Қайднома

Қидирув

Молиявий таҳлил: Миллиард ҳисобида минус...

Молиявий таҳлил: Миллиард ҳисобида минус...

  11.06.2020 08:29
  0
  349
Молиявий таҳлил: Миллиард ҳисобида минус...

Европа футболи секин-аста қайтмоқда, аммо пандемия давридаги иқтисодий йўқотиш ўрнини дарҳол тўлдиролмаса керак. Дейлик, немислар аллақачон Бундеслига тарихидаги энг чуқур инқироз хусусида бонг уришди. Чунончи, коронавирус ортидан юзага келган танаффус кутилганидан анча чўзилиб кетди. Қолаверса, Европада миллий чемпионатлар мавсуми аста-секин тикланаётган бўлсада, бу зарар миқдорини сезиларли даражада пасайтирмайди. Айрим лигалар раҳбарияти йўқотиш кўламини ҳисоблаб чиқиб, жами сумма олдида шунчаки, «ер чизмоқда». Боз устига, шартномалар масаласи ҳам бор. Қисқаси, ҳаттоки, топ-клублар ҳам ёз бўйи бир қатор жиддий муаммоларни ҳал қилиш чораларини излашга мажбур...

Италия «А» серияси

Италия чемпионати финишига қадар жамоалар яна 12 ёки 13тадан ўйин ўтказиши керак. Режага мувофиқ, «А» серия баҳслари 19 июндан давом эттирилиши керак. Лекин бу масалада ҳамон тортишувлар бор. Орада баъзи жамоалар ҳаттоки, чемпионатни муддатидан олдин якунлаб қўя қолишни талаб қилиб чиқди. Агар бу инобатга олинганида ва мавсум ёпилганида, «А» серия иштирокчилари фақат трансляция ҳуқуқи сотувидан чамаси 430 млн. евро йўқотарди. Бунга ўйин куни тушуми (чипталар ва атрибутлар сотуви) қўшилса, йўқотиш нақ 700 млн. еврога етарди. Ҳар ҳолда, La Reppublica нашри аввалги мавсум кўрсаткичларига таққослаб, шу суммани келтирганди. Муҳими, Италияда мавсумни якунига етказиб қўйишни маъқул кўришмоқда. Лига бу билан спорт тамойиллари дахлсизлигини таъминлаш баробарида трансляция даромадини нисбатан сақлаб қолди. Бироқ зарар миқдори кам эмас, барибир.

 

Испания Ла Лигаси

Примера жамоалари яна 11та турда майдонга тушиши керак. Ла Лига раҳбарияти олдинроқ йўқотиш кўламини таҳлил қилиб, агар юқори икки дивизион муддатидан олдин ёпилса, умумий зарар миқдори 678,8 млн. евро бўлишини баён этганди. Жумладан, клублар ТВ-ҳуқуқлар сотувидан тушадиган 549 млн. евродан қуруқ қоларди. Мана, испанлар рестартни 11 июнь кунига белгилашди, демак, йўқотиш нисбатан камаяди. Бироқ абонемент ва чипталар сотувига боғлиқ зарар ҳам кам эмас - тегишлича 88 млн. ва 41,4 млн. евро. «Футбол саноати — иқтисодиётнинг катта қисми. Мамлакатдаги кўплаб ташкилотлар бу соҳага дахлдор. Шуни назарда тутсак, камомад 678,8 млн. еврога етиши мумкин», — деб ёзилганди AS газетасида. Янги маълумотларга кўра, энди Примера жамоалари умумий ҳисобда 117 млн. евро йўқотса, Сегунда иштирокчилари чекига 12,5 «лимон»га тенг зарар тушади.

 

Германия Бундеслигаси

Немислар бу борада ҳам характер кўрсатиб, миллий чемпионатни ҳаммадан олдин давом эттиришди. Аслида улар энг сўнгги паллага қадар ўйинларни тўхтатиш фикрига қарши чиқишганди. Бироқ мамлакатдаги умумий ҳолат назоратдан чиққач, Германия футбол лигаси (DFL) ва 36та клуб томонидан 2 апрелгача танаффус эълон қилинди. Аммо узилиш анча чўзилиб кетди. «Мамлакат футболида 56 минг ходим ишлайди. Ҳомийлик тўлови ва ТВ-ҳуқуқлар ортидан келадиган даромадсиз клубларнинг кейинги фаолияти реал хавф остида қолади», — деганди DFL бош ижрочи-директори Кристиан Зайферт. Шунинг учун бўлса керак, Германияда мавсумни муддатидан олдин ёпиш варианти кўриб ҳам чиқилмади. Дорт­мунд «Боруссия»си бош директори Ханс-Йоахим Ватцке эса мамлакат футболини тарихдаги энг чуқур инқироз кутаётгани ҳақида бежиз бонг урмади. Рақамларга келсак, агар Бундеслиганинг қолган турлари ўтказилмаганида, клублар чекига тахминан 770 млн. еврога тенг зарар тушарди. Бунда табиийки, ТВ-ҳуқуқлар улуши катта. Лекин ҳомийлик маблағи, чипталар ва атрибутлар сотуви ҳам анча суммани ташкил қилади. «Очиғи, трансляция даромадисиз кўплаб клублар катта молиявий муаммоларга дуч келади, — деганди «Бавария» бошқаруви раиси Карл-Хайнц Румменигге. - Шунинг учун ҳам мавсумни давом эттириш жуда муҳим». DFL ўз навбатида, барчасини ҳисобга олиб, рестартни имкон қадар тезлаштиришга уринди. Қолаверса, лига молиявий томондан қийналадиган клубларга ёрдам беришини ҳам маълум қилди. Лига раҳбарияти қарорига мувофиқ, жамоавий жамғарма энг кўп йўқотишга учраган клублар ўртасида тақсимланади.

 

Англия Премьер Лигаси

АПЛ клублариянги тақвимга асосан, 16 июндан эътиборан майдонга қайтиши керак. Финиш маррасига эса атиги 9та тур қолган. Британия нашрлари коронавирус пандемиясининг АПЛга зарарини турлича баҳоламоқда. Тўғри, ҳозирда олдин айтилган қўрқинчли рақамлар ўз аҳамияти йўқотди. Зеро, чемпионатни қайта тиклаш иложи топилмаганида, зарар миқдори 10 миллиард фунтга етиши хусусида ҳам хабарлар йўқ эмасди. Баъзи манбаларда эса лига ойига 100 млн. фунт стерлингдан қуруқ қолиши ҳақида гап борди. Чемпионат агар белгиланган вақтда тикланса, унда трансляция даромади жойига келади. Аммо Англия клублари чекига ҳам сезиларли зарар тушади, барибир...

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz