Қайднома

Қидирув

Ўзбекистонда Машарипов, Черан, Дердийоклар қолганлардан сезиларли даражада кўп маош олишади!!!

Ўзбекистонда Машарипов, Черан, Дердийоклар қолганлардан сезиларли даражада кўп маош олишади!!!

  06.06.2020 09:22
  0
  531
Ўзбекистонда Машарипов, Черан, Дердийоклар қолганлардан сезиларли даражада кўп маош олишади!!!

Карантин вақти Ўзбекистонда футбол тўхтаб қолган бўлса-да, муҳим бир ўзгариш содир бўлди. Футболдаги энг муҳим икки ташкилотдан бири ҳисобланган ПФЛда раҳбар ўзгарди. Журналистик фаолиятида ўзбек футболидаги камчиликларни кескин танқид қилган, кейинчалик ПФЛда директор маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Диёр Имомхўжаев ташкилотнинг вақтинча директори этиб тайинланди. ПФЛнинг кейинги режалари ва чемпионат тикланиши ҳақида Диёр Имомхўжаев билан суҳбат уюштирдик.

– Диёр, чемпионат тикланиши маълум бўлгач, клублар машғулотларни бошлаб юборди. Улар яна қўшимча текширувлардан ўтадими?

– Шу вақтгача 6-7та клуб коронавирусга тест топшириб бўлган. Ўйинлар бошлангунча ҳаммани текшириб бўламиз.

– Жамоаларнинг стадионга келиш тартиби қандай бўлади?

– Клублар стадионга бошқа-бошқа вақтда келади. Биз махсус ролик тайёрлаяпмиз ва унда клублар стадионга келишидан автобус дезинфекция қилинишигача кўрсатилган. Масалан, автобусда олдин ҳамма ёнма-ён ўтирган бўлса, ҳозир «зигзаг» кўринишида ўтиришади. Бундан ташқари, ҳар бир футболчи ечиниш хонасигача текширувдан ўтиб кириб боради. Ўйинга ярим соат қолганида спорт журналистларини битта-битта текшириб киритишни бошлаймиз, чунки ўйин бошлангунга қадар футболчилар ва журналистларнинг учрашишига йўл қўймаслик керак. Журналистлар, фотографлар ўз ўрнини эгаллагач, футболчилар майдонга чиқиб келади. Стадионда футболчилардан бошқа ҳамма ниқобда бўлади.

– Мухлислар бўлмаганидан кейин стадионда милиция ходимларининг ҳам кераги бўлмас?

– Милиция ходимлари стадионда бўлиши шарт. Биринчидан, бу протоколда кўрсатилган. Бундан ташқари, ўйинга киришни хоҳлаб қолувчи қизиққон мухлислар учраб қолиши мумкин. Милиция ходимларисиз тартибни сақлай олмаймиз. Стадионда умумий ҳисобда 250 киши бўлишини мўлжаллапмиз. Бундан оширмасликка ҳаракат қиламиз.

– Ўйинларнинг ўтишида асосий ишни мезбон жамоа қилса-да, ПФЛ барчасини назорат қилади. Шу томондан олганда, ПФЛ ҳозир тўлиқ иш фаолиятига ўтди десак бўладими?

– Тўлиқ бўлмаса ҳам, иш жараёнига аралашиши шарт бўлган ходимлар ишга чиққан. Карантин талаблари 15 июнгача узайтирилган, аммо биз мусобақани ўтказишимиз керак, шу сабаб керак ходимларимиз ишламоқда. Ҳозир иш энг кўп бўлган вақт.

– ПФЛ «Бунёдкор» стадионида икки йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Бу ерда қайси асосида ишлайсизлар?

– «Бунёдкор» стадионига ижара тўлаймиз. Бизга умумий 8та хона ажратилган. ПФЛ доим ёпиқ ташкилотдек кўринган, лекин ундай эмас.

– Бизда клублар ҳар хил. Суперлигада ҳам, Про-лигада ҳам. Уларнинг имконияти ҳам бир хил эмас. Масалан, «Бунёдкор» клубида ҳаммаси жойида. Лекин баъзи клубларда муаммо узоқ йиллардан буён мавжуд ва шундай бўлса-да, улар чемпионатга қўйилмоқда...

– Кўпчилик бизга лицензиялаш талабини қўйиб олгансизлар, бу нега керак, деб айтади. Лекин ривожланишга бусиз эришиб бўлмайди. Талабни айнан лицензиялаш бўлими қўяди. Йиллар давомида клублар лицензиялашдан осон ўтиб келган. Масалан, «Қўқон-1912» стадионида бошида кечаси футбол ўйнаб бўлмасди. Талаб қўйилгандан кейин ҳозир стадион ёриткичлари 300 люксга чиққан. Талаб аста-секин ошириб борилади. Клублар босқичма-босқич ривожланиб бориши учун лицензиялаш керак. Ҳозир Суперлига ва Про-лигадаги барча стадионларда минимум талаблар бажарилган. ОФКда бу тартиб қандай? Улар биринчи йил академияга эътибор беришади, кейинги йил бошқа талаб қўйилади. Шу тартибда инфротузилма шаклланади.

Ҳозир биз аудит текширувини жиддийлаштириш устида ишлаяпмиз. Яъни, клублар қанча пул топяпти, қанча ишлатяпти буни текшириш керак. Аввал пул клубга тушган ва ишлатиб юбораверишган. Одамлар давлат пул беради ва булар сарфлайверади, деб ўйлашади. Уларда мана шундай хаёл бўлмаслиги керак.

– Аудит текшируви қандай ўтказилади?

– Аввал клублар аудит текширувини ўтказиш учун кимнидир ёллаб, ўтиб кетаверган. Энди биз бу жараённи марказлаштиришимиз керак. Яъни, фақат бизга ҳисоб берадиган аудит текширувини ўтказамиз. Ҳозир давлат активларини бошқариш агентлиги билан ишлаяпмиз. 13та жамоанинг молиялаштириш системаси уларга ўтказилади. Берилаётган ҳар бир тийин назоратда бўлиши керак.

Биз клубларнинг футболчига қанча маош беришига индамаймиз, шунчаки пул қаерга кетаётгани назорат қилинади. Масалан, «Қизилқум»да 7 йил давомида бир киши ҳам мураббий, ҳам бошқарувчи бўлди ва кўп иш қилинмади. Охирги бир йилда ўзгариш бўлди, чунки талаб бўляпти. Насиб бўлса, ноябрда «Қизилқум»да академия қуриб битказилади.

– Суперлига жамоалари орасида кимнинг сметаси энг юқори?

– Албатта, бу борада «Пахтакор»га бошқа клублар яқинлаша олмайди. Лекин бунинг миқдори ҳақида маълумот бера олмайман. Клубларнинг ҳисобидаги маблағлар ҳақида бизда маълумот бор, лекин уларни ошкор қилолмаймиз. Насиб бўлса, кейинги йилдан бу маълумотлар ошкор қилиб борилади. ПФЛнинг ўзи ҳам ҳисобот беради. Худди шундай, футболчиларнинг қанча маош олиши, мукофоти қанчалиги ҳақида ҳам маълумот бор, аммо йўриқномада уларни ошкор қилиш деган банд йўқ.

Футболчи мураббийлар 20-30 миллионгача ойлик олишади. Бу жуда кўпдек туюлиши мумкин, лекин футбол учун бу нормал ҳолат. Масалан, Жалолиддин Машарипов, Драган Черан, Эрен Дердийўқлар қолганлардан сезиларли даражада кўп маош олади, чунки улар Суперлиганинг энг асосий юлдузлари. Қайси футболчига талаб кўп бўлса, унинг маоши ортиб бораверади.

Жамолиддин Бобожонов суҳбатлашди


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz