Қайднома

Қидирув

Ботирали Эргашев йил бошида «Навбаҳор» сафига қўшилиши мумкин эди

Ботирали Эргашев йил бошида «Навбаҳор» сафига қўшилиши мумкин эди

  07.06.2020 03:47
  0
  358
Ботирали Эргашев йил бошида «Навбаҳор» сафига қўшилиши мумкин эди

Суперлига ўйинларининг тез кунларда қайта тикланиши ҳақидаги хабарлар барча мухлисларни тўлқинлантириб юборгани - айни ҳақиқат. Ахир улар миллий футболимизни анча соғинишган ва маҳаллий клубларнинг тарафдорларини тушуниш қийин эмас. Мухлисларнинг футболга ихтисослашган ҳар бир ОАВдан аниқ хабар кутишаётгани, шубҳасиз. Биз эса орзиққан кўнгилларга озгина таскин бериш мақсадида футболчилар билан турли мавзулар юзасидан суҳбатлар уюштиряпмиз. Навбатдаги меҳмонимиз - умидли дарвозабонлардан бири Ботирали Эргашев.

- Ботирали, суҳбатимизни карантин давридаги машғулотларга оид савол билан бошласак - уйда, якка тартибда шуғулланиш айниқса, дарвозабонлар учун қийинроқ. Хўш, девордан дарвоза ўрнида фойдаланишнинг гашти қандай экан?

- Амалласа, бўлади (кулади). Ҳамма қатори уйда индивидуал тарзда шуғулланиш билан чекландим. Бу борада укам яқиндан ёрдам берди. Қўлдан келганича ҳаракат қилдим. Лекин жамоавий машғулотлар бошқада, барибир.

- Ҳуқуқий жиҳатдан Самарқанд «Динамо»сига тегишлисиз, янги мавсумни эса «Қўқон-1912»да ижара келишуви асосида бошладингиз. Бу ўтиш қандай рўй берди?

- Барчасини клуб раҳбарлари ва мураббийлар билан бафуржа муҳокама қилдик. «Динамо» Про-лигага тушиб кетгани туфайли мутасаддиларга Суперлигада тажриба орттириш ва ўсишни хоҳлашимни тушунтириб, бунга имкон беришларини сўрадим. Якунда икки томон келишувига биноан, «Қўқон-1912»да ижара муддатини ўтайдиган бўлдим.

- Ўзи бу йил «Динамо» олдига ҳам жиддий вазифа қўйилиши айтилганди.

- Ҳа, раҳбарлар жамоани дарҳол Суперлигага қайтармоқчилар. Лекин карантин туфайли Про-лига старти ҳам ортга сурилди. Ҳозир турнир қандай тартибда ўтказилиши ҳақида маълумот йўқ. Менимча, барчаси воқеаларнинг қай йўсинда ривожланишига боғлиқ.

- Агар жамоа олдига Суперлигага қайтиш вазифаси қўйиладиган бўлса, табиийки, кучли футболчилар хизматига эҳтиёж сезилади. Шуни назарда тутиб айт­сак, сизни осонгина қўйиб юборишмагандир...

- Тўғри, аввалига кўнишмади, муҳими, якунда барчаси мен учун ижобий ҳал этилди ва Суперлигада 3-мавсумни бошладим. Ўзи фаолиятимни  кучлилар сафида давом эттириб, тажрибамни бойитиб бориш мақсадида эдим. Зеро, элитада ўйнаган футболчининг қуйи лигага тушиб қолиши унинг интилишига салбий таъсир кўрсатади, барибир. Муҳими, «Динамо» мутасаддилари мени тўғри тушунишди ва кетишимга тўсқинлик қилишмади.

- Агар «Динамо» кейинги йили Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритса, ортга қайтасизми ёки...?

- Ҳозирдан аниқ гап айтиш қийин, чунки эртага барчаси умуман ўзгариб кетиши мумкин. Ҳуқуқий жиҳатдан ҳамон «Динамо»га тегишлиман. Айтиш керак, самарқанд­ликлар билан тузган шартномам келаси йил ярмида ниҳоясига етади. Лекин клуб мени осонликча қўйиб юбормаса керак. Чунки «Пахтакор»га трансферим учун 500 миллион сўм тўлаганди. Шундай экан, кетиш ҳақида гап кетса, ҳаммаси трансферга боғлиқ бўлса керак.

- «Динамо»да қисқа вақт ичида жами 55та «сейв» кўрсатдингиз. Иқтидорингизга шубҳа йўқ, лекин бу натижада ҳимоядаги муаммолар таъсири ҳам борми?

- Эътибор берсак, «Динамо»нинг ўтган йилги таркиби ёш ва Суперлигада катта тажриба тўпламаган футболчилардан тузилганди. Боз устига, сафимизда тажрибалироқ легионер ҳам йўқ эди. Шунга қарамай, биринчи давра ўйинларини катта иштиёқ билан ўтказдик. Фақат мавсумнинг иккинчи қисмида юзага келган турли муаммолар оқибатида барчаси чиппакка кетди. Нафақат ҳимоя, балки бутун жамоа ўйинида яққол камчиликлар кўзга ташланди. Эҳтимол, кўплаб «сейв»лар кўрсатишим ҳимоянинг ёшлардан ташкил топгани билан боғлиқдир, лекин нима бўлишидан қатъий назар, бу ҳам бир натижа.

- Наманганнинг Поп туманида туғилгансиз. Демак, Қўқон уйингизга нисбатан яқин...

- Шундай. Самарқандда ўйнаганимда, масофанинг олислиги ҳам маълум қийинчилик туғдирганди. Очиғи, йўл машаққати одамни толиқтириб қўяр экан. Ўзи Самарқандга тўсатдан бориб қолгандим. 2018 йилги фаолиятимдан сўнг ўтган мавсум бошида «Навбаҳор» мени яна ўз таркибига қўшиб олишга ҳаракат қилди. Бироқ ўша пайт ҳуқуқий жиҳатдан «Пахтакор»га тегишли эдим ва икки клуб ўртасида қандайдир келишмовчилик юзага келиб, музокара жараёни натижасиз якунланди. Шундан кейин «Пахтакор» раҳбарияти жамоага кераклигимни айтди, жумладан, бош мураббий Шота Арвеладзе ҳам қолишимни билдирди. Аммо жамоа Эронда ОЧЛ ўйинини ўтказиб қайтгач, Суперлига стартига атиги 2 кун қолган вақтда «Динамо» сафига қўшилишимни, барчаси деярли ҳал этилганини маълум қилишди. Самарқандда ўйин амалиётига эга бўлишим ва Суперлигада фаолиятимни давом эттириш имконияти борлиги учун қарши чиқмадим. Шу ўринда қўшимча - «Динамо»да аввалига ярим йил ижара келишуви асосида ўйнадим, кейин клуб трансфер ҳуқуқимни тўлиқ сотиб олишни хоҳлади. Бу масалада ўзимга мурожаат қилишганида, қарши эмаслигимни айтдим ва трансферим амалга оширилди. Мана, ҳозир Қўқондаман ва уйга қатнаш деярли муаммо эмас. Бу қўшимча қулайлик, албатта.

- Мамлакатимиз футболида алоҳида ўрин тутадиган «Пахтакор»да ўйнаш кўплаб ёшлар учун орзу саналади. Шунинг баробарида баъзи ҳолатларда бу клубдан кетиш футболчига янги имконият яратиши мумкин...

- Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, «Пахтакор»да учинчи дарвозабон сифатида юришимга тўғри келиши эҳтимоли катта эди. Бундай пайтда кучли жамоа захирасида амалиётсиз қолишдан кўра, бошқасида тажриба орттирган яхши-ку, тўғрими? Тан оламан, бу масалада молиявий жиҳатдан бироз ютқазиш мумкин, лекин ўйин амалиётисиз топилган пул кимга ҳам татирди?

- Фикримизга собиқ жамоадошингиз Жасур Яхшибоевнинг бугунги фаолияти ҳам мисол бўла олади. Дейлик, ҳозир «Пахтакор»да қолган умидли футболчилар - Акром Комилов ва Жавоҳир Сиддиқовнинг келажаги кўпчиликни ташвишга солмоқда.

- Яхшибоев хориж жамоаларида ўйнаш орзуси борлигини сира яширмасди ва мана, мақсадига эришди. Жасурда имконият кенг, буёғига ўз устида тиришқоқлик билан ишлашда давом этса, Беларусь чемпионати унга бошқа кучлироқ лигага ўтиш учун трампилин вазифани ўташи мумкин. Комилов ҳамда Сиддиқовга келсак, ҳар иккиси жиддий жароҳатга йўлиқиб, мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Бундай жароҳатлардан кейин тикланиш кўп вақт талаб этади. Шахсан ўзим ҳам оғир жароҳатга йўлиққанман ва уларнинг ҳолатини яхши тушунаман. Ҳозир шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Акром ҳам, Жавоҳир ҳам ҳали ўз сўзларини айтишади ва «Пахтакор»да ўз жойларини топишади. Чунки уларда ички потенциал юқори.

- «Навбаҳор» дарвозабони Ўткир Юсуповга йилдан-йилга қизиқиш кучаймоқда. Унинг келаси йили ҳам жамоада қолишини ҳеч ким аниқ айтолмайди. Эҳтимол, кейинги мавсум Наманганга қайтишингизга имконият пайдо бўлар...

- Очиғи, «Навбаҳор»га шу йилнинг ўзидаёқ қайтишим мумкин эди. Бироқ «Динамо» ҳамда «Навбаҳор» мутасаддилари трансфер суммаси юзасидан келишолмадилар. Тан олиш керак, ўртада чиндан ҳам, катта сумма турганди. Қолаверса, «Навбаҳор»дан ташқари, АГМК ва «Бунёдкор»дан ҳам жиддий таклиф тушди. Бироқ ихтиёр ўзимда эмаслиги боис, самарқандликларнинг қандай қарорга келишларини кутишдан ўзга чорам йўқ эди ва якунда «Қўқон-1912»га ижара келишуви асосида ўтишим ойдинлашди.

- Ўзбекистон U-23 термаси сафида Осиё чемпиони бўлган футболчи сифатида айтингчи, бу гал олимпия жамоамизга 2 йил олдинги мувафаққиятни такрорлаш учун айнан нима етишмади?

- Аслида олимпия термаси янада кучайган ва етарлича шаклланган футболчилардан ташкил топганди. Турнир давомида кўрдик, йигитлар Олимпиадага йўлланма олиш мақсадида борларини бериб ўйнашди. Ҳозир мувафаққиятсизлик сабаби қидирилса, кўплаб жиҳатлар келиб чиқаверади. Келинг, яхшиси, шу омадсизлик замирида ҳам бизни қувонтирадиган ҳикмат борлигига умид қилайлик. Ахир биз чемпион бўлган вақт миллий жамоа­миз жаҳон чемпионатига чиқолмаган, аксарият мухлислар футболдан совиган даврга тўғри келганди. Хуллас, кўпчилик учун кутилмаган ҳолатда Осиё чемпиони мақомига эришганимиз ўзбек футболига нисбатан муҳаббат қайта оловланишига туртки берганди. Яна нима дердим, кўплашиб умид қилайликки, олимпия термасининг омадсизлиги замирида бир ҳикмат бўлиб, Аллоҳим бизга ниҳоят, Олимпиададан ҳам муҳимроқ саналган мусобақа - халқимиз орзиқиб кутаётган мундиал йўлланмасини инъом этсин. Зеро, Ўзи беришни хоҳласа, ҳеч гап эмас, тўғрими?

Хуршидбек суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz