Қайднома

Қидирув

Афсонавий авлод шарафига бағишланади...

Афсонавий авлод шарафига бағишланади...

  11.06.2020 05:27
  0
  439
Афсонавий авлод шарафига бағишланади...

2020 йил футболимиз учун алоҳида аҳамият касб этади. Ўтган асрнинг 60-йиллари бошида «Пахтакор» асосий таркибида 1940 йили туғилган футболчиларнинг бутун бир гуруҳи жамланган эди. 1960 йили, «Пахтакор»нинг собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасидаги илк мавсумида, улар атиги 20 ёшни қарши олишганди. Хуллас, ўша футболчилар ҳаёт бўлишганида, жорий йил 80 ёшли юбилейларини нишонлашарди. Булар турли йилларда ҳаёт билан видолашган Виктор НАУМЕНКО, Станислав СТАДНИК, Мақсуд ШАРИПОВ, Геннадий КРАСНИЦКИЙ, Игорь МАЛИНОВСКИЙ, Валерий ЛЮБУШИН, Владимир ТОЖИРОВ, Улуғбек ҚОРИЁҚУБОВ, Виталий КАПУСТЯНСКИЙ (олий лигада ўйнамаган), Юрий  ПШЕНИЧНИКОВ. Ушбу рўйхатга яна Ривал ЗОКИРОВ (1939-2012)ни ҳам қўшамиз. Қаранг, битта жамоанинг тўлиқ таркиби-я. Шунчаки, ақл бовар қилмайди! Жаҳон футболи тарихида бундай қизиқарли факт бошқа топилмаса керак.

Энг қизиғи, афсонавий авлод вакилларининг барчалари атиги 20 ёшда бўлиб, айнан 1960 йили катта саҳнага чиқишган. Бу вақтда «Пахтакор» анча кучли саналган собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасида энди юриш бошлаган ва умумэътироф чўққиси сари интилаётганди. Хуллас, бизнинг жаҳон футболига нотаниш 20 ёшли маҳаллий йигитларимиз тан олинган усталарга қарши ўйинларда ғаройиб жасорат кўрсатиш уддасидан чиқишади - атиги 3 мавсумда олий лигада «пахтакорчилар»дан енгилмаган жамоанинг ўзи қолмаганди. 

Умуман, ўша йиллари «Пахтакор» майдонга тушган барча футбол марказларида Тошкент жамоаси ҳақида фақат илиқ гапира бошлашган. Дейлик, ҳар бир кўрсатув ёки ўйинга чиқарилган дастурда муаллифлар, тузувчилар «Пахтакор»нинг тўпурарлари - Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимов ҳақида алоҳида огоҳлантиришарди. Шунингдек, ҳужум марказида шаклланган Красницкий - Станислав Стадник тандеми ва дарвозабон Юрий Пшеничниковга таъриф бериларди. Мана, ёрқин далил - матбуот 1960 йилги чемпионат якунларига баҳо берар экан, жамоамизни жуда яхши таърифлаганди: «1960 йилнинг 2 май куни Эстония пойтахтида илк марта Ўзбекистоннинг ноодатий номли жамоаси - «Пахтакор» майдонга тушди. Янги клубнинг таркиби мухлисларга ҳеч нимани англатмасди - Осиё футболи Европа ҳудудидаги республика учун етти қават тамғаланган сир каби эди. Ўйинда «Пахтакор» ҳисобни очгач, Эстониянинг энг кучли клуби олий лига дебютанти қўрслигидан бироз эсанкираб қолди. Ўшанда олий лиганинг янги иштирокчиси сафида қудратли гавда ва кучли оёқларга эга ҳужумчи ўзини кўрсатганди. Ўша куни бўлажак буюк тўпурар Геннадий Красницкийни ҳали ҳеч ким билмасди».

Энди «ЗЕНИТ» - «ПАХТАКОР» ўйинига чиқарилган дастурдаги ёзувларга эътибор қаратинг: «Пахтакор» ҳужумчилари тезкор ва шиддатли. Улар рақиб дарвозаси томон давомли ва кескин ҳамла уюштиришга қодирлар. Айниқса, Ўзбекистон жамоаси ҳужумидаги жуфтлик - 20 ёшли Геннадий Красницкий ва Станислав Стадник ўта хавфли».

Харьков. «АВАНГАРД» - «ПАХТАКОР» ўйини дастури: «Пахтакор» ҳужум чизиғида тўп сурадиган икки футболчи рақибларга жуда кўп қийинчилик туғдиради. Булар - энг яхши тўпурарлар гуруҳида етакчилик қилаётган марказий ҳужумчи Геннадий Красницкий ва унинг ортида ҳаракатланадиган Станислав Стадник. Бу икки ёш спортчи айнан шу мавсум эътиборга тушди. Улар қатор ўйинларда марказда қандай жуфт бўлиб ўйнаш кераклигини катта маҳорат билан кўрсатиб қўйишди».

«Пахтакор» 1962 йили кўпчиликни ҳайратга солиб, олий лигада суяги қотган кўплаб клубларни ортда қолдиради, турнир жадвалида фахрли 6-ўрин. Ўшанда Москвада чиқадиган «Футбол» нашри шарҳловчиси Александр Вит шундай ёзганди: «Пахтакор»  - бу футбол ва географик кашфиёт. У мамлакатни янги футбол маркази билан бойитди. Хуллас, футболимизга нафақат жорий йил турнир жадвалида эгаллаган ўрни, балки рақобатбардош ўйини ва барқарор спорт муваффақияти нуқтаи назаридан ҳам, ҳеч муболағасиз биринчи даражага киритиш мумкин бўлган яхшигина жамоа қўшилди. Асосийси, «Пахтакор» кўплаб бошқа клублардан фарқли ўлароқ, энг бошидан шахсий кадрлар тайёрлаш масаласида тўғри йўл танлади».

Бир сўз билан айтганда, ўтган асрнинг 60-йилларидаги «пахтакорчилар» Тошкент жамоасига мустаҳкам тагзамин қўйишган. Уларни самимийлик билан бирма-бир эслаймиз:

Валерий ЛЮБУШИН (1940-2011)

Виктор НАУМЕНКО (1940-1995)

Станислав СТАДНИК (1940-1998)

Владимир ТОЖИРОВ (1940-2011)

Мақсуд ШАРИПОВ (1940-1985)

Геннадий КРАСНИЦКИЙ (1940-1988)

Игорь МАЛИНОВСКИЙ (1940-1995)

Улуғбек ҚОРИЁҚУБОВ (1940-2013)

Юрий ПШЕНИЧНИКОВ (1940-2019)

Виталий КАПУСТЯНСКИЙ (1940-2018)

Ривал ЗОКИРОВ (1939-2012)

Яна кузда, 2 ноябрь куни 1965-1966 ва 1969-1970 йилларда Тошкент жамоасини бошқарган россиялик буюк мураббий Михаил Иосифович ЯКУШИНнинг таваллуд айёмига 110 йил бўлишини эслатиш ортиқча эмас. Бундан ташқари, ўша йиллар «Пахтакор» бош­қарувида Александр КЕЛЛЕР,  Гавриил  КАЧАЛИН, Борис  АРКАДЬЕВ ва Евгений ЕЛИСЕЕВ каби мураббийлар ишлашган. Ўз ўрнида, яна бир маълумотни айтиш шарт - яқиндагина 91 ёшга тўлган Евгений  Борисович ВАЛИЦКИЙ (1929) ўша давр 10 йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз равишда «Пахтакор» мураббийи сифатида фаолият юритган. Сергей Артёмович АРУТЮНОВ (1922-2015) эса бир неча 10 йиллик давомида «Пахтакор» футбол мактаби бош мураббийи лавозимида ишлаган. Ҳар иккиси - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий унвони билан тақдирланган.

Биродар Абдураимов, Идгай Тазетдинов, Виталий Суюнов, Ҳамид Раҳматуллаев,  Акмал Азизхўжаев, Владимир Штерн, Валерий Мухин, Вильгельм Каҳҳоров,  Тўлаган Исоқов, Виктор Варюхин, Олег Моторин, Николай Любарцев, Баҳодир Иброҳимов, Аҳрол Иноятов, Сергей Доценко, Вячеслав Солохо, Юрий Беляков, Вячеслав Бектошев, Равшан Юнусов каби ёрқин из қолдирган футболчилар ҳам ўтган асрнинг 60-йиллари «Пахтакор» сафида анча кўп ўйин ўтказишган. Оддий айтганда, бундан 60 йил олдин буюк мураббийлар ва буюк футболчилар авлодининг ижодий ҳамкорликлари натижасида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби жаҳон миқёсидаги ҳурматли жамоалар гуруҳига қўшилган....

Давоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 9 июеь кунги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.

Владимир САФАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz