Қайднома

Қидирув

Акрам Афиф: «Бош мақсад – ЖЧ-2022»

Акрам Афиф: «Бош мақсад – ЖЧ-2022»

  09.06.2020 04:46
  0
  208
Акрам Афиф: «Бош мақсад – ЖЧ-2022»

Биласиз, 2019 йил Қатар футболи учун жуда омадли бошланди. Бинобарин, митти мамлакат миллий жамоаси ўз тарихида илк марта Осиё чемпионати ғолибига айланиб, кучли шов-шув кўтарди. Қитъа биринчилигидаги ажойиб натижа, қолаверса, жаҳон чемпио­нати саралаш ўйинлари ҳамда Америка кубоги-2019даги тетик иштирок Қатар термасининг халқаро рейтингига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Дейлик, Al-Annabi 2019 йили ФИФА рейтингида энг катта ўсиш қайд этган жамоа бўлди. Алоҳида айтиш керак, Қатар футболининг тараққиёт сари юзлангани узоқ муддатга мўлжалланган аниқ стратегия ва изчил ишлар самарасидир. Оддий айтганда, қатарликлар йўлга қўйган улкан футбол лойиҳаси ўтган йили самара бера бошлади. Мамлакатда ҳамма бу тараққиёт 2020 йили янги босқичга чиқишидан умидвор. Тўғри, коронавирус пандемияси ортидан Қатар футболи ҳам режалаштирилмаган танаффусга чиқди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, мухлислар Қатар термасининг ЖЧ-2022да муносиб қатнашишига ишонишмоқда. Зеро, жамоада ўйин тўғри йўлга қўйилган, индивидуал томондан кучли ижрочилар ҳам етарли. Дейлик, Қатар футболининг бугунги юлдузлари Осиё миқёсидаги шахсий совринларга даъвогарлик қилмоқдалар. Мисол учун, Осиё кубоги-2019 якунида Акрам Афифни турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олишди, у кейинчалик Осиёда йил лауреати ҳам бўлди. FIFA.com мухбирлари коронавирус хуружидан олдин айнан Афиф билан учрашиб, унинг футболдаги йўли ҳақида суҳбатлашишди. Диққат қилинг, ўзига хос дриблинг маҳорати билан ажралиб турадиган ҳужумкор ярим ҳимоячи Осиё кубогидаги ғалабани Қатар футболи учун зафарли йўлнинг бошланиши сифатида баҳоламоқда.

 

- 2019 йил сиз учун чиндан ҳам, тарихий аҳамият касб этди. Зеро, аввалига Осиё чемпиони бўлдингиз, кейин қитъанинг энг яхши футболчисига аталган совринга эга чиқдингиз, қўшимчасига, клубингиз билан Қатар Юлдузлар лигаси шоҳсупасига кўтарилдингиз. Айтингчи, шундай натижаларни кутганмидингиз?

- Лўнда жавоб берганда, буларнинг барчаси - фантастика. Умуман, фаолиятим бошиланганидан буён энг самарали даврни ўтказдим. Ўзи бир йилда шунча ютуққа эришиш футболчига камдан-кам ҳолатда насиб этади. Албатта, 2019 йил воқаелари учун аввало, Аллоҳга шукрона келтираман. Бир қарашда, Осиё чемпиони мақомининг ўзи қатарлик футболчилар, жумладан, мен учун ҳам узоқ йилларга татигулик ютуқдек туюлади. Лекин аслида бундай эмас. Ўйлайманки, бу биз учун бошланиши, холос. Албатта, мамлакат байроғини энг юқорига кўтариш - катта шараф. Лекин шу шараф ортида тинимсиз меҳнат бор, яна бу мақсад сари қатъий қадам ташлашнинг самарасидир.

- Умуман, Осиёнинг энг яхши футболчиси мақоми сизга нимани англатади?

- Тушунарлики, ҳар бир футболчи шу каби совринлар ютишни орзу қилади. Менимча, қитъа миқёсида эътироф этилганим кўп йиллик машаққатли меҳнат, машғулотлар ва ўйинларга нисбатан доимий кучли эътиборда бўлганим мукофотидир. Ўз ўрнида, оилам ва жамоадошларим, клубим ва терма жамоам, шунингдек, қатарлик футболчиларнинг тараққиётига масъул шахсларга миннатдорчилик билдиришим шарт. Мени Осиёда йил лауреати сифатида танлашгани ҳақидаги хушхабарни Кўрфаз кубоги пайти жамоамизнинг машғулотлар базасида эшитдим. Кейин совринни Дохада мени чинакамига яхши кўрадиганлар даврасида қабул қилганимда, чексиз қувонч ва ғурурни туйдим. Ўйлайманки, бу мукофот мени янада юксакроқ марраларни кўзлашга ундайди. Кўпчилик Қатар терма жамоасининг Осиё кубогидаги ғалабасини сенсацияга йўйди. Лекин биз бундай юришга тайёр эдик, хусусан, БААга йўл олишдан олдин ҳам мақсадимиз жиддий эканлигини яширмадик. Қисқаси, Қатар футболининг охирги ютуқларига тасодиф сифатида қарамаслик керак.

- Хўш, бунга қандай асосларингиз бор эди?

- Ҳа, аввалги натижаларимиз яхши эмаслигини билардик, айни шу ҳолат ҳам иштиёқимизни оширди. Ахир мамлакат футболи тарихида янги саҳифа очиш имконияти бор эди. Оддий айтганда, аввало, Қатар термаси кўпчилик учун сенсация саналадиган натижага эриша олишини исботлаш ишқида ёниб тургандик. Тўғри, мамлакатимиз футболи ўтмишда баъзи натижаларга эришган. Дейлик, Кўрфаз кубоги ва U-19 тоифасидаги Осиё чемпионатида ғалаба нашидаси сурилган, қўшимчасига U-20 белгиси остидаги жаҳон чемпионатида иштирок этганмиз. Шу ютуқларни давом эттириш хоҳиши Осиё чемпионатида юқори савияда тўп суришимизга ўзига хос мотивация берди.

- Энди муваффақият сири билан ҳам ўртоқлашсангиз...

- Табиийки, ҳар бир ишнинг ортида кўплаб сабаб ва ҳаракатлар ётади. Кўпчилик билади, охирги йилларда Қатарда режалаштирилган футбол лойиҳалари тизимли тарзда ишлашга ўтди. Айтайлик, ҳозирги миллий жамоанинг кўплаб футболчилари Aspire академиясида таҳсил олишган. Демакки, улар маълум бир фалсафа асосида шуғулланишган. Яна тараққиёт учун танланган узоқ муддатли дастурнинг ўрни ҳам катта. Бизда футболчилар ёшлар жамоаларидан миллий термагача бўлган давр оралиғида айни шу дастур бўйича ишлашади. Хуллас, ҳозирги йигитлар кўплаб босқичларни бирга якунлашган ва айтиш мумкинки, вақтдан бироз илгарилаб кетишни ҳам уддалашди. Эътибор берсангиз, майдонда ҳамиша замонавий футбол кўрсатишга интиламиз. Замонавий футбол нима? Бу жамоавий ҳаракатларга йўғрилган ўйин. Ўйлайманки, бу борада маълум даражага чиқдик. Тажриба, куч ва маҳорат ёнига бош мураббийимиз Феликс Санчес бошқарувида ўзлаштирилаётган техник-тактик ишланмаларни қўшинг. Агар сиз ўйиннинг асосий элементлари саналган шу жиҳатлар бўйича оқсамасангиз, яхши натижалар қайд этиб, катта ютуқларга эришишингиз та­йин. Аллоҳга шукр, биз Осиё чемпиони бўлиб, ўз орзумизни рўёбга чиқардик.

- Яна ўша Осиё чемпионати ҳақида - тарихий натижа йўлидаги қайси ўйинлар алоҳида мушкулот туғдирди?

- Футболда ҳар бир учрашув ўз даражаси билан оғир бўлади. Менимча, барча ўйинларга бирдек жиддий қараганимиз ва уларни бир даражада кўрганимиз фойдамизга ишлади. Демоқчиманки, эътибор жуда юқори эди. Шундай бўлсада, тан олишим керак, финал ўйини алоҳида аҳамият касб этиши билан қўшимча оғирлик юклади. Қолаверса, ҳал қилувчи баҳсда тажрибаси бизникидан анча кўп саналган ва финалларда ўйнаш ҳадисини олган Япония термасига қарши майдонга тушдик. Энг муҳими, ишонч­ни йўқотмадик ва амалда дадил ҳаракатландик ҳам. Японларни ҳайрон қолдиришни ўйлагандик, бунга эришдик. Ҳар ҳолда, ўйин боришини назорат қилдик, дадиллик ва суръатни пасайтирмадик. 3-голни урганим мен учун шахсий мукофот бўлди. Зеро, шу голдан сўнг Япония термаси умид узди ва финал бизнинг фойдамизга ҳал бўлгани ойдинлашди.

- Финал ҳуштагидан кейинги ҳолатингизни тавсифлай оласизми?

- Қандай тарихий лаҳза! Аввало, чинакам фахрни туйдик. Қатарда мухлисларимиз ғалабамизга илҳақ ҳолда, жамоамизни бор вужудлари билан қўллаб-қувватлаётганларини билардик. Негаки, уларнинг БААга киришларига рухсат беришмади. Шунинг учун майдонда кубокни бошимиз узра баланд кўтарганимизда ҳам, ғалаба тантанасидан унча қониқмадик. Дохага қайтганимиздан кейин эса, якунига етмаган байрамни давом эттирдик. Аэропортда жамоамизни амир ҳазрати олийларининг шахсан ўзи қарши олгани энг катта мукофот бўлди. Кутиб олиш маросимидан шу қадар ҳайратландикки, ўша вақтдаги ҳолат бир умр ёдимиздан чиқмайди - одамлар билан тўлган кўчалар, қувонч, ҳайқириқ, қисқаси, бетакрор муҳит.

- Ўтган йили сизлар Бразилияда ташкиллаштирилган Copa America турнирида ҳам қатнашдинглар. Бегона қитъа чемпионатида ўйнаш қандай наф берди?

- Маълумки, навбатдаги жаҳон чемпионати Қатарда ўтказилади. Барчасини ҳисобга олган мамлакат футболи раҳбарлари мезбон сифатида муносиб қатнашиш учун ҳар томонлама тайёргарлик кўришимизга имкон доирасида ёрдам бермоқда. Шахсий фикримча, Бразилияда нуфузли расмий мусобақа доирасида Жанубий Америка жамоаларига қарши кечган ўйинлар самарасиз кетмайди, гарчи яхшироқ натижага эришмаган бўлсакда. Қолаверса, турнир арафасида Бразилия термасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказдик, кейин Аргентина, Колумбия ва Парагвай жамоалари билан куч синашдик. Бу катта тажриба, албатта. Ахир ўйин услуби, тезлик, куч ва тажриба нуқтаи назаридан турли даражадаги рақиблар билан ўйнаб кўрдик.

- Қатар термаси кейинги йили Америка кубогида яна бир бора ўз омадини синаб кўриши керак...

- Биринчи иштирокдан кўп нарса олдик. Демак, кейинги турнирга олдимизга аниқ мақсад қўйган ҳолда боришимиз мумкин. Умид қиламанки, мундиал стартига қадар бўладиган ҳар бир ўйиндан максимал наф чиқаришга уринамиз. Шунинг баробарида бош мақсадимиз яхши натижа қайд этиш эканлигини ҳам унутмаймиз. Турнир формати ўзгартирилганини инобатга олсак, иккинчи иштирокда гуруҳ босқичидан чиқиш имкониятига эгамиз.

- Йил охирида ОЧЛда ғалаба қозонишга яқин келдингиз, шунинг­дек, Клублар ўртасидаги ЖЧда қатнашдингиз...

- «Ал-Садд» - ҳамиша соврин ютишга ҳаракат қиладиган клуб. Ҳа, ОЧЛ кубогини қўлга киритишни режалаштирган эдик, бироқ кичик жиҳатлар финалга чиқишимизга тўс­қинлик қилди. Шунга қарамай, энг оғир шароитларда ҳам ўзимизни кўрсата олишимизни исботладик. Жумладан, Дохада ташкиллаштирилган Клублар ўртасидаги ЖЧдан ҳам ёрқин таассуротлар қолди. Албатта, бундай турнирлар клубимиз учун бебаҳо тажриба майдонидир. Энг муҳими, ўйинлар воситасида кўп нарса ўргандик. Ҳа, бошқача шароитда яхшироқ натижа қайд этишимиз мумкин эди, лекин бу футбол. Барча жамоалар қийин даврни бошидан ўтказиши мумкин. Афсуски, «Садд»нинг мураккаб даври айнан 2019 йилнинг охирига тўғри келди.

- Европада тажриба ошириш бахтига муяссар бўлган қатарлик кам сонли  футболчилардан бирисиз. Айтингчи, «кўҳна қитъа» мактаби ўйинингизга нечоғли таъсир қилди?  Янги чорловга нима дейсиз?

- Хорижда профессионал даражада тажриба оширишимиз ҳам Қатар футболи тараққиётига қаратилган аниқ лойиҳа қисмидир. Менга фаолиятимнинг бошланғич қисмида шундай имконият тақдим этилгани айни муддао бўлди. Бундай хизмат сафари барча жамоадошларимга катта ёрдам беради - ҳам техник, ҳам маънавий томондан. Албатта, яқин орада яна хорижга чиқишга тайёрман. Фақат бу сафар узоқроқ муддатга. Ҳар қандай тақдирда ҳам, бош мақсадим тайин - қатарликлар илҳақ бўлиб кутаётган жаҳон чемпионатида миллий жамоага талаб даражасида хизмат қилсам, бас.

А.АҲМЕДОВ тайрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz