СОВРИН ЮТИШ БОБИДА СЕРИЯ ҚАЙД ЭТГАНЛАР РАМЗИЙ КЛУБИ. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, муайян жамоа бир мавсум давомида максимал даражада нечта соврин ютиши мумкин? Қуйидаги маълумотнома - мақолада айнан шу йўналишда рекорд ўрнатган клублар ҳақида сўз боради. Soccer.ru сайти ижодкорлари бу мавзуни бежиз танлашмади. Гап шундаки, «Барселона»нинг январь-декабрь оралиғида нақ 6та соврин соҳибига айланганига 10 йилдан ошди. Аниқроқ айтсак, Каталония гранди 2009 йили ўз музейини нақ 6та соврин билан бойитганди. Бироқ аксарият нуфузли чемпионатларда футбол мавсуми ёзда бошланиб, кейинги йилнинг баҳоригача давом этади (бу йил истисно ҳолатида бошқача бўлади). Хўш, айнан мавсум бўйича олсак, қайси жамоа энг кўп соврин ютган? Умуман, бундай сермаҳсулликнинг аҳамияти қандай? Соврин олиш бобидаги сериялар нечоғли камёб?
Рекорд қайси клубга тегишли?
Маълум бўлишича, профессионал футбол мавсумида бир жамоа кўпи билан 7та соврин ютиш имкониятига эга. Футбол тарихида бундай юксак натижа атиги 2 марта кузатилган - 1921|1922 ва 1961|1962 йиллар мавсумларида. Эътиборли томони, ҳар икки ҳолатда Шимолий Ирландиянинг «Линфилд» клуби ўзини кўрсатган. Шимолий Ирландия чемпионатида нақ 53 марта ғолиб чиққан жамоа ўша мавсумларда биринчилик олтин медали ёнига мамлакат кубоги ва яна 5та мусобақа бош совринини қўшиб қўйган. Ўша қўшимча 5та турнирнинг 4таси эса узоқ тарихга эга - улар 1883, 1888, 1894 ва 1911 йилларда йўлга қўйилган. Албатта, мусобақалар савияси хусусида хоҳлаганча баҳслашиш мумкин, лекин бу рекорд моҳиятини ўзгартирмайди. «Линфилд» ўта қадимий жамоа эканлигини ҳам унутмаслик керак. Диққат қилинг, 1882 йили тузилган кўҳна клуб ҳали-ҳамон фаолиятини давом эттирмоқда. «Линфилд» - Шимолий Ирландия лигаси - Премьершипнинг амалдаги чемпиони. Жамоа ўз тарихида 53 марта чемпион бўлиш баробарида мамлакат кубогини 43 марта қўлга киритган. Қойилмисиз?
Бир мавсумда 6та ёки 5та соврин
Диққат қилинг, «Барселона» муайян мавсумда 5 ёки 6та турнир ғолибига айланган жамоалар рўйхатида ҳам йўқ. Умуман, бундай натижа атиги 4та мамлакат вакилларига насиб этган, холос. Демак, бир мавсумда 6та соврин ютишни Европада «Валетта» (Мальта чемпионати иштирокчиси) ва «Арсенал» (ҳа, Англия вакили) клубларигина уддалаган. Йўқ, йўқ, шошилманг, ҳаммамизга таниш «канонирлар» эмас, балки Лондон клуби тизимидаги аёллар жамоаси. Хуллас, лондонлик қизлар мавсум-2006|2007да ЕЧЛ, АПЛ, Англия ва Лига кубоги турнирларида ғолиб чиқиб, мамлакат суперкубоги ҳамда Лондон аёллар кубогини ҳам бегона қилишмаганди. Эндиликда еврофутбол марказида бундай натижа қайд этиш жуда қийин. «Валетта»га келсак, қитъа миқёсида ўртамиёна клублар қаторига ҳам кирмайдиган Мальта вакили барча 6та совринни ички мусобақаларда қўлга киритганди.
Нима, «Валетта»нинг натижасини тан олгингиз келмаяптими? Юқорироқ савияда шундай кўрсаткич кўрсатган жамоа керакми? Марҳамат, Мисрнинг «Ал-Аҳли»си бор - қоҳираликлар ҳам бир мавсумда 6та кубок ютишгани билан мақтанишга ҳақлилар. Энг қизиғи, бу жамоа «Арсенал» қизлари аёллар футболида мислсиз натижага эришган ўша 1997 йили тарихий серия расмийлаштирганди. Энг юқори савияда совринлар йўлида рақибларга нисбатан шафқатсиз қотил ролини эса шубҳасиз, Шотландиянинг «Селтик» клуби аъло даражада уддалаган. Буюк Жок Стейн бошқарган буюк жамоа 1966|1667 йиллар мавсумида Европа Чемпионлар кубоги турнирида зафар қучиб, бутун Британия фахрига айланган эди. Чунки бунга қадар британияликлар бу мусобақада ғалаба қозонмагандилар. Маълумот учун, шотландиялик мураббий шогирдлари ўшанда Лиссабон финалида Эленио Эррера бошқарувидаги «Интер»ни 2:1 ҳисобида маҳв этишганди. Хуллас, «Селтик» ўша мавсум яна 4та турнирда ғалаба нашидасини суради - Шотландия чемпионати, мамлакат кубоги, Лига кубоги ва Глазго кубоги. Аслида жамоада мавсум ҳисобидан 6-кубокни қўлга киритиш имконияти ҳам йўқ эмасди. Бироқ глазголиклар Қитъалараро кубок учун учрашувда рақибга бас келолмайдилар.
Мавсумда 4та соврин - одатий натижами?
Анчайин мураккаб савол. Чунки футбол жуда тез ўзгармоқда, натижалар ҳам. Ҳозирда бир мавсумда 4та соврин ютган жамоалар сафи анча кенгайиб қолди. Қолаверса, ўтмишда қонун-қоидалар ўзгача эди. Масалан, 1907|1908 йиллар мавсумида яна ўша «Селтик» ўзини кўрсатиб, Шотландия чемпионати, мамлакат кубоги, Глазго кубоги ҳамда дастлабки учрашуви 1876 йили бўлиб ўтган хайрия турнири ғолибига айланган. Шу тариқа глазголиклар футбол оламида соврин ютиш бобида «покер»лар ҳисобини очиб беришганди. Бундай натижага эришган сўнгги жамоалар - «Манчестер Сити» ва «Ал-Аҳад» (Ливан). Ҳар иккиси ўтган мавсум «покер»га эришди. Лекин бир мавсумда ютилган 4та соврин рўйхатида Европа ЧЛ кубоги ҳам жой олса, таассурот кучлироқ бўлиши аниқ. Мадриднинг «Реал» дружинаси қаторасига икки марта - 2017 ва 2018 йилларда еврофутболнинг бош совринини қўшиб ҳисоблаганда 4тадан кубокни ўз музейига қўшиб қўйди. «Бавария» эса 2013 йили худди шундай кўрсаткич қайд этганди. 3та кубок қуршовида «шалпангқулоқ» ютиш бошқа ҳеч қайси жамоага насиб этмаган...
Агар нуфузи пастроқ саналган совринлардан таркиб топган «покер»ларни инобатга олсак, «Рейнжерс», «Сантос», «Порту» ва Гонконгнинг «Саут Чайна» клублари ҳам элит рўйхатга киради. Бунда 3та соврини ёнига Либертадорес кубоги турниридаги ғалабани қўшиб қўйган «Сан-Паулу»ни алоҳида айтиш керак. Буюк Пеленинг собиқ жамоси бу муваффақиятни 1993 йили расмийлаштирганди. Шунингдек, Ироқнинг икки вакили - «Ал-Қува» ҳамда «Ал-Завра», Хитойнинг «Сан Хей» ва рекордчи «Линфилд» клублари ҳам бир мавсумда 4та мусобақа ғолибига айланган. Табиийки, топ-чемпионатлар грандлари муаллифлигидаги «покер»лар ҳам талайгина. Хусусан, «Манчестер Юнайтед» 2008|2009 йиллар мавсумида АПЛ, Англия ва Лига кубоги ҳамда Клублар ўртасидаги ЖЧда ғолиб чиқди. «Барселона» эса мавсум-2009|2010ни Испания ва Европа суперкубоги соҳиби, Ла Лига ва Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиби сифатида якунлади. «Покер»га эришган бошқа клублар - «Ал-Аҳад» (Ливан), «Окленд Сити» (Янги Зеландия). Шунингдек, «Бавария» ва «Барселона» жамоалари яна 1тадан ҳолатда ЧЛ кубогисиз шундай натижа кўрсатган. «ПСЖ» эса нақ 3та мавсумни 4тадан соврин билан якунлаган, фақат «шалпангқулоқ» кубоксиз.
Яна рекорд кўрамизми?
Назарий жиҳатдан олганда, бир мавсумда 7та жиддий соврин қўлга киритиш имконияти мавжуд. Масалан, Англияда ҳам. Аммо бунинг учун жамоа еврокубокларнинг бирида ғолиб чиқиши лозим. Кейин ундан мамлакат ва УЕФА суперкубогини, йил якунида Клублар ўртасидаги ЖЧ олтин медалини, якунда АПЛ, Англия ва Лига кубогида ғалаба нашидасини суриш талаб этилади. Шунда жамоа музейида 7та кубокдан иборат «олтин девор» қад ростлайди. Лекин ўта тиғиз тақвимнинг салбий таъсири билинади, барибир. Дейлик, жорий мавсум «Ливерпуль» атайин шундай имкониятни қўлдан чиқарди, шекилли. Ҳар ҳолда, Клублар ўртасидаги ЖЧга асосий таркиб билан йўл олган Юрген Клопп жамоаси Лига кубоги беллашувида асосан ўринбосарларга таянди. Оқибатда «қизиллар» «Астон Вилла»га имкониятни бой беришди, яна ўта хунук тарзда - 0:5. Шу аснода жамоа бу турнирдан воз кечди, кейин Англия кубогида ҳам омадсизликка учради. Кўриниб турибдики, «Ливерпуль» жорий мавсум «Линфилд» рекордини такрорлай олмайди.
Рекордни қўя турайлик, ҳаттоки, 4та нуфузли совринга эга чиқиш ҳам қанчалик қийинлигини тасаввур қилиш учун оддийгина ҳисоб-китоб кифоя: тарихий натижа ўрнатилган 1908 йилдан буён жами 111 мавсумда атиги 38 марта соврин ютиш бўйича «покер» қайд этилган. Дастлабки 60 йил ичида - 8та ва 2001 йилдан ҳозиргача - 22та. Унутмаслик керак, гап фақат 4та совринга эришган клублар хусусида бормоқда. Вазифани қийинлаштириб 5-6та совринга эришганларни ҳам ҳисобласак, бундайлар бор-йўғи 7та. Шундан фақат «Арсенал» қизлари ва «Селтик» йигитлари совринлари шодасида еврокубок ҳам борлиги билан мақтана оладилар.
Ҳаттоки, «Барселона»нинг бир йил давомида 6та соврин ютгани ҳам футбол олами учун камёб воқеа. Дарвоқе, сўнгги йилларда бундай муваффақиятга асосан «кўҳна қитъа» вакиллари эришмоқдалар. Аниқроғи, «МЮ», «Барселона», «Бавария», «Реал», «Манчестер Сити» ва «ПСЖ». Яъни фақат кучли чемпионатлар вакиллари. Хулоса шуки, «покер» орзусини рўёбга чиқишида йирик сармоя муҳим роль ўйнамоқда. Умуман, мавсумда 4та соврин ютишга шайдо клублар сони охирги 10 йилда анча кўпайди. Шунинг баробарида «покер»нинг нуфузи ҳам беқиёс даражада ўсди. Аввалига Португалиянинг «Порту»си ҳаммани ўзига қаратганди. Бу жамоа буюк мавсумлари билан футбол тарихига кирган. Ундан аввалроқ Шотландия вакили шов-шув кўтарганди. Энди Англия, Испания, Франция ва Германия асосий таъминотчига айланди. Фақат «А» серия учун «покер» ҳамон чиқилмаган чўққи бўлиб қолмоқда. Бунинг учун Италия клуби мамлакат суперкубоги ва кубоги ёнига скудеттони қўшиши, шунингдек, еврокубоклардан бирини қўлга киритиши керак. Аммо 150 йиллик тарихга эга Англия футболида ҳам «покер» атиги 2 марта кузатилган. Бундан 10 йилча аввал Алекс Фергюсоннинг «МЮ»си ва ўтган мавсум Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си бу вазифани уддалашга муваффақ бўлди. Умуман, бир мавсумда 4-7та турнирда ғолиб чиқиш ҳеч қачон осон бўлмаган...
С.РАҲМОНОВ тайрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20