Қайднома

Қидирув

Шота Арвеладзе: «Пахтакор фалсафасини биргаликда яратяпмиз»

Шота Арвеладзе: «Пахтакор фалсафасини биргаликда яратяпмиз»

  11.06.2020 01:58
  0
  421
Шота Арвеладзе: «Пахтакор фалсафасини биргаликда яратяпмиз»

Футболимизда фаолият юритаётган энг машҳур мутахассислардан бири - «Пахтакор» футболчиларига устозлик қилаётган Шота Арвеладзе яқинда sports.ru сайтига катта интервью бериб, турли мавзуларга доир саволларга жавоб қайтарди. Грузиялик мураббий жумладан, Луи ван Галнинг ўзгача ёндашуви, Эрен Дердийокнинг Ўзбекистонда қанча маош олиши ва рекламада суратга тушишдан воз кечгани ҳақида гапирди.

- Шота, мураббийлик қилиш ҳақида илк бор айнан қачон ўйлагансиз?

- Болалигимдан майдонда энг фаол ўйинчилар қаторида бўлганман: мураббийлар билан тортишардим, футболчиларга бақирардим. Умуман, бошқалардан кўпроқ биламан, деб ўйлардим. Ҳазил, албатта. Жиддий гапирсам, 30 ёшдан кейин мураббийлик фаолияти хусусида бош қотира бошладим. АЗда ван Гал билан кўришишимдан олдиноқ ажойиб мутахассислар қўл остида ишладим, аммо Луи мутлақо бошқача эди. У худди Йохан Кройфф сингари футболга файласуфларга хос тарзда ёндашади. Ван Гал футболчиларга кучли жиҳатларини очишлари учун ўзгача саволлар берарди.

- Хўш, унинг қайси саволи сизни кўпроқ ҳайрон қолдирган?

- Бундай саволни менга аввал ҳеч ким бермаган: «Қайси томондан бош билан яхшироқ зарба берасан - узатма чапдан берилганидами ёки ўнгдан?» Ван Гал қайси оёғимга таянишимни назарда тутганди. У стандарт вазиятлар пайти ўйинчиларни шунга асосан жойлаштирарди. Бундай майда деталлар жуда кўп эди. Тўғриси, футболчилик даврида мураббий хаё­лидан нималар кечаётгинини уқий олмасдим. Фақатгина ван Галнинг ассистенти сифатида ишлай бошлаганимдан кейингина турли вазиятларда ундан нима кутиш мумкинлигини тушунгандек бўлдим.

- Айни пайт «Пахтакор» бош мураббийисиз. Бу қандай амалга ошди?

- Алишер Усмонов туфайли «Пахтакор» хўжайини Бобур Шодиев билан танишдим. Тошкентга келиб, барчасини ўз кўзим билан кўрдим. Ишлаш ва футболни ривожлантириш учун етарли шароитлар яратилганлигига ишонч ҳосил қилдим. Шундан кейин яна бир неча марта учрашдик ва охир-оқибат, у мени шартнома тузишга кўндирди.

- Бу ортга ташланган қадамдек туюлмадими?

- Қачонки, мотивацияни йўқотсанг, шундагина ортга қадам ташлаган бўласан. Мураббий ишлашни хоҳлар экан, бунинг ёмон жойи борми? Асосийси - кўникмаларни яхшилаб, олға интилиш. Шундай ўйнаганман, энди шунга мувофиқ ишлаяпман. Ҳозир «Пахтакор»да ишлаётганим мотивациямга таъсир кўрсатмайди. Қачондир «Реал» ёки «Барселона»да мураббийлик қилсам ҳам, худди шундай фаолият юритаман.

- Қишда Эрен Дердийок «Пахтакор» сафига қўшилди. Буни қандай уддаладинглар?

- У билан яхши таниш эканлигимизга қарамай, кўндириш осон бўлмади. Эрен, биринчи навбатда, оиласи ҳақида қайғурди: қулайлик ва хавфсизликни истади. Эрен охирги пайтлар Туркияда деярли ўйин амалиётига эга бўлмаётганди. Бундай паллада бир тўхтамга келиш керак: футболчимисан ёки шунчаки, пул ишлайдиган бизнесмен? У миллий жамоага қайтиб, Европа ва жаҳон чемпионатларида тўп суришни хоҳлаяпти. Ўйлашимча, «Пахтакор»га ўтиши Дерди­йокнинг ютуғи: Осиё Чемпионлар Лигаси, яхши шароитлар...

- Эрен йилига 1,5 миллион евро маош оляпти. Адебайорнинг трансфери амалга ошмаганига унинг кўпроқ пул сўрагани сабаб бўлдими?

- Дердийок нисбатан кам маошга кўнди. Адебайор сўраган суммани эса тўлай олмасдик. Декабрда у билан Лондонда учрашгандик. Тошкент­га келиб, барчасини ўз кўзи билан кўришига келишиб олдик. Ахир нафақат молиявий, балки маиший шартлар ҳам муҳим: қаерда яшаш, шуғулланиш, ўйнаш масалалари. Аммо якунда келишолмадик, у узоқ парвозларни ёқтирмайди, ҳаттоки, бироз қўрқади ҳам.

- «Пахтакор»нинг мақсадлари қандай?

- Осиё Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиб, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашиш. Ўзбекистонлик футболчиларни Европа клубларига сотишни хоҳлаймиз. Мус­таҳкам пойдевор қўймай туриб, бундай мақсадларга эришиш мушкул. Штабимда Туркия, Грузия, Ўзбекистон ва Голландиянинг етук мураббийлари ишламоқдалар. Клубимиз фалсафасини биргаликда яратяпмиз.

- 3 йил ичида бронза ва кумуш медаллари қўлга киритилди, ўтган йили эса 20 очкога тенг фарқ билан чемпионликка эришдинглар. Нега чўққи забт этилган паллада кетмадингиз?

- Кетиш шартми? Исталган пайт хайрлашиш мумкин. Ҳа, кўплар совринларга эга чиқдик, аммо ҳакамнинг ҳуштагидан кейин уларнинг бари тарихга айланади. Клуб пойдевори энди шаклланмоқда: янги стадион, қароргоҳ, академия қурилмоқда. Бутун дунёдаги топ-клублар ҳамкори ҳисобланган Бельгиянинг Double Pass компанияси билан шартнома туздик. Унга клубимизнинг ўсишида ёрдамлашиши учун катта маблағ тўлаяпмиз.

- Ўзбек футболчилари орзу қилишни билмасликлари ҳақида гапиргандингиз...

- Улар нега топ-клубларда ўйнашни орзу қилишмайди? Орзусиз киши камолотга етолмайди. Грузияда исталган болакайдан қаерда тўп суришни орзу қилишини сўрасангиз, у Европанинг қайсидир катта клуби номини айтади. Худди шу саволни Ўзбекистондаги болаларга берсангиз, араб давлатлари ва Осиё жамоаларини тилга олишади. Ўзбекистонда 35 миллион аҳоли яшайди, аммо Европада ўйнайдиган бирор футболчи йўқ. Ваҳоланки, улар буни уддалай олишади. Сўнгги 3 йил ичида футболга муносабат кескин ўзгарди, умумий даража ўсди, иқтидорли футболчилар кўпайди. Мисол учун, Россия чемпионатининг энг яхши ҳужумчиси - ўзбек.

- Ўзингиз нимани орзу қиласиз?

- Футболчи сифатида орзуларим рўёбга чиқди: Тбилисининг «Динамо» клуби, Грузия термаси ва Европада тўп сурдим. Голлар, рекордлар... Мураббий сифатида эса ҳали ўзимга муносиб орзу ўйлаб топмадим. Ҳозир айнан шунинг мавриди, ўйлаяпман.

- Мураббийликка ўтганингиздан буён Россиядан нечта таклиф тушди?

- 2016 йили «Краснодар» раҳбарияти билан учрашдим. Гаплашдик, шу холос. Билишимча, клуб кўплаб номзодларни кўриб чиқди ва бошқа мутахассисни танлади. Шунингдек, «Кубань» ва «Рубин»дан ҳам чорлов бўлди. Аммо ўша пайт Туркияда ишлаётганим сабаб, клубимни ташлаб кетолмаслигимни айтдим.

- Сизни Грузия термасига ҳам тез-тез чақиришармиди?

- Бир неча марта таклиф олдим, аммо рад жавоби бердим. Дастлабкиси футболчилик фаолиятим энди якунланган даврга тўғри келди. Қанчалик хоҳламай, тажрибага эга эмасдим ва ван Галнинг ассистенти сифатида ишлаш таклифи маъқулроқ кўринди. Шу тариқа кўп нарсаларни ўргандим. Боз устига, ўша пайт термада дўстларим тўп суришарди. Бундай паллада мураббийлик қилиш имконсиз. Илк дақиқаларданоқ бутун умр ўзинг қилиб юрган ишларни тақиқлашга тўғри келади. Масалан, кечки пайтгача қарта ўйнашни. Буни ҳар бир мураббий тақиқларди, лекин барибир ўйнардик. Иккинчи таклиф Цхададзе (Кахабер Жумберович, Грузия термасининг 2015-2016 йиллардаги бош мураббийи) федерация билан янги шартнома бўйича келишолмаган паллада тушди. Мендан унинг ўрнини эгаллашни сўрашди, лекин бу хунук иш бўларди. Охир-оқибат, ҳаммаси яхши ривожланди: Вайссни чақиришди, у кўплаб ўйин­ларда ғалабани таъминлади. Умид қиламанки, Вайсс ниҳоят, Грузия термасини Европа чемпионатига олиб чиқади.

- Суҳбатларнинг бирида мураббий сифатида ишлашдан кўра, Грузия бош вазири бўлиш осонроқ, деган эдингиз.

- Албатта! Иқтисодиёт ва ислоҳотлар ҳақида дуч келган киши ақл ўргатавермайди, футболда эса ҳамма сендан кўпроқ билимга эгадек, гўё. Футболчи гол урмаса - мураббий балогардон. Менинг нима дахлим бор? Унга узатма бермадим, тўпга тегмадим. Ҳаттоки, майдонда ҳам йўқман: ўриндиқда ўтираман...

- Сиёсий қарашларга эгамисиз?

- Йўқ. Лекин Грузия фуқароси сифатида муайян қарашларим бор: қонун устувор бўлган, одамлар яхши яшайдиган, бир-бирига ҳурмат билан қарайдиган, ўғрилик қилмайдиган, сайёҳлар тез-тез ташриф буюрадиган демократик давлатда яшаш. Қўшниларимиз - Россия, Озарбайжон, Арманистон, Туркия билан дўстона руҳда яшашимиз керак. Бундай мамлакатни набираларимиздан олдинроқ кўришни хоҳлайман. Бунинг нимаси қийин? Грузия аҳолиси 4 миллиондан оз. Жаннатмакон масканга айланиш имкониятига эга мамлакатимизда сиёсатчиларнинг одамларни менсимасликлари кишини ранжитади.

- Грузияга тез-тез бориб турасизми?

- Кам. Ҳар доим ишдаман. Кичикроқ таътил беришса, дарҳол Истанбулдаги оилам ёнига шошаман. Иш юзасидан Туркияга кўчиб ўтганимда, фарзандларим у ердаги мактабда таҳсил олишди. Ўша пайт Тбилисида хорижий мактаблар йўқ эди. Шу тариқа Истанбулда қолиб кетдик. Лекин янги йил ва ёзни Тбилисида ўтказиш ниятидамиз.

- Истанбулда коронавирус билан боғлиқ вазият қай аҳволда?

- Сўнгги кунларда ҳолат ижобий томонга ўзгармоқда - беморлар сони қисқармоқда, соғайганлар кўпайди. Шу зайл давом этса, тез орада ҳаммаси тугайди. Ўз навбатида, чекловларга қарамай, сайрга чиқаётганлар жуда кўп...

- Карантинда вақт қандай ўтди?

- Ақлдан озаёздим. Барча сериалларни томоша қилдим, уларда қандай воқеалар рўй бермади-я: банкларни ўмаришди, қуролли тўқнашувлар, уйланиш ва ажралишлар... Шунингдек, китоб ўқидим, ўғлим билан футбол, теннис ўйнадик.

- Рекламалар съёмкасидан ҳам таклифлар тушиб турадими?

- Бекхэмда бўлгани каби кўп эмас. Голландияда бир марта суратга тушгандим, Грузияда икки марта, Туркия­да яна бир бора.

- Бундай таклифларга рад жавоби беришингиз ҳам мумкинми?

- Қайсидир реклама съёмкасида қатнашсаму, унинг рақобатчисидан таклиф тушса, сўзсиз, рад этаман. Пул ортидан бундай қилиш яхши эмас. Ҳар ҳолда, ҳаётий принципларимга тўғри келмади.

- Тоғангиз Вахтанг Кикабидзенинг ишлари қандай?

- Ҳаммаси яхши. У Тошкентда концерт берганида, кўз ёшимни тиёлмадим. Икки карра фахр туйғуси вужудимни қамраб олди: ахир у ҳам тоғам, ҳам ватандошим...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz