Қайднома

Қидирув

Кулманг, бу оддий рўйхат ёки ФУТБОЛ ОЛАМИДАГИ ЭНГ ТАЪСИРИ ЮҚОРИ ШАХСЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР

Кулманг, бу оддий рўйхат ёки ФУТБОЛ ОЛАМИДАГИ ЭНГ ТАЪСИРИ ЮҚОРИ ШАХСЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР

  09.06.2020 07:49
  0
  190
Кулманг, бу оддий рўйхат ёки ФУТБОЛ ОЛАМИДАГИ ЭНГ ТАЪСИРИ ЮҚОРИ ШАХСЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР

France Football - фаолияти асосан ҳомийларга боғлиқ бўлган кичик муассаса, албатта, жаҳон миқёсида олганда. Газета муассислардан қолган буюк меросни аллақачон барбод қилишга улгурган, шунга қарамай, футболда ҳамон кенг жамоатчилик эътиборини тортадиган нуқтаи назарга эга. Хуллас, France Football экспертлари карантин даврида зерикишганиданми, футболга таъсири энг кучли шахслар ва ташкилотлар рейтингини шакллантиришди ва топ-50 шаклидаги рўйхат нуфузли газетада эълон ҳам қилинди. Тўғриси, рейтинг бу сафар  залворли эмас, ўта кулгули ва тутуриқсиз чиққанки, хоҳлаган киши уни ҳазил тариқасида қабул қилиши мумкин. Мана ўзингиз гувоҳи бўлинг....

41-50-ўринлар

50. «Олтин тўп» соврини

49. Холида Попал (фаол аёл)

48. Жан-Мишель Ольяс («Лион» клуби президенти)

47. Руи Пинту (Football Leaks гуруҳи асосчиси)

46. Ҳассан ал Тавадий (ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси раҳбари)

45. Дэвид Бекхэм («Интер» Майами клуби президенти)

44. Марио Галавотти (ФИФА ҳуқуқшуноси)

43. Дидье Дрогба (собиқ футболчи)

42. Алекс Грин (тадбиркор)

41. Жонатан Уилсон (журналист)

Сўнгги поғона - ўз-ўзидан кулгули позиция. Ўзлари, тўғрироғи, газета номини ёзишга ийманган ижодкорлар «Олтин тўп» иборасидан фойдаланиб, қўя қолишди. Қизиқ, нуфузли совриннинг ҳозирги таъсирчанлиги қандай? Деярли йўқ, ҳисоби. Зеро, «Олтин тўп» нуфузини аллақачон дабдала қилишди. Анави аёл ким ва унга ўрин беришгани сабаби нима? Холида Попал - довюрак аёл! Афғонистонлик футболчи маҳаллий амалдорларнинг спортчиларга нисбатан шилқимликларини дадиллик билан фош этиб, кейин ватанидан чиқиб кетишдан ўзга чора тополмади. Ҳа, ҳозир Холиданинг обрў-эътиборига ҳавас қилса арзийди, аммо унинг футболга таъсири ҳақида гапириш ортиқча. Бешинчи ўнталикда Уилсондек хизмат кўрсатган журналист ва Ольясдек бадавлат функ­ционерлар орасидан ажабтовур шахслар ҳам ўрин олишди. Масалан, Алекс Грин. Ким? Афтидан, қандайдир молия хизматчиси бўлса керак. Агар у бўлмаса, бошқаси. Тўғри, рўйхатда норасмий кишиларга ҳам жой берилганини тушуниш керак. Аммо нуфузли соврин қатори жасур футболчи аёл, ФИФА ҳуқуқшуноси ва Африка футболи афсонасининг бир жойга жамлашгани ажабланарли, барибир. Турли ирқ вакилларига эътибор берилганми? Ҳа, шундай. Журналистларни ранжитишни истамаганларми? Тўғри. Ўз ватандошларини тиқиштиришдими? Албатта. Бекхэм ва Дрогба эса рўйхатда барчага таниш исм-шарифлар бўлишини таъминладиларми? Ҳа. Хуллас, ранг-баранг масаллиқлардан тайёрланган бўтқа мисоли 10талик...

 

31-40-ўринлар

40. Хироши Микитани (СЕО Rakuten компанияси ва «Виссел Кобе» клуби президенти)

39. Хави Эрнандес («Ал-Садд» клуби бош мураббийи)

38. Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль» клуби ҳужумчиси)

37. Виктор Зубков («Газпром» компанияси директорлар кенгаши раиси)

36. Аҳмад Аҳмад (АФК президенти)

35. Шарон Торн ( Delloitte Global гуруҳи раҳбари)

34. FIFPro (футболчилар касаба уюшмаси)

33. Жонатан Барнетт (футбол агенти)

32. Виктор Монтальяни (КОНКАКАФ президенти)

31. Пьерлуижи Коллина (собиқ ҳакам)

Яна мантиққа оз бўлсада мос келмайдиган танлов. Бироқ бу ўнталикка дурустроқ эътибор қаратсак, франциялик экспертларнинг бироз пала-партишликка йўл қўйишгани сезилади. «Газпром» директорлар кенгаши раиси Виктор Зубков бор, аммо футболга янада яқинроқ саналган компания раҳбари Алексей Миллер эътибордан четда қолган. Қолаверса, Зубков афсонавий Хави, бадавлат ва обрўли Микитани ва бутун араб дунёси фахри Муҳаммад Салоҳдан ҳам юқорироқ поғонага қў­йилган. Албатта, Торн, Аҳмад ва Монтальяни каби функ­ционерларнинг таъсири шубҳадан холи, улар ўз ҳудудларида баланд овозга эгалар. Пьерлуижи Коллина эса аслида бундай рейтингларда анча юқорироқдан ўрин олишга лойиқ шахсдир. Ахир ҳакамлар қўмондони ҳозирда футбол қоидалари бўйича ФИФАнинг тенгсиз мутахассиси ҳисобланади.

 

21-30-ўринлар

30. Чанг Монг Гю (Жанубий Корея ФА президенти)

29. Карл-Хайнц Румменигге («Бавария» клуби президенти)

28. Салмон Иброҳим ал Халифа (Бахрайн шаҳзодаси, ОФК президенти)

27. Стивен Росс («Майами Долфинз» клуби соҳиби)

26. Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси)

25. Эндрю Уилсон (СЕО ЕА Sports гуруҳи раҳбари)

24. Ванг Цзянлин («Атлетико» клуби соҳибларидан бири, Wanda&Group асосчиси)

23. Пини Захави (футбол агенти)

22. Кристиан Зайферт (Германия футбол лигаси бош директори)

21. Мансур ибн Зайд ал Наҳиён («Манчестер Сити» клуби соҳиби)

Хитойнинг энг бадавлат кишиларидан бири - Ванг Цзянлиннинг футбол оламидаги нуфузию, таъсири ўз-ўзидан тушунарли. Аммо Раҳим Стерлинг қанақасига юксак мақомга эришди? Уни аслида ҳаттоки, Англиянинг ўзида ҳам унча ёқтиришмайди. Стивен Росс - клуб хўжайи­ни, лекин америкача футболда. Ҳар ҳолда, унинг Европа футболига ҳеч алоқаси йўқ. Қолаверса, соккер йўналишидаги фаолияти ҳам ҳозирча талаб даражасидан паст.  Баҳрайн шаҳзодаси жуда бадавлат, бироқ ФИФАда қандай таъсир кучига эга? Ажабланарли рўйхат, ахир футболда суяги қотган ва яна бир йилдан кейин нафақага йўл оладиган Румменигге ўйин симуляторини бошқараётган йигитга нисбатан анчайин обрўли шахс-ку. Захави - ўта корчалон агент. Зайферт эса кун сайин тажриба орттирмоқда. Мана, у шундай мураккаб вазиятда Бундеслигани биринчи бўлиб ҳаётга қайтарди. Лекин рўйхатда ҳамманинг имкониятига адолатли баҳо берилмаган. Масалан, шайх Мансур жуда юқори нуфуз соҳиби, аммо Руммениггедан кучлироқ эмас, барибир. Тан олиш керак, футбол оламидаги мавқе баъзан бойликдан муҳимроқ ҳисобланади.

 

11-20-ўринлар

20. Килиан Мбаппе («ПСЖ» ҳужумчиси)

19. Си Цзинпин (Хитой президенти)

18. Зайниддин Зидан («Реал» клуби бош мураббийи)

17. Мино Райола (футбол агенти)

16. Неймар («ПСЖ» ҳужумчиси)

15. Ричард Мастерс (АПЛ ижрочи-директори)

14. Adidas ва Nike компаниялари

13. Александер Чеферин (УЕФА президенти)

12. Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити» клуби бош мураббийи)

11. Брайан Робертс (Comcast компанияси президенти)

Буниси энди бирор қолипга мос келмайди - соф масхара қилиш. Қаранг, ёш Мбаппе бир қатор миллиардерлардан ҳам нуфузли ва таъсирлироқ экан. Ажабо, бунга ишонишнинг иложи йўқ. Ҳа, Килиан яшил майдондаги ўйинлари билан кенг доирада танилди, бироқ футбол оламида обрўси ҳали унча юқори эмас, барибир. Эҳтимол, кейинчалик юксак мавқега эга бўлар, аммо ҳозирги ҳолатда 20-ўринга тортмайди-ёв... Хитой президенти, Зидан ва Райоланинг жойларига эътироз йўқ. Шу жойда ҳам қизиқ савол - улар нима учун Неймардан қуйида? Бразилиялик ҳужумчида машҳурликдан бошқа яна қандай фазилат борки, у атоқли арбоблардан юқорида турибди? Боз устига, ушбу ўнталикда ўта жиддий «ўйинчи»лар (14 ва 11-ўринлар) бор. Ўзи футбол дунёсига таъсири ўта кучли Adidas ва Nike компанияларига 1та поғона берилгани ҳам ажабланарли ҳолат. Робертс - спорт ТВси учун муҳим шахс. Чеферин тобора танилиб бормоқда, фаоллашмоқда, лекин УЕФА раҳбарининг Гвардиоладан орқада эканлигини тушуниш қийин. Бу ҳам рейтингдаги кўп сонли жумбоқлардан бири.

 

1-10-ўринлар

10. Швейцария суди

 9. Меган Рапино (АҚШ аёллар терма жамоаси футболчиси)

 8. Флорентино Перес («Реал» клуби президенти)

 7. Лионель Месси («Барселона» ҳужумчиси)

 6. Андреа Аньелли («Ювентус» клуби президенти)

 5. Жорже Мендеш (футбол агенти)

 4. Юрген Клопп («Ливерпуль» клуби бош мураббийи)

 3. Жанни Инфантино (ФИФА президенти)

 2. Криштиану Роналду («Ювентус» ҳужумчиси)

 1. Носир ал Хелайфи («ПСЖ» клуби соҳиби)

Футбол мусаффо, аммо Швейцария суди унга доғ туширмоқда. Жиддий гапирсак, масалан, америкалик аёл футболчининг 9-ўринга лойиқ топилгани бутун рейтингни «лой»га қориштиради. Шу Меган ва унинг дугоналари яқиндагина футболда аёллар эркаклар билан тенг миқдорда маош олишлари юзасидан даъво очишган ва ҳаттоки, судга мурожаат қилишганди. Кейин Рапино бунда шармандали мағлубиятга учради. Судьянинг эътирофига кўра, аёл футболчилар ўзлари ихтиёрий равишда рад этган шартномани қайта тиклашни сўрашган. Дастлабки ўнталикнинг бошқа вакилларига айтарли эътироз йўқ. Перес, Месси, Аньелли, Мендеш, Клопп Инфантино, Роналду ва ал Хелайфи - буларнинг ҳар бири юксак нуфуз ва таъсир кучига эга эканлиги шубҳадан холи. Шундай бўлсада, қатарлик бойваччага рейтинг етакчилигини инъом этилишида худбинлик аломатлари яққол сезилиб турибди - кўринишидан, францияликлар қудратли бизнесмен ўз нашрларига ҳомийлик қилишидан умидворлар, чоғи. Шайхлар Beln Media Group халқаро спорт холдинги фаолияти учун саховатпешаликни аямайдилар. Энди французлар шунга асосланиб, «ПСЖ» соҳибини «мойлаш»ни лозим топган кўринадилар. Ал Хелайфи ўта бадавлат ва нуфузли шахс, албатта. Бироқ у Перес, Инфантино ёки Жорже Мендеш олдида нима қила олиши мумкин? Ҳеч нарса.

Футбол айнан ягона ҳукмдор измида эмаслиги билан мафтункор. Рўйхатга мураббийлар, футболчилар, бизнесмен ва амалдорларнинг киритилгани эса ажойиб ғоя. Ижодий изланиш учун раҳмат айтиш керак, албатта. Лекин рўйхатда кулгули номутаносибликлар етарли, уни тузишда пала-партишликка йўл қўйилган. Мисол учун, ижодкорлар Ла Лига раҳбари Хавьер Тебас ва футбол қоидаларини замон талабларига мос равишда ислоҳ қилаётган IFAB гуруҳини унутиб қўйишди. «Олтин тўп»дек нуфузли соврин ўрин олган рейтингда Рапинонинг етакчи ўнталикда эканлиги ва Стерлинг хизмат кўрсатган Руммениггедан юқорида тургани катта минус, албатта.  Футбол оламининг энг фаол, таъсирчан фидойиларини танлашдек эзгу мақсад йўлида адолат керак. Бинобарин, УЕФАнинг холис ниятли  ҳамкорлари жаҳон футболига рўйхатда зикр этилганларнинг кўпчилигидан самаралироқ таъсир кўрсатмоқдалар.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz