Қайднома

Қидирув

Суперлига ва ОЧЛ трансляцияси ўзини қоплаганида уларни бошқа каналларда ҳам кўрсатилаётган бўларди...

Суперлига ва ОЧЛ трансляцияси ўзини қоплаганида уларни бошқа каналларда ҳам кўрсатилаётган бўларди...

  11.06.2020 07:02
  0
  435
Суперлига ва ОЧЛ трансляцияси ўзини қоплаганида уларни бошқа каналларда ҳам кўрсатилаётган бўларди...

Суперлига баҳсларига томошабинларнинг киритилмаслиги мусобақани тўлиқ трансляция қилишни режалаштирган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси масъулиятини янада оширади. Сабаби барча мухлислар жамоаларимиз иштирокидаги ўйинларни фақатгина ТВ-трансляция орқали кузата олишлари мумкин. Миллий чемпионатимиз рестарти олдидан «Спорт» телеканали бош директори Зоҳид Каримов Суперлига трансляцияси борасида Kun.uz ва Tribuna.uz сайтига интервью берди.

«Мақсадимиз даромад қилиш эмас - биз тарғиботчи каналмиз»

- Зоҳид, пандемия даври «Спорт» телеканалига қандай таъсир қилди? Карантин давридаги Суперлигамиз трансляцияси қандай қийинчилик ёки ўзгаришларга сабаб бўлади?

- Яхши савол. Очиғини айтсам, пандемия даврида трансляциялар амалга ошириш биз учун ҳам синов бўлади. Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам барча спорт турлари тўхтатиб қўйилди. Спорт тадбирларини трансляция, янгилик, кўрсатув шаклида кўрсатадиган телеканалимиз барча мусобақалар тўхтатиб қўйилган бир пайтда асосан такрорлардан фойдаланиб, эфирларимизни тўлдириб турдик.

 Суперлига давом этиши ҳақидаги хабар эълон қилингач, ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев билан суҳбатлашиб, чемпионатни қай шаклда ёритиб бориш борасида гаплашдик. Бу борада ПФЛ ўз баённомасини тузган. Ўйинларни ўтказиш бўйича эҳтиёт чоралари ва талаблар аниқ белгиланган. Хусусан, ўйинни ёритиш жараёнида ТВ ходимлари, журналистлар қандай ишлаши ҳақида ҳам аниқ кўрсатмалар бор. Аммо катта ижодий жамоа билан вилоятларга сафарга чиқилганда меҳмонхонада қолиш бор, вилоятлар орасида қатновда ҳудудларнинг қизил-сариқ-яшил тарзда белгиланганини инобатга олсак вазият ва шароит қандай бўлади – очиғи, бошлаб олганимиздан кейин кўришимиз мумкин. Умуман олганда эса биз оддатдагидек ишлашга тайёрмиз. Умид қиламанки, кўнгилсизликлар бўлмайди.

- Айтайлик, «қизил ҳудуд»га ҳар сафар битта гуруҳни юбориш маъқулми ёки ротация қилиб туриш керакми?

- Бу борада муаммо йўқ. Сабаби карантин даврида ҳам бу турда ишлайдиган ходимларнинг фаолияти тўхтагани йўқ. Уларнинг барчалари эҳтиёт чораларига қатъий амал қилиб ишлашда давом этишди.

 «Болажон» каналида ҳам футбол кўрсатасанми деган кесатиқлар ҳам учраяпти»

- Жонли трансляциялар бўлмаган бир пайтда ҳар қанча яхши ролик ёки кўрсатувлар тайёрланмасин хоҳлаймизми йўқми телеканалнинг рейтинг даражаси тушади. Айтингчи, Суперлига ва Бундеслигадан ташқари «Спорт» телеканали қайси катта мусобақаларни намойиш этиш учун даъвогар ва рейтингни ошириш учун яна нима қилиш керак?

- Тўғри, телевиденияда рейтинг муҳим аҳамият касб этади. Аммо битта факторни унутмаслик лозимки, биз давлат телеканалимиз. Биз давлат буюртмасини бажарадиган телеканал. «Спорт» телеканали низомида айнан оммавий спортни тарғиб қилиш, болалар спорти, ёшларимизнинг мамлакатимиз ва хорижда қўлга киритаётган ютуқларини ёритиб бориш кўрсатиб ўтилган. Яъни, соғлом ҳаётни тарғиб қиладиган тарғиботчи каналмиз. Энди мухлисларда танлаш имконияти ҳам борки, давлат буюртмаси билан спортни тарғиб қиладиган ва тижорий мақсадда очилган телеканалнинг контентида фарқ бўлади. Шу нуқтаи назардан бизнинг асосий мақсадимиз даромад қилиш эмас. Шу боис МТРК раҳбарияти ҳам биздан катта мусобақаларни ёритиб, сердаромад олишни сўрамайди, биз қопласак шунинг ўзи етарли. Чунки бюджетдан катта мусобақаларни сотиб олинглар деб пул ажратилмайди. Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олинадиган контент бу. Биз ҳам томошабинни жалб этиш учун энг қизиқарли нарсаларни кўрсатишимиз керак, аммо шу билан бирга юртимиз спортидаги воқеаларни ёритиб боришимиз зарур.   Суперлига улардан бири.

 Биласиз, мамлакатимизда жуда ҳам кўп мусобақалар ўтказилади. Аммо биздаги турнирлар билан хориждаги мусобақаларни ташкил этиш фарқ қилади. Чет элда мусобақаларни ташкил этиш билан маълум компания шуғулланиб, трансляцияни амалга оширадиганлар ҳамда халқаро ва маҳаллий федерациялар билан ҳамжиҳатликда, керак бўлса кимларнидир йўллаб чиройли қилиб ўтказишади. Шартномада ҳаммаси аниқ кўрсатилган бўлади. Бизда эса бу жараён сал бошқача бўлади. Айтайлик, спорт федерацияси халқаро мусобақани ўтказишни мақсад қилса, бу энг аввало Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг белгиланган тақвим режасидан ўрин олган бўлиши шарт. Кейин улар бу борада ҳукуматга мурожаат этишади. Сабаби хориждан спортчилар таклиф қилинганда мусобақа нуфузли ўтиши керак. Протокол расмийлаштирилгач бу борада ИИБ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, СЭС ва ҳоказолар қаторида МТРК ҳам жалб этилади. Яъни бизга турнирни ёритиш тавсия қилинади. Мана шу пайтда ҳеч ким нариги томонда Суперлига давом этаяпти деб буни инобатга олмайди. Трансляция учун техника эса саноқли. Устига-устак кўчма телевизион станциясининг географик жиҳатдан А нуқтадан Б нуқтагача етиб бориши учун ҳам вақтни олади.

 2017 йилда ўша пайтдаги ЎФА раҳбариятидан Умид Аҳмаджонов Суперлига учрашувларини ҳамма ўйинларини намойиш этиш масаласида мурожаат этгандилар. Аммо аксарият стадионларимиздан сигнални узатишни имконияти йўқ эди. Айтайлик, Термиздаги ўйинни жонли кўрсатиш учун Тошкентга сигнал юборишни иложи бўлмаса, бу телевидениянинг айби эмас. Бу алоқачиларнинг вазифаси. Аммо буни ҳаммага ҳам тушунтириб бўлмайди. Шунга қарамай, бу борада янгиликлар бўлиб яхши ўзгаришлар қилинаяпти. Айтмоқчиманки, ТВ-трансляциялар фақат бизга боғлиқ жараён эмас, бу бизнинг профессионал ёки нопрофессионалигимиз билан ўлчанмайди. Компания раҳбариятига раҳмат, Суперлигадаги параллель ўйинларни намойиш этиш учун бошқа телеканалларимизни ҳам ёрдамга беришди. Чунки, 4-турнинг охирги кундаги учта ўйини параллель вақтда тушиб қолган. Шунга қарамай, яқин орада «Болажон» каналида ҳам футбол кўрсатасанми деган кесатиқлар ҳам учраяпти. Майли, танқидларга ўрганганмиз.

 «2 йил А Сериясини кўрсатдик реклама берувчилар ошиб кетгани йўқ – уларга АПЛ керак»

- Тан олайлик, нуфузли турнирларни кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритишда «Спорт» телеканали ўз позицияларини бироз бой бераяпти. Телеканал кимнинг қарамоғида бўлишидан қатъи назар рейтинг, пул ишлаш ҳақида ўйлаши керак эмасми?

- Мана энди қаранг, шу кунларда биз Бундеслиганинг ҳуқуқий намойишчисимиз. Бундеслига ва Суперлига ўйини параллель тушиб қолганда қайси бирини намойиш этишимиз керак?

 - Мухлис сифатида айтадиган бўлсам, қайси ўйиннинг муҳимлик даражаси, залвори кўпроқ бўлса ўша баҳс намойиш этилиши керак. Масалан, «Бавария» - «Боруссия» ўйини ва «Сурхон» - «Машъал» баҳси бир вақтга тўғри келиб қолса, Бундеслига баҳсини кўрсатиш лозим. «Пахтакор» - «Локомотив» баҳси тўғри келиб қолса, унда Тошкентдаги учрашувни. Яъни чемпионатлардаги жамоаларнинг турнир жадвалидаги мақсад ва вазифаларига қараб аниқланиши керак.

Айтмоқчиманки, «Спорт» Премьер-лига, Ла Лига, А Серия ва катта турнирларни қўлга киритмай, каналнинг давлат қарамоғида эканлиги ортидан бошоғриқлардан осонгина қутилмаяптими?

- Жараённи сизга айтаман. Мисол учун, жаҳон чемпионати бўладими ёки Копа Америками ФИФАнинг талаби бўйича тендер ўтказилади. Айтайлик, Ўрта Осиёда намойиш бўйича ҳуқуқни қўлга киритган компания бизга мурожаат қилади. Ушбу турнирнинг Ўзбекистон ҳудудида трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритиш учун «Истиқболли медиа лойиҳалар бошқармаси» савдога киришади. Бу борада талабгор бир нечта бўлса, барчадан қанча нарх бера олишини сўрайди. Керак бўлса, ким ошди савдоси сингари ўтказади. Бундай пайтда биз трансляцияни олайлик-да, ҳаммамиз кўрсатайлик деймиз. Чунки бизнинг бош мақсадимиз даромад қилиш эмас, ҳаммага намойиш этиш. Шунинг учун ҳам, Германия Бундеслигасини Ўзбекистонда намойиш этиш ҳуқуқи «Спорт» ТВда бўлса-да, биз Ўзбекистон ҳудудида Германия чемпионатини кўрсатаётган Россиянинг «Матч» ТВ канали билан жанжаллашиб, кўрсатмайсан деётганимиз йўқ. Майли, одамлар танласин, қайсини истаса кўрсин, хоҳлаган шарҳловчисини эшитсин. Шунга қарамай, айтишим керак ҳуқуқ масаласи борган сари жиддийлашаяпти.

 Биласизми, икки йил Италия А Сериясини кўрсатдик. Аммо, реклама берувчилар ошиб кетгани йўқ. Реклама берувчилар Англия Премьер-лигасидан бошқасига унчалик хуши йўқ, ишонинг.

 Мисол учун катта теннис турнирлари ҳуқуқи қўлга киритилиб, намойиш этилса ва бунга реклама берувчиларни чақирсак, реклама берилиши жуда қийин. Рейтинги паст, кино ёки сериал эмас бу деб рад этишади. Фақатгина жаҳон ва европа чемпионатлари, Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларига реклама бўлади. Бошқа спорт турларига реклама берувчиларни кўндириш жуда қийин.

 - Катта турнирлар охирги йилларда нега сотиб олинмаяпти?

- Чунки нарх жуда ҳам баланд.

 «Суперлигамиз тўхтаб қолмаганида Англияда ҳам кўрсатишарди»

- Мисол учун Европа Чемпионлар лигаси кўрсатиш нархи қанча?

- Буни билмайман. Битта мисол. Пандемия даврида Беларуь Олий лигасини бир муддат кўрсатдик. Шу чемпионатни «Матч ТВ» 230 минг АҚШ долларига сотиб олган. Аммо бу чемпионатдан шунча даромад қилиб бўладими? Қийин масала. Ўзи реклама бозори ҳам сал ўзгарган. Якунда бу чемпионатни кўрсатиш мақсадли эмас деб ҳисобладик. Аслида бу лигада Яхшибоев тўп сураётгани учун намойиш этмоқчи эдик. Аммо кўриндики лига савияси етарли даражада эмасди. Тўғриси, таққослаб Суперлигамиз савиясидан хурсанд бўлдим.

Биласизми, кўпчилик Ўзбекистонда «Спорт» телеканалини унча кўрмайди дейишади. Аммо хорижда мунтазам мониторинг қилиб кузатиб боришади. Беларуь Олий лигасини кўрсата бошлаганимизда Украинадан қўнғироқ қилиб, «Спорт» каналимизни томоша қилаётганликларини айтиб, Беларусь Олий лигасини намойиш этиш ҳуқуқи уларда эканлигини айтишганди.

Пандемия даврида Суперлигамиз тўхтаб қолмаганида чемпионатимизни ҳаттоки Англияда ҳам кўрсатишарди. Ўшанда Тожикистон Олий лигасини Европада кўрсатишди.

- Евро-2020 мусобақасига ҳаракат қилинди. Аммо сотиб олишнинг имкони бўлмади. Сабаб?

- Қиммат нарх. Бизга нарх эълон қилинди. Биз савдолашдик. Кўп ўтмай, бизга айтишдики «бўлди, сизнинг ҳудудингизда трансляция ҳуқуқи бошқага сотилди». Сабаби, биздан максимал қанча беришимизни сўрашганда, мисол учун биз 100 минг десак, бошқа томон 101 минг деса ҳам намойиш ҳуқуқи эгаси бўлмиш Швейцария ёки Туркия компанияси ўша кўпроқ таклиф қилганга бериб юборади.

- Яқинда ПФЛ ўз мусобақалари бўйича тендер эълон қилди. Одатда, ТВ-трансляция учун каналлар лигаларга пул тўлашади, бизда эса аксинча ПФЛ телеканалга пул тўлайди. Маълум бўлишича, ПФЛ трансляцияни интернет орқали сотишга тендир эълон қилган экан. Аммо бу трансляцияни «Спорт» ТВ онлайн тарзда кўрсатмоқчи бўлган интернет нашрига бериши керак...

- Бу икки томонлама келишув асосида кечади. Чунки бу борада ПФЛ билан келишувимиз бор. Биз тасвирни қизғанмаймиз. Нега ПФЛ «Спорт» ТВга тўлаши ҳақида гапирадиган бўлсам, Умид Аҳмаджонов Суперлигани тўлиқ қамраб олиш ҳақида айтганида шахсан ўзим бу жуда қийинлигини, 20 кишига яқин одамларнинг сафар харажатлари, техник ва ижодий жамоанинг меҳмонхоналарда яшаши, уларга қалам ҳақи чиқарилиши катта харажатларни келтиришини айтгандим. Бу ҳаммаси маблағга бориб тақалади. Ахир, учта шаҳардаги ўйинларни катта техник жамоа билан намойиш этишни ўзи бўлмайди. Учта ўйинга 18 нафар оператор керак. Шу билан бирга телеканалдаги бошқа кўрсатув ва тадбирлар тўхтамаслиги лозим эди. Ўшанда ЎФА ва ПФЛ раҳбарияти буни ортга суриб бўлмаслигини, тўлиқ ТВ-трансляция қилиш вақти келганини айтиб керак бўлса ПФЛ томонидан молиявий ёрдам берилишини маълум қилди. Якунда МТРК раҳбарияти ва ЎФА раҳбарияти келишуви билан бу ишлар бошланди.

Биз бошқа турнирларни ҳам унутмаслигимиз шарт эди. Айтайлик, дзюдо бўйича турнирларда 12та юқори даражадаги камералар билан ишлашимиз турнир регламентида киритилганди. Хуллас катта машаққат эвазига амалладик. Шунга қарамай, трансляциялар натижасида ПФЛ титул ҳомийга эга бўлди. Бу ҳам ҳамкорликка плюс бўлди. Аслида биз ёрдам берамиз деб ўзлари айтишганди, ҳеч ким сўрагани йўқ эди. Харажатлар сметаси кўрсатилганда «бу иш анча қимматга тушаркан» дейишганди. Барибир биз трансляция масалани ҳал қилишга ҳаракат қилардик. Чунки МТРК ҳеч қачон шунчаки қараб турмасди.

«Суперлига ва ОЧЛ трансляцияси ўзини қоплаганида бу турнирлар ҳозир бошқа каналларда кўрсатилаётган бўларди»

- ПФЛ илк марта тендер ҳақида гапирди. «Спорт» телеканали қачонлардир Ўзбекистондаги футбол мусобақалари – Суперлига, Про-лига ва бошқа ўйинларни қўлдан чиқаришдан қўрқмайдими?

- Йўқ. Шахсан мен хурсанд бўлардим, қайсидир телеканал ёрдамчи бўлиб мусобақани бирга ёритса.

- ОЧЛ баҳсларини бошқа телеканал қўлга киритса-чи? Ахир, бозор иқтисодиётига ўтилаётганда «Спорт» телеканалининг иш тизими нотўғри эканлигини тан олган ҳолда бозор учун курашишга тўғри келади...

- Ишонаманки, бизда бўлган тажриба ва биздаги техник ва ижодий имкониятлар туфайли шу кеча-кундузда айтайлик миллий жамоа ўйинимизни кимдир ёрита олмайди. Агар ЎФА шундай қарорга келса, мен уларнинг эшигини олдида ётиб йиғласам ҳам фойдаси йўқ. Чунки, «оғайни, пулни ташланг, кўрсатинг, марҳамат» дейди. Шундай бўлишидан чўчисам-да, биз тўхтаб қолмай, бор имкониятимизни ишга соламиз, курашамиз. Масалан, Хитойда Олимпиадани давлат канали бўлмиш CCTV орқали намойиш этилиши қонун билан кўрсатиб ўтилган. Айтмоқчиманки, шундай масштабдаги мусобақалар борки уни ҳамма, қизиқадими ёки йўқ, ҳар бир мамлакат фуқароси очиқ каналда кўра олиши шарт. Яна бир қўшимча қиламан: хафа бўлишмасину, тижорий жиҳатдан Суперлигамиз ҳам, Осиё чемпионлар лигаси ҳам ўзини қоплашига ҳали вақт бор. Ишонинг, агар қоплаганида бу турнирлар ҳозир бошқа каналларда кўрсатилаётган бўларди.

«Шарҳловчилар масаласи – оғир мавзу»

- Шарҳловчилар масаласида ҳам гаплашсак. Бу борада нима қилинди ёки қилинмоқчи?

- Чинданам бу оғир мавзу. Чунки ҳеч қаерда сен зўр шарҳловчисан деб диплом берилмайди. Шунга қарамай, янги шарҳловчилар ҳам кириб келаяпти. Шарҳловчилар бор - овози зўр бўлиши мумкин, аммо футболни тушунмаслиги мумкин. Футболни зўр тушунганида, овоз тўғри келмаслиги бор. Нутқи, талаффузи жиҳатдан муаммо бўлиши мумкин. Мухлисларнинг имконқадар барча талабларига жавоб берадиган қилиб шарҳловчиларни тарбиялаш айнан бизнинг вазифамиз. Биласиз, биз асосан журналист ёки филология соҳасидаги ходимларни ишга оламиз. Аммо соҳамизда маош ва қалам ҳақи катта эмаслиги, жавобгарлик катталиги учун балки аксарият ёшлар бунга унчалик хоҳламас. Яхши шарҳловчиларимиз эса бошқа таклифлар билан бошқа жойда фаолият юритишмоқда.

- «Спорт» телеканалига шарҳловчилик орзусида келмоқчи бўлган, керак бўлса телеканал эшиги олдида ётиб олишга тайёр йигитларга нима деган бўлардингиз?

- Бемалол мурожаат қилишсин. Синаб кўрамиз. Имконият берамиз. Фақат умуман маълумоти йўқлар ҳам мурожаат қилса – бу қийинроқ масала. Шунга қарамай, иқтидорлар учун эшикларимиз очиқ.

 - Шарҳловчиликдан ташқари раҳбар сифатида ишлайсиз. Зоҳид Каримов кўпроқ ижодкорми ёки раҳбар?

- Ижод қилиш керак бўлганда ижодкорман, раҳбарлик қилиш керак бўлганда раҳбарман. Менимча, кўпроқ ижодкорман.

 - Танла дейишса, қайси бирини танлайсиз?

- Албатта, ижодни танлайман.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz