Қайднома

Қидирув

Харобадан чиққан миллиардер ва...

Харобадан чиққан миллиардер ва...

  12.06.2020 06:25
  0
  625
Харобадан чиққан миллиардер ва...

Криштиану Роналдунинг даромади энди 10та рақам ёрдамида ифодаланади. Аниқроқ гапирсак, «Ювентус» ҳужумчиси футбол тарихида доллар ҳисобига миллиардер бўлган биринчи ўйинчидир. Forbes журнали буни расман тасдиқлади: португалиялик юлдузнинг фаолияти давомида топган пули миқдори чиндан ҳам, миллиард доллардан ошди. У ушбу маррага етган амалдаги учинчи спортчидир. Бунга қадар 2009 йили гольфчи Тайгер Вудс ва 2017 йили боксчи Флойд Мейвейзер миллиардерга айланишганди. Тўғри, «Формула-1» юлдузи Михаэль Шумахер, гольфчилар Жек Никлаус ва Арнольд Палмер, шунингдек, барча замонларнинг энг бой спортчиси - баскетбол афсонаси Майкл Жордан (даромади - 1,85 миллиард доллар) ҳам вақтида даромад миқдорини миллиард доллардан оширишган.

Даромад бобида миллиард маррасига етганлардан 4 нафари индивидуал спорт турлари вакилидир. Роналду эса Майкл Жордандан сўнг жамоавий спорт орқали миллиардерга айланган иккинчи юлдуз бўлди. Тез орада уларнинг сафига «Барселона» етакчиси Лионель Месси ҳам қўшилса керак. Хўш, футболда қандай йўсинда миллиард доллар топиш мумкин? Тушунарлики, эртакнамо маошнинг ўзи билан иш битмайди. Дейлик, ўтган йили Роналдунинг даромади 109 миллион долларни ташкил қилган бўлса, футболчи шундай 44 «лимон»ни ҳомийлар билан тузилган шартномалар эвазига олди. Эслатиш керак, португалиялик футболчи CR7 (шахсий ички кийимлар бренди) маҳсулотларини реклама қилишдан ташқа­ри, Nike компанияси билан муддатсиз шартномага эгаки, унга мувофиқ, йилига нақ 20 «лимон» санаб олади. Бунга «Инстаграм» тармоғидаги аудиторияси тинмай ошаёт­ган шахсий саҳифаси (йил давомида обуначилари сони 152дан 222 миллион кишига етди - мутлақ 1-ўрин!) улушини қўшинг. Хуллас, Криштиануда барча замонларнинг энг бой спортчиси Жордандан ҳам тезда ўзиб кетиш имконияти йўқ эмас.

«Олтин тўп»ни 5 карра соҳибига айланган футболчининг даромади қай даражада кўпаяётганига диққат қилинг:

2002-2011 йиллар - 270 млн. доллар

2012 йил - 42,5 млн. доллар

2013 йил - 44 млн. доллар

2014 йил - 80 млн. доллар

2015 йил - 79,6 млн. доллар

2016 йил - 88 млн. доллар

2017 йил - 93 млн. доллар

2018 йил - 108 млн. доллар

2019 йил - 109 млн. доллар

2020 йил (ҳозирча) - 104 млн. доллар

Жами: 1 018 100 000 доллар

Айтганча, пандемия шароити туфайли апрель ойида Роналдунинг «Ювентус»дан оладиган маоши 30 фоизга қисқартирилди. Карантин даврини маҳбубаси Жоржина Родригес ва 4 нафар фарзанди билан ўз ватани - Мадейра оролида ўтказган Кришга шу нарса ҳам халақит бергани йўқ. Футболчи у ерда ўз қариндошлари учун дабдабали кошона қурдирди. Зеро, у яқинларини ҳеч қачон унутмайди, уларга асло бефарқ қарамайди. Чунки болалиги жуда оғир кечган. Оддий айтганда, у худди Голливуд блокбастери - «Харобадан чиққан миллионер» қаҳрамони каби энг қуйидан юқорига чиқди. Тўғри, Роналдуга бойлик осмондан тушгани йўқ, аксинча, тинмай ишлагани натижасида шу даражага етди. У вақтида Фуншал шаҳарчасининг энг камбағал кварталида зўрға кун кўрган оиланинг тўртинчи фарзандидир. Кришнинг онаси ошпаз, отаси эса боғбон сифатида ишлаган. Ҳа, агар футбол бўлмаганида, эҳтимолки, уни олдинда қашшоқлик қарши оларди...

Forbes рейтингига кўра, Криштиану Роналду ҳозирда фақат спорт эмас, балки шоу-бизнес вакиллари орасида 4-рақамли сарватманд бўлиб турибди. Янгиланган рўйхатда фақат америкалик модель Кайли Женнер, рэп-ижрочи Канье Уэст ва теннисчи Рожер Федерергина португалиялик юлдуздан олдинда боришмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz