Қайднома

Қидирув

Юрген Клоппнинг «Ливерпул»да иш бошлашидан олдинги ҳаёти ва футболи...

Юрген Клоппнинг «Ливерпул»да иш бошлашидан олдинги ҳаёти ва футболи...

  10.06.2020 01:21
  0
  543
Юрген Клоппнинг «Ливерпул»да иш бошлашидан олдинги ҳаёти ва футболи...

Маълум сабабларга кўра, халқаро спорт мажбурий таътилдан тўлиқ қутулолмаётган ҳозирги кунларда ТВ ижодкорлари  телетомошабинларни нохуш маълумотлар таъсиридан бироз чалғитиш мақсадида уларни тез-тез қизиқарли суҳбатлар даврасига жалб этишга уринишмоқда. Sky Sports канали мухбирлари ва «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп ўртасида Making it Pro серияси доирасида бўлган суҳбатни ҳам айни шу мақсад - вазифа маҳсули сифатида келтириш мумкин. Чунончи, бу гал гап германиялик мутахассиснинг Англия футболига юзланишидан аввалги ҳаёти ва фаолияти ҳақида борди. Ўйлаймизки, бундай интервьюлар фақат британиялик мухлислар эмас, балки биз учун ҳам жуда қизиқарли.

КАТТА ФУТБОЛ САРИ ЙЎЛ

- Юрген, спорт ҳаётингнинг ажралмас қисмига айланиши ва у билан профессионал даражада шуғулланишинг кераклигини айнан қайси паллада теран тушунгандинг?

- Бу масалада узоқ вақт бош қотиришимга тўғри келган эмас. Тан олиб айтишим керак, туманимиздаги нисбатан яхшироқ жамоа сафига фақат тақдир тақозоси билан қўшилганман. Аслида жамоам бошқа футболчи билан шартнома тузишни хоҳлаган. Бу аниқ. Бироқ клуб мўлжалга олган йигит - адашим Юрген қишлоғимиздан 40 километр  узоқликда жойлашган машғулотлар базасига қатнашни хоҳламаган. Мен эса ўйламай, рози бўлганман.

- Қизиқ, профессионал фаолият­га шўнғиш арафасида асосан қандай юмушлар билан шуғуллангансан?

- Пули йўқ киши ўзини турли ишларга уриб кўради, яъни салоҳия­тини синовдан ўтказади. Ўз тажрибамдан айтсам, аввалига маълум вақт киноплёнкаларни ташиш ва етказиб беришга ихтисослашган компанияда ишладим. Кейин университетга ўқишга кирдим, дарслардан бўш вақт­да эса кичик барда ишлаб, оз-моз пул топардим.

- Мураббий Юрген Клопп футболчи Юргенга қандай тавсифнома бера олади?

- Оддий: «Жангчи. Жуда тезкор, бош билан яхши ўйнайди». Лекин очиғини айтаман, ўйиним ҳеч қачон ўзимга ёққан эмас. Энг муҳими, «Майнц»да мураббийларнинг саъй-ҳаракати эвазига нақ 11 йил мунтазам равишда тўп сурдим. Такрорлайман, ўйиним ўзимга ёқмасди, ҳаттоки, нафрат уйғотарди, аммо кетишимга футболга нисбатан ўта кучли муҳаббатим йўл қўймади. Бу ҳам умумий вазиятнинг соф тақозоси...

- Мураббийлик соҳасига жуда барвақт қадам ташлагансан. Қолаверса, ҳаётингдаги бу жиддий ўзгариш тўсатдан юз берган: якшанба куни футболчи эдинг, эртасига мураббийга айлангансан. Эътиборлиси, ҳаммаси битта жамоада кузатилган...

- Ҳа, ўша пайт жамоадошларим мени қадрдон дўст ўрнида кўришарди. Энг асосийси, улар кўп ўтмай, мураббий сифатида ҳам ҳурмат қила бошлашди. Ўша мавсум жамоамиз турнир жадвалининг тубида бораётган, боз устига, инқироз ҳолатига яқин турганди. Бир куни мураббий барчамизни бир жойга тўплаб, дангал гапни айтди: «Эндиликда фақат ёш футболчилар билан ишлашга уриниб кўрамиз». Раҳбарият эса мураббийни алмаштиришни лозим топди. Бироқ клубимизда ёрдамчи мураббий йўқ эди. Хуллас, мутасаддилар вазиятга қараб, бўшаб қолган жойга мени таклиф қилишди. Барча йигитлар билан яхши муносабат ўрнатганимни инобатга олган ҳолда, янги ишга ўтишдан асло чўчимадим. Чунончи, ўша вақт 33 ёшда бўлиб, жамоанинг энг тажрибали ўйинчиси ҳисобланардим. Таққослаш учун битта маълумот: бугун «Ливерпул»да турли вазифалар билан шуғулланувчи 25 нафар мутахассисдан иборат катта штаб бор. Оҳ, қандай давр... Дейлик, Майнцда барча ишларни ёлғиз ўзим бажарардим. Бир томондан, бу фақат фойда келтирган. Чунки ишларни чин юракдан, кўнгилдагидек қилардим.

- Кўплаб экспертлар мураббийликдаги муваффақиятингни айни шу универсаллик, серқирралик билан изоҳлайдилар. Бинобарин, эндиликда ўйиннинг барча нозик жиҳатларию, сир-асрорларини биласан. Чунки мураббийлик ишининг илк кунларидан ҳаттоки, майдон ташқарисидаги нозик масалаларга ҳам дуч келиб, уларга қандай ечим топишни ўзлаштиргансан.

- О, шундай. Айниқса, ўйинларни ҳар томонлама таҳлил қилиб боришни хуш кўраман. Сизга айтсам, нақ 7 йил давомида бу иш билан ёлғиз ўзим шуғулландим.

- ...

- Тўғриси, шунда ҳам қанчадан-қанча жамоаларнинг мен билан мураббий сифатида ҳамкорлик қилишни хоҳлаганидан ҳайрон қолдим. Бошида Майнцдан кетиш ниятида эмасдим ва шунинг учун чорловларга айтарли аҳамият бермаганман. Ҳаммаси клубнинг шартнома муддатини узайтириш-узайтирмаслигига боғлиқ эди. Кейин энг қизиғи «Майнц»даги хайрлашув оқшоми юз берди. Клубга 18 йиллик умримни бағишлаган ва у мен учун қадрдон бўлиб қолганди. Хуллас, кечки базмда роса яйрадик, «ажойиб кайфият» ҳосил бўлди. Эрталаб уйғониб, қўл телефонимга қарасам, 15-20тача клубдан қўнғироқ бўлибди. Ўша пайт бунга унча эътибор қаратганим йўқ... Ўзи ҳамиша Дортмунд «Боруссия»сига суюкли жамоа сифатида қараб  келганман. Меҳримнинг сабаби тайин - клубнинг бетакрор муҳитга эга муҳташам стадиони, кенг кўламли анъаналари ва юксак нуфузи. Хуллас, «Дортмунд» мени ўзига мафтун этганди. Лекин шу жамоа хизматимга қизиқиш билдириши ва менга эътибор қаратиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим... «Боруссия» таклифининг ўзи ҳам қизиқ бўлди. Клуб вакиллари билан гаплашиб, ўзаро келишиб олганимиздан кейин улар расмий таклифни ўртага ташлашди. Унга кўра, «Боруссия»да иккинчи дивизион вакили саналган «Майнц»дагига нисбатан икки баравар кам маош олардим. Табиийки, эътироз билдирдим, аммо дортмундликлар «Майнц»да қанча олганимни эшитиб, бунга асло ишонишмади. Шунда уларга клуб билан тузган шартномам нусхасини кўрсатдим. Албатта, «Боруссия» раҳбарияти иккинчи дивизионда ишлаган мураббийга бирданига катта маош белгилаб қўймасди, буни тушунардим. Диққатга сазовор томони, «Боруссия» тез орада янги шартнома таклиф этди ва унга мувофиқ, рисоладагидек маош оладиган бўлдим. Аслида гап иш ҳақида ҳам эмасди. Ҳар ҳолда, азалдан фақат «Боруссия»ни бошқаришни орзу қилардим. Аммо воқеа бундай тез ва қизиқарли тус олишини асло кутган эмасдим.

Дортмундда дастлабки кунданоқ жиддий қийинчиликларга дуч келганим ҳам эсимда. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Биринчиси - «Боруссия»да бирданига иш бошлаганим. Ҳар ҳолда, бунга қадар бор эътиборим фақат «Майнц»га қаратилган ва бу жамоага бутун борлиғим билан сингиб кетгандим. «Боруссия»ни эса умуман билмасдим, унга четдан йирик клуб сифатида қарардим, холос. Кейин шундай катта жамоада жуда кўп муаммоларни ҳал этишимизга тўғри келди. Иккинчидан, «Боруссия»нинг молиявий имконияти талаб даражасида эмасди. Шундан келиб чиқиб, асосий эътиборни ёшлар тарбиясига қаратдик, улардан унумли фойдаланишга уриндик. Тўғри, бу айнан мен ёқтирадиган юмуш эди. Қолаверса, «Боруссия» учун келажаги бор, тўғри йўл шу эди.

- Кейин меҳнатинг самараси ўлароқ,  «Боруссия»нинг Бундеслигадаги ғалабасини нишонладинг...

- О-о, албатта... (юзида асабий табассум билан).  Ўзи табиатан ниманидир нишонлашни хуш кўраман ва бунда барчасини ўрнига қўяман. Ҳаттоки, зафар қучганим ёки мағлубиятга учраганим ҳам муҳим эмас: финал ўз номи билан финал. Лекин виждонан тан олишим керак, Майнцда ҳаммаси анча оддий ва осонроқ эди - бизни кўпчилик танимасди, назарга илмасди ва қандай истасак, шундай байрам қилардик. Дортмунд­да эса бошқача вазиятга тушдим - клубни ҳамма биларди. Хоҳласанг-хоҳламасанг, бу ҳолат сенинг ҳаёт тарзинг ва юриш-туришингни ҳам анча ўзгартириб юборади...

 

СЎЗ

 

- Ҳаётим давомида нимадан энг кўп енгил тортганман? Ёшлигимда ношуд кўринган ва баъзан нафрат уйғотган ўша ўйинимсиз футболнинг бир қисмига айланолмаслигимни тушунганимда. Юрген Клопп.

Вақтида ўртамиёна футболчи сифатида «Майнц»даги ўртамиёна натижалар билан кифояланган ва мутлақо тасодиф туфайли 2001 йили мураббийлик лавозимида иш бошлаган ўртамиёна Юрген Клопп тахминан шу таҳлид юксалди ва аввалги мавсум «Ливерпул»ни ЧЛда шоҳсупага олиб чиқди, бунисида эса АПЛ олтин медалини деярли нақд қилди. Ортда қолган 19 йил давомида қаердадир футбол фалсафаси, бошқа жойда мураббийлик малакаси ёки яна қандайдир жиҳатларни шакллантирди. Мана, Юрген Клоппнинг шу ривожланиши эвазига энди «Ливерпуль» ҳам ниҳоят, энг ёрқин даврини ўтказмоқда. Ҳар ҳолда, нафақат Англия, балки Европа ва бутун дунёда етакчи позиция­ларни банд этган футболчилар 30 йилга чўзилган танаффусдан кейин Ливерпуль шаҳри АПЛ чемпионлиги таъсирида яна қип-қизил тусга киришини интиқлик билан кутмоқдалар.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz