Қайднома

Қидирув

Фарид Зокиров: «Ўзбек футболига улкан режалар билан кирдик...»

Фарид Зокиров: «Ўзбек футболига улкан режалар билан кирдик...»

  08.06.2020 03:54
  0
  1336
Фарид Зокиров: «Ўзбек футболига улкан режалар билан кирдик...»

Германиянинг AF Sports Reactive компанияси Ўзбекистон футболига кириб келгач, маҳаллий клублар, соҳага алоқадор ташкилот ва спортчилар билан меморандумлар имзолади. Яқинда sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги вакиллари AF Sports Reactive иш юритувчиси Фарид Зокировни алоҳида суҳбатга тортиб, ушбу компаниянинг Ўзбекистондаги миссияси билан қизиқишди.

- Фарид, AF Sports Reactive нима билан шуғулланади?

- AF Sports Reactive - Германияда очилган масъулияти чекланган жамият, у Гамбург халқаро суди тижорат реестрида рўйхатдан ўтган, мос равишда, мамлакатнинг солиқ резиденти саналади. Компания спорт менежменти ва консалтинг, консультация, қайси спорт тури бўлишидан қатъий назар, спортчилар фаолиятини кузатишга ихтисослашган.

- Юмшоқ қилиб айтганда, ўзбек футболи ҳозир даромад манбаи эмас. Бу бозорга қачон ва нега киришга қарор қилинди?

- 2019 йилнинг июнида AF Sports Reactive Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан меморандум имзолаш орқали Ўзбекистон бозорига қадам ташлади. Бунда биринчи навбатда, футбол клубларига ҳомийлар жалб қилиш воситасида ушбу тармоқни ривожлантиришни режалаштирдик.

- Ўзбекистонда спорт бизнеси юритишнинг энг асосий жиҳатларига тўхталсангиз.

- Тўғриси, ҳозирги ҳолатда Ўзбекистондаги спорт бизнесининг алоҳида ва нозик жиҳатларига изоҳ беришга шошилмаслик керак.

- Хўш, мамлакат футболида маркетингни ривожлаштириш йўлида қандай янгиликлар киритиш ниятидасизлар?

- Биринчи навбатда, футбол клублари учун ташқи ҳомийлар билан йўлга қўйиладиган ҳамкорлик бўйича алоҳида тизим ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, клубларнинг мухлислар билан ҳамкорлигини янада ривожлантиришга интиламиз. Зеро, мухлислар, умуман, ҳар қайси футбол жамоаси аудиторияси иқтисодиёт ва спортда муҳим ўрин тутади.

- Сизнингча, МДҲга аъзо аксарият мамлакатларда спорт маркетинги нега Европа ва АҚШдагидек ривожланмаган?

- Маркетинг, хусусан, спортдагиси ҳам, муайян тармоқлар иқтисодиётидаги чақирувларга жавоб беради. МДҲ мамлакатларида спорт аксарият ҳолатларда давлат ташкилотларига боғлиқ бўлиб қолган. Европа Иттифоқининг «эски» қатнашчилари, Бирлашган Қироллик, Шимолий Америка ва Японияда иқтисодий ривожланиш спортга ҳам тааллуқли. Шунинг эвазига у ерларда спорт хусусий мулкнинг тижорий ва масъулиятли объектига айланиб улгурган.

- Дарвоқе, компаниянинг «Локомотив»дан ташқари, «Сўғдиёна» билан ҳам ҳамкорлик ўрнатиши ҳақида гапирилди. Нега дейлик, «Қизилқум» ёки «Динамо» эмас, айнан Жиззах жамоаси танланди?

- Бу ўринда инсон фактори алоҳида аҳамият касб этди. Ҳамкорлик ўрнатилишида «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоевнинг катта хизмати бор. Шунингдек, клуб директори Ўктам Маҳмуджонов ҳам таклифимизни бажонидил тинглаб, ташаббусларимизни қўллаб-қувватлади. Энди «Бухоро» ва Ўзбекистон футболчилари касаба уюшмаси билан музокара олиб боряпмиз, ҳамкорлик учун имкониятлар излаяпмиз. Бизнинг позициямиз аниқ: эшикларимиз ҳамма учун очиқ! Янги ҳамкорларни қабул қилишга тайёрмиз ва фойдамиз тегишидан умидвормиз.

- Ўзбекистонда «инсонийлик салоҳияти» яхши эканлигини таъкидлаган эдингиз. Ўзбек футболида қайси профессионаллар сизда ёрқин таассурот қолдиришди?

- Ҳозирча ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА Тошкент бўлими вице-президенти Алишер Пўлатов, «Локомотив» клуби бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов, «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоевни ажратиб кўрсатишим мумкин. Булар Ўзбекистонда футболни ривожлантириш бўйича ўтказиладиган музокара жараёнига ҳамиша тайёрлар.

- Маҳаллий мухлислар ҳақида нима дейсиз? Мухлислик даражаси нега Европадагидек эмас? Кўплаб жамоаларда эса томошабинлар ташрифи бўйича муаммо мавжуд...

- «Локомотив» ва «Сўғдиёна» иштирокидаги ўйинларда ушбу клублар мухлислари билан ўтказилган суҳбатлардан ёрқин таассурот олдим. Англия, Германия, Испания ва Италия чемпионатларида трибуналарнинг тўлиши у ердаги умумий инфратузилма ва футболга муносабатнинг ривожланганлиги билан боғлиқ. Тахминимча, Ўзбекистондаги клублар билан тўғри ишлаш асносида мамлакат стадионларида томошабинлар сонини кескин ошириш мумкин. «Инстаграм»га қайд жойлаганимдан кейин мухлислар изоҳларини ўқиб шунчаки, роҳатландим. Шу тариқа Ўзбекистон аҳли футболни нақадар севишини билдим, миллионлар ўйини атрофидаги ҳолатлардан бохабар бўлиш имкони туғилди. Шундан келиб чиқсак, ўзбек клубларида аудитория билан ишлаш бў­йича ажойиб имконият мавжуд. Ўз навбатида, қўшимча қилмоқчиманки, Наманганнинг «Навбаҳор» клуби иштирокидаги ўйинларда тўпланадиган мухлисларга ҳаттоки, Испания ва Италиядаги айрим жамоалар ҳавас қилиши мумкин.

- Жаҳон чемпионати ўзбек футболи забт этолмаган чўққилардан бири бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон термаси саралаш раундларида чакки қатнашмайди. Ҳар сафар мундиал йўлланмаси сўнгги паллада бой берилишини қандай изоҳлаш мумкин?

- Ўйлашимча, бу саволга терма жамоа билан ишлаган мутахассислар дурустроқ жавоб беришлари мумкин. Умуман, спортда ҳамиша энг кучлилар ғалаба қозонишади.

- Айтишларича, жаҳон чемпионатидаги илк иштирок японлар ва корейсларга ҳам футбол, ҳам спорт маркетинги бўйича ривожланишда роса ас­қотган экан. ЖЧ-2022 йўлланмаси қўлга киритилган тақдирда, Ўзбекистон футболидан нималар кутиш мумкин?

- Айнан жаҳон чемпионатидаги иштирок Жанубий Корея ва Япония футболига барча эшикларни очгани ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Мисол учун, КХДР термаси ҳам ЖЧ-2010да қатнашди, аммо футболи бу билан ривожланиб қолмади. Аввало, Ўзбекистон миллий жамоасининг Қатарда ўтадиган мундиалга чиқишига тилакдошман. Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистон термаси бирор-бир минтақавий совринга эга эмас, мамлакат клублари эса ҳеч қачон Осиё Чемпионлар Лигаси финалига чиқмаган. Жаҳон чемпионати финал босқичидаги иштирок биринчи навбатда, ўзбек футболини дунё­га танитади.

- Ўзбек футболининг ҳозирги вакилларидан энг яхши 3 нафарини ажратиб кўрсата оласизми?

- Икром Алибоев - собиқ «темирйўлчи» сифатида, Элдор Шомуродов - УЕФА коэффициентлар жадвалида юқори ўринларда қайд этилаётган чемпионатда тўп сураётгани учун, Игнатий Нестеров - ҳозирга қадар ишонч­ли ўйин кўрсатаётгани сабаб.

- Ўзбек футболи AF Sports Reactive билан ҳамкорликда қандай устунликларга эга бўлади?

- Ғарбий Европадаги спорт менежменти тажрибаси ва даромад орттириш асосларидан маҳаллий клублар тизимида бемалол фойдаланиш мумкин.

- Натижалар тезда кўзга ташланмаса, қанча кутмоқчисизлар?

- Дастлабки 8 ой мобайнида Ўзбекистон бозорида қониқарли натижаларга эришдик. 2та клуб билан шерикчилик муносабати ўрнатилди. Ўзбек футболига узоқ муддатли режа ва лойиҳалар билан кирганмиз.

- Фарид, интервью бўйича қўнғироқ қилганимда, Лондонда эдингиз. Сиздан маълумот олганимда эса, Парижда турганингизни айтдингиз, суҳбат муддати бўйича келишганимизда - Иерусалимда... Ўзбекистондаги ҳаёт Европадагидан нимаси билан фарқланади?

- Ўйлашимча, бу савол алоҳида суҳбат мавзусига айланиши мумкин. Қисқача айтсам, кўп йиллар Германия шимолида яшаганман, у ердаги ҳаёт, биринчи навбатда, иқтисодиёт даражаси ва унинг кўрсаткичлари билан фарқланади. 83 миллиондан ортиқ киши яшайдиган Германия аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми бўйича 20та энг кучли давлат қаторига киради. Эътиборли томони, камтарона захираларга қарамай, шундай кўрсаткич қайд этилган.

- Яқинда машҳур гимнастикачи Оксана Чусовитинадан интервью олгандим. У Германияда ҳамма нарсанинг вақти қатъий белгиланганини таъкидлади. Кеч қолиш ҳурматсизлик ҳисобланар экан. Немислар менталитетидаги яна қайси жиҳатларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин?

- Ушбу саволга жавоб сифатида этник немис ҳисобланган, кейинчалик Россия қироличасига айланган Екатерина II сўзларидан иқтибос келтирмоқчиман: «Немислар биринчи навбатда, пухталик, меҳнатсеварлик ва барча кўринишдаги ресурсларга эҳтиёткор муносабатда бўлишни яхши кўришади».

- Таълим ҳақида гапирсак. Тошкентдаги мактабда ўқигансиз, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси Университети бакалаврлигини ҳам шу ерда олгансиз. Адашмасам, магистрлик ҳуқуқига Бремен университетида эришгансиз. Қолаверса, Қозон федерал университети докторантисиз. Шундан келиб чиқиб савол берсам: таълим жараёни қаерда яхшироқ?

- Рухсатингиз билан бироз аниқлик киритсам: ўрта мактаб ва бакалавриатни Тошкентда якунлаганман. Бременда давлат юридик имтиҳонларини топшириб, магистр­лик даражаси ва юридик фанлари номзодлигига эришдим. Айни пайт Қозон федерал университетида политолог доктор даражасини олиш ҳаракатидаман. Фикримча, Германиядаги юридик таълим дунёда энг яхшиси ҳисобланади!

- Аксарият ота-оналарнинг фарзандларини хорижда ўқитишга уринишаётганига қандай қарайсиз?

- Фақат ижобий. Зеро, шу тариқа бошқа маданият билан танишиш имконияти туғилади. Тажриба алмашиш жараёни эса кишини янада чиниқтиради.

- Ниҳоят, охирги ва энг муҳим савол: ўзбек футболи чиндан ҳам, даромад орттириши мумкинми?

- Шубҳасиз, ҳа! Умид қиламанки, Ўзбекистонда спорт менежменти ривожига муносиб ҳисса қўшамиз.

 А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz