Қайднома

Қидирув

Нотаниш ва камтарин кашфиётчи

Нотаниш ва камтарин кашфиётчи

  07.06.2020 01:43
  0
  181
Нотаниш ва камтарин кашфиётчи

Бу мутахассис иши тақозосига кўра, ҳамиша кўпчилик эътиборидан четда юради. Шунинг учун ҳам, аксарият мухлислар уни билишмайди. Ваҳоланки, Роберто Фирмино, Садио Мане ва Юлиан Нагельсманн каби бугунги кун қаҳрамонлари айни шу мураббий туфайли катта футболга кириб келишган. Қолаверса, «Ред Булл» футбол мактаби очилишида ҳам унинг улуши жуда катта.

***

Кўпчиликка маълум ва номаълум тарих. «Хоффенхайм» скаутининг 17 ёшли Роберто Фирминони Football Manager ўйин иловаси орқа­ли топгани ҳақида кўп ёзилган. Бу тарихнинг унча ёритилмаган давоми ҳам бор: «Хоффенхайм» спорт директорининг шахсан ўзи Фирмино билан яқиндан танишиш учун Бразилияга йўл олган ва унинг иқтидорига ўйинлар эмас, машғулотлардаги ҳаракатини кузатиш асносида баҳо берган. Роберто озғин ва ўта уятчан йигит бўлиб, мураббий уни ҳамиша койиб, асосий таркибга яқинлаштирмасди. Германиялик мутахассис эса футболчининг алоҳида иқтидорини дарҳол пайқайди ва турли-туман шубҳалар янграганига қарамай, уни «Хоффенхайм» сафига жалб қилади. Воқеа кейинчалик қандай ривожлангани кўпчиликка маълум. Хуллас, Робертога бир қарашда тўғри баҳо берган ўша спорт директори - Эрнст Таннер. У Фирминодан ташқари, Наби Кейта ва Садио Мане каби йигитларни ҳам катта саҳнага олиб чиққан, тўғрироғи, уларни кашф этган, яна 21 ёшли Юлиан Нагельсманнга вақтида катта ишонч билдирган. Таннер ишлаган даврда  «Хоффенхайм» ўз тарихидаги энг ёрқин ўйинларни намойиш этганди. Функционер эса клуб натижаларини яхшилашни таъминлаш баробарида кейинчалик «Ред Булл» академиясини мукаммал даражага олиб чиқди.

Айтишларича, Фирмино германия­лик мутахассисга дуч келишига қадар ҳаттоки, «кампирдан ҳам ёмонроқ» тўп сурган экан. Мана, Эрнст Таннернинг бу борадаги гапларига эътибор қаратинг: «Аввалига Робертони амалда кузатиб келиши учун клуб скаутини Бразилияга юбордик. Аммо у салбий маънодаги ҳисобот билан қайтди. Бироқ кўнглим таскин топгани йўқ ва шу сабаб, ўзим сафарга чиқдим. Тўғриси, Фирминонинг ўйини, иқтидори хусусида аниқ тасаввур уйғотишим осон бўлмади. Боз устига, Бразилияга 2 марта боришимга тўғри келди. Чунончи, Фирмино «Фигейренсе» таркибида деярли майдонга тушмасди. Уни илк марта машғулотлар жараёнида, мураббийдан танбеҳ эшитаётганида кўрдим. Ўшанда футболчи дарсни ўзлаштиролмаган ўқувчи, устози эса қаттиққўл ўқитувчини эслатганди. Койиш манзараси хотирамга муҳрланиб қолган: мураббий баланд овозда нималарнидир тушунтирар, Роберто эса итоаткорлик билан қулоқ солар ва кўрсатмаларни талаб даражасида бажариш илинжида барчасини қайта-қайта такрорларди. Шунда хаёлимдан беихтиёр бир фикр ўтди: «Эҳ-ҳе, агар немис футболчиси шунчалик дакки эшитса, аллақачон жуфтакни ростлаган бўларди». Хуллас, Робертони тан­қидни тўғри қабул қилиш фазилати туфайли ёқтириб қолдим. Футболчи «Хоффенхайм» сафига қўшилгач, у ҳақда тўплаган маълумотларимизни кўрганингизда эди... Одатда биз йигитларнинг чидамлилик даражасини аниқлаш учун уларни ўта жиддий тест-синовларга жалб этамиз. Эсимда, Фирмино илк уринишда жуда паст натижа кўрсатган ва барча профессионал футболчилардан ортда қолганди. Айтишим мумкинки, ҳаттоки, кекса бувим ҳам бу борада ундан яхшироқ натижа кўрсатган бўларди. Қолаверса, шунчалик паст кўрсаткичларига қараган ҳар қандай киши йигитчанинг профессионал даражада тўп суришига сира ишонолмасди».

***

Юлиан Нагельсманн юлдузи. Эрнст Таннернинг яна бир катта тош бошадиган кашфиёти. Юлиан Нагельсманн тиззасига боғлиқ ўта жиддий жароҳат ортидан 19 ёшидаёқ футболчилик фаолиятини якунлашга мажбур бўлди. У бунга қадар 5 йил давомида «Мюнхен-1860» ёшлар жамоаси сафида бинойидек тўп сурганди. Эрнст Таннер эса ўша вақт жамоада айнан ёшлар департаменти раҳбари эди. Ёш Юлиан шундан сўнг мураббийлик курсига қатнади ва таҳсилни якунлагач, «Аугсбург» ўринбосарлар жамоасида 1 йилча бош мураббий Томас Тухелга ассистентлик қилди. Орадан кўп ўтмай, Эрнст Таннер ёш мураббийни «Мюнхен-1860»га қайтариб, унга 17 ёш тоифасидаги жамоани ишониб топширди. Таннернинг ўзи кейинги йили «Хоффенхайм» ёшлари билан шуғуллана бошлади ва тез орада клуб спорт директори лавозимини эгаллади. Шундан сўнг Нагельсманни дарров ёнига чорлади. Ишни ёшлар жамоасида бошлаган салоҳиятли мутахассис атиги 6 йил ичида асосий таркиб бош мураббийи даражасигача кўтарилди. Кейин эса... Кейин «Хоффенхайм»ни ўз тарихида илк марта Европа ЧЛга олиб чиқди. Ҳозир «РБ Лейп­циг»га устозлик қилаётган Юлиан март ойида Жозе Моуриньодек ма­эстродан ЧЛ чорак финал йўлланмасини тортиб олди. Хуллас, Таннер агар Нагельсманндаги мураббийлик сиёғини вақтида  фаҳмламаганида, у бундай ютуқларни кўрмасмиди...? «Ҳайратланарли жиҳати шундаки, Юлиан 19 ёшидаёқ буюк мураббийга хос сифатларни ўзида мужаммас этишга улгурганди. Албатта, у «Аугсбург»да Томас Тухелдан кўп нарса ўрганди. Хосеп Гвардиоланинг «Барселона»си эса Юлиан наздидаги мукаммал жамоа намунаси эди. Қолаверса, унинг мураббий сифатида шакл­ланишида Ральф Рангникнинг ҳиссаси ҳам катта. Юлиан ҳамиша ушбу мутахассис билан маслаҳатлашиб, иш кўрарди. Мен эса Нагельсманни ишга чақириш билан кифояланганман», - дея камтарлик қилади Эрнст Таннер бу борада.

***

Таннер + Рангник - самарали дуэт. «Хоффенхайм» ҳамда «Ред Булл» академиясининг гуркираб ривожланиши ана шу жуфтлик фаолия­тининг самарасидир. Ральф Рангник янги асрнинг илк йиллари немис футболида тактик инқилобни амалга оширди. Ўшанда у бир қатор ғояларни илгари сурганди:

- Ҳужумлар янада тезкорроқ ва вертикал йўналишда ривожланиши лозим.

- Якка тартибдаги ҳимоя услуби эскирди, ҳудудий мудофаани жорий этиш керак.

- Прессинг ва тўпсиз ҳаракатланишга жуда оз вақт ажратилмоқда, бунга эътибор қаратиш зарур .

- Ёш футболчилар билан кўпроқ ишлаш талаб этилади.

- Футболга компьютер ва статистикани кўпроқ татбиқ этиш лозим.

Асосийси, Рангник ўтган асрнинг 90- йиллари охирида учинчи Бундеслига аутсайдери саналган «Ульм»ни битта юқори дивизионга олиб чиқиб, етакчилар қаторига қўшди ва клуб тарихидаги энг юқори натижани таъминлади. Аммо унинг бош лойиҳаси сифатида айнан «Хоффенхайм»ни эътироф этиш керак. Ральф Рангник Зинсхаймда иш бошлаган 2006 йили жамоа учинчи Бундеслига вакили эди. Шундан кейин «Хоффенхайм» қисқа вақт ичида мамлакатнинг энг жадал суръатда ривожланган клубига айланди. Навқирон клуб ўз даври учун ёввойи ўйин кўрсата бошлаганди - ҳам атлетик томондан, ҳам шиддат бобида. «Хоффенхайм» футболчилари шу қадар шиддаткор ҳаракатланишардики, асти қўяверинг. Дейлик, Дортмунд «Боруссия»си Рангник шогирдларига имкониятни бой бергач, жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Юрген Клопп шундай деганди: «Аслида биз ҳам айнан шундай ўйнашимиз керак».

2009 йилга келиб, Рангник «Хоффенхайм»га, ўз ёнига Эрнст Таннердек топқир мутахассисни таклиф этди. Улар футбол ва клуб тараққиёти борасида деярли бир хил фикрлардилар. Лекин Рангник 1,5 йилдан кейин жамоа билан хайрлашишдан ўзга чора тополмади. Бинобарин, мураббий ва клуб соҳиби ўртасидаги муносабат бузилганди. 2012 йилнинг ёзида эса Ральф Австриянинг «РБ Зальцбург» клубидан таклиф олди. Унинг зиммасига жамоани қайта шакллантириш вазифаси қўйилди. Тез орада Рангник ортидан Таннер ҳам Австрияга йўл олди. Уларнинг ҳамкорликдаги уринишлари самараси ўлароқ, Зальцбург­даги академия дунёнинг етакчи билим масканларидан бирига айланди. Ёшлар академиясига раҳбарлик қилган Таннер жумладан, Садио Мане ва Наби Кейта каби бугунги юлдузларни топди. Айнан унинг етакчилигида «Ред Булл» 2016|2017 йиллар мавсумида ЧЛ ёшлар турнирида ғолиб чиқди (Марко Розе ва Рене Марич мураббийлигида).

***

Навбат - Американи забт этишга. Эрнст Таннер айни пайт бундан 12 йил аввал ташкил этилган «Филадельфия Унион» клубида спорт директори вазифасини адо этмоқда. Унга «Ред Булл»­га ўхшаган қудратли академия шакллаштириш ва асосий жамоани етакчилар сафига кўтариш вазифалари топширилган. Қизиқ, Таннер нима учун уммон ортига йўл олди? Биринчидан, «Филадельфия»нинг инфратузилмаси MSLда энг яхшиларидан биридир. Хуллас, Таннерга барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Иккинчидан, шу пайтгача ҳеч қаерда шу қадар кенг ваколатга эга бўлмаганди - у «Филадельфия»да ўта кучли таъсир доирасига эга. Таннер жамоада 2018 йили иш бошлади ва филадельфияликлар мавсум-2019да 5-ўринда эгаллаб, тарихдаги энг яхши натижаларини қайд этишди. Балки бу шунчаки, тасодифдир, эҳтимол, Таннернинг қадами ёққандир, лекин нима бўлганда ҳам, факт битта - ўсиш бор!

***

Таннернинг ақидаси: ақл мушаклардан муҳимроқ, худбинларга ўрин йўқ! Эрнст билан ҳамкорликда ишлаган кишиларнинг айтишларича, у жуда меҳнатсевар инсон. Фалсафаси ҳам оддий - тинимсиз меҳнат. Бундан ташқари, Таннер мунтазам равишда тадқиқотчи олимлар билан маслаҳатлашиб туради. Футбол борасида таҳлилчилар, скаутлар, ёш мураббийлар, спорт тиббиётида ишлаётган шифокорлар фикрларини эътиборсиз қолдирмайди. Ниҳоят, ёш иқтидорларни излаш услуби ҳам ўзгача. Яхшиси, унинг бу борадаги сўзларини келтириб қўя қолайлик: «Қоидам оддий - бизга ёш юлдузлар эмас, жамоавий ўйинчилар керак. Улар яхши тарбияланган ва ижтимоий муҳитга мослашган бўлишлари шарт. Футбол учун мактабни ташлаб кетадиган болаларни асло хуш кўрмайман. Чунки уларнинг билим ва ақлий қобилиятлари ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Савияли футболчи сифатида танилишни истайдиган тарбияланувчи тез фикрлашни ўрганиши шарт. Чунки ўйин тақдирини тезкор тактика ва таҳлил ҳал қилади. Замонавий футболчининг муҳим фазилатларидан бири айнан шу. Ўйин мен учун - қирғин. У чақмоқдек чақнаши керак. Машғулотларда шундай услубни яратишга уриняпмиз. Бунинг учун ўта тезкор ўйинчиларни топишимиз лозим. Менга кўпинча ноёб иқтидорларни тавсия этишади. Уларнинг техник ва жисмоний жиҳатдан ўз тенгдошлари, жамоадошларидан анча устун эканликлари яққол сезилиб турсада, ҳаммаларини қабул қилавермаймиз. Чунки аввало, номзоднинг қандай фикрлашига қараймиз. У футболни худди биз каби тушуниши лозим. Агар йигитча тўпни йўқотганидан кейин тўхтаб қолса, унга жамоамизда ўйнай олмаслигини очиқ айтамиз. Ижтимоий жиҳатдан жамоага мослашолмаслик ҳам жиддий муаммолардан биридир. Жамоаларимнинг фалсафаси - тезкор фикрлаш ва учқур ҳаракат. Тўп йўқотилган ёки эгалланган вазиятларда оралиғида қандай ҳаракатланишни билиш керак. Услубимиз - тезкор ва вертикал футбол. У йигитлардан тезлик билан қарор чиқаришни талаб этади».

 

Эрнст Таннернинг яна баъзи натижалари ва таъсири

 

- «Мюнхен-1860» ёшлар жамоасидаги фаолияти давомида ака-ука Бендерлар (Ларс ва Свен)  ва Кевин Фолландни тарбиялади.

- «Хоффенхайм»га Никлас Зюле ва Себастьян Рудини тортиқ этди.

- 2017 йили «Эвертон» 50 млн. еврога харид қилган Гильфи Сигурдссонни Англия қуйи лигаларидан топганди.

- Фаолиятини тактикага оид мақолалар мутолааси билан бошлаган Рене Маричнинг бош мураббий лавозимини эгаллашига катта ҳисса қўшди.

- Карлос Эдуардонинг «Рубин»га 20 млн. еврога сотилишини таъминлади.

У.УМАРОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz