳудудда пайдо бўлиб, олис масофадан ажойиб  зарба воситасида гол уриш фазилатини Португалияда кўпчилик алоҳида қадрлайди. Теллес ҳимоячи бўлишига қарамай, бундай голларни тез-тез уришга одатланган. Бир сўз билан айтганда, у ҳимояда тер тўкиш билан чекланиб қолмай, ҳужумни вақтида қўллайди ва жамоасини ўз ортидан эргаштира олади. Бир ҳимоячидан бундан ортиқ яна нима талаб қилиш мумкин? Шундай экан, Алекс Теллесга янги дунё учун «Янги Алба» таърифи берилаётгани бежиз эмас.

Теллес Португалияда ўзини қандай кўрсатди? Биринчи факт - мамлакат элит лигасида 4 йил давомида нақ 16та гол урди. У бу жиҳатдан Маркос Алонсо билан тенг, лекин бошқа кўрсаткичлари эвазига испанияликдан мутлақо устун. Қолаверса, Теллес Португалия футболида тўхтовсиз ўсди. Рақиб жарима майдончасига тўп билан ва тўпсиз ёриб киришни айнан шу ерда ўрганди. Яна пенальтини ҳам жуда яхши амалга ошириш ҳадисини олди. «Футболда сен қанчалик яхши ўйнасанг, рақибинг ҳам шунчалик фаол ҳаракатланади» - бу тушунча айни ҳақиқат. Теллес «Порту»да рақибларга муносиб кураш тақдим эта олишини тўла исботлади. Энди унинг кучлироқ лигада ўзини қандай кўрсатишини кузатиш қолди, холос.

Терма жамоада нима гап? Эмерик Ляпортнинг таъкидлашича, футболчининг ўз мамлакати миллий жамоасида ўйнамагани унинг истеъдодсиз эканлигини англатмайди. Аксинча, у  ўз позициядаги кучли рақобатдан жабр кўрган ҳисобланади. Жумладан, 27 ёшли Теллес ҳам бу борада омади юришмаган ва умумий ҳолатга ноилож кўнган футболчидир. Дарвоқе, унда Италия паспорти ҳам бор. Демак, қаҳрамонимиз бошқа миллий жамоани танлаш ҳуқуқига эга. Лекин «скуадра адзурра» бош мураббийи Роберто Манчини чап қанот ҳимоясида ёлғиз Эмерсонга таянмоқда. Ҳозирча шундай.

Кучли жиҳатлари. Теллес узоқдан кутилмаган зарбалар бериши ва рақиб жарима майдонига  елдек  ёпирилиб киришидан ташқари, ажойиб узатмалар ва юқори тезлиги билан ажралиб туради. У ҳужум ва ҳимояда бирдек чаққон, абжир, фойдали. Ҳар икки оёқида яхши ўйнайди. Ҳаттоки, «кучсиз»роқ ўнг оёғидан фойдаланишни ҳам ўрнига қўяди. Ҳозирда «Челси» ва «Барселона» клублари вакилларини ҳимоячининг асосан чидамлилиги қизиқтирмоқда.  Зеро, у ҳеч қачон чарчамайди, гўё.

У кимга ўхшайди? Теллес ҳужум бобида Антонио Конте даврида порлаган Алонсони эслатади. Шунингдек, Майкон сингари рақиб жарима майдонига жадал кириб боришни ёқтиради. Ҳимояда эса Люка Эрнандес ва Бенжамин Павар кабидир. Хўш, Теллес АПЛ ёки Ла Лигада ўйнаб кета оладими? Дейлик, АПЛда «Тондела» сингари кучсиз жамоалар йўқ. Лекин бу ҳеч нимани ўзгартирмайди. Теллес кўтарилишга 100 фоиз тайёр. Умуман, бразилияликнинг тезда ўз позицияси бўйича энг яхшилар қаторига киришини бемалол тахмин қилиш мумкин - ҳозир АПЛда бундай кучли чап қанот ҳимоячилари саноқли... ОАВ хабарларига кўра, унинг трансфери 40 млн. евро (товон пули миқдори шунча)дан пастроқ баҳоланиши мумкин.  Теллес шунга лойиқми? Сўзсиз, албатта! Тўғри, ҳаммасини вақт ҳукмига қўйиб берган яхшироқ, барибир...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz