Қайднома

Қидирув

Рўзимбой Аҳмедов: «Фаолиятимни тугатишни ўйлагандим»

Рўзимбой Аҳмедов: «Фаолиятимни тугатишни ўйлагандим»

  12.06.2020 01:52
  0
  674
Рўзимбой Аҳмедов: «Фаолиятимни тугатишни ўйлагандим»

Чиройли ўйинлари билан айниқса, водийлик мухлислар меҳрини қозонган хоразмлик ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов мавсумлар оралиғидаги трансферлар даврида амалга оширилган келишувлар рўйхатида кўрингани йўқ. Шунданми, айримлар уни янги мавсумда ҳам аввалги клуби - «Андижон» сафида кўришни ўйлашди. Бироқ карантин давригача ўтказилган Суперлиганинг 3та тур ўйинида ҳам Аҳмедов жамоанинг ҳаттоки, қайдномасига ҳам кирмади. Хуллас, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида яқинда футболчининг ўзи билан алоқага чиқдик.

- Рўзимбой, мавсум бошланганидан буён ҳеч қайси жамоада кўриниш берганингиз йўқ. Айримлар бу йил ҳам «Андижон»да тўп суришингизни тахмин қилганди, бироқ...

- Ҳа, «Андижон»дан кетганман. Ўтган мавсум якунида клуб билан тузган шартномам муддати тугади ва келишувни узайтирмадик. Мавсум арафасида бирор клуб йиғинида қатнашишимга эса саломатлигимга боғлиқ айрим муаммолар йўл қўймади. Батафсилроқ тушунтирсам, аввалги йил охирида ички аъзо хасталиги туфайли жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказишимга тўғри келди. Барчаси ортда қолиб, аста-секин индивидуал машғулотларга киришганимда, яна бир бошқа дард безовта қилиб, операция столига қайта ётишдан ўзга чора тополмадим. Иккинчи жарроҳлик амалиётидан кейин шҳифокорлар машғулотларга камида 3 ойдан сўнг қайтишим мумкинлигини айтишди. Шу аснода қайсидир жамоа билан шартнома тузишга улгурмадим. Яширмайман, шунда ҳам бир-икки клубдан аниқ таклиф олдим, фақат саломатлигимни ўйлаб, уларга узримни айтдим. Худога шукр, ҳозир аҳволим анча яхши. Айни пайт Суперлигада ишлайдиган тажрибали мураббийлар кўрсатмаларига асосан, мустақил равишда шуғулланяпман, маълум даражада юкламалар олиб, организмимни тайёрлаяпман. Албатта, иккинчи даврадан эътиборан фао­лиятимни Суперлига жамоаларидан бирида тиклаш ниятим бор. Насиб қилса, албатта.

- Кетма-кет жарроҳлик амалиётларидан кейин миянгизда футболдаги келажагингиз ҳақида қандай ўйлар чарх урди?

- Очиғи, орада маълум вақт фаолия­тимни якунлаб қўя қолиш ҳақида ҳам ўйладим. Ҳар ҳолда, қўрқув йўқ эмасди. Бинобарин, шифохонада даволанган вақт оғриқ таъсиридами, саломатлигим учун барчасидан воз кечиб юборгим келди. Чунки операциядан кейин юриш, ўтириш, овқатланиш - кўп нарса мутлақо ўзгариб кетди. Шукр­ки, энди ҳаммаси жойида.

- Аслини олганда, «Мўминжонов воқеаси»дан кейин омма эътиборига кўп тушмадингиз. Айтингчи, барчаси ўша даврдаёқ ҳал  бўлдими ёки ҳозир ҳам қандайдир муаммо бор?

- Йўқ, бу масала ўша пайтда атрофлича ўрганилиб, тўғри қарор қабул қилинди ва ҳар ким қилмишига яраша жазо олди. Бўлди, тамом. Шундан ке­йин Мўминжонов билан қайта гаплашмадик, кўришмадик ҳам. Ўтган ишларга салавот, уларни қайта қўзғашдан маъно йўқ. Умуман олганда, ҳозир бу борада қандайдир муаммо ҳам йўқ. Омма эътиборидан четда қолганим сабаби эса бошқа - буни ўзим хоҳладим. Чунки биргина исон хатоси ортидан анчагина гап-сўзлар ва можарога аралашиб қолганим яхшигина сабоқ бўлди. Бу ҳаттоки, машғулотларда ишлашимга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Қисқаси, барчасини обдон ўйлаб кўриб, ҳеч нарсага эътибор бермасдан жимгина ўз устимда ишлаш ҳамда келажак ҳақида ўйлашни маъқул кўрдим.

- Собиқ жамоангиз «Навбаҳор» таркибида 2018 йили бронза медалига эга чиқдингиз. Наманган клубининг ҳозирги таркибидан янада юксакроқ натижа талаб қилинмоқда. Сизнингча, «лочинлар» ҳозирги таркиб билан ўз олдиларига қў­йилган вазифани бажаришга қодирмилар?

- Бу ҳақда ҳозирдан нимадир де­йиш қийин. Вазифанинг бажарилиши фақат таркиб эмас, турли омилларга боғлиқ. Масалан, «Навбаҳор» мураббийлари 2018 йили жуда яхши таркиб шакллантиришганди. Яъни жамоа сафида асосан камида 2 йил бирга ўйнаб, бир-бирларини яхши тушуниб олган йигитлар тўп суришди. Қолаверса, мавсум жамоа учун ниҳоятда омадли келди. Демоқчиманки, қандай натижа қайд этилиши аввало, таркиб сифатига боғлиқ бўлсада, бунда бошқа омиллар ўрни ҳам йўқ эмас. Мисол учун, клуб қанчалик зўр ўйнамасин, агар озгина омад етишмаса, яхши натижага эришолмайди. Лекин асос - бу таркиб, албатта. Тан олиш керак, «Навбаҳор»нинг бу йилги таркиби ҳақиқатан ҳам, анча кучли. Шунга яраша, жамоа юқори мақсадларни кўзламоқда. Қайтараман, таркиб сезиларли даражада кучайтирилди. Энди жамоадан шу мавсумнинг ўзида натижа талаб қилиш - бу раҳбариятнинг иши. Фақат таркиб деярли янгиланганини унутмаслик керак. Сафга қўшилган янги футболчиларнинг жамоа ритмига мослашиб, барқарор ўйин кўрсатишлари учун маълум вақт керак, барибир. Боз устига, коронавирус туфайли орада катта узилиш бўлди. Шуларни назарда тутиб, ҳозирдан бирор гап айтишим қийин. Яхшиси, мавсум тикланишини кутайлик, яна 3-4та тур ўйинларини кўрайлик. Эҳтимол, шунда дастлабки хулосалар юзага чиқар...

- Суперлига клубларига жалб этилаётган легионер ҳужумчилар савияси ҳақида қандай фикрдасиз? Улар чиндан ҳам, маҳаллий футболчиларга ўрнак бўла оладиган даражада кучлимилар?

- Бу борада вазиятга реал қараш керак - тан олайлик, бугунги кунда савияси юқори ҳужумчиларни олиб келиш катта пул талаб қилади. Шундай экан, Суперлиганинг аксарият иштирокчилари таркибни ҳар томонлама муносиб легионер билан тўлдиришга қийланишади. Тўғри, ўз олдига катта мақсадларни қўйган клублар нисбатан кучли легионерлар билан шартнома тузишга имкон топмоқда. Шахсан мен яққол ажралиб турган савияли легионер ҳужумчи сифатида «Пахтакор»даги биргина Драган Черанни эътироф этишим мумкин. У «Насаф»да ўйнаган вақтдаёқ маҳаллий ҳужумчилардан бир бош устун эканлигини амалда исботлаган ва бу ишни энди «Пахтакор»да ҳам давом эттирмоқда. Черанга тандем ёки рақобатчи сифатида олиб келинган Дердийок ҳақида эса ҳозирча ҳеч ким аниқ фикр билдиролмаса керак. Ҳа, у кучли лигаларда ўйнаган, тажрибасига шубҳа йўқ. Лекин  клубларимизга бундай ҳужумчилар кўп келишган ва ҳаммалари ҳам ўзларини кўрсатолмаганлар. Эҳтимол, бу маҳаллий футболга кўниколмаслик билан боғлиқдир. Очиғини айтиш керак, чемпионатимизда икки-уч мавсум бир маромда ўйин намойиш қилиш унча-мунча легионер қўлидан келмайди. Черан эса буни уддаламоқда. Умид қиламизки, яқин йилларда ўзимиздан ҳам Черан савиясига тенг ҳужумчилар етишиб чиқишади.

- Табиийки, еврофутболга бефарқ қарамасангиз керак. Сиз­нингча, айни пайт «кўҳна қитъа»да қайси миллий лига рейтинги баландроқ?

- Осон савол - албатта, Англия Премьер Лигаси олдинда. Эҳтимол, айримлар Испания Ла Лигасини 1-ўринга қўяр, бироқ мазкур чемпионатда ғолиблик учун асосан 2 ёки 3та жамоа кураш олиб боради. Қолган иштирокчилар савияси эса нисбатан паст. АПЛда аксинча: 20-жамоа ҳам чемпионлик учун даъвогар 5-6та етакчига ҳар томонлама қийинчилик туғдира олади. Ҳар ҳолда, Англияда деярли ҳар бир ўйин ўзгача жозиба ва кураш остида кечади.

- Энди айтингчи, умидли ҳужумчимиз Элдор Шомуродов кучли лигалардан қай бирида ўйнаб кетиши мумкин?

- Тўғриси, олдиндан тахмин қилиш ноўрин. Эшитишимча, Элдорга Германия клубларидан жиддий қизиқиш бор экан. Менимча, ҳозирги ҳолатда футболчимиз учун айнан Бундеслига энг яхши вариант саналади. Чунки Германияда иқтидорли йигитларни қадрлашади. Яъни немислар истеъдодга озгина сайқал бериб, уни сотишни яхши ўзлаштиришган. Элдор агар чиндан ҳам, таклифлар олаётган бўлса, кетишга иккиланмаслиги керак. Ўйлайманки, Шомуродов Европанинг кучли биринчиликларидан бирида ўзини кўрсата олса, футболимизга эътибор кескин ошади. Демоқчиманки, Элдорнинг кучли лигада фаолият бошлаши нафақат ўзига қўшимча куч ва иштиёқ бағишлайди, балки футболимиз учун реклама вазифасини ўтайди. Фақат бирданига гранд клубларга интилиш ярамайди. Менимча, Шомуродов ҳозирги савияси билан Германия ва Франция чемпионатларининг ўртамиё­на клубларида бемалол ўйнаб кетиши мумкин. Бунинг учун унда табиий иқтидор ҳам, иштиёқ ҳам бор.

- Беларусда ўйнаётган Жасур Яхшибоев ҳақида нима дея оласиз?

- Яхшибоевнинг Беларусда яхши старт олгани унинг янада кучли чемпио­натларда муаммосиз ўйнаб кетишини англатмайди. Карантин туфайли кўплаб чемпионатлар тўхтаб қолгани боис, кўпчилик Беларусь лигаси баҳсларини кузатгани аниқ. Демакки, Яхшибоев ҳам скаутлар назарига тушган. Лекин фикримча, у кетишга шошилмаслиги керак. Яхшиси, 1-2 мавсум Беларусда тўп суриб, барқарорликка эришсин. Муҳими, Жасур ўртамиёна лигага йўл олиб, жуда тўғри йўл тутди. Ажабмас, ҳозирги клуби унинг учун еврофутбол марказига йўл очса. Қайтараман, фақат бунда шошилмаслиги керак.

- Энди ўзингизга қайтсак, фаолиятингиз мобайнида сизда статистик кўрсаткичларни яхшилаш учун Осиёнинг нисбатан кучсизроқ чемпионатига йўл олиш фикри туғилмаганми?

- Йўқ, асло. Бордию, энди шундай фикр туғилгудек бўлса ҳам, кеч бўлди. Насиб қилса, бу йил 33 ёшга тўламан. Бу ёғига Ўзи куч-қувват берганича миллий чемпионатимизда ўйнамоқчиман.

- Она шаҳрингиз - Хоразмда футболга эътибор қай даражада қониқарли?

- Ҳозир ҳаммаси яхши. Академия ишлаб турибди. U-18 жамоасининг натижалари чакки эмас. Асосий жамоа стадионининг майдони аъло даражада. Барча қулайликларга эга база ҳам бор. Умуман олганда, футбол учун шароитлар етарли. Биргина камчилик - Суперлигада жамоамиз йўқ. Насиб этса, тез орада бунга ҳам эришамиз.

- Эшитишимизча, Хоразмда мини-майдон қурдираётган экансиз. Хўш, яна қайси юмушлар билан бандсиз?

- Яхшими-ёмон, шунча йил футбол ўйнаб, халққа танилдим, мухлислар орттирдим. Ўзига яраша ютуқларга ҳам эришдим. Албатта, миллий футболимиз ривожига қўлдан келганича ҳисса қўшишни истайман. Хоразмда миллионлар ўйинига қизиқувчи иқтидорли ёшлар жуда кўп. Уларга имкон борича шароит яратиб бериш керак. Қолаверса, мураббийлик курсларида ўқиш учун ҳужжат  топшириб қўйдим. Имкон туғилиши билан ўқишни ҳам бошлаб юбораман.

Хуршидбек ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz